JM News Portal - шаблон joomla Продвижение

“Ифтироқ” ва “Ихтилоф” орасидаги фарқ

“Ифтироқ” ва “Ихтилоф” орасидаги фарқ

“Ихтилоф”нинг луғатдаги таърифи. Бу сўзнинг луғавий маъноси уч хил бўлиб келади:  1. Бир нарсанинг иккинчи нарсадан кейин ўрнига келиши (Мўъжам мақойисул луғат 2/210-211). Мисол учун Қуръонда шундай келади:

 

وهو الذى جعل الليل والنهار خلفة   

У кеча ва кундузни кетма-кет қилган (Зот)  (Фурқон 62).

Яъни, Аллоҳ таоло кеча ва кундузни бир бирининг ўрнини босадиган, бири иккинчисини ўрнига келадиган қилди.  

 

وهو الذى جعلكم خلائف    

У сизларни халифалар (бирин кетин) қилган (Зот) (Анъом 165). 

Яъни, бир умматдан кейин иккинчи уммат, сўнг кейингиси ва ҳоказо. 

2.Олдин акси, яъни “кейин, орқа” маъносида келади (“Басоиру завит тамйиз фи латоифул китабил азиз” Мажиддин Ферузободий 2/561-562) Қуръонда шундай марҳамат қилинади:

 

يعلم ما بين ايديهم وما خلفهم

У олди ва орқасидаги нарсаларни билади. (Бақара 255)

3.Ўзгариш маъносида келади. Бунга мисол Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисларидир: 

 

لخلوف فم الصائم اطيب عند الله من ريح المسك

Абу Ҳурайра р.а. ривоят қилган ушбу ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Рўзадорнинг оғзидаги ўзгарган (бадбўй ҳид) Аллоҳ наздида мушкнинг ҳидидан яхшироқдир”(Имом Бухорий 1894, Имом Муслим 1151 ҳадислар). 

Яъни, Рўзадорнинг оғзидаги ҳид ошқозоннинг бўш қолиши туфайли ўзгарди, бадбўйлашди. Шу нарса Аллоҳ наздида мушкдан афзалроқдир.

Юқоридаги уч маънонинг асли биринчисидир. Сабаби, одамлар ўртасида ихтилоф чиқса, яъни бири иккинчисига қарши бўлса, бири иккинчисининг сўзини четлаштириб, ўзи тўғри деб билганини ўртага қўяди.    

“Ихтилоф” сўзининг истилоҳий маъноси.

“Ихтилоф” калимаси, умуман олганда, шариатда алоҳида ўринга эга. Бу алоҳида илм йўналиши ҳам ҳисобланади. Яъни, хос шаръий фиқҳий ихтилофларни ўз ичига олиб, баҳс юритиладиган фанга айтилади. Қисқа қилиб “Илмул хилоф” ҳам дейилади. 

Унга қуйидагича таъриф берилган: Бу – бир тоифа олимларга олиб борувчи, тафсилий ёки ижмолий далиллардан иборат турли истинботлар важҳларини қидирувчи илмдир (Сиддиқ Ҳасанхон “Абжадул Улум” 2/278). 

Ёки бошқача таъриф: Бу – шаръий ҳужжатларнинг келиш кайфиятини ўрганиб шубҳаларни даф қилиш, шунингдек, қатъий ҳужжатлар билан ихтилофли масалаларга чек қўйиш илмидир (Куллият 710-711). 

Яна таърифлардан: Бу – ҳақиқатни ёлғондан ажратишлик учун икки кишининг ўзаро тортишувидир (ат тавқиф ала муҳиммотут таъориф 322).

Яна Имом Роғиб таърифлари: “Ихтилоф, хилоф ва мухолифатнинг маъноси шуки ҳар ким феъли ва ҳолатидан келиб чиқиб ўз йўлини танлашидир” (ал Муфрадот фи ғарибил Қуръон 155-157).

Юқоридагиларни кўриб чиқадиган бўлсак, истилоҳий маъно ҳам луғавий маънодан ташқарига чиқмаган. Лекин у хос шаръий фиқҳий термин туркумига киради. Демак, “Ихтилоф” фиқҳда бўлади. “Ифтироқ” эса ақида илмида бўлади. Шунинг учун, ихтилоф ва ифтироқ орасидаги фарқни англаб етишимиз лозим. Илм аҳли ўзаро баҳс юритганида бу терминларни ўз ўрнида ишлатади. Лекин, баъзи шахслар бу каби терминларга эътибор бермай баҳс юритаверади. Бу эса илмдан узоқлигини билдиради. Биз бу каби кишиларга баҳс юритишни маслаҳат бермаймиз. 

Шу ўринда “Ихтилоф” ва “Ифтироқ” орасидаги бир неча фарқларни айтиб ўтсак:

•“Ифтироқ” “ихтилоф”нинг энг ашаддий кўринишидир. Шунингдек, “Ихтилоф”нинг меваси ҳам. Яъни, олимлар ихтилоф қилиб гоҳида “ифтироқ”қа боради, гоҳида эса йўқ. 

•“Ифтироқ” асосан очиқ баёнотлар, ҳужжатлар келгандан сўнгина бўлади. Аллоҳ таоло бунга ишора қилган: 

ان الدين عند الله الاسلام وما اختلف الذين اوتوا الكتاب الا من بعد ما جاء هم العلم بغيا بينهم ومن يكفر بآيات الله فان الله سريع الحساب 

Албатта, Аллоҳнинг ҳузуридаги дин Исломдир. Китоб берилганлар фақат уларга илм келгандан сўнг ўзаро ҳасад қилишибгина ихтилоф қилдилар. Ким Аллоҳнинг оятларига куфр келтирса, бас, албатта, Аллоҳ ҳисобни тезда қилувчидир (Оли Имрон 19).   

ولا تكونوا كالذين تفرقوا واختلفوا من بعد ما جاءهم البينات

Ўзларига очиқ баёнотлар келганидан кейин бўлиниб, ихтилофга тушганларга ўхшаш балмаганлар.... ( Оли Имрон 105). 

Юқоридаги ҳар иккала оят баёнотлар келганидан сўнг ихтилофлари ифтироққа айланган, яъни бўлиниб, ажрилиб кетган бошқа дин вакиллари ҳақида сўз бормоқда.

•“Ифтироқ” ўз соҳибини ва унга эргашганни ҳалокатга олиб келади. Бу тўғрида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадислари ворид бўлган:

لا تختلفوا فان من كان قبلكم اختلفوا فهلكوا ، وفى رواية  فاهلكوا

Ибн Масъуд ривоят қилган ҳадисда айтилади: “Ихтилоф қилманглар! Сабаби, сизлардан олдингилар ҳам ихтилоф қилишди ва ҳалокатга учрашди, бошқа ривоятда, ҳалок қилинишди” (Имом Бухорий 2410).

Бу ҳадисда ихтилоф қилган уммат диндан чиқиб кетган. Охир оқибат Аллоҳнинг азобига учраган. Бу ўриндаги азоб тушиши “ифтироқ” бўлиш оқибатида бўлмоқда. 

“Ихтилоф” эса ўз соҳибини ҳалокатга, азобга учратмайди. Чунки унда “ифтироқ” яъни, ажралиш, узилиш йўқ. Шунчаки хато тушунган, нотўғри таъвил қилган, билмаган. Бу тўғрида Қуръони каримда шундай дейилади: 

فهدى الله الذين آمنوا لما اختلفوا فيه من الحق باذنه

Иймон келтирганларни ҳақ тўғрисида ихтилоф қилган нарсаларида Аллоҳ Ўз изни билан ҳидоятга солади (Бақара 213).

وهدى ورحمة لقوم يؤمنون  وما انزلنا عليك الكتاب الا لتبين لهم الذي اختلفوا فيه

Биз сенга китобни фақат уларга ўзлари ихтилоф қилган нарсаларни баён қилишинг учун, иймон келтирадиган қавмларга ҳидоят ва раҳмат этиб нозил этдик, холос (Наҳл 64).

•“Ихтилоф” гоҳида ижтиҳод қилишдан, ният тозалигидан бўлади. Гоҳида хато қилган киши савоб олади. “Ифтироқ” эса эзгу ниятдан бўлмайди. Эгаси эса ҳеч ҳам савоб олмайди. Балки қаттиқ гуноҳкор бўлади. Бунга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадислари ворид бўлган: 

اذا حكم الحاكم فاجتهد ثم اصاب فله اجران واذا حكم فاجتهد ثم اخطأ فله اجر واحد 

    Амр ибн Ос р.а. дан қилинган ривоятда: “Агар ҳоким бир ҳукм чиқарса, ижтиҳод

    қилса сўнгра тўғри чиқса икки ажр бор. Агар ҳукм қилса, ижтиҳод қилса сўнгра

    хато қилса, унга бирта ажр бор” (Имом Бухорий 7352, Имом Муслим 1716).

•“Ихтилоф” диндан чиқармайди ва ажратмайди. Имом Шотибий айтганлар: “Биз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларини у кишидан кейин дин ҳукмларида ихтилофга борганларини кўрганмиз. Лекин улар ўзаро ажралмадилар ва гуруҳбозлик ҳам қилмадилар. Сабаби улар динда қарама қарши бўлмадилар. Балки уларга рухсат берилган ҳамда Қуръони карим ва суннатдан олинган истинботларга (чиқарилган ҳукм) суяниб, аниқ ҳужжати йўқ бўлган масалаларда ижтиҳод қилдилар” (Шотибий “Эътисом” 2/231-232). Аммо “Ифтироқ” эса ўзаро тортишув, душманлик, уруш, куфрга чиқариш, охир оқибат эса дўзахга киришга олиб келади. Бунинг далили Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари: “Менинг умматим 73 фирқага бўлинади. Барчаси дўзахда қолади. Фақат бир тоифа жаннатга киради” (Абу Довуд 4596, Имом Термизий 2640, Ибн Можжа 3991) 

•Ҳар бир “Ифтироқ” “Ихилоф” бўла олади. Лекин барча “Ихтилоф” “Ифтироқ” бўла олмайди. Кўпчилик мусулмонларнинг ўзаро тортишуви ихтилофлардан иборат. Бу каби ихтилофларга куфр нисбатини, диндан ажралиш ҳамда суннатдан чиқиш, деб баҳо бериш жоиз эмас.

•“Ифтироқ”нинг ҳамма кўриниши мазаммат қилинган. Лекин “Ихтилоф”нинг ҳаммаси эмас.

•Агар тортишувчи мужтаҳид бўлса, унинг ихтилофи узурли ҳисобланади. “Ифтироқ” эса ўз соҳибини узурли қилмайди. Сабаби, у ўз ҳавойи нафсига эргашган, бидъат ҳосил қилган киши бўлади.    

 

Хулоса ўрнида айтишимиз мумкинки, аҳли сунна вал жамоадаги фиқҳий мазҳаблар ўзаро ихтилоф қилишган. Уларнинг ҳар бири ўз далил-ҳужжати билан кичик масалаларда турлича ёндошишган. Улар ижтиҳод қилишган. Ҳар бири шу ижтиҳоди туфайли савобга эришади. Аслида уларнинг барчалари бир жамоа ҳисобланади. Аммо аҳли суннадан бошқа оқимлар ва фирқалар ўзаро “Ифтироқ” қилишган, ажралишган, ҳаддан ошган, сафдан чиққан, суннатга қарши борган. Уларнинг саноғи ҳозирда жуда кўп.

Рейтинг@Mail.ru