JM News Portal - шаблон joomla Продвижение

Фарзандларига бахт ўрнига ғам улашган “Хизб ут-Тахрир”чилар

Фарзандларига бахт ўрнига ғам улашган “Хизб ут-Тахрир”чилар

Одам учун юрт тинчлиги, кўнгил хотиржамлигидан кўра олий саодат йўқ. Лекин шундай тоифадаги “инсонлар” борки, улар осойишталик, оила бахти, фарзандлари камолини кўришдек буюк неъматлардан кўра ўзининг сохта эътиқоди, ҳакалак отган нафси, жиғилдонини устун қўяди.

Босаётган қадамининг охири вой эканлигини била туриб, барибир чоҳга қулайди, қора курсига ўтиради. Эс-ҳуши жойида бўлганда шундай қилармиди?

Сурхондарёнинг Денов шаҳрида истиқомат қилишган эр-хотин Элмуродов Фахриддин ва Элмуродова Фотималар ана шундай манқурт кимсалар сирасига киради. Бу кимсалар ислом ниқоби остида мамлакатимиз осмони мусаффолиги, турмуши ободлигига рахна солиб, нопок мақсадларига эришишга бефойда чиранаётган “Ҳизб-ут-Таҳрир” диний-экстремистик оқимига аъзо бўлишни ўзига эп кўришди. 

Гап шундаки, Сурхондарё вилояти Денов шаҳрида истиқомат қилган Ф.Элмурадова “ҳизб”чиларнинг бузғунчи ғояларини тарқатишга киришди. Шу сабабли 2003 йилда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан аввалига огоҳлантирилди. Аммо у шундан кейин ҳам ақлини ишга солмади. У оила бекаси, фарзандлар онаси бўлишдек улуғ бахтдан кўра мутаассиблик, нодонлик, нонкўрликдек ифлос юмушни танлади. Нопок оқим аъзолари сонини кўпайтиришга астойдил бел боғлади. У ўзидан “ҳизбчи-отинойи” ясаб олиб, атрофидагиларни ана шу қинғир сўқмоққа даъват этди. Ҳали ўн гулидан бир гули очилмаган, не-не орзулари бор ёш қизларга оқим ғоялари бўйича сабоқ бера бошлади. Кўза кунда эмас, кунида синади деганларидек, Ф.Элмуродова ўзи англаган ҳолда олиб борган ушбу ноқонуний ҳаракатлари учун 

2014 йилнинг апрел ойида 6 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Панжара ортига киргандан сўнг, ортида қолган фарзандларининг қора кўзлари тез-тез тушига кириб, руҳан эзилаётган аёл учун бундан ортиқ жазо бўлмаса керак. 

Қовун қовунга қараб ранг олади деганлари рост экан. Унинг турмуш ўртоғи, Ф.Элмуродов ҳам хотинидан асло қолишмади. Аслида у республикамизда тақиқланган диний экстремистик оқимларда олиб борган фаолияти учун  2002—2006 йиллар давомида жазо муддатини ўтаб чиққан эди. Тўғрироғи, оилавий шароити инобатга олиниб, унга нисбатан “Амнистия” акти қўлланилиб, кечирилган эди. Бироқ, у озодлик нафасига етгач, тегишли хулоса чиқармади. Ўзига-ўзи ўрганган кўнгил ўртанса қўймас дея чиркин “касби”нинг этагидан қайта тутди. Боши деворга бориб урилгандан сўнг ҳам, ақли кирмади. Жумладан, Ф.Элмуродов Россияга ишлаш баҳонасида бориб, у ердаги маслакдошлари билан яна диний-экстремистик фаолиятга қўл урди. Яшаш манзилига қайтиб келиб, ўзининг ноқонуний ҳаракатларини канда қилмади. Нафақат ўзлари, балки оиласи ўтирган шохга болта урди. Оқибатда 2013 йилнинг сентябр ойида ҳибсга олиниб, 8 йилга озодликдан маҳрум этилди. 

Айни пайтда эр-хотин иккаласи ҳам жазо муддатини ўтамоқда. Афсуски, уларнинг 5 нафар вояга етмаган фарзанди кўчада хор бўлиб юрибди. Бу бечора норасидаларда нима айб? Болаларни дунёга келтириб қўйдингми, ота-она сифатида уларнинг тақдирига маъсулсан. Элмуродовларга бундай шараф, маъсуллик хайф аслида. Уларнинг исми аслида “Фисқу Фужур” Элмуродовлар бўлиши керак эди. Нафақат ўзларининг, балки ёш гўдаклар келажагига тамға босиб кетган бу икки шахс  бошқача номга лойиқ эмас. Бу “экстремист-жуфтлик” барча яқинлари юзини ерга қаратди, қариндош-уруғлари улардан юз ўгирди. Қўни-қўшнилари эса эр-хотин Элмурадовларнинг “қилган ноқонуний ишлари учун касофати болаларига урди” деб айтишмоқда. Энди ушбу оила қизларини ким келин қилар экан, ким уларнинг ўғлига қиз берар экан. 

Афсус, сиз каби ота-оналар ўз фарзандларининг бахтига, келажагига нуқта қўйишмоқда. Наҳотки Ислом дини аҳкомларини ўз шахсий ва жирканч мақсадларингиз йўлида фойдаланиб, бойлик орттирсангиз. Ахир Аллоҳ ўз каломида бу каби жирканч ишлар учун оғир жазо ваъда қилганку. Ахир сиз “хизбчилар” соф Ислом динини ўз аъзоларингизга ваъда қиляпсиз, наҳотки сиз инсониятни, айниқса мусулмонларни бир-бировига душман қилишдан чарчамадингиз.      

Эҳ инсон! “Ҳизб-ут-Таҳрир”га қўшилиб топганларинг нима бўлди? Фаровон ҳаётдан мутлақо бегона, панжара ортию, халқ қарғиши, дўсту биродарларнинг воз кечишию жигарбандларингнинг аламли ёшлари, мавҳум келажаги шулар эдими сенга “хизб” ваъда қилган ҳаёт. 

Оилага хиёнат бу кечирилмас гуноҳдир. “Хизб” эса мана шу гуноҳнинг асоси эканлигини тушуниб етиш ҳийин эмас албатта. 

Излаган имкон топар деганларидек, азиз ватандошим, ҳурматли ўқувчи дин бу – маънавият, қадрият, эзгулик демакдир, “хизб” бу- жоҳиллик, разолат, нопокликдир. Шуни ажратиб олинг! 

Ўзингизни ислоҳ қилинг, тўғри йўлни танланг!

Рейтинг@Mail.ru