JM News Portal - шаблон joomla Продвижение

“Акромий”лар

“Акромий”лар

 Мустақиллик юртимизга қувонч ва шодлик, беҳисоб имкониятлар тақдим этди, шу жумладан виждон эркинлиги қонун йўли билан кафолатланди. Бироқ, баъзи ақидапараст гуруҳлар каби “ҳизбут таҳрир” гуруҳлари ҳам яратилиб берилган ҳуқуқ ва имкониятларни суистеъмол қилди. Бу бузғунчи оқим ўзининг дастлабки радикал кўринишдаги, ҳеч бир ўлкада хайрихоҳ топмаган эски ғоя ва қарашларини янги муҳитда мамлакатимиз ҳаётига тиқиштириб, мавжуд турмуш тарзини ўзгартиришга ҳаракат қилди. Унинг сўл қаноти бўлмиш “акромий”лар ҳам фаолиятини айнан “ҳизбут-таҳрир” таълимотининг ўзлаштирилган шаклига кўра олиб борган. Ушбу жамоанинг ғоявий раҳбари “ҳизбут-таҳрир”нинг қасамиёдини қабул қилган Акром Йўлдошев ҳисобланади.

Акром Йўлдошев 1963 йилда Андижон шаҳрида туғилган. У Андижон пахтачилик институтида ўқиб юрган кезлари, яъни, 1985-1990 йилларда шу институт талабаси Абдурашид Қосимовдан сабоқ олган. Олдинроқ «жиҳодчилар» диний экстремистик оқимининг ғоявий раҳнамоларидан бири бўлмиш Мирзаев Абдували қорининг “пешқадам” шогирдларидан ҳисобланган.

Абдурашид Қосимов бу пайтларда “ҳизбут-таҳрир” ташкилотининг аъзоси бўлиб, унинг биринчи “арабий ҳалқа”ларида таълим оларди. У Акром Йўлдошевга ҳизбнинг “Ислом низоми” номли китоби асосида дастлабки таълимни берган. Шу тариқа бўлажак “акромий”лар жамоасининг раҳбари Акром Йўлдошев ҳизб аъзосига айланган. Акром Йўлдошевнинг эътироф қилишича, у ҳизбга аъзолигидан то унинг сафидан чиқиб кетгунга қадар аксарият ҳолларда ташкилот таълимотига мослаша олмаган. Оқибатда зиддият ва келишмовчиликлар кўпая бориб, ҳизб аъзолигидан чиққан. 

У 1990-1992 йилларда диний китобларни мустақил равишда ўқишга киришади. Шундан сўнг 12 дарсдан иборат “Имонга йўл” номли китобини ёзади. Вақт ўтиши билан атрофидаги хайрихоҳларни уйида тўплаб, “Имонга йўл” номли китоби асосида дарслар ташкиллаштиради ҳамда аста-секинлик билан жамоани шакллантиради. Ушбу оқим 1996 йилнинг ўрталарига келиб, элликга яқин фаол аъзоси бўлган ҳамда аниқ мақсад ва вазифалари белгиланган уюшган жамоага айланади.

Акром Йўлдошев “илк сабоқлари”ни “ҳизбут-таҳрир”дан олганлиги боис, ўз шахсий таълимотини яратишда унинг назарий ва амалий фикрларидан йироқлаша олмаган. Чунончи, жамоанинг “ҳибут-таҳрир” каби ҳозирги даврдаги ҳеч бир давлатни “ислом диёри” деб атаб бўлмаслиги, балки у хоҳ араб давлати бўлсин, хоҳ мусулмон мамлакатлари бўлсин, ҳаммаси “куфр диёри” деб билишади. Қолаверса, “акромий” лар “ҳизбут-таҳрир”га хос тарзда “эътиқод эркинлиги”га бирдек раҳна солиши, айниқса “аҳли китоб”лар (ғайридин вакиллари)га нисбатан муросасиз позицияси, миллий ва диний бағрикенглик тамойилларига очиқдан-очиқ тажовуз қилиши, гўёки “таҳрирчи”лар каби ер юзида адолат ўрнатувчи бўлиб, бўлажак “халифат”лик доирасида инсонларнинг ҳаётини “жаннат”га айлантириш ҳақидаги хом ва асоссиз хаёлий ваъдалари ҳам юқоридаги фикримизни тасдиқлайди. 

Шу билан бирга, “Акромий”лар ғоясини ёйиш баробарида кўпроқ кенг халқ оммасини ўз томонига оғдириб, тарафдорлар сонини кўпайтиришга интилди. Бу борада улар асл режасини қаттиқ сир тутиб, гўё сиёсатга алоқаси бўлмаган “диний жамоа” қилиб кўрсатишди. Эҳтиёткорлик юзасидан кўрилган бу чора уларни, “сиёсий ҳокимият” учун курашувчи “ҳизбут таҳрир”дан фарқли ўлароқ, мусулмон оммасининг очиқ нафратига дучор бўлишидан сақлади.

“Акромий”лар ўзларининг асл мақсадларини 2005 йил 13 май куни Андижон шаҳрида содир этилган қўпорувчилик ҳаракатларида яққол намоён этди. Ушбу воқеалардан сўнг, қўпорувчилик ҳаракатларини содир этган оқим аъзоларининг 450 нафардан ортиқ қисми жиноий жавобгарликка тортилишидан хавфсираб, қўшни Қирғизистон Республикасига, у ердан БМТнинг Қочоқлар ишлари олий коммиссариати имконияти орқали “қочоқлик мақоми”ни олган ҳолда хорижий давлатларга чиқиб кетганлар. Ҳозирги кунда улар АҚШ, Канада, Австралия, Голландия, Финландия, Чехия, Германия, Швеция, Швейцария ва Дания давлатларида паноҳ топганлар.

Бундан ташқари, оқим тарафдорларининг фаолиятлари қўшни Қирғизистоннинг Ўш ва Жалолобод вилоятларида ҳам ривожланган.

Оқим аъзолари бугунги кунда ғояларидан қайтмаган бўлиб, аввалгидек, хориж мамлакатларда ўз фаолиятларини давом эттириб келишмоқда. Жумладан, оқим аъзолари томонидан АҚШда савдо дўконлари, косибчилик цехи, миллий таомлар ошхонаси ва шу каби «восита» лар ташкил қилишган. Бундан ташқари, Германияда яшаётган оқим тарафдорлари томонидан 2009 йилнинг май ойида «Андижон - Адолат ва Тикланиш» ташкилоти ташкил қилинган бўлиб, ушбу ташкилотнинг биноси Дюссельдорф шаҳрида жойлашган. Бугунги кунда улар интернет тармоғидаги ўз сайтлари орқали Ўзбекистон ҳукумати томонидан олиб борилаётган сиёсатга нисбатан бир қатор салбий фикрларни билдириб келмоқдалар. Республикадаги вазиятни издан чиқаришда айрим хориж кучлари улардан фойдаланишни ўз олдиларига мақсад қилиб қуйишган. Хусусан, 2011 йилда бир қатор ҳорижий давлатлар ёрдамида «Андижон - Адолат ва Тикланиш», ҳозирда Швеция давлатида яшириниб келаётган «Жиходчилар» ДЭО раҳнамоси Обид қори Назаровга тегишли бўлган «Таянч» ташкилотлари ва Мухаммад Солих бошчилигидаги «Эрк» партияси иштирокида «Ўзбекистон халқ ҳаракати» номли уюшма тузилди. Ушбу ҳаракат аъзоларининг асосий мақсади республикада ва қолаверса Марказий Осиё минтақасида араб давлатларида бўлаётгани каби халқ ғалаёни ва тартибсизликни келтириб чиқаришдир.

Гарчи ҳаракат асосан ушбу уч гуруҳ тенглиги асосида тузилган деб эълон қилинган бўлсада, аслида «Андижон - Адолат ва Тикланиш», «Таянч» ташкилотлари “эркчи”ларнинг қўлида уйинчоқ бўлишди. “Акромий” ва “Жиходчи”лар ҳамда уларнинг сармоялари М.Солихнинг манфаатлари йулида сарфланди. Натижада ўтган йили кўплаб “акромийлар”нинг талаби билан уларнинг етакчилари бир томонлама ҳаракат сафидан чиқишларини билдиришди. Лекин, шунга қарамай гуруҳ раҳбарлари яширин равишда М.Солих ва бошқа “ЎХҲ” вакиллари билан алоқа қилиб келишмоқда. 

Бир қатор ҳориж сиёсий доиралари яна ўзларининг ғаразли мақсадларини ҳали хануз давомли равишда амалга оширишмоқда, бунинг учун юқоридаги тилга олинган “Акромийлар” ва ҳамда бир қатор диний ва сиёсий экстремистик гуруҳлардан фойдаланмоқдалар. Ҳар галгидек бу гуруҳлар ғарбнинг мақсадлари йўлида ўзларини, оилаларини ва ўз юртларини ғарбнинг пулларига сотмоқдалар, натижаси нима бўлишини эса улар учун гўё аҳамияти йўқдек. Эй мусулмон биродарлар, азиз ҳамюртлар ва Ўзбекистон дея аталмиш ҳур юртнинг ҳар бир қарияида яшовчи элатлар, келинг биргаликда уларга йўл кўрсатайлик, улар қилаётган хатоларни биз ҳам такрорламайлик, юртимизни ва қўни давлатларнинг ҳам халқига ўрнак бўлгувчи мустақил ва ривожланган давлатлатимизни барпо қилиш учун барчамиз бор кучимизни сарфлайлик. Илоҳо юртимизга кўз тегмасин ва Яратганнинг ўзи халқимизни ва юртимизни ўз паноҳида асрасин. Омин.

Тайёрлади: Hazrat Navoi

Рейтинг@Mail.ru