JM News Portal - шаблон joomla Продвижение

Ёмонликдан қайтаришда Аҳли сунна олимлари йўли - 4 қисм

Ёмонликдан қайтаришда Аҳли сунна олимлари йўли - 4 қисм

“Ҳизбут-таҳрир”нинг дабдабали сўзларига алданмаслик учун бир нарсани таъкидлаб ўтиш лозим:
“Ҳизбут-таҳрир” нашрларида ислом уламола­рини халифалик даврида “ноҳақ амирларнинг кирдикорларини фош этганлар” ёки “айбларини очиб ташлаганлар” каби лафзлар билан мақтайди.

Аммо инсоф билан айтадиган бўлсак, биринчидан, бу аслан мақтовга сазовор иш эмас, иккинчидан, айни шу сабабдан, уламолар ўзларини бу ишдан тийганлар.


Нима учун биз бу ишни мақтовга сазовор эмас, дедик?
Таҳовий ақидаси китобидан иқтибос:
Имомларимиз ва ишбошиларимизга қарши, агар улар жавр-адолатсизлик қилган тақдирда ҳам, хуруж қилмаймиз.
Уларни дуойи бад қилмаймиз. Уларга ито­атдан бўйин товламаймиз.
Аксинча, модомики бизни маъсиятга буюрмас эканлар, уларга итоатни Аллоҳ азза ва жаллага итоат жумласидан бўлган бир фарз деб биламиз.
Уларга салоҳият ва офият сўраб дуо қиламиз.
Саҳиҳ ҳадисда Абу Воил ривоят қилади:
“Усома ибн Зайд (розияллоҳу анҳу)га:
– Усмон (розияллоҳу анҳу)га: “Қариндошларингизни катта мансабларга қўяётганингиздан одамлар норози бўлишаяпти”, деб айтмадингизми? – дейишди . Шунда Усома:
– Мен унинг ўзига ётиғи билан айтганман. Зеро, мен Расулуллоҳдан: “Бир одамни олиб келиб дўзахга ташлашади. Эшак сомон янчганида арқонга боғланиб қайта айланаверганидек, у ҳам ўз ичак-чавоқлари атрофида азобланиб айланаверади. Унинг атрофига дўзах аҳли тўпланиб: “Ия, фалончи, сен бизни маъруфга буюриб, мункардан қайтармасми эдинг?” деб ҳайрон бўлиб сўрашади. У: “Ҳа, сизларни буюрар эдиму, ўзим қилмас эдим. Сизларни қайтарар эдиму, ўзим тийилмасдим”, деб айтади”, – деган ҳадисни эшитганимдан буён, сўзига амал қилмайдиган одамларга, амир бўлиб қолса: “Сен яхшисан” деб тилёғламалик қилганим йўқ. Аммо мен фитна эшигини очган биринчи киши бўлиб қолишни истамайман” (Бухорий ривояти 7098).
Расулуллоҳ Зайд ибн Ҳорисани яхши кўрганлар. Унинг ўғли Усома ибн Зайдни ҳам яхши кўрганлар ва унга: “Мен сени яхши кўраман”, деб айтганлар. Ана шу зот “ҳай баракалла” қилиб амирлар айбини (мабодо айб чиндан мавжуд бўлган тақдирда ҳам) одамлар орасида ёйиб юриш, унинг кирдикорини очиб ташлашни, сирини фош этишни – мусул­монларни катта мусибатларга олиб кирувчи “фитна дарвозаси” деб қабул қилардилар . Бошқа саҳобалар ҳам шундай бўлишган.
Яна бир саҳиҳ ҳадисда ворид бўлишича:
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар:
– Имомларингиз ичида энг яхшилари – сиз уларни, улар сизни яхши кўрадиганлари ҳамда сиз уларнинг ҳақига, улар сизнинг ҳақингизга дуо қиладиганларидир. Имомларингиз ичида энг ёмонлари эса сиз уларни, улар сизни ёмон кўрадиганлари ҳамда сиз уларни, улар сизни лаънатлайдиганларидир.
Шунда биз сўрадик:
– Ё Расулуллоҳ! Шундай бўлганида уларга қарши жангга чиқмайликми?
– Йўқ, модомики улар орангизда намозни қоим қилиб берарканлар, ундай қилманг. Огоҳ бўлинг, кимнинг устига бир одам волий бўлса-ю, унинг Аллоҳга маъсият бўлган бир ишни қила­ётганини кўрса, Аллоҳга маъсият бўлган ишини ёмон кўрсин, аммо унга итоатдан бўйин товламасин!– деб жавоб бердилар Расулуллоҳ” (Муслим ривояти).
“Ҳизбут-таҳрир” китобларида кўпинча, мункар­ни ўзгартириш ҳақидаги асарларни келтирил­ганида, “мавжуд тузумни ўзгартириш”, “исломий бўлмаган тузумларни ағдариш” каби нарсаларга ишора қилинади. Бу эса ортидан кўп фалокат ва ёмонликларни эргаштириб келувчи бир фитнадан бошқа нарса эмас.
Аслида мункарни ўзгартириш деганда қурол кўтариб чиқиш ёки умматни нотинчликка ундовчи бошқа хатти-ҳаракатлар тушунилмайди. Чунки қўлларнинг қиличга югуриши ёки бошқа услублар билан одамлар орасида норозиликни кучайтириш – оқибати номаълум бўлган турли фитналар келтириб чиқариши ҳамда кўп ноҳақ қонлар тўкилишига сабаб бўлиши мумкин.
Шунинг учун мусулмонлар фақат чиройли панд-насиҳат билан бир-бирларини ўнглашга интиладилар. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
“(Эй, Муҳаммад!) Раббингизнинг йўли (дини)га ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват этинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг! Албатта, Парвардигорингизнинг ўзи Унинг йўлидан чалғиган кимсаларни яхши билувчи ва ҳидоят топганларни ҳам У билувчироқдир” (Наҳл, 125).
Шу боис амри маъруф ва наҳй мункар қи­лувчи киши билимли бўлишидан ташқари яна мулойимлик, ҳалимлик, адолатпарварлик каби сифатларга эга бўлмоғи шарт.
Суфён Саврий айтади:
“Қуйидаги уч сифатга эга бўлмаган кимса насиҳат қилмасин:
буюраётган ҳамда қайтараётган нарсасида мулойимлик;
буюраётган ҳамда қайтараётган нарсасида адолат;
буюраётган ҳамда қайтараётган нарсасини яхши билмоқ”.
Имом Аҳмад айтади:
“Одамлар муросаю мадорага, мулойимликка муҳтождир. Амри маъруф ҳеч қачон қўрслик билан қилин­майди. Фақат фисқу фасодни ошкора қилувчига нисбатан қаттиқроқ муносабатда бўлиш мумкин”.
Шу оят тафсирида шайх Абдураҳмон Саъдий қуйидагиларни айтган:
“Улар сени қандай ранжитаётганларини биз, албатта, билиб турибмиз. Биз сенга ғамхўрлик қилиб, йўлингни осон қиламиз ва албатта душ­манлар устидан сени ғолиб этамиз. Шундай экан, Парвардигорингга таваккул қил, Унинг ваъдасидан хурсанд бўл, ушбу ваъданинг ҳақ эканига заррача шубҳаланма. Шуни ёдда тутки, Биз сенга ўзингдан ҳам кўра меҳрибонроқ ва шафқатлироқмиз. Сендан фақатгина Аллоҳ ўзи ваъда қилган кун келмоғини кутишинг ва улул азм расуллар каби зотлар мато­натидан ибрат олишинг талаб этилади. Сендан одамларни имонга мажбурлаш талаб этилмайди, зеро сен улар устидан ҳукмрон эмассан”. Яна Аллоҳ таоло шундай дейди:
“Сиз эса фақат огоҳлантирувчидирсиз. Ҳар бир қавм учун ҳидоят қилувчи (пайғамбар) бордир” (Раъд, 7).
Одамларни уларнинг онги қабул қила оладиган, юраги учун тушунарли сўзлар билан даъват эт. Уларга эзгуликни қандай қилиш, зулм-ёмонликдан қандай сақланишларини таълим бер. Аллоҳдан қўрқадиган солиҳ инсонлар сенинг даъватингга албатта ижобат қиладилар.
Аммо Аллоҳга ишонмайдиган ва Унинг жазо­сидан қўрқмайдиган одамларга келсак, сенинг қилган даъватинг бундай нобакорларни Аллоҳ ҳузурида ўзларининг билимсиз бўлганлари ва бехабар қолганларини баҳона келтиришларидан маҳрум этажакдир

Саъдий тафсиридан иқтибос тугади.

Рейтинг@Mail.ru