JM News Portal - шаблон joomla Продвижение

«Сиздан нафратланаман ота!»

 «Сиздан нафратланаман ота!»

Мен бахти қаро боланинг дардини эшитадиган одам борми бу дунёда? Бу норасида ким дерсиз? Исмим Абдуллох. Ёшим 22да. Шайхонтоҳурликман. На ҳаётимда мазмун бор, на еган овқатимда маза. Ўн гулидан бир гули очилмаган сингилларим ҳам сўлиб бўлди.

Ҳаммасига “Ҳизб-ут-Таҳрир”нинг жирканч этагидан тутиб, шайтон малайига айланган отам айбдор. Бугун у қилган қилмиши учун жазо муддатини  ўтамоқда. Тўғри, ўз падарини ёмонлаш гуноҳ саналади. Лекин ҳақиқий иймон йўлидан қайтиб, хотини, болаларининг келажагини куйдирган, ўзига қўшиб, оиласини бадном қилган кимса оталикка лойиқми? Йўқ, асло йўқ! 

Акс ҳолда, жамиятда муносиб ўрнимизни топиб, яшаётган бўлардик. Сингилларимнинг бўйи етиб қолган бўлса-да, уйимиз совчи кимлигини билмайди. Ким ҳам, “ҳизбчи”нинг қизини келин қиларди, ким ҳам халқ хоини, тинчлик кушандасининг бахтсиз норасидаларини ўғлига раво кўрарди. Эҳ, беғубор, мусичаваш сингилларим-а. 

Мана шундай иснодларга чидай олмай, онам юрак хуружи касаллиги билан оламдан ўтди. Отам уни ҳам тириклайин гўрга тиқди. Қандайдир ёлғон ваъдалар, тазйиқлар билан онам ва сингилларимни хижобга киргизди. Бечораларни аёллик бахтидан, саодатидан мосуво қилди. Қани ким айтади ўз жуфти ҳалоли, жигарбандларини хор қилган, ҳаёт фаровонлигидан бебаҳра қилган инсонни ота деб, эр деб? Ҳеч ким! 

Энг даҳшати, бечора содда онам, бизни едирмай, ичирмай, қамоқхонага югургани-югурган эди. Соддалик қурсин. Отамнинг сохта ғояларига ишониб қолганди. Умрининг охирида ҳаммасидан пушаймон бўлди. Водариғ, рўшнолик нималигини билмаган волидам-а? Бу ҳаётда кўргани нима бўлди? Халқнинг дашноми, қариндош-уруғларнинг қарғиши, фарзандларининг норозилиги, бебахтилигидан бошқа нарса кўрмади, шўрлик. Ҳаммасига яна ўша отам айбдор. Нима эмиш, «Халифалк» қурамиз, ҳали ҳаммаси олдинда эмиш. 

Бундоқ атрофингизга ўз вақтида кўзингизни каттароқ очиб қараганингизда, ота, кўп нарсани англаган бўлардингиз. Худога шукурки, юртимиз тинч, одамларимизнинг турмуши тобора яхшиланиб бормоқда. Биз ёшларни ўқиймиз десак, ишлаймиз десак, ҳаммаси муҳайё. Шундай пайтлари, келиб-келиб сиздек нотавон инсон оиласида дунёга келганимдан афсусланиб кетаман. 

Тенгдошларимнинг ота-онаси болам деб яшаётганини кўриб жуда ҳавасим келади. Бири институтда, бири университетда ўқийди. Бошқаси энг замонавий корхонада ишлайди. Яна бирининг ўз бизнеси бор. Яна бири ҳарбий хизматга кетиб, Ватан олдидаги бурчини бажармоқда. Улардан нимам кам эди, ота. Айтинг, нимамиз кам эди? Кўчага чиқса, ҳамма ана “ҳизбчи”нинг ўғли келаяпти, деб бизни оламушукка чиқаришади. Яхшиям, маҳалламизда инсофли одамлар кўп. Йўқса, сизнинг касрингизга уйимиздан ҳам бадарға бўлардик. Кўчаларда хор-зор бўлиб, тиланчилик қилармидик, билмадим. 

Сиздан кўрмаган яхшиликни, сиздан олмаган меҳр-оқибатни бегоналар берди. Ота учун бундан оғир гуноҳ йўқ бўлса керак. Мен энди ёш бола эмасман. Эркак бўлишни хоҳлайман. Ҳаттоки, шу йўлимга ҳам тўғаноқ бўлдингиз ота. Қилмишларингиз туфайли ўғлингиз эркак бўла олмаяпти. Онам ўлимидан олдин бир-икки жойга совчиликка борганида, юзи шувит бўлиб қайтди. Одамлар “ҳизбчи”нинг ўғлига берадиган қизимиз йўқ деб айтибди. Сингилларим етмаганидек, мени ҳам бепушт қилдингиз, ота. Тўғри, менга қизини бермайдиганларни ҳам тушунаман. Уларнинг ҳаққи бор. Лекин нимага сиз бизни ўз вақтида тушунмадингиз, “ҳизбчи” ота. Сиздек отадан ор қиламан. Ор!!!  

Оёқ-қўлимизни бойладингиз, юрагимизни доғладингиз. Бизга қўшиб, орзуларимизни ҳам туғилмасиданоқ ёқиб юбордингиз. Ўзимизни армон арқонига осиб кетдингиз. Ўзингиз бўлса, қора панжара ортида мунғайиб ўтирибсиз. Энди афсуслансангиз ҳам кеч. Биз сизни ҳеч қачон қабул қилмаймиз. Эй, ота-оналар, фарзандларингизни ўйласангиз, ўзингизни ўйласангиз, келажагингизни ўйласангиз, мени отам каби бўлманглар. Ундан ибрат олманглар. Эй, фарзандлар, сизларга ҳеч қачон бундайин разил, нодону нокас отани раво кўрмайман. Асло. Ундан кўра етим бўлиб ўсган яхшироқ. Ундан кўра туғилмасдан ўлган яхшироқ. Ундан кўра жинни бўлиб, саросар бўлган яхшироқ. Сиздан нафратланаман ота! Сиздан нафратланамиз ота! Сиздан раҳматли онам ҳам нафратланади! Сиздан ва сиз каби инсонлардан ҳамма нафратланади!

Ушбу мақола “Даракчи” газетасининг 25.02.2016 йилдаги 

8 (879)-сонида чоп қилинган

Рейтинг@Mail.ru