JM News Portal - шаблон joomla Продвижение

Ҳокимларни муҳосаба қилиш (мункардан қайтариш)

Ҳокимларни муҳосаба қилиш (мункардан қайтариш)

 “Ҳизбут-таҳрир” ахборот бўлими нашр қилган Мухторот (танланган нашрлар)нинг 2010 йилги 25-сонида қуйидаги сўзларни ўқиш мумкин. Иқтибос: Мусулмонлар орасида ана шу ҳокимларнинг мункарини қайтариб,

муҳосаба қиладиган ва уларни ағдаришга ҳаракат қиладиган ёки Умматни унга қарши кўтарадиган бирор кишини кўрмадик...

Саҳобалар ва тобеъинлар асридан сўнг амирларга насиҳат қиладиган, уларни муҳосаба қиладиган кишилар ҳақида эшитмай қолдик. Фақат Аллоҳ таоло Ислом умматига муҳайё қилиб берган ихлосли уламолардан жуда озчилигини эшитдик, холос. Ана шу уламолар Исломий давлат замонида Ислом билан ҳукм юритиш ҳамда мусулмонларнинг ишларини бошқариш борасида давлатда юз бераётган қусурларни мусулмонларга фош этиб берардилар.

Халифалик давлати ағдарилгач эса, Аллоҳ Ислом умматига “Ҳизбут-таҳрир”ни муҳайё қилиб берди. “Ҳизбут-таҳрир” Исломий Уммат манфаатларини табанний қилиш, сиёсий фаолият орқали исломий ҳаётни қайта бошлаш ишини елкасига олди /иқтибос тугади/.

Аслида, биз ҳам, “Ҳизбут-таҳрир” ҳам, амри маъруф ва наҳй мункар деяётганимиз – нимани англатади?

Бу борада Қуръони карим ва ҳадисларда нималар келган? 

Амри маъруф ва наҳй мункарни амир ва ҳокимларга нисбатан амалга ошириш, яъни уларни муҳосаба қилиш борасида Аҳли сунна вал жамоа уламолари нималар деганлар?

Қисқа қилиб тушунтирадиган бўлсак, амри маъруф – шариат яхши деган нарсаларни одамларга буюриш ва тарғиб этиш, наҳй мункар эса – шариат ёмон деган нарсалардан одамларни қайтариш ва огоҳлантириш демакдир. 

Аввалги бобларда Оли Имрон сурасида келган, мусулмонлар ичида маъруфга буюрувчи, мункар­дан қайтарувчи бир уммат бўлиши лозимлиги тўғрисидаги 104-оят ва унинг тафсирини келтириб ўтганимиздан ташқари, қуйида шу мавзуда ворид бўлган баъзи ривоятларни келтирамиз. Биринчи бўлиб, шу мавзуда Имом Муслим ривоят қилган машҳур ҳадисни эслатамиз: 

Абу Саъид Худрийдан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Орангиздан кимда-ким бирор мункар ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин, башарти қўли билан ўзгартиришга қодир бўлмаса – тили билан ўзгартирсин, шунга ҳам қодир бўлмаса– қалби билан ўзгартирсин. Мана шу, яъни мункарни қалб билан ўзгартириш, шу мункарнинг бўлмаслигини чин дилдан хоҳлаш – Имоннинг энг заиф кўринишидир”.

Ушбу ҳадиснинг ривоятига Ториқ ибн Шиҳоб ривоят қилган қуйидаги воқеа сабаб бўлган: 

Ҳайит куни хутбани ҳайит намозидан аввал ўқиган энг биринчи киши Марвон  бўлди. Шунда бир киши туриб: 

– Намоз хутбадан олдин-ку!– деди.

– Сиз айтаётган нарса тарк қилинган,– деди унга Марвон.

Шунда Абу Саъид Худрий:

– Аммо ўша киши зиммасидаги масъулиятни адо этди, мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан мана бу ҳадисни эшитганман,– деб юқоридаги ҳадисни тўлалигича зикр қилди (Муслим ривояти).

Имом Бухорий ривоятида эса бундай келади:

Абу Саъид Худрий ривоят қилади:

... Бир куни мен Марвон билан бирга Қурбон ҳайитигами, Рамазон ҳайитигами ҳайит намози ўқиш учун чиқдик. Борсак, Касир ибн Салт ясаган минбар турган экан. Шу пайт Марвон намоз ўқимас­дан аввал унга (яъни минбарга) чиқмоқчи бўлди. Мен унинг этагидан тортдим. Аммо у этагини қўлимдан тортиб олди-да, минбарга кўтарилиб, намоздан аввал хутбани бошлаб юборди. Мен унга:

– Аллоҳга қасамки, (суннатни) ўзгартирдинг, – дедим.

– Эй Абу Саъид! Сен билган нарсалар ўтмишда қолди!– деди Марвон. Шунда мен:

– Аллоҳга қасамки, менинг билганларим билма­ганларимдан хайрлироқдир! – дедим.

Кейин (ўзини оқламоқ мақсадида) Марвон деди:

– Намоздан кейин хутба ўқийдиган бўлсам, одамлар эшитмай кетиб қолишарди, шунинг учун ҳайит хутбасини намоздан олдин ўқидим (Бухорий, 956).

Ушбу ривоятлардан маълум бўладики, Муслим ривоятида ўрнидан туриб, Марвонга инкор қилган киши Абу Саъид Худрийнинг ўзи бўлган. Лекин мақтаниш ва манмансирашдан йироқ бўлиш мақсадида Абу Саъид “мен турдим” демасдан, “бир киши турди” деб айтган. 

Шуниси ҳам эътиборга сазоворки, Абу Саъид Худрий Аллоҳ ҳақи борасида маломатчининг маломатидан қўрқмасликка ваъда бериб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га байъат қилган бешта саҳобийдан бири эди.

Амри маъруф ва наҳй мункар тўғрисида Имом Нававий “Саҳиҳи Муслим” шарҳида шундай деган:

“Амри маъруф ва наҳй мункар боби жуда кўп иш­ларга калит ҳисобланмиш улкан бобдир. Жамиятда бузғунчилик кўпайса, яхши-ёмон бирдек жазоланади. Агар ҳеч ким золимнинг қўлидан тутиб, уни зулмдан тўхтатмаса, Аллоҳнинг балоси ҳаммага ёғилади”.

Шубҳасиз, улуғ аллома бу сўзларини шу мавзуда ворид бўлган кўпдан-кўп ҳадислардан илҳомланиб айтган. Масалан, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар:

“Аллоҳ белгилаб берган ҳудуд-чегаралар олдида, уларга риоя қилиб таққа тўхтайдиган киши билан бу ҳудудларни бемалол бузаверадиган кишининг мисоли худди бир кемага тушиб қолиб, қуръа ташлаган қавмнинг мисолига ўхшайди. 

Қуръа натижасида баъзилари кеманинг уст­ки қисмидан, баъзилари эса қуйи қисмидан жой олдилар. Кеманинг қуйи қисмидагилар ҳар қачон сув керак бўлганида юқоридагилар олдидан ўтар эдилар. Шунда улар (яъни қуйи қисмидагилар): “Қандай бўларкин, агар ўз қисмимизда бир тешик тешиб олсак. Шунда юқоридагиларга ҳадеб озор беравермасдик”, дейишди. 

Бас, агар юқоридагилар пастдагиларни истаган ишларини қилаверсинлар деб ташлаб қўйсалар, барчалари ҳалок бўладилар.

Агар уларнинг қўлларидан тутсалар – улар ҳам, барчалари ҳам нажот топадилар” (Бухорий ривояти).

Бинобарин, жамиятда содир этилган ҳар бир маъсият ушбу жамият хавфсизлигига хавф солувчи бир тирқишдир.

Абу Бакр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят:

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: 

“Бир қавм орасида маъсиятлар қилинса-ю, улар буни ўзгартиришга қодир бўла туриб ўзгартирмасалар, Аллоҳ таоло улар устига умумий жазо-азоб жўнатишига сал қолади” (Абу Довуд).

Жарир ибн Абдуллоҳдан қилинган ривоятда:

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар:

“Қавм орасида бир киши маъсият қилса-ю, қавм уни ўзгартиришга қодир бўла туриб ўзгар­тирмаса, Аллоҳ таоло улар устига ўлмасларидан олдин азоб юборади”.

Шунга ўхшаш яна бир ривоятда:

“... қодир бўла туриб инкор этмасалар, Аллоҳ таоло оммани ҳам, хоссани ҳам азаблайди”, дейилган. 

Яна бир ривоятда:

“Агар мункар иш ошкор қилинса, ҳаммалари азобга ҳақли бўлади”, дейилган.

Эътибор қилган бўлсангиз, шу мавзуда келган барча ҳадисларда: “ўзгартиришга қодир бўла туриб ўзгартирмасалар” ёки “қодир бўла туриб инкор этмасалар” деган иборалар ишлатилган. Бу ҳам бежиз эмаслигига уламолар ишора қилиб ўтганлар. Улар шу сўзларни ҳужжат қилиб, мун­карни ўзгартиришга киришмоқ фақат шунга ҳар тарафлама қодир бўлиш билангина фарз бўлади, деб айтганлар. Зеро, Аллоҳ таоло марҳамат қилганидек:

“Аллоҳ ҳеч бир жонни Ўзи унга ато этган (ризқ)­дан бошқа нарсага таклиф қилмас” (Талоқ, 7).

Мусулмон имомлар учун насиҳат – олимлар учун насиҳатни ҳам ўз ичига олади. Биз уламо ва даъватчиларга насиҳат қилишни истасак, улар зиммасига юклатилган мазкур масъулиятларни ўзларига эслатиб турмоғимиз ва мусулмонлар ишончини қозонган аҳли илмлар ривоят қилаётган ҳадисларга ишонмоғимиз ва шу билан бир қаторда уларнинг камчиликларини излашдан ва уларни ёмонлаб юришдан тилни тиймоғимиз лозим. 

Насиҳат фақат тил учида қолиб кетмаслиги керак. Балки мусулмонларга насиҳат уларнинг айбларини яшириш, хатоларини ўнглаш, улардан зарарларни даф қилиб, аксинча, уларга фойда-манфаатларни жалб қилиш, уларни маъруфга буюриб, мункардан қайтариш, катталарига иззат-икром билан, кичик­ларига раҳм-шафқат ила муомала қилиш, уларга хиёнат ёки ҳасад қилишдан йироқ бўлиш, ўзлари ҳузурида ҳам, ғойибликларида ҳам, доимо уларнинг ёнини олиш ва обрў-шаънини ҳимоя этиш каби ишлар тарзида барчамизнинг ҳаётимизда ўзининг амалий ифодасини топмоғи лозим. 

Аслида исломдаги улуғ сиймолар ана шу сифат­лари, яъни умматга насиҳат қилиш сифатлари билан юксакликка кўтарилганлари ҳам аниқ.

Абу Бакр Музаний айтади:

“Абу Бакр Cиддиқ (розияллоҳу анҳу) бошқа саҳо­балардан намози ёки рўзаси билан эмас, балки қал­бидаги нарсаси ила устун бўлганди. Унинг қалбида Аллоҳга муҳаббат ва бандаларига насиҳат бор эди”.

Фузайл ибн Иёз айтади:

“Бизнинг наздимизда юксак мартаба эгалари ўз даражаларига кўп намоз ўқишлари ёхуд узоқ рўза тутишлари билан эришмаганлар. Бизнингча, улар фақат қалблар саховати, кўнгиллар мусаффолиги ва умматга яхшиликни соғиниш билан шундайин мақомга етганлар”.

Рейтинг@Mail.ru