JM News Portal - шаблон joomla Продвижение

Таассуб, Такфир ва Барлавийлик 1-қисм

Таассуб, Такфир ва Барлавийлик 1-қисм

Таассуб – бу сўз асли араб тилидан олинган бўлиб, маълум бир ғоя, фикр ёки мазҳабга кўр-кўрона эргашиш, қаттиқ берилиш, ғулув кетиш, ҳаддан ошиш ва шу билан бирга мухолиф томонга нисбатан адолатсизлик қилиш, унинг далилларини ҳисобга олмаслик,

очиқ-ойдин хато, деб қатъий туриб олишга айтилади. Динда—ақидавий ва фиқҳий масалаларда таассубга берилиб мутаасиблик қилиш, динга алоқаси йўқ нарсани диндан деб кўрсатишга зўр бериб уриниш исломга ёт қабиҳ иллатдир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай мазмунда хитоб қилади: “Эй аҳли китоблар! Динингизда ғулув кетманг (чегарадан чиқманг, ҳаддан ошманг) ва Аллоҳ таоло ҳақида фақатгина ҳақиқатни гапиринг”. (Нисо 171.) Мазкур ояти кариманинг тафсирида Алоуддин Бағдодий шундай дейди: “ғулув сўзи ҳаддан ошиш маъносида бўлиб, агар бу иш динда бўлса унинг ҳукми ҳаромдир”. (Тафсири хозин. 1/ж. 452/б).

Анкабут сурасида эса шундай таълим берилган: “Сизлар аҳли китоблар билан фақат гўзал услубда мужодала қилинглар..” (Анкабут сураси 46 оят). Жалолуддин Суютий “Аддуррул мансур фит тафсир бил маъсур”да Мужоҳид роҳимаҳуллоҳнинг ушбу изоҳини келтиради: “гўзал услуб билан мужодала қилинг”, дегани бу—ёмон сўз айтсалар ҳам сизлар яхши сўз билан жавоб қилинглар—деганидир. (Аддуррул мансур фит тафсир бил маъсур. 11/ж. 558/б.)

ТАКФИР

Такфир – бу сўз ҳам араб луғатига мансуб бўлиб, муқаддас байт – каъбани қиблам деб тан олган мусулмонни, муайян айбига кўра кофир деб эълон қилишга айтилади. Ислом шариатида ҳалолни ҳалол, ҳаромни ҳаром деб эътиқод қилган мўминларга куфр тамғасини ёпиштиришдан қаттиқ қайтарилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "кимки бир кишини куфр билан чақирса ёки "Аллоҳнинг душмани", деса, у эса шундай бўлмаса, куфр айтган одамнинг ўзига қайтади"—деб огоҳлантирганлар.

Бугунги кунда бутун дунё халқининг бошига ташвиш келтираётган дин ниқоби остидаги барча оқимлар шу икки маънавий ҳасталик—таассуб ва такфир балосига гирифтор бўлишган. Ўз ақидасига қаттиқ ёпишиб, фикрига мухолиф бўлганларни кофирга чиқариш оқибатида гуруҳдошларидан бошқа барча мусулмонларга қарши уруш эълон қилиш ва қурол кўтаришнинг негизида такфир ва таассуб балоси ётади.

Ислом тарихига назар ташлар эканмиз, аҳли сунна вал-жамоа ақидасида ҳамжиҳатлик билан эътиқод қилувчи тўрт мазҳаб—ҳанафий, моликий, шофеъий ва ҳанбалий мазҳабига мансуб барча мусулмонлар таассуб ва такфирдан ҳоли соғлом ақидада бўлиб келади.

 

Аҳли суннат раиси имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар:

“Биз ҳеч бир мусулмонни гуноҳи сабабли, гарчи у кабира бўлса ҳам, модомики ўша гуноҳни ҳалол ҳисобламас экан кофир демаймиз. Ва ундан иймон исмини ечиб ташламаймиз. Балки уни ҳақиқатан мўмин деб атаймиз. Киши кофир эмас балки фосиқ мўмин бўлиши мумкиндир!”.

Бу матн шарҳида Мулла Али Қори айтади: имом Абу Ҳанифа бу сўзларни қибла аҳлини, гарчи у аҳли бидъат бўлса ҳам кофирга ҳукм қилиш мумкин эмаслигига урғу бериш ниятида айтганлар. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал айтардилар: “Бир нарсани вожиб ёки ҳаром дейиш, бировга савоб ёки азоб бериш, бировни кофир ёки фосиқ деб ҳукм қилиш Аллоҳнинг ишидир! Бу бизнинг ишимиз эмас. Биз фақат Аллоҳ ва унинг Расули ҳаром деганни ҳаром деймиз, ҳалол деганини ҳалол деймиз.

Шундай экан, мўмин таассуб ва такфирдан йироқ бўлиши, ундан ҳазар қилиши, бу маънавий ҳасталикка чалиниб қолган носоғлом ақида эгаларидан қаттиқ қочиши лозим бўлади. Зотан, бу икки иллат Ислом ҳамжамиятида доимо тафриқа ва улкан фитналарга омил бўлиб, мусулмонларнинг бир-бирларига қурол кўтаришларига сабаб бўлиши тарихдан ҳам, бугунги кун воқелигидан ҳам маълум.

Минг афсуслар бўлсинки, охирги вақтларда бизнинг Ватанимизда ҳам такфир ва таассуб ҳасталигига чалинган айрим шахслар учраб турибди. Янада очиқроқ айтадиган бўлсак булар “БАРЛАВИЙ”лар оқими тарафдорлдаридир!

Шукрки, барлавийлар хозирча халқимизга нотаниш фирқа. Аслида нотаниш оқимлар ҳақида аҳолига маълумот беришнинг ўзи хатарли. Чунки ўша фирқага нисбатан кимлардадир қизиқиш пайдо бўлиб, уни ўрганиб шайтон васвасаси туфайли унга ўралашиб қолса, маълумот берганлар ўзлари билмаган ҳолда айни фирқа равнақига хизмат қилган бўлиб қолишади. Лекин шундай бўлса-да, бугун биз оммани барлавийлар ҳақида хабардор қилиб, унинг асл башарасини очиб беришга мажбурмиз. Акс ҳолда эртага кеч бўлиши мумкинга ўхшаб қолди. Чунки бизнинг диёрларда ҳам барлавийлик оқимига ихлосмандлар пайдо бўлиб, бу тоифа тарғиботчиларининг даъвати фаоллашиб қолгани сезилмоқда. Интернет кутубҳоналардан барлавийлик руҳида битилган адабиётларни олиб ўқиш ва тарқатиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бошқа бузуқ оқим жарчилари сингари барлавийлар ҳам ижтимоий тармоқларда анча фаоллашиб кетишди. Агар улар кўпайса, юртимизда эндигина изга тушган диний ҳамжиҳатликка футур етиб, халқимиз ичида фитна ва ихтилофлар яна қайта жонланиш эҳтимолдан ҳоли эмас. Шу ташвишлар туфайли бу тоифа ҳақида қисқача маълумот беришга жазм қилдик. Аллоҳ ҳеч биримизни адаштирмасин!

Рейтинг@Mail.ru