JM News Portal - шаблон joomla Продвижение

“Қубурий” деяверасизми?!

“Қубурий” деяверасизми?!

Quburiy deyaverasizmi(ёхуд яна тавассул ва истиғоса ҳақида) Ҳақиқий аҳли суннат ва жамоат вакилларини айбловчиларнинг таъналаридан бири – уларни “қубурий”, “аҳли қубур”, “асҳоби қубур”, “қабрпараст” каби атамалар билан номлашларидир. Бунга сабаб, аҳли суннат ва жамоат вакиллари қабрларни зиёрат қилишни мустаҳаб деб биладилар,

ҳар ҳафта ота-оналарнинг қабрлари зиёратига бормоқни хайрли амал дейдилар, хусусан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабри муборакларига зиёратга боришни қурбатларнинг афзалларидан деб биладилар. Аҳли суннат ва жамоатдагилар севимли пайғамбаримиз, Расули акрам Ҳабиби муҳтарам, Набиййи мукаррам Расулуллоҳ руҳий ва руҳу-л-оламина фидоҳу, соллаллоҳу алайҳи ва салламни қабрларида ўзларига хос (ва ҳатто, ояти каримага биноан оддий шаҳидларни ҳам) тирик деб эътиқод қиладилар. Улар азиз авлиёуллоҳларни, хусусан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни васила қиладилар. Бу ишларни эса аҳли суннат ва жамоатдан оғишган тоифалар ёки уларнинг фикрларига алданиб қолганлар ширк дейдилар. Бу еда биз бу икки фикрнинг қайси бири тўғри эканлигига тўхталиб ўтирмаймиз. Балки, ўтган уламоларимизнинг қилган ишларидан оддийгина қилиб, бир-иккита мисол келтирамиз, холос. Биз ана шу уламоларимизга эргашамиз. Шунда ҳам сиз бизни “қубурий” деяверасизми?!

Тобеъинларнинг улуғларидан бирининг номи Муҳаммад ибн Мункадир раҳматуллоҳи алайҳидир. У зот 37 ҳижрий йилда туғилганлар. У саҳобалардан Салмони Форисий разийаллоҳу анҳу, Ойша онамиз разийаллоҳу анҳо, Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳу, Абдуллоҳ ибн Умар разийаллоҳу анҳу, Абдуллоҳ ибн Аббос разийаллоҳу анҳу, Абдуллоҳ ибн аз-Зубайр разийаллоҳу анҳу,  Анас ибн Молик разийаллоҳу анҳу ва Абу Қатода разийаллоҳу анҳу сингари жуда кўплаб саҳобалар ва тобеъинларнинг улуғларига хизмат қилиб, шогирд бўлган зотдирлар. Ўз навбатида у зотдан Жаъфари Содиқ раҳимаҳуллоҳ, Имом Молик раҳимаҳуллоҳ, Суфён ас-Саврий раҳимаҳуллоҳ, Суфён ибн Уйайна раҳимаҳуллоҳ ва Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ кабилар сабоқ олганлар. Имом ат-Термизий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Мен Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳдан: “Муҳаммад ибн Мункадир раҳимаҳуллоҳ Ойша онамиз разийаллоҳу анҳони кўриб, ундан ҳадис эшитганмилар?!”, деб сўрадим. У зот, “Ҳа, албатта эшитган”, дедилар. Чунки, у зот Ойша онамиз разийаллоҳу анҳонинг тоғаваччалари бўладилар. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ эса: “Муҳаммад ибн Мункадир раҳимаҳуллоҳ қориларнинг саййидидир!”, деганлар.

Энди, эшитинг: Имом аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳ “Сийар аълом ан-нубало” асарида Муҳаммад ибн Мункадир раҳимаҳуллоҳнинг бундай қилганларини нақл қиладилар:

حتى يضع خدّه على قبر النبى صلى الله عليه و سلم ثم يرجع

“То чаккаларини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларига қўяр, сўнг қайтиб келар эди”.

Тез-тез бундай иш қилавериши борасида шогирдлари гап-сўз қилган вақтда у зот нима деганлар, биласизми?! Бундай деганлар:

فقال إنه يصيبنى خطر فإذا وجدت ذلك إستعنت بقبر النبى صلى الله عليه و سلم

“Менга бирорта хавф-хатар етиб, уни топадиган бўлсам, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрлари билан истионат сўрайман!” (“Сийар аълом ан-нубало”, 5/359).

Мазкур ривоят ҳадисшунос олим ва тарихчи Ибн Асокир раҳимаҳуллоҳ томонидан “Дамашқ тарихи” асарида келтириб ўтилган. У ерда “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрлари билан истиғоса қиламан!”, деб келтирилган (“Тарих мадинат Димашқ”, 56/51).

“Истионат” – ёрдам сўрашдир, “истиғоса” – кўмак исташдир!

Яъни, мана шундай буюк тобеъин қабрлар олдида истионат қилишни жоиз деб билганлар. Биз ҳам истионатни жоиз деб биламиз!

Зотан, Имом аш-Шофеъий раҳимаҳуллоҳнинг ишлари эса тилларда достон:

إنى لأتبرّك بأبى حنيفة و إذا عرضت لى حاجة صليت ركعتين و جئت الى قبره و سألت الله تعالى الحاجة عنده فما تبعد عنى حتى تقضى

“Албатта, мен Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳни табаррук санайман! Қачон менга бирор ҳожат кўндаланг бўлса, икки ракъат намоз ўқийман-да, у зотнинг қабрларига келаман. Аллоҳ таолодан у зотнинг ҳузуридан ҳожатимни сўрайман. Мен узоқлашмасимдан туриб, ҳожатим раво бўлади!” (“Тарихи Бағдод”, 1/123).

Ибн Ҳажар ал-Ҳайтамий раҳимаҳуллоҳ Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг маноқибларига бағишланган “ал-Хайрот ал-ҳисон” номли асарларида Имом аш-Шофеъий раҳимаҳуллоҳнинг мазкур гапларини “Ўттиз бешинчи фасл. Имомларнинг у зотга нисбатан худди ҳаётидагидек вафотидан сўнг ҳам қилган одоблари ва унинг қабрини ҳожатларнинг раво бўлиши учун зиёрат қилиниши”, деб номланган бўлимда келтирганлар (“ал-Хайрот ал-ҳисон”, 1/72).

Ҳа, “қабрини ҳожатларнинг раво бўлиши учун зиёрат қилиниши” деган фасл бор. Демак, улуғ зотлар, авлиёларнинг қабрларини зиёрат қилинганда ҳожатларнинг раво бўлиши, мушкиллар ҳал этилиши, балолар даф қилиниши бор гап! Бекорга, неча асрлардан бери Баҳоуддин Нақшбанд қуддиса сирруҳуни халқимиз “Балогардон” – “Балоларни даф қилувчи” деб келмаганлар! Ҳей, бунга ишонмасангиз ишонманг, лекин ишонганларни мушрик дея кўрманг. Чунки, у зотнинг ҳузуридан қайтиб кетган балолар сизга уриши мумкин!

Зотан, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ўз шогирдлари Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳга бундай насиҳат қилганлар:

و أكثر من زيارة القبور و المشايخ و المواضع المباركة و اقبل من العامة ما يقصون عليك من رؤياهم للنبى صلى الله عليه و سلم و رؤيا الصالحين فى المنازل و المساجد و المقابر

“Қабрлар ва машойихларнинг мақбараларини, муборак жойларнинг зиёратини кўп қил! Манзил, масжид ва қабристонларда омманинг сенга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ва солиҳ зотларни (тушларида) кўрганлари ҳақидаги қиссаларни қабул қил!” (“ат-Табақот ас-санийя фий тарожим ал-ҳанафийя”, 1/53).

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг тавсияларига кўра асрлар давомида бизнинг халқимиз қабристонларни обод сақлаб келишган, улуғ зотларнинг мақбараларини тиклаганлар, давлат арконлари ва бой-бадавлат тужжорлар катта-катта зиёратгоҳлар барпо қилганлар. Ихлосли халқимиз мақбараларни кўп-кўп зиёратлар қила-қила ўтганларнинг руҳларини шод қилиб, ўзларининг ҳам руҳларини бақувват қилиб келишган. Ҳозир ҳам шундай!

Ҳамидуллоҳ Беруний. 

 

(P.S. Бу мақолада биз қабрлар зиёратининг шаръан мустаҳаб иш ва “тавассул”нинг жоиз амал эканини таъкидламоқчи бўлдик. Шуни унутмаслик керакки, қабрларнинг атрофларини тавоф ниятида айланиш, уларга сажда қилиш, инсон мурод-мақсадини Аллоҳ таолодан эмас, балки мустақил равишда қабр соҳибидан сўраши, аёлларнинг ярим-ёлонғоч зиёратга келишлари кабилар шаръан ножоиз ишлардир!

 

Бизнингча, “тавассул”нинг маъноси “Эй, Аллоҳ! Фалончи зотнинг ҳурматидан дуоларимни қабул қил!” шаклидаги дуодир.

ahlisunna.uz

Рейтинг@Mail.ru