JM News Portal - шаблон joomla Продвижение

КЎР-КЎРОНА ТАҚЛИД ФОЖИАДИР

КЎР-КЎРОНА ТАҚЛИД ФОЖИАДИР

Ёшларнинг кийган кийими, таққан тақинчоқлари, қай оҳангда сўзлашини кузатиб, уларнинг савияси, маданияти, одоб-ахлоқи ҳақида тасаввур ҳосил қилиш мумкин. Айниқса, кийиниш ёшларнинг ички маданиятини акс эттирувчи кўзгудир. Бизга қўшни подъездда яшайдиган бир қизни биламан. “Замонавий” қизлар тоифасидан. Шим ва кофтаси шу қадар юпқа ва нафиски, худди кийим киймагандек... Ҳамма жойи бўртиб билиниб туради.

Яхшиям, қиш бошланди. Кўча-кўйда очиқ-сочиқ кийиниб, киндиги, кўкрагини кўрсатиб юрадиган “замонавий” қизлар кўзга камроқ ташланяпти. Очиғини айтиш керак, баъзан шундай қизларга кўзинг тушганидан ўзинг уяласан...

Истироҳат боғи яхши жой-да, толиққан пайтларинг борадиган энг яхши манзил у бўлади. Айниқса, баҳор ва ёзда. Ҳаво исиб, кўнгил беҳузур бўла бошласа, соя-салқин ерларни тусайди киши. Роҳатланиб сайр қилиб кўнгил ёзишда истироҳат боғи зўр маскан. Уни ўзига доимий макон қилиб олган, ҳаммадан кўпроқ «истироҳат» айламоқни қасд қилган «ошиғи хушҳол»лар учун эса бу ерлар Гавайя оролларидан ҳам афзалроқ туюлса керак.

Очиқроқ гап бошлаб юбордик, келинг, бир марта шу йўсин гаплашайлик...

Ёз кунларининг бирида қишлоқдан келган меҳмонлар билан пойтахтдаги катта истироҳат боғларидан бирига бордик. Дам олиш куни эмасми, боғ гавжум. Сайр қилиб юрганлар ичида фарзандларини етаклаб юрган ота-оналар ҳам, ўсмирлар, ёшлар ҳам кўп. Машҳур шоир ҳайкали ёнидан ўтарканмиз, меҳмонларнинг беш яшар қизчаси онасидан сўраб қолди: 

—Ая, анавилар нима қилишяпти?

Ҳаммамиз қизча кўрсатган томонга қарадик... Нима ҳам дердик, чирмашиб турган икки ёшдан бирининг ҳижобда эканлиги барчамизни сескантириб юборди...

Глобаллашув жараёни миллий маданиятларга қайсидир даражада таъсир этмай қолмайди. Бу — табиий. Бинобарин, ҳозирги ёшларга ундоқ кийининглар, бундоқ кийинманглар, дейишдан йироқмиз. Аммо инсон табиатан чексиз хоҳиш-истак бўйича яшашга мойил мавжудот ва бу нарса унинг кундалик ҳаётида, кийим танлаши ва кийинишида ҳам акс этади. 

Ҳозирги шароитда глобаллашув жараёни мафкуравий таъсир ўтказиш қуролига айланиб, у асосан ёшларга, ҳаётий қарашлари, мустақил нуқтаи назари ҳали тўла шаклланмаган қатламга қаратилаётганидан кўз юма олмаймиз. Мафкуравий тазйиқни, унинг таъсири ва оқибатларини сезиш эса осон эмас.

Сир эмас, биз ўта шиддатли ва мураккаб замонда яшамоқдамиз. Бугун ҳаёт тез суръатлар билан ўзгариб бораётир. Бундай даврни инсоният ҳозирга қадар бошидан кечирган эмас. Ҳозирги пайтда ер юзининг қайси чеккасида қандай воқеа юз бермасин, одамзот, айниқса қизиқувчан ёшлар бу ҳақда дунёнинг бошқа чеккасида туриб, саноқли дақиқалар ичида хабар топмоқда.

Ғарб ҳаётига очиқчасига тақлид қилиш, ғарб мамлакатларида яшаётган ёшларнинг кийинишидан, юриш-туришидан очиқчасига нусха кўчиришга уриниш ҳар қандай йигит-қизни кулгили ҳолатга солиб қўяди.

Бир мисол. Маҳалламизда яшайдиган бир йигит олифта кийиниб, сочларини ҳам ҳар хил рангга бўяб, нечта бармоғи бўлса, ҳаммасига ҳар хил узук, билагига темир занжирлар тақиб юради. Балки шу алфозда юргани учун ҳам ўз тенгдошларига қўшила олмай, улардан ажралиб қолгандир. Ҳар ҳолда, ёшлар уни ўз давраларига қўшмайдилар.

Назаримда, булар — кўр-кўрона тақлиднинг хунук кўриниши, холос. Глобаллашув ижтимоий ҳодиса, унинг ижобий томонлари жуда кўп, аммо, афсуски, салбий оқибатлари ҳам йўқ эмас. Бугунги кунда нафақат давлат ва мамлакатлар, халқлар ва миллатлар, балки одиий бир киши ҳам бу жараёндан четда қолиши мумкин эмас. Бу таъсирнинг қули бўлиб қолиш эса фожиа эмасми?

Очиқ кўз билан қарасак, бугун ҳаётимизга четдан биз учун мутлақо ёт, маънавий ва ахлоқий тубанлик иллатларини ўз ичига олган «оммавий маданият» ёпирилиб кириб келишга уринаётганини кўрмаслик мумкин эмас.

«Оммавий маданият» деган ниқоб остида ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик, неча минг йиллик анъана ва қадриятларимиз, турмуш тарзимизнинг маънавий негизларига беписандлик, уларни қўпоришга қаратилган хатарли таҳдидлар ҳам кириб келмоқда.

... Ҳар куни эрталаб уйимиз ёнидаги мактабга ўтаётган болаларни кузатар эканман, улар орасида ҳижобли қизалоқларни кўраман ва ҳайрон қоламан. Ота-оналарининг хоҳиши билан ҳижобга кирган қизалоқлар ўз тенгдошлари орасида яккаланиб қолишмасмикан? Мактаб ҳижоб билан борадиган даргоҳ эмас-ку. Ҳижоб ёш қизларнинг дунёқарашини, ижтимоий фаоллигини чеклаб қўймайдими? Мактаб давлат муассасаси, Ўзбекистон халқимизнинг иродаси билан дунёвий тараққиёт йўлини танлаган давлат бўлса...

Қўшни маҳаллада яшайдиган балоғатга етган бир қизни биламан. Ҳижобга кирган. Мен уни қалб амри билан шундай қилган деб ўйлардим. Бир куни рўй берган тасодиф у қиз ҳақидаги тасаввурларимни буткул ўзгартириб юборди. Хиёбонда бир йигит билан ўпишиб ўтирганига кўзим тушиб қолди. Яна бир куни йўл четида ҳижоб ўраган икки қизнинг сигарет чекиб, тутунини бурқситиб пуфлаётганини кўрдим-у, булар кимлар ўзи, бу билан кимни алдашмоқчи, ўзлариними, уларни ҳижоб ўрашга мажбурлаган ота-оналариними, деб ўйланиб қолдим. Бундай қизлар ҳижоб эмас, ниқоб киймоқчи бўлганликларини ўзлари сезмасмикин? Ҳижоб — ниқоб дегани эмас-ку.

Ҳижобга кирган қизларнинг ҳаммаси ҳам бунақа эмас, демоқчидирсиз? Балки. Аммо шу қизлар ҳижоб бизнинг ҳаётимизга, ўзларининг ҳаётига қаердан ва қандай кириб келганини билишармикан?

Ҳижоб ўз маданияти ва салоҳияти билан дунё тараққиётига улкан ҳисса қўшган халқимизнинг миллий кийими эмас. У араб аёлларининг диний-миллий либоси саналади. Тўғри, ёшлик интилишлари чегара билмайди. Эзгу орзу ниятлар билан ёниб яшаётган йигит-қизларга улар кўзлаётган юксак уфқлар, буюк мақсадларга эришиш йўлини очиб бериш керак. Аммо бошқаларга кўр-кўрона тақлид ҳеч қачон ўзини оқламаган, балки кўпчиликни тўғри йўлдан чалғитган. Аслида, Ўрта Осиё ҳудудида диний маданият гуллаб-яшнаган асрларда ҳам ота-боболаримиз бундай кийинишмаган.

Ўзбек аёлларининг миллий либоси атлас, шойи каби нафис матолар эмасми? Атлас, адрас, беқасам, шойи каби газламалар ўзбек қизларининг чиройига чирой қўшади. Юртимизнинг табиий иқлим шароитига ҳам ҳар жиҳатдан мос.

Бу мулоҳазаларимиз орқали кимгадир кийиниш маданияти мана бундай бўлади, қабилида ақл ўргатиш фикридан йироқмиз. Улкан ўзгаришлар, юксак тараққиёт, бир сўз билан айтганда, глобаллашув жараёнида миллийлик, унинг муҳим бир кўриниши саналмиш кийиниш маданияти ҳақида сўз юритдик, холос. Агарки, ҳар бир ёш ўз мустақил фикрига, мустаҳкам иродага эга бўлмаса, маънавий таҳдидларнинг гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона таъсирига бардош бериши, ўзлигини сақлаб қолиши амри-маҳол.

Маълумки, ҳар қандай касалликнинг олдини олиш уни даволагандан кўра осон. Аввало, ёшларда маънавий касалликларга, чет таъсирларга қарши иммунитет бўлиши лозим. Бу иммунитет она-Ватанга муҳаббат, бой тарихимизга, ота-боболаримизнинг муқаддас динига садоқат демакдир. Шундагина жоҳил ақидапарастларнинг «даъвати» ҳам, ахлоқ-одоб тушунчаларини рад этадиган, биз учун мутлақо бегона ғоялар ҳам йигит-қизларимизга ўз таъсирини ўтказа олмайди.

Рейтинг@Mail.ru