JM News Portal - шаблон joomla Продвижение

ИШИДнинг стратегик мақсадлари ўзгаргани маълум қилинди

ИШИДнинг стратегик мақсадлари ўзгаргани маълум қилинди

Сурия ва Ироқдаги мағлубиятдан сўнг жангарилар Яқин Шарқдан ташқарида янги глобал террорчилик тармоғини яратишга киришдилар, дея маълум қилди Россия Федерал хавфсизлик хизмати раҳбари Александр Бортников. Бу ҳақда у 4-5 октябрь кунлари Краснодар шаҳрида бўлиб ўтаётган ФХХ хорижий ҳамкорларининг махсус хизматлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари XVI йиғилишида айтиб ўтди.

 

Бортниковнинг сўзларига кўра, террорчилар Сурия қўшинлари ва Россия ҳарбий-космик кучларининг самарали ҳаракатлари, шунингдек, Ироқда коалиция кучларининг амалиётлари туфайли сезиларли йўқотишларга учрамоқда. Гуруҳлар нефтга бой туманлар яқинида йирик ҳудудлар устидан назоратни йўқотган. Нафақат жангариларнинг катта гуруҳларини, балки Сурия ва Ироқдан ташқарида ҳам уларнинг тарафдорларини молиялаштириш имконини берган иқтисодий асос кучсизланган.

"Ушбу омилларнинг бирлашуви ва аввалги назорат зоналарида бутунлай йўқ қилиниш таҳдидидан хабардорлик ХТТ раҳбарларини келгусидаги ҳаракатлар стратегиясини ўзгартиришга мажбур қилди", - деди ФХХ директори.

Бундан, Бортниковнинг айтишича, яқинда содир этилган террорчилик ҳужумларининг моҳияти ва кенг географияси дарак бермоқда.

"Бу йил Афғонистон, Сурия, Эрон, Ироқ, Миср, Мали, Туркия, Россия, Буюк Британия, Испания, Швеция, Финляндия ва бошқа мамлакатлардаги ҳужумларнинг қурбонлари сони юзлабдир", - деган ФХХ директори.

Унинг қўшимча қилишича, террорчилар бутун инсониятга чақириқ ташлашди ва дунёнинг турли бурчакларида ваҳима тарқатишмоқчи, уларга қарши уруш олиб бораётган давлатларни қўрқитмоқчи бўлишди. Бундан ташқари, экстремистлар ўз тарафдорлари ҳамда ҳомийларига "тирик эканликлари ва фаол ҳаракатларни давом эттириш қобилиятлари борлигини" кўрсатишга интилишмоқда.

"Бугунги кунда ХТТ раҳбарлари ўзларида бўлган кучлар ва воситаларни қайта тақсимлашмоқда. Жангарилар Яқин Шарқдан ташқарига чиқиб, зўравонлик ва қуролли тўқнашувларнинг янги ўчоғларини яратиш мақсадида беқарор минтақаларда тўпланишмоқда", - деди Бортников.

Унинг сўзларига кўра, террорчилар бундай глобал қайта ўзгаришни амалга ошириб, ҳозирги вазиятга тез мослашишга ҳаракат қилишмоқда.

Шунингдек, Бортников чет эллик шерикларни "террорчилик ғоялари тарқалишига қарши кураш бўйича кенг қамровли доиравий стратегия"ни қўллаш мақсадида БМТ Хавфсизлик Кенгашининг резолюциясини қувватлаш тўғрисидаги баёнотни қабул қилишга чақирди.

"Бугунги учрашувга биз БМТ ХК резолюциясини қўллаб-қувватлаш билдирилган баёнот лойиҳасини тайёрладик. Унда, бизнинг фикримизча, махсус хизматларнинг ҳамкорлигига алоқадор муҳим позициялар акс эттирилган. Йиғилишнинг барча иштирокчиларини ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ва жаҳон ҳамжамиятини глобал терроризм хавфи билан курашга йўналтирилган ташаббусни қўллаб-қувватлашга чақираман", - деган у.

Унинг таъкидлашича, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2017 йил 24 майдаги 2354-сонли резолюцияси "терроризм ғояларини тарғиб этишга қарши кураш бўйича кенг қамровли доиравий стратегияни" қўллаб-қувватлаш мақсадида қабул қилинган бўлиб, унда терроризмга қарши кураш, одамларнинг экстремистлар ва террористлар сафига қўшилишига қарши курашишга қаратилган кенг ва фаол қарши-тарғиботларни ташкил этиш бўйича аниқ таклифлар бор. 

"Сўнгги пайтларда дунёда террорчилик фаоллигининг кескинлашуви жаҳон ҳамжамиятидан саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, террорчилик мафкурасига қарши курашиш учун қатъий чоралар қабул қилишни талаб этади. Биз, албатта, терроризмга қарши самарали фронт яратиш учун ягона стандартларни ишлаб чиқиш лозимлигига ишонамиз. Улар бизнинг барча йўналишлар бўйича қўшма ҳаракатларимиз мантиғини аниқлаб берарди. Бу йўналиш учун энг мос майдонча, албатта, Бирлашган Миллатлар Ташкилотидир", - дея хулоса қилган Россия ФХХ директори.

Бундан ташқари, Бортниковнинг маълум қилишича, Сурия ва Ироқда жанг қилган баъзи террорчилар кимёвий қуролларни ишлаб чиқариш ва уларни қўллаш бўйича кўникмаларга эгалар.

"Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, Сурия ва Ироқда жанг қилган баъзи террорчилар кимёвий қурол элементларини қўлбола йўл билан ишлаб чиқариш ва қўллаш кўникмаларига эгалар", - деди у.

Унинг сўзларига кўра, бундан Россияда уларга нисбатан очилган жиноий ишлар материаллари далолат бермоқда.

kun.uz

Рейтинг@Mail.ru