JM News Portal - шаблон joomla Продвижение

ЮКСАК МАЪНАВИЯТ ЕНГИЛМАС КУЧ!

Турли оқимларга раддиялар

 Диний оқим таъсирига тушиб қолган эру хотин қонун олдида жавоб бермоқда

Она Ватанимиз ўз тарихи ва алломалари билан шарафланиб келган. Юртимизда не-не буюк алломалар етишиб чиққани ортиқча таърифга муҳтож эмас. Аммо, динни ниқоб қилиб, ўз мақсадлари йўлида турли қинғирликларни амалга ошириб келганлар ҳар қандай замонда ҳам учраб туради.

Афсуски, диний қадриятларга янада кенгроқ йўл очилиб, мамлакатимизда Ислом тарихи, шариат аҳкомлари, Қуръон ва Ҳадис илмини ўрганишга эътибор ортаётган бугунги кунимизда ҳам шундай инсонлар учраётгани жуда ачинарлидир.

Тошкент шаҳрида туғилиб ўсган Муҳаммад Рашидов ҳам эҳтимол ҳақ билан ботилни ажрата олганида беҳисоб хатоларга йўл қўйиб, эл-юрт олдида боши эгилиб қолмасди.

Бугун 33 га тўлган йигитнинг ақлу идроки анча илгари, ҳали болалик чоғларидаёқ хира тортиб улгурганди. У ота-онасининг таъсирида “Ҳизб ут-Таҳрир” диний-экстремистик оқимига қўшилганини билмай қолди.

Ҳали 2000 йиллардаёқ у жамоат транспортида одамларни “ҳизб”га жалб қилиб, турли варақаларни тарқата бошлаган эди. Табиийки, унинг бу ҳаракатлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар эътиборидан четда қолмади. Йигитчанинг ҳали балоғат ёшига етмаганини ҳисобга олиб, ҳуқуқ-тартибот идоралари уни жазодан озод этишган. Аммо, бундан етарлича хулоса чиқармаган Муҳаммад ўзининг жиноий фаолиятига нуқта қўймади. Аксинча, ўзи аъзо бўлган оқим ғояларини кенг ёйиш, унинг сафига бошқаларни ҳам жалб қилишда давом этаверди.

2003 йилда Муҳаммад яна жиноят устида қўлга олинди. Бу гал ҳам унинг ёшлиги инобатга олиниб, Муҳаммаднинг устидан шартли ҳукм чиқарилди ва яна озодликка чиқарилди.

“Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас” дейдилар. Бу галги имконият ҳам Муҳаммаднинг кўзини очмади. Қайтага у ўз фаолияти кўламини янада кенгайтиришга, ҳатто ушбу радикал партиянинг хорижий раҳбарлари билан боғланишга уринди. Ўш шаҳрига бориб, “Ҳизб ут-Таҳрир”нинг Марказий Осиёдаги раҳбари, Қирғизистон фуқароси Муҳаммадюсуф Мамасидиқов, МДҲ давлатлари бўйича раҳбар, иорданиялик Абу Маҳмуд сингари кимсалар билан учрашди. Улар билан келгусида қилиниши лозим бўлган ишлар ҳақида кўрсатмалар олиб, бир қатор экстремистик руҳдаги адабиётлар ва яхшигина маблағ билан Ўзбекистонга қайтиб келди.

Бу пайтда мамлакат миқёсида диний оқимлар аъзоларига қарши қизғин кураш олиб борилар, уларнинг катта қисми ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қўлга олинганди.

2006 йилда Муҳаммад Рашидов турмуш ўртоғи Гўзал Тўхтахўжаева билан “Ҳизб ут-Таҳрир”га аъзолиги сабабли хибсга олинган фуқароларнинг аёлларидан иборат таркибий тузилмани шакллантирди. Ўзи ана шу гуруҳ раҳбарлигини қўлга олди. Ҳар ой ушбу тузилмага аъзо бўлган аёллардан “бадал” пули йиғишни йўлга қўйди. Ҳар ойда ўзи амал-тақал кун кечираётган аёллардан жами ўртача 1000-1500 доллар атрофида пул тўпланарди. Шунингдек оқимнинг хориждаги раҳнамолари ҳам катта миқдорда пул жўнатиб туришарди. Муҳаммад эса, бу пуллардан бир қисмини ўз эҳтиёжлари учун хам сарфлаб келди.

Маълумотларга кўра, Муҳаммад Рашидов бу пулларга ўзи ва қариндош-уруғлари учун бир қатор уй-жойларни сотиб олган. Жумладан, Учтепа тумани Кўкча Дарвоза кўчасидаги 648-уй, Олмазор тумани, Ниёзова кўчасидаги 4-уй, 42-хонадон, Шайхонтохур тумани, Маннон Уйғур кўчасидаги 4-уй, 11-хонадон, Сирғали тумани, Спутник-6 дахаси, 22-уй, 5-хонадонни мисол келтириш мумкин. Муҳаммад жиноий йўл билан тўплаган пулларининг бир қисмига ўзи, укаси ва жиянларига автомашиналар сотиб олганини ҳам эслатиб ўтиш ўринли.

Бироқ, Муҳаммад бир қанча сафдошлари қўлга тушиб, бошида қора булутлар тўпланаётганини пайқагач, ўз номидаги уйларнинг бир нечтасини пуллашга улгурди.

2008 йилда Тошкент шаҳри ва вилоятида “Ҳизб ут-Таҳрир”га аъзо бўлган бир қанча аёллар қўлга олиниб жавобгарликка тортилди. Навбат ўзига ҳам келиши мумкинлиги, агар унинг ҳам аёли қўлга тушса, ўзига қарши кўрсатма бериши мумкинлигини билган Муҳаммад Рашидов нима қилишни билмай, холасига юзланди. У эса, Муҳаммаднинг аёли Гўзални “қочқинлик”ка кўндирди. Шундан сўнг Гўзал бир муддат ҳали у қариндоши, ҳали бу танишининг уйига сарсон-саргардон кўчиб юрди.

Хотинининг ўзидан узоқлашгани Муҳаммадга “қўл келади”. Ундан яширинча, бир қанча “қаллиқ”лар топиб, уларни ўзи билан шаръий никоҳдан ўтишга кўндиради. Ана шундай ожизалардан бири Ольга Медведьева бўлиб, исломни қабул қилган, “Омина” тахаллусини олганди. Муҳаммад аёлнинг исломга хайрихоҳлигидан фойдаланиб, уни ҳам “ҳизб”га тортишга уриниб кўради. Аммо, Ольга шаръий эрининг талабига кўнмайди. Уни гапга кўндиролмаган Муҳаммад Ольгани “уч талоқ” қилади.

Муҳаммад ўз оиласи етмагандек, яқин қариндошларининг ҳам шахсий ҳаётига мунтазам равишда аралашиб келган. Чунончи, укаси Аҳмад Рашидовнинг турмуш ўртоғи “ҳизб”чилар сафига киришни истамагани боис, Муҳаммад бу эр-хотиннинг ажралиб кетишига сабабчи бўлган. Акасининг тазйиқи ва холасининг тавсияси билан Аҳмад яқин танишлари бўлган Нодира Зуфарованинг қизи Наргизага уйланади.

Нодира Зуфарованинг турмуш ўртоғи йўқлиги сабабли Аҳмад уни ёши катта танишларидан бири Абдуваҳоб Муҳаммадаминовга уйлантирмоқчи бўлади. Нодира ҳам ўз навбатида бўлажак куёвга пропискадан ўтказиш талабини қўяди. Абдуваҳоб Муҳаммадаминов бу таклифга фарзандлари рози бўлмаслигини билиб, рад жавобини беради. Шу тахлит бу “никоҳ” амалга ошмайди.

(Барибир, ўз жиноий ҳаракатлари сабабли 2016 йилда Аҳмад Рашидов ҳам, Абдуваҳоб Муҳаммадаминов ҳам жиноий жавобгарликка тортилиб, қамалиб кетишади.)

Муҳаммад Рашидов ўз мақсадлари йўлида синглисининг ҳам оиласини бузишдан тоймади. Муҳаммаднинг куёви, яъни синглиси Оминанинг эри Жавлон Гуламбеков илгари “Ҳизбут-таҳрир” оқимига қўшилиб, жиноий фаолият юритгани боис, жазо муддатини ўтаб қайтган, бу вақт мобайнида у ўз хатоларини тушуниб етганди.

Шу боис, Муҳаммад билан ўзаро суҳбат пайтида “ҳизб” масаласида кескин зиддиятларга борадиган бўлишади. Жавлон бир неча марта “ҳизб”нинг асл исломий қадриятларга зид эканини айтиб, қайноғасининг “ғазаби”га учрайди. Охир-оқибат Муҳаммад синглисини ундан ажратиб олишга қарор қилади.

Жавлон қонуний ажрашишга рози бўлмагани сабабли Муҳаммад синглиси ва жиянларини ўз уйига мажбуран кўчириб келтиради. Бу ҳам етмагандек, ҳам қонунан, ҳам шаръан бошқа бировнинг никоҳида бўлган синглисини ўзининг “Акром” исмли танишига узатади. “Акром” ҳам ўзининг қонуний турмушидан ажрашмаган эди. Акасининг қош-қовоғига қараб ўрганган сингил бу қарорга розилик билдиради.

Шу тариқа Омина билан “Акром” ҳозирда Муҳаммадга тегишли бўлган Учтепа тумани Тақачи кўчаси 54-уй 85-хонадонда яшаб келишади. Жавлон Ғуломбеков бу манзилга келиб, ўз фарзандларини кўрмоқчи бўлганида, Омина ва “Акром” унга жиддий қаршилик кўрсатишмоқда. Жавлон бу ҳолат юзасидан маҳалла фаоллари, тегишли органларга мурожаат қилган бўлса-да, бу мурожаат ўз ечимини топганича йўқ.

Албатта, ҳар бир инсоннинг шахсий ҳаёти, эътиқоди дахлсиздир. Аммо, шу билан бирга ҳеч ким бировнинг эътиқоди ва шахсий ҳаётига дахл қилишга ҳақли эмас. Юқоридаги “қаҳрамон”ларимизнинг аниқ далилларга таянган қилмишлари мазкур оқим аъзоларининг ҳақиқий дину диёнатга нисбатан хиёнат қилаётганидан далолат бермасмикин?

Ҳозирда Мухаммад ва унинг турмуш ўртоғи устидан қўзғатилган жиноят иши юзасидан суд маҳкамаси бошланган бўлиб, улар қонун олдида жавоб беришмоқда.

Darakchi.uz

Рейтинг@Mail.ru