JM News Portal - шаблон joomla Продвижение

Ҳизбут таҳрир – халифаликка буюрилганмизми?

Ҳизбут таҳрир – халифаликка буюрилганмизми?

Ҳизбут таҳрирнинг аъзолари ўз ишларини халифаликни тузишга асослаган. Ҳар гап орасида халифалик тузиш шарт, халифаликсиз яшаш гуноҳ, халифалик, халифалик дея такрорлаб ўзларига сингдиришган. Улар бу сўзни кўп такрорлаб, Ислом динининг асосий шартларидан бири ҳисобланган иймон келтириш шартидан ҳам устун қўядилар.

Яъни, иймон келтирган мусулмонлар халифалик тузиш бизга фарз эмас, деб уларга тушунтирмоқчи, исботламоқчи бўлса, уларни диндан чиққан ёки иймонида шак бор, деган гаплар билан эшитишни хоҳламаган ҳолатлар ҳам кузатилмоқда.

“Сўзинга исбот келтиргин. Нимага суянмоқдасан?” - деб сўрасангиз, жавоби қуйидагича:

Аллоҳ таоло мусулмонларни амри-маъруф ва наҳи-мункар қилишга, яъни яхшиликка даъват ва ёмонликдан қайтаришга буюрган. Ва шу ишни бажариш учун бир сиёсий жамоат тузиш, уни бошқарадиган амир, халифа тайинлаш лозим. Сўнгра халифа барчани Ислом шариатига мувофиқ равишда итоат қилдириши, барча жамият аҳли шу шариатга қоим бўлиши шарт. Бунинг исботи Қуръони каримда келган: 

ولتكن منكم امة يدعون الى الخير ويامرون بالمعروف وينهون عن المنكر واولئك هم المفلحون

“Сизлардан яхшиликка даъват этадиган, амри маъруф ва наҳи мункар қиладиган (бир) уммат бўлсин! Ана ўшалар нажотга эришгувчилардир”.

Ва шунга ўхшаш сўзларни келтириб, чаҳорёрлар ҳаётларидан мисоллар келтиради. Шунингдек, халифалик асрлар давомида яшаганлигини, Ислом дини бутун дунёда ҳақиқат байроғини ҳилпиратиб келганлиги ҳақида тарихдан мисоллар келтириб сўзини исбот қилмоқчи бўлади.

Албатта, Имлом дини дунёга ҳақиқатни олиб келганига ҳеч бир мусулмонда  шубҳа йўқ. Биз ундан ундан аниқ фактларни келтиргин, аниқ далилни келтиргин, халифалик тузиш фарз бўлиши учун аниқ баён шарт, деб айтсангиз, яна юқоридаги гапларни айлантириб шу нуқтага келади.

Ҳизбчи мақсадни тушунмади деб, яна мисоллар билан тушунтириб, намознинг фарзлигига мана бу оят бор, рўзанинг фарзлигига ана у оят бор, закот, рўза, ҳажларнинг фарзлигига манави оятлар далил бўлади. Чунки очиқ ва аниқ баён турибди. Лекин сен келтирган далилларнинг биронтаси фарз бўлишига ярамайди-ку, деб тушунтирсангиз, ҳалиги ҳизбчи қуйидаги оятни келтиради:

واذ قال ربك للملائكة اني جاعل في الارض خليفة

Роббингиз фаришталарга айтди: “Мен ер юзида халифа қилмоқчиман”....

Шу оятда ер юзида халифалик бўлишига очиқ ишора бор, деб сўзини якунлайди ва сиз билан бошқа гапирмайди. Сабаби, у сизни ўзи учун кофир деб билади.

Бу ҳизбчига ўхшаш одамлар ер юзида учраб туради. Аслида бу тоифа одамлар билан тортишишлик, илмий баҳс қилишлик, ҳужжатлашишлик жуда қийин, баъзида умуман иложи йўқ. Биз қуйида тушунтирмоқчи бўлган сўзлар халифалик ҳақида савол туғилиб, қийналётган, шунингдек, вазиятга холис баҳо беришни истайдиган, яъни қайсарлигини бир четга йиғиштирадиган холис ўқувчи учунгина холос.

Қуръони каримда ва Пайғамбаримизнинг с.а.в. муборак суннатларида халифаликсиз жамият харобдир, гуноҳга ботгандир, оқибати ёмондир, жамият кофирдир, халифасиз мамлакат мусулмонлари иймонларида ноқисдир деган ҳеч бир оят ёки ҳадис келмаган.

Қуръонда “Халифа” сўзи икки ўринда ишлатилган:

Биринчиси – Бақара сурасининг 30 оятида  

واذ قال ربك للملائكة اني جاعل في الارض خليفة

Роббингиз фаришталарга айтди: “Мен ер юзида халифа қилмоқчиман”....

Иккинчиси – Сод сурасининг 26 оятида

يا داود انا جعلناك خليفة في الارض

Эй Довуд, албатта биз сени ерда халифа қилдик...

Биринчи “Халифа” сўзи келган оятда Аллоҳ фаришталарга ер юзида ўринбосар яратишлигини айтганлиги тўғрисида келган. Бу умумий одам боласининг бошқа олам вакилларига нисбати келмоқда. Одам боласининг одам боласига ҳукмронлиги эмас. Оятни тўлиқ ўқиган ҳар бир киши мурод нима эканлигини аниқ тушунишлиги мумкин.

Иккинчи “Халифа” калимаси, хоссатан, Довуд а.с.га ишлатилди. Оятнинг мазмунида Аллоҳ таоло Довуд а.с.га одамлар устидан ҳукмронлик қилишда нимага эътибор беришлигини таъкидламоқда. Бунда ҳам халифалик фарз бўлишига ҳеч бир аниқ ишора йўқ.

Расулуллоҳ с.а.в.нинг ҳадисларида эса аксинча, бошқарув ва сиёсатни қўлга олишга ҳаракат қиладиганларни, бу учун қон тўкишдан тоймайдиганларни қоралаб айтган ҳадисларини топишимиз мумкин.

Мисол учун Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” китоби 7084-ҳадиси қуйидагича: Ҳузайфа ибн Ямон айтди: “Одамлар Расулуллоҳдан с.а.в. яхшилик ҳақида сўрардилар. Мен эса, бошимга тушиб қолишидан хавотирланиб, ёмонлик ҳақида сўрардим. Шунда (бир куни) мен: “Ё Расулуллоҳ с.а.в., биз илгари жоҳилият ва ёмонлик ичида яшар эдик. Аллоҳ таоло шу яхшиликни олиб келди. Айтингчи, шу яхшиликдан кейин ёмонлик келадими?” - деб сўрадим. Расулуллоҳ с.а.в. :“Ҳа” – дедилар. Мен эса: “Ўша ёмонлик ортидан яна яхшилик келадими?”- деб сўрадим. Пайғамбар с.а.в.: “Ҳа, фақат тутуни билан келади” – деб жавоб бердилар. “Тутуни нима?” – деб сўрасам, у киши: “Менинг суннатимдан бошқа суннатни ушлайдиган ва менинг йўлимдан бошқа йўлни тутадиган бир қавм. Уларда яхшиликни ҳам ёмонликни ҳам кўрасан” – дедилар. “Шу тутунли яхшиликдан сўнг яна ёмонлик келадими?” – деб сўрадим. У киши: “Ҳа, дўзах дарвозалари устида чақирадиган, даъват этадиганлар бўлади. Ким уларнинг чақириғига қулоқ тутиб эргашса, уни жаҳаннамга киргизадилар” дедилар. “Ё Расулуллоҳ! Уларни бизга сифатлаб беринг” - дедим. Пайғамбар с.а.в.:“Улар ўзимизнинг уруғимиздан бўлиб, бизнинг тилимизда сўзлайдилар”- деб сифатладилар. Мен эса: “Мен ўша давргача яшасам, менга нима қилишимни буюрасиз?”-деб сўрадим. “Мусулмонлар жамоаси ва имомини маҳкам ушлагин”-дедилар. Мен: “Агар уларнинг жамоаси ҳам, имоми ҳам бўлмасачи?”-деб сўрадим. “Ўша фирқаларнинг баридан узилгин. Агар бу учун дарахт илдизини қаттиқ тишлаб олишинга тўғри келса ҳам ўлим келгунича шундай тургин”-деб васият қилдилар (Ҳадис тугади).

Расулуллоҳнинг с.а.в. қуйидаги сўзларига эътибор берадиган бўлсак: “Ўша фирқаларнинг баридан узилгин. Агар бу учун дарахт илдизини қаттиқ тишлаб олишинга тўғри келса ҳам ўлим келгунича шундай тургин”- деган сўзларида иш аниқ ва равшан бўлади. Ҳеч бир халифаликка, дунё аҳлига эргашма, уйингда ўтир, фитнага аралашма, дегани бу.

Ёки Имом Аҳмаднинг ривоятида: «Албатта, фитналардан четда бўлган саодатмандир. Албатта, фитналардан четда бўлган саодатмандир. Албатта, фитналардан четда бўлган саодатмандир. Ким мубтало бўлсаю сабр қилса, ҳасратдадир», дейилган.

Ҳизбут таҳрир партияси ўзини диний-сиёсий партия деб эълон қилганлигининг ўзи яққол фитна-ку. Сабаби, чаҳорёрлардан кейин ташкил бўлган халифаликлар, яъни умавийлар, аббосийлар ва усмонли туркларнинг барчаси сиёсий-дунёвий подшоҳ, яъни халифа томонидан олиб борилган. Уларда “Халифа” сўзи урфга нисбатан ишлатилган. Яъни, Ислом урфида подшолар ва амирлар “Халифа” деб ном олган эди. Мисол учун, “Аббосийлар халифалиги” нинг маъноси “Аббосийлар подшоҳлиги” ёки “Аббосийлар империяси” деганидир. Уларнинг жамияти шариат қонунларига амал қилса-да, подшолари дунёвий тизим асосида бошқарар эди. Подшолик эса авлоддан авлодга мерос бўлиб ўтар эди. Бу ҳолат Али р.а.дан кейин Муовия ибн Абу Суфён давридан бошланди.

Ўша пайтдан бошлаб диний олимлар алоҳида ажралди. Улар сиёсий ишларга камдан-кам ҳолатларда яқинлашар эдилар. Сиёсат подшоҳ-халифалар қўлида эди. Дин арбоблари диндан сабоқ беришган, фиқҳий масалаларни кўриб чиқишган, соф исломий ақиданинг тарқалишига ҳаракат қилишган,  ижтиҳод билан машғул бўлган, жамиятни тинч ва фаровон ҳаётига ўзларининг ҳиссасини қўшишган.

Билъакс, тақводор олимлар подшоҳлар, яъни халифалар атрофида аралашиб юрган олимларни дунёга берилганлигида айблаб, танқидий мактублар ҳам ёзишган. Имом Абу Ҳанифа қози бўлишликни бўйнига олмаганлиги учун дарралар остида вафот топгани ва шунга ўхшаш сиёсий ишларга аралашиш ҳақир иш эканлигини таъкидлайдиган тарихий манбалар бунга мисолдир.

Нофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ибн Зубайр фитнаси пайтида икки киши Ибн Умар олдига келиб: “Одамлар нима ишлар қилишяпти, сиз бўлсангиз Пайғамбаримиз с.а.в.нинг яқин саҳобалари бўла туриб, индамай ўтирибсиз, уларга қарши курашишингизга нима монеълик (тўсқинлик) қилади?” дейишди. Ибн Умар: “Аллоҳ таолонинг ўз биродарларим қонини тўкишдан қайтаргани монеълик қилади”, дедилар. Боягилар: “Ахир, Аллоҳ таоло: “Фитна босилиб, бутун дин Аллоҳгагина бўлмагунича улар билан урушинглар” демаганмиди?!” дейишди. Ибн Умар: “Биз фитна қолмагунича ва Аллоҳ таоло дини қоим бўлгунича урушдик. Нима, энди сизлар яна фитна содир бўлиб, Аллоҳ таолонинг дини барбод бўлгунича уруш қилмоқчимисизлар?!” дедилар” (Имом Бухорий ривояти).

Биз яшаётган ҳозирги мамлакат диний мамлакат эмас. Лекин дин фарзларини ва суннатларини қоим бўлишига имкониятлар яратилган дунёвий мамлакатдир. Пайғамбар а.с. шунга ўхшаш ҳолатларни кўра олганлар. Ва шунга яраша кўрсатмаларни берганлар. Ҳишом ибн Урва р.а.нинг қуйидаги сўзлари бунга аниқ далил бўлади, иншааллоҳ. У киши айтади: Абу Солиҳ Абу Ҳурайранинг қуйидаги ҳадисини ривоят қилади. Расулуллоҳ с.а.в.: “Мендан кейин амирлар бўлади. Уларнинг солиҳлари ва фосиқлари бўлади. Ҳаққа мувофиқ келадиган барча нарсаларда уларга қулоқ солинг ва итоат қилинг. Башарти улар тўғри йўл тутсалар, сизларга ҳам, ўзларига ҳам фойда келтирадилар. Агар нотўғри иш тутсалар, сизларга зиёни йўқ, лекин ўзларига зиён қиладилар”.(Имом Мовардий “Аҳкомус султония”).

Имом Бухорий ривоят қилади. Расулуллоҳ с.а.в. айтадилар: “Гарчи сизларнинг тепангизда боши майиз сингари қора қул бошлиқ қилинган бўлса ҳам унга қулоқ солинг ва итоат қилинг”.

Имом Муслим ривоят қилади. Расулуллоҳ с.а.в. айтадилар: “Сен камбағал ёки бой бўлсанг ҳам, сенга ёқса ҳам ёқмаса ҳам, ёки улар фақат дунё ишлари билан бўлиб, сенинг ҳақингни адо қилмасалар ҳам бошлиқларга қулоқ солиб итоат қилиш сенга вожибдир”.

Пайғамбар с.а.в.нинг суннатлари ва йўллари шу бўлгач, қуйидаги ҳадисларга амал қилишимиз биз мусулмонларга қатъий талаб қилинган иш ҳисобланади.

 “Ким биз амр қилмаган бир ишни қилса, у қайтарилган ишдир”. Имом Муслим ривояти.

“Ким динимизда асли йўқ бўлган бир нарсани пайдо қилса, албатта у рад қилинади”. Имом Бухорий ривояти.

Имом Шофеъий айтади: “Қуръони Каримга, Саҳиҳ суннатга, саҳобалар ижмосига ёки улардан ворид бўлган саҳиҳ асарга зид равишда пайдо қилинган ҳар қандай янгилик бидъат ва залолатдир”.

Ҳозирги даврда “Халифалик” тузиш айни биъат амал.

Рейтинг@Mail.ru