JM News Portal - шаблон joomla Продвижение

Фитналардан огоҳлантириш (давоми)

Фитналардан огоҳлантириш (давоми)

Ривоят қилинади: «Русулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Келажакда фитналар бўлур. Унда ўтирган тик тургандан яхшидир. Унда тик турган юргандан яхшидир. Унда юрган саъйи қилгандан яхшидир. Ким унга қизиқса ўзига тортади. Ким ундан паноҳгоҳ ёки қўрғон топса, у ила ўзини асрасин», дедилар». Тўртовлари ривоят қилган.

Шарҳ: Демак, фитнани сезган киши иложи борича ундан узоқда бўлишга ҳаракат қилмоғи керак. Агар ЎХҲ билан фикр билан ҳам курашолмаса унда ундан узоқ юрган маъқул. 

Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Албатта, келажакда фитналар бўлур. Огоҳ бўлинг! бунда яна фитналар бўлур. Унда ўтирган юргандан яхшидир. Унда юрган саъйи қилгандан яхшидир. Огоҳ бўлинг! Қачон у нозил бўлса ёки воқеъ бўлса, кимнинг туяси бўлса уни лозим тутсин, кимнинг қўйи бўлса уни лозим тутсин ва кимнинг ери бўлса у ерини лозим тутсин», дедилар.

Шунда бир киши: «Эй Аллоҳнинг расули Айтингчи, туяси, қўйи ва ери йўқ одам нима қилади?» деди.

«Қиличини олиб тош билан тиғига уради. Сўнгра қочишга қодир бўлса қочиб кетади. Эй Аллоҳим, етказдимми?! Эй Аллоҳим, етказдимми?! Эй Аллоҳим, етказдимми?!» дедилар.

Шунда бошқа бир киши: «Эй Аллоҳнинг расули агар мажбур қилинсам ва мени икки сафга олиб борилса ёки икки гуруҳдан бирига олиб борилса ва бир киши мени қиличи билан урса ёки ўқ келиб мени қатл қилсачи?» деди.

«Унга ҳам ўзининг гуноҳи, ҳам сенинг гуноҳинг бўлади. Ҳамда у дўзах соҳибларидан бўлади», дедилар». Муслим ва Аҳмад. ривоят қилган.

Шарҳ: Мусулмонлар орасида фитна чиққанда жуда ҳам хушёр бўлиш керак бўлади. Иложи борича ул фитнага аралашмаслик керак. Агар ҳайвонлари бўлса ўшаларни боқиш ила ўзини овутиб фитнадан четда бўлмоғи лозим. Ери бўлса, ерида ишлаб фитнага аралашмасин. Фитнада ишлатилиши лозим бўлган қурол ва асбоблари бўлса уларни йўқ қилсин.

 

Бировни ўшал фитнага мажбур қилиб аралаштирган одам ҳам ўзининг, ҳам ўша мажбур қилинган одамнинг гуноҳига қолади. Фитнада фаоллик кўрсатиб бошқаларни унга тортган одам дўзахи бўлади. Эй ЎХҲ жамоаси дўзахий бўлишдан қўрқмайсизларми!?

 

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан : «Эй Аллоҳнинг расули Айтингчи, агар у менинг тепамга, уйимга бостириб кириб мени ўлдириш учун қўлини чўзсачи?» деди.

 

«Худди одамнинг қотил ўғлига ўхшаш бўл; «Агар сен мени ўлдириш учун қўл кўтарсанг, мен сени ўлдириш учун қўл кўтармасман», дедилар». Аҳмад. ва Термизий ривоят қилган.

 

Шарҳ: Одамнинг икки ўғли бор экан, улар қурбонлик қилишибди. Бирларининг қурбонлиги қабул бўлибди. Иккинчиларининг қурбонлиги қабул бўлмапти. Шунда қурбонлиги қабул қилинмаган ўғил қурбонлиги қабул қилинганга ҳасад қилиб, кўра олмасдан, мен сени албатта ўлдираман, дебди. Инсон қалбига ҳасад кирганда шундай бўлади. Қурбонлиги қабул бўлмагани унинг яхши киши эмаслигига далолат эди. Қурбонлиги қабул бўлгани эса, иккинчи ўғилнинг яхши инсонлиги учун эди. Яхши одам доимо яхши бўлади. Ҳатто қийин ва шиддатли пайтларда ҳам, ҳаёти хавф остида турганда ҳам, яхшилигича қолади. У ўзига тажовуз қилиб турган шахсга қараб, хотиржамлик билан:

 

«албатта, Аллоҳ тақводорлардангина қабул қилади», деди.

 

Инсоннинг яхши амалларининг, жумладан қурбонлигининг Аллоҳ таоло ҳузурида қабул бўлиши, амал эгасининг тақводор эканини англатади. Бу билан у ўзига суиқасд қилиб турган душманни ҳам тақводор бўлишга даъват этди. Кейин эса, янада хотиржамлик билан, биродарининг шаррини кесиш учун:

 

«Агар сен мени ўлдириш учун қўл кўтарсанг, мен сени ўлдириш учун қўл кўтармайман», деди.

 

Ҳақиқий тақводор, Аллоҳдан қўрққан инсоннинг гапи шундоқ бўлади. У шу билан ёмонликнинг олдини олишга, ҳасадчининг ҳасад оловини совутишга ҳаракат қилмоқда. 

 

«Мен, албатта, оламларнинг Робби Аллоҳдан қўрқаман», деди.

 

Яъни, менинг тутган бу йўлим сендан ёки ўлимдан қўрққанимдан эмас, балки бошқа бир инсонни ўлдириш гуноҳ бўлгани учун, Аллоҳнинг олдида гуноҳкор бўлиб қолишимдан қўрққанимдан шундай қиламоқдаман, деди.

 

Бундан кейин эса, биродарини бу ишдан қайтариш мақсадида оқибат нима бўлишини ҳам эслатиб қўйди:

 

«Мен, албатта, менинг ҳам гуноҳимни, ўзингнинг ҳам гуноҳингни олиб кетишингни, шу сабабдан дўзах аҳлидан бўлишингни хоҳлайман. Ана ўша золимларнинг жазосидир», деди».

 

Яъни, агар сен Аллоҳдан қўрқмай мени ўлдирадиган бўлсанг, мени ўлдирганинг гуноҳини ҳам оласан ва олдинги қурбонлигингнинг қабул бўлмагани гуноҳини ҳам оласан. Гуноҳ устига гуноҳ қилган бўласан. Оқибатда сенга бериладиган жазо ҳам ортади ва дўзахга тушасан, деди.

 

Мусулмонлар орасида фитна чиққанда ҳам ўзини билган кишилар худди шунга ўхшаш йўлни тутишга ўтишлари лозимлигини ушбу ҳадиси шарифдан ўрганиб оламиз. Лекин ЎХҲ жамоаси эса тескари “адолат ўрнатамиз” деб фитнага ундамоқда. Аллоҳни ўзи улардан сақласин. Эй Одамлар эҳтиёт бўлинглар!!! 

 

Абу Бакра розияллоҳу анҳудан дан ривоят қилинади: «Русулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Қачон икки мусулмон қиличлари ила юзмаюз келсалар, иккиси ҳам аҳли дўзахдан бўлур», дедилар.

 

«Қотилку майли, мақтулга нима бўлади?» дейилди.

 

«У ўз соҳибини қатл қилишни ирода қилган эди», дедилар». Учовлари ривоят қилган.

 

Шарҳ: Шунинг учун ҳар қанча фитна бўлса ҳам икки мусулмон бир-бирига зинҳор қўл кўтармаслиги зарур. Тасаввур қилинг. ЎХҲ кириб тўнтариш қилмоқчи. Айтингларчи тўнтариш қурбонларсиз бўладими!? 

 

Муслимнинг ривоятида: «Қачон икки мусулмоннинг бири ўз биродарига силоҳ кўтарса, иккиси ҳам жаҳаннам жари ёқасига боради. Агар улардан бири ўз соҳибини қатл қилса, унга иккиси ҳам баробар дохил бўлади», дейилган.

 

Шарҳ: Бир-бирига қарши силоҳ кўтарган икки муслмон ҳали урушни бошламасларидан туриб дўзахнинг ёқасига бориб қоладилар. Уларнинг дўзахга тушишилари учун жангни бошлашларининг ўзи кифоя қилади. Бошқа нарсанинг кераги йўқ.

 

Аҳмад. ва Термизийнинг ривоятида: «Албатта, келажакда фитна бўлур. Ул арабларни таг туби ила қирадир. Унинг қатл қилинганлари дўзахдадир. Унда тил қиличнинг ботишидан кўра шиддатлироқ бўлади», дейилган.

 

Шарҳ: Аслида фитнани оғзига кучи етмаган шаллақилар бошлайди. Тилга зеб берганларнинг касофатидан фитна қўзғалиб ҳаммани ўз домига тортади. Шунинг учун ҳам тил қиличнинг ботишидан кўра шиддатлироқ бўлади. 

 

Аҳмаднинг ривоятида: «Албатта, фитналардан четда бўлган саодатмандир. Албатта, фитналардан четда бўлган саодатмандир. Албатта, фитналардан четда бўлган саодатмандир. Ким мубтало бўлсаю сабр қилса, ҳасратдадир», дейилган.

 

Шарҳ: Демак, мусулмонлар орасида оммавий фитна бошланганда четда қолган киши бахтли киши бўлар экан. Фитнага аралашган одам ҳасратсиз қолмас экан.

 

Савбон розияллоҳу анҳудан дан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Албатта, Аллоҳ менга ерни сиқимлаб кўрсатди. Бас, мен унинг машриқларию мағрибларини кўрдим. Албатта, умматимнинг мулки менга унинг сиқимлаб кўрсатилган жойигача етади. Менга икки канзни; қизилни ва оқни берилди. Албатта, мен роббимдан умматимни оммавий қаҳат ила ҳалок қилмаслигини ва уларнинг устидан ўзларидан бўлмаган душманнинг султонини ўрнатилмаслигини ва у уларнинг ҳовлиси ўртасини мубоҳ кўрмаслигини сўрадим. Албатта, роббим: «Эй Муҳаммад! Албатта, Мен бир қазони қилсам, уни рад қилиб бўлмас. Албатта, Мен сенга сенинг умматингни оммавий қаҳат ила ҳалок қилмасликни ва уларнинг устидан ўзларидан бўлмаган душманнинг султонини ўрнатилмаслигини ва у уларнинг ҳовлиси ўртасини мубоҳ кўрмаслигини бердим. Агар уларга қарши у(ер)нинг атрофидаги ёки атрофлари орасидаги шахслар жам бўлсалар ҳам. Ҳаттоки баъзилари баъзиларини ҳалок қилсалар ва баъзилари баъзиларини асир олсалар ҳам», деди», дедилар». Муслим Термизий ва Аҳмад ривоят қилган.

 

Ва икковлари: «Албатта, мен ўз умматимга залолатга кетказувчи имомлардан хавфсирайман. Қачон умматим устига қилич солинса, у ундан то қиёмат кунигача кўтарилмас. Токи менинг умматимдан баъзи қабилалар мушрикларга қўшилмагунича ва токи менинг умматимдан баъзи қабилалар бутларга ибодат қилмагунича қиёмат қоим бўлмас. Албатта, келажакда умматим ичида ўттизта каззоб чиқгай. Уларнинг барчаси пайғамбарлик даъвосини қилгай. Ҳолбуки, мен набийларнинг охиргисиман. Мендан кейин набий йўқдир. Менинг умматимдан бир тоифаси ҳақда устин бўлган ҳолларида бардавом бўлурлар. То Аллоҳнинг амри келгунча уларга қарши чиққанлар зарар етказа олмас», дейилган.

 

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан дан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам фитна ҳақида сўзлай туриб: «Ўшанда камонларингизни синдиринг. Ватарларингизни узинг. Уйларингиз ичларини лозим тутинг ва Одамнинг ўғли каби бўлинг», дедилар». Термизий ва Аҳмад. ривоят қилган.

 

Шарҳ: Муслмонлар орасида фитна туфайли чиқадиган урушда ишлатилиши лозим бўлган барча қуролларни йўқ қилиб ўша урушда қатнашмасликка ҳаракат қилиш керак экан. Одам атонинг икки жанжаллашиб қолган ўғлидан бири «Агар сен мени ўлдириш учун қўл кўтарсанг, мен сени ўлдириш учун қўл кўтармайман» дегани каби иш тутиш керак экан.

 

Эй Аллоҳнинг расули Фитна вақтида одамларнинг яхшиси ким?» дейилди.

 

«Чорвасининг ичида унинг ҳаққини адо қилиб, роббисига ибодат қилиб юрган киши ва отини бошини тутиб душманни қўрқитиб, душман уни қўрқитиб юрган киши», дедилар». 

 

Шарҳ: Мусулмонлар бир-бири билан фитна туфайли жангга киришганида бу фитнага қўшилмай ўзининг мол ҳолини боқиб ибодатини қилиб юрган ёки чегарада юртини ҳимоя қилиб турган кишилар энг яхши одамларга айланар экан. Ўз юртини ҳимоя қилиш. Уни тўнтариш эмас.

 

Русулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мўминга ўзини ўзи хорлаши ярашмас», дедилар.

 

«Қандоқ қилиб ўзини хорлайди?» дейишди.

 

«Ўзини тоқатидан ташқари синовга дучор қилиш билан», дедилар».

 

Шарҳ: Мўмин киши учун қўлидан келмаган ишга беҳуда уриниш ўзини ўзи хорлаш бўлар экан. Айниқса, фитнага аралашиш бу ишларнинг энг ёмони бўлади.

 

Али Аҳбон ибн Сойфий ал-Ғифорийдан ўзи билан бирга чиқишни талаб қилганда у: «Албатта, халилим, амакингнинг ўғли менга қачон одамлар ихтилоф қилсалар ёғочдан қилич тутишмни таъйинлаган эдилар. Батаҳқиқ, мен ўшани тутдим. Агар истасанг сен билан ўшани кўтариб чиқаман», деди.

 

«Али уни тарк қилди». Ушбу учтани Термизий ривоят қилган.

 

Шарҳ: Шу сабабдан баъзи саҳобалар Аҳбон ибн Сойфий ал-Ғифорий розияллоҳу анҳуга ўхшаб ҳазрати Али билан Муовия розияллоҳу анҳунинг ораларидаги ихтилофда қатнашмаганлар. Тарих бизга ўрнак бўлиши керак.

 

Эй Ислом уммати! Расулингиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ҳаётингизга татбиқ этинг! Ушбу суннатларни тирилтиришга сиздан бошқа ким бор?! Сизларга ҳақиқий ҳаётни бахш этадиган ана шу суннатлардан ўзга нима бор?!

ал-Бухорий

Рейтинг@Mail.ru