JM News Portal - шаблон joomla Продвижение

ИШИД БАЛОСИ (ёки охирзамон офатлари ҳақидаги набавий башорат таҳлили)

ИШИД БАЛОСИ (ёки охирзамон офатлари ҳақидаги набавий башорат таҳлили)

Бугунги кунда дунёнинг жуда катта балоси ИШИД деб аталаётган, бузғунчи, қотил, баттол, Аллоҳнинг ўзи хор қилган тоифалардан ташкил топган жамоат ҳисобланади. Улар Шом диёрида «халифалик» эълон қилиб, ўз хаёлларидаги «исломий давлат»ни тузиб, бутун дунё тинчлигига рахна солмоқдалар. Уларнинг вакиллари бугун дунёнинг турли томонларига тарқаб, оламга хавф-хатар тарқатмоқдалар. Бу қиёмат аломатларидан бири бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз вақтида бу ҳақида бир эмас, бир неча марта башорат қилган эдилар. У зотнинг ана шундай башоратларидан бирлари ҳақида биз олдинроқ бир мақола эълон қилган эдик.

 

Устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ эса «қора байроқдорлар» тўғрисидаги башоратомуз ривоятни айтиб, ИШИДнинг ноқонуний ва ношаръий эканлигидан ўз вақтида огоҳлантирган эдилар. Бугун ҳам бу лаънати ИШИД ўз ишини, ўзининг кирдикорларини, қотиллик ва вайронкорликларини бошқа жойларда давом қилдиришга урунмоқда. Шу муносабат билан, биз яна битта бу тўғридаги саҳиҳ бир ҳадиси шариф борасида хабар бермоқчимиз. Уни улуғ муҳаддис бобомиз Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ «ат-Таърих ал-кабир» асарларида, Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ ва бошқалар ўзларининг ҳадис тўпламларида ривоят қилганлар. «Мишкот ал-масобеҳ» китобида эса у «Қиёмат аломатлари» бобида зикр қилинган (3/5449). Ушбу ҳадисни бемазҳабларнинг «муҳаддис»и Албоний ҳам ҳатто саҳиҳ деб баҳолаган («Саҳиҳ ва заиф», 2/7838).

Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абдуллоҳ ибн Ҳавола ал-Аздий разийаллоҳу анҳунинг бошларига қўлларини қўйиб, бундай деганлар:

يا ابن حوالة! إذا رأيت الخلافة قد نزلت أرض المقدسة فقد دنت الزلازل و البلابل (و القتل) و الأمور العظام، و الساعة يومئذ أقرب من الناس من يدى هذه من رأسك

«Эй, Ҳаволанинг ўғли! Қачон сен халифаликни муқаддас ерга – Шомга тушганини кўрсанг, аниқки, зилзилалар, бало-офатлар, (қотилликлар) ва улуғ ишлар тез ора содир бўлади. У кунда қиёмат одамларга мен қўлимни бошингга қўйиб турганимдан ҳам яқинроқ бўлади!».
(Бухорий, «ат-Таърих ал-кабир», 8/3615; Абу Довуд, 2/2537; Ҳоким, 4/8309; Байҳақий, 9/18333; Аҳмад, 5/22540).

Мазкур ҳадиси шарифнинг бир ривоятида «қотилликлар» сўзи қўшилган. «бало-офатлар» дейиладиган «балоё» сўзи ўрнига бошқа ривоятларда «балобил» – «ғам-ташвишлар» ва «қалбдаги васвасалар» деган маънони англатадиган сўз ишлатилган.

Ҳадиси шарифда тилга олинган «муқаддас ер»нинг Шом диёри эканлигини ҳадисшунос уламолар айтиб ўтганлар. Бу борада ҳеч ҳам ихтилоф йўқ. Бироқ, уни умавийлар давридаги Шомнинг пойтахт қилинишига ишора қилинган, деган олимлар ҳам бўлган. Аммо, бу ерда эътибор берадиган жойи ҳадиси шарифнинг ўзида: «У кунда қиёмат одамларга мен қўлимни бошингга қўйиб турганимдан ҳам яқинроқ бўлади!», дейилганидир. Демак, ушбу воқеа қиёматга яқин даврларда содир бўлади. Шунинг учун ҳам, мазкур ҳадиси шарифнинг «Қиёмат аломатлари» бобида келтирилиши бежиз эмас. Зотан, агар халифалик шаръан тўғри ва қонуний бўладиган бўлса, унда бало-офат бўлмаслиги керак эди. Бугунги ИШИД эса халифаликни сохталаштирган, ўз-ўзини халифалик деб атаган, ноқонуний ва ношаръий бир тузум ҳисобланади. Қонуний эмаслигини дунёнинг бирор давлати унинг қонунийлигини тан олмаганидан билиш мумкин. Унинг ношаръий эканини эса бугун бутун ислом оламининг энг кўзга кўринган барча уламолари якдиллик билан таъкидлаб келмоқдалар. Хусусан, дунёнинг 120 (бир юз йигирма) нафардан ортиқ уламолари ИШИД тузумига қарши раддия мактуб – очиқ хат билан чиққанлигини барча билади.

Демак, қиёматга яқин бўладиган бу бало-офат бутун дунёга тарқаб, инсоният орасига ҳақиқатдан ҳам ғам-ташвишлар келтириб турибди. Бутун дунё мусулмонлари ИШИДнинг кирдикорлари ва ношаръий ишларини кўриб ғамга ботмоқдалар, ташвишга тушмоқдалар. Ҳатто ИШИД таркибида юрганлар, аввалига ИШИДни қўллаб-қувватлаган айрим мусулмонлар ҳам унинг бу хилдаги кирдикорлари ва ношаръий амалларини кўриб, ундан кўнгиллари қолиб улгурди, ношаръийлигини тан олиб бўлди.

Афсуски, ИШИД қалбдаги васвасаларга сабаб бўлмоқда. Айрим одамлар унинг сохта ва вайронкор ғояларига ишониб қолмоқдалар, алданиб қолмоқдалар. Таркибида ҳеч бир дин уламоси, дунё таниган исломий олими бўлмаган бу сохта давлат ичидан чиқарилаётган «фатво»ларга ишониб ва алданиб қолаётганлар ҳам бор. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шахсан ўзлари унинг «қалб васвасалари»га сабаб бўлишини башорат қилиб қўйганлар.

ИШИД бутун дунёни зилзилаларга солиб, титратиб, вайрон қилиб ташламоқда. Худди жуда катта кучдаги зилзила бўлгандек юртларни вайрон қилмоқда, теп-текис, бузулган, хароб бўлган ўлкаларга айлантирмоқда.
ИШИДнинг сабабидан қанчадан-қанча қотилликлар содир бўлмоқда. Дунёнинг турли тарафларида содир бўлаётган қотилликларни, портлашларни ИШИД уялмай-нетмай бўйнига ҳам олмоқда. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бекорга ушбу сохта халифалик Шомда юзага келганида қотилликлар кўп содир бўлишини башорат қилмаганлар. Зотан, Шомда аввал бўлган халифалик ва давлат тузумларида бунчалик қотилликлар, бунчалик вайронкорликлар юз бермаган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мазкур башоратларига кўра ИШИД қиёматнинг яқинлашувига сабаб бўлади. «Улуғ ишлар» содир бўлиши эса қиёмат олдидан юз берадиган, авваллари эшитилмаган турли кўргиликларга, олдинлари кўрилмаган ҳар хил ҳодисаларнинг пайдо бўлишига ишора қилиб туради. Мусулмонларни бир-бирига қайраш, уламоларни, аҳли илмларни ҳамда мусулмонларнинг пешволари бўлмиш имом-домлаларни обрўсизлантириш, уларни ўзаро уриштириб қўйиш, давлат билан аҳли илмлар орасини бузиш, аҳли илмлар орасига фитна солиш, атайин фитна чиқариш ва уни кучайтириш – мана буларнинг бари ИШИДчиларнинг «улуғ» ишлари натижаларидан бири бўлиши мумкин. Гўё янги давлатлар тузиш ва ўзлари хаёл қилган тузумни яратиш йўлида улар ҳеч нарсадан қайтишмайди. Бунинг учун улар муайян шахсларни, айниқса, аҳли илмларни кофирга ва мушрикка чиқариш билан астойдил машғул бўладилар. Бу билан ҳам тинчимай, бутун бошли мамлакат аҳолисини кофирга, мушрикка чиқариб, куфр ва ширк билан айблайверадилар. Мана уларнинг «улуғ» ишлари!

«Такфир» ва «ташрик» – одамларни куфр ва ширкда айблаш инсоният бошига тушиб турган энг катта бало-офатлардан биридир!

Хуллас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юқоридаги саҳиҳ ҳадисларида башорат берганларидек, буларнинг барчасига ИШИД ва унинг таркибидан етишиб чиққанлар сабабчи бўлмоқда. Бу зоҳиран қараган, ақлан мушоҳада қилиб кўрган ҳар бир кимсага маълум ва ойдин ҳолатдир.

Бу башорат ҳам олдинги хабар берилган ҳадиси шарифлар сингари бизни огоҳликка чорлаб туради, қиёмат олдидан хуруж қилган ИШИД, Толибон, ал-Қоида, Ҳизбуттаҳрир ва ҳоказо тоифалардан ҳазар қилмоғимизга даъват этади. Бу хилдаги тоифаларга қўшилиб қолиш икки оламда ҳам юзи қораликдир, икки жаҳонда хорликдир!

ИШИД сингари сохта ва вайронкор ғояларга алданиб қолишдан тамоми мусулмонларни, айниқса, бизнинг юртдошларимизни Аллоҳ таолонинг ўзи асрасин! Юртимизни ҳар хил бало-офатлардан сақласин! Тинчлигимиз абадий бўлсин!

Ҳамидуллоҳ Беруний

ahlisunna.uz

Рейтинг@Mail.ru