JM News Portal - шаблон joomla Продвижение

Фитнадан огоҳ бўлиш

Фитнадан огоҳ бўлиш

“Фитна” сўзи араб луғатида «синов, имтиҳон» маъносида келади. Арабларда маъданни ўтга солиб синаб кўриш «фитна» дейилади. Истилоҳда кишиларни диндан қайтариш, динга қарши ҳаракатга чорлаш фитна саналади. Фитна қотилликдан ҳам оғир гуноҳдир. Маънавий соҳада инсоннинг имон-эътиқоди, шариатга амал қилиши, унинг инсоний фазилатлари рўёбга чиқишига тўғаноқ ёки синов бўладиган барча нарсалар ҳам фитна ҳисобланади.

Исломнинг илк даврларидаёқ Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломни динда бўладиган турли фитналардан огоҳлантирган эди. Биргина Бақара сурасининг тўртта оятида мусулмонларни мушриклар ва мунофиқларнинг фитналаридан огоҳлантириш ҳақида сўз боради:

 

أَلَا إِنَّهُمْ هُمُ الْمُفْسِدُونَ وَلَكِنْ لَا يَشْعُرُونَ / سورة البقرة 

 

Яъни: “Огоҳ бўлингки, айнан уларнинг ўзлари бузғунчилардир, лекин (буни ўзлари) сезмайдилар”.

Аллоҳ таоло мўминларни огоҳлантиряптики, айнан мунофиқлар бузғунчи ва фитначи эканини яхши билиб олинглар, лекин улар ўзларининг бузғунчиликларини сезишмайди. Ер юзида бузғунчилик қилиб юриш, кишилар ўртасида фитна-фасод уруғларини сочиш, дин ниқоби остида бегуноҳ одамларга зулм қилиш, улар жони ва молига тажовуз этиш инсониятга қарши қаратилган энг мудҳиш жиноятлардир. Террор, бузғунчилик, зулм, урушлар, одамларнинг жабр-ситам кўришлари ва хўрланишларига сабаб бўлувчи барча тажовузкорликларни динимиз қоралаган. Аллоҳ таоло мўминларга тинчлик ва адолат ўрнатишни, одамлар орасини ислоҳ этишни, барчага бирдай яхшилик ва эзгулик қилишни буюрган, ҳар қандай зўравонлик ва бузғунчиликни тақиқлаган. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

 

وَاتَّقُوا فِتْنَةً لَا تُصِيبَنَّ الَّذِينَ ظَلَمُوا مِنْكُمْ خَاصَّةً وَاعْلَمُوا أَنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ / سورة ﺍﻷنفال 25 

Яъни: “Сизлардан фақат золимларгагина хос бўлмаган (балки ҳаммаларингизга оммавий бўладиган) фитна (азоб)дан сақланингиз ва билиб қўйингизки, Аллоҳ жазоси қаттиқ (зот)дир”.

Золим кимсалар ҳамиша инсонлар, қабилалар ўртасига фитна, нифоқ солиб, жамиятнинг тинч ҳаётини пароканда қилишади. Фитна эса одамларни қатл қилишдан ҳам ёмон жиноятдир. Аммо жоҳил ва урушқоқ бузғунчилар инсоният тарихи давомида жуда кўп марта Парвардигорнинг ана шу амрларига қарши борган, турли фитналар чиқариб, минг-минглаб бегуноҳ кишиларнинг ҳалокатига сабаб бўлган.

 

Нофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ибн Зубайр фитнаси пайтида икки киши Ибн Умар олдига келиб: “Одамлар нима ишлар қилишяпти, сиз бўлсангиз Пайғамбаримизнинг яқин саҳобалари бўлатуриб индамай ўтирибсиз, уларга қарши курашишингизга нима монеълик ( тўсқинлик) қилади?” дейишди. Ибн Умар: “Аллоҳ таолонинг ўз биродарларим қонини тўкишдан қайтаргани монеълик қилади”, дедилар. Боягилар: “Ахир, Аллоҳ таоло: “Фитна босилиб, бутун дин Аллоҳгагина бўлмагунича улар билан урушинглар” демаганмиди?!” дейишди. Ибн Умар: “Биз фитна қолмагунича ва Аллоҳ таоло дини қоим бўлгунича урушдик. Нима, энди сизлар яна фитна содир бўлиб, Аллоҳ таолонинг дини барбод бўлгунича уруш қилмоқчимисизлар?!” дедилар” (Имом Бухорий ривояти). Қуръони каримда Ҳақ таоло хабар бериб айтади:

 

يَسْأَلُونَكَ عَنِ الشَّهْرِ الْحَرَامِ قِتَالٍ فِيهِ قُلْ قِتَالٌ فِيهِ كَبِيرٌ وَصَدٌّ عَنْ سَبِيلِ اللَّهِ وَكُفْرٌ بِهِ وَالْمَسْجِدِ الْحَرَامِ وَإِخْرَاجُ أَهْلِهِ مِنْهُ أَكْبَرُ عِنْدَ اللَّهِ وَالْفِتْنَةُ أَكْبَرُ مِنَ الْقَتْلِ وَلَا يَزَالُونَ يُقَاتِلُونَكُمْ حَتَّى يَرُدُّوكُمْ عَنْ دِينِكُمْ إِنِ اسْتَطَاعُوا وَمَنْ يَرْتَدِدْ مِنْكُمْ عَنْ دِينِهِ فَيَمُتْ وَهُوَ كَافِرٌ فَأُولَئِكَ حَبِطَتْ أَعْمَالُهُمْ فِي الدُّنْيَا وَالْآَخِرَةِ وَأُولَئِكَ أَصْحَابُ النَّارِ هُمْ فِيهَا خَالِدُونَ (سورة البقرة/) 217

Яъни: “Сиздан ҳаром ойда жанг қилиш (ҳукми) ҳақида сўрамоқдалар. Айтинг: «Унда жанг қилиш катта гуноҳдир, (лекин одамларни) Аллоҳ йўлидан қайтариш, Унга куфр келтириш ва (ҳожиларни) Масжидул-Ҳаромдан тўсиш ҳамда аҳолисини қувиб чиқариш Аллоҳ наздида (улардан ҳам) каттароқ гуноҳдир. Фитна қотилликдан ҳам каттароқ (гуноҳ)дир». Улар имкон топсалар, то динингиздан қайтармагунларича сизлар билан жанг қилаверадилар. Сизлардан ким ўз (Ислом) динидан қайтиб, кофир ҳолида ўлса, ундай кимсаларнинг қилган амаллари дунёю охиратда беҳуда кетар. Улар дўзах аҳлидирлар ва унда мангу қолурлар”.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаёт вақтларида асло вужудга келмаган, аммо келажакда пайдо бўлиши мумкин бўлган, халқлар ва миллатлар бирлиги ҳамда осойишталигига таҳдид солувчи фитна-фасод, бузғунчиликлар ҳақида хабар бериб, огоҳлантирган эдилар: “Умматимдан қайси бири умматимга қарши чиқса, унинг яхши ва ёмонини фарқига бормаса, мўминга зиён тегишидан ўзини тиймаса, берган ваъдасига вафо қилмаса, у менинг умматим эмас!”. (Муслим ва бошқалар ривояти).

Бугунги кунга келиб бутун дунёда фитналар кўпайди, уларнинг моҳияти ўзгарди, қиёфаси бошқача тус олди. Жаҳондаги ёвуз кучлар мусулмонлар бирлигига путур етказиш, парокандалик келтириб чиқариш мақсадида мусулмонлар ўртасида фисқ-фасод, фитна ва бузуқ эътиқодларни ёйишга уринмоқда. Улар бузғунчи ташкилотлар ёки маълум доиралар манфаати йўлида дин ниқобидан фойдаланиб, ҳамма ерда фасод уруғини сочишмоқда. Мамлакатимиз мусулмонлари ҳам бу хатарли фитналар таҳликасидан омонда қолишаётгани йўқ. Мустақилликдан сўнг турли бузғунчи фирқа ва оқимларнинг мусулмонларимиз бирлиги ва эътиқоди мусаффолигига қарши қаратилган хуружи бўлди, турли террорчилик ва бузғунчилик ҳаракатлари ҳам содир этилди. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Ҳазрати Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Охир замонда дажжоллар, (фирибгарлар) ёлғончилар (жамоаси) бўлади. Улар сизлар ҳам ота-боболарингиз ҳам эшитмаган гапларни гапирадилар. Бас, сизлар улардан ўзларингизни узоқ қилинглар ва ўзларингиздан ҳам уларни узоқ қилинглар. Сизларни адаштириб ва алдаб фитнага (ширкка) солиб қўймасин», дедилар (Имом Муслим ривояти).

Ҳозирги пайтда яна бир фитна ҳақида ёзмаслик ҳам дин ва миллатга хиёнат саналади. Бу ҳам бўлса, дунёдаги мустамлакачи кучларнинг маънавий бўшлиқдан фойдаланиб юртимиз ёшлари онгига маънавиятимиз ва ахлоқимизга бутунлай ёт бўлган ва энг хатарли иллатларни ўз ичига олган “оммавий маданият”ни сингдиришга катта фитналарга сабаб бўлмоқда. Ёшларни худбин ва лоқайд кимсаларга айлантириш, ахлоқий бузуқлик ва зўравонликни тарғиб қилиш, бир жинслар никоҳи, зино, гиёҳвандлик, бузуқлик, нима қилиб бўлса ҳам, қандай йўл билан бўлса ҳам фақат бойлик орттиришга интилиш, оилани тан олмаслик, кўнгил истаган ишларни қилиш орқали “эркин бўлиш” каби зарарли иллатларни ёйишни асосий мақсад қилиб олган бу “маданият” жамиятдаги маънавий ҳаётни издан чиқаради, ёшлар ахлоқига жиддий салбий таъсир кўрсатади. Бундан бир аср муқаддам атоқли ўзбек маърифатпарвари Абдурауф Фитрат: “Кимки бадахлоқ болаларни тарбия этса, инсониятга катта душманлик қилган бўлади”, деган эди.

Инсоният бугунги кунда ғоявий урушлар, маънавий зиддиятлар, бир ҳовуч зўравон ғояларнинг дунёни қайта тақсимлашга қаратилган ўйинлари авж олган бир вазиятда яшаяпти. Ҳозир зулм ва истибдод, террор ва бузғунчиликлар, ахлоқсизлик ва маънавий инқирозлар ҳар қачонгидан хатарли тус олмоқда. Мусулмонлар бундай шароитларда ҳар қачонгидан ҳушёр ва огоҳ бўлишлари, дўст киму, душман кимлигини яхши ажрата олишлари, ғанимлар фитнасига учмасликлари, ёвуз кучлар қўлидан қўғирчоқ бўлиб қолиб, диндошлари ва миллатдошлари қотилига айланмасликлари зарур. Чунки ҳар бир фитна ва фасод иш ортида ғаразли мақсадлар, манфаатдор кучлар турганини бир лаҳза ҳам унутишга ҳаққимиз йўқ.

Рейтинг@Mail.ru