JM News Portal - шаблон joomla Продвижение

ҚАЛБ КЎЗИ КЕЧ ОЧИЛГАН «ХИЗБЧИ»

ҚАЛБ КЎЗИ КЕЧ ОЧИЛГАН «ХИЗБЧИ»

Ассалому алайкум, ҳурматли газетхон мухлислар. Мен «Хизб ут-Тахрир» диний экстремистик оқимида фаолият олиб борганлигим учун 2004 йилда 15 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган ва айни пайтда Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳрида жазо муддатини ўтаётган,

1966 йилда Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида таваллуд топган Рашидов Ботиржон Хамидович бўламан. Яқинда аҳволимдан хабар олиш учун келган рафиқам Мухлисахоннинг қўлидаги «Даракчи» газетасининг 2016 йил 25 февралда чоп этилган сонида Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманидан бўлган «Абдулло» исмли йигитнинг армонга тўла гапларини, зада юрагидан тўкилган дардларини ўқидим. «Абдулло» «Хизб ут-Тахрир» оқимига аъзоси бўлган отасининг оиласи бошига солган кулфатлари ҳақида йиғлаб-йиғлаб ёзибди. Тўғриси, шуларни ўқиганимда мен ҳам йиғладим. Дод солиб, чин қалбимдан, пушаймонликдан йиғладим. Сабаби, шу кунгача менинг ҳам «Абдулло»нинг отасидан фарқим йўқ эди. Афсуски, менинг ҳам жигарларим унинг оила аъзолари каби хору-зор бўлишаётганлиги, сўзида айтмасада юрак-юрагидан мени қарғаб яшаётганини тушундим. 

Ахир мен ота бўлиб нима қилдим? Фарзандларимни ватан хоинининг ўғли ва қизига айлантириб, менга бахт улашган рафиқам Мухлисахонни туну-кун, иссиқ ва совуқни ўйламай мени олдимга, мени бир дақиқа бўлсада кўришга шошилиб, тирикчилик илинжида юрадиган инсонимнинг мунгли кўзларидаги сўзларни, қалбидаги азобни наҳотки тушуниб ета олмадим. Ҳар гал мени кўриш учун келган Мухлисамнинг бармоқларида туну-кун кўрпа-ёстиқ тикавериб пайдо бўлган қадоқларни кўриб, унинг келинлигидаги юмшоқ қўлларидан асар ҳам қолмаганлигини кўриб нега ўзимга хулоса чиқармадим?

Гуллолабегим, Захробегим, Оминахон қизларимни ва Абдулазиз ўғлимни ҳеч кимдан кам қилиб тарбиялаш қўлимдан келар эдику. Афсуски мен қамалиб, тарбиялаш ўрнига, уларни мажбурлаб хижобга ўрантирдим, кўча куйга чиқишларига, Институтларда ўқишларига қаршилик қилдим. 

Полапоним Гуллолабегим қизим онаси билан мени кўриш учун келиб, шифокор бўлишини айтганида, уни бу йўлдан қайтариш учун юзига тарсаки тушириб, унинг кўз ёшларини тўкканим ва унинг нафратига дучор бўлганим ич-ичимдан чиқмаяпди. Шу ҳам инсоннинг ишими? 

Афсус қалб кўзларим кўр бўлганини тушуниб етганимда жуда ҳам кеч бўлди. Шу даражада ҳам тубан бўламанми, а? Наҳот мени дунёга келишимга ота сабаб бўлган? Наҳот мени она туққан? Наҳот опа-сингилларим билан бирга катта бўлдим? 

Онажон, мени «Ўғлим» деманг. Мен фарзандликка мутлақо номуносибман. Опажон, сингилжон, мени «қондошим» деманг. Мен укаликка умуман нолойиқман.

Мени кутиб кўзлари кўр бўлган онамга кўзларимни бергим келяпди, бир вақтлар Олмазор туманинг энг кўзга кўринган математика ўқитувчиси бўлган отажонимнинг мени деб маҳалла куйда, дўстлари орасида шарманда бўлиб, менинг дардимда вафот этганини наҳотки ўз вақтида англамадим. Отамни сўнгги йўлга кузата олмаган мен ҳам ўғилми?  

Меҳрибоним Мухлисахон мени ёрим деманг, мен сизнинг оқарган бир тола сочингизга, юзингиздаги кулгич ўрнини қоплаган ажинга ҳам арзимайман. Менга ота деб мурожаат қилманг гўзал қизларим, сизлар чеккан азобларнинг бир лахзасига ҳам арзимайман. Ота бўлиб, қўлингиздан бир марта бўлсада тутиб, алифбони бирор ҳам ҳарфини ўргата олмаган, пешана терим билан топган маошимдан туғилган кунларингда совға бера олмаган, кечиримга нолойиқ, қалби кўр бўлган оталарингни кечиринглар. 

Эй фалак. Қанийди буларнинг бачаси қўрқинчли туш бўлсаю, уйғонганимда навқирон вақтим қайтиб келса ва мен ҳаммасини ўзгартира олсам. Ота-онам орзу қилган ўғил бўлсам. Қанийди бир бахтли оиланинг бахтли отаси бўлсам. Ана шундай пушаймонлар менга туну-кун халоват бермайди, қилган хатоларим ич-этимни худди каламушдек кемирмоқда.  

Шу кунгача, нега мен озодликдан маҳрум этилдим, ахир мен хеч нарса қилмадимку деган саволни ўзимга бериб, виждонимни алдаб, яқинларимни тириклайин гўрга тиққанимни энди тушуниб етдим.  

Нодонлигим туфайли ана шундай саодатли жамиятнинг бекаму кўст фуқароларидан бири эмасман. Ахир, бахтли инсонлар сафида мен ҳам бўлишим учун қанчадан-қанча имкониятим бор эди. Аммо, ёруғлик, асл ҳидоят ўрнига, «Ҳизб ут-Таҳрир» деган ўлат, охири жарликка қулатадиган қинғир сўқмоқ домига тушиб ўтирибман. 

Асл мақсади Ислом динимизни қўғирчоқ қилиб, мусулмонни мусулмонга душман қилган «хизбчилар», мен сингари падаркушларни яратди холос. Эзгулик тараннуми бўлган Ислом дини мен ва менга ўхшаган ватанфуруш «тахрирчи»лар таъсирида ҳор бўлганини тушуниб етганимда оиламни, болаларимни, ота-онамдан ажралиб қолдим. 

Яқинларимнинг, қолаверса менинг таъсиримда «хизб»га аъзо бўлган навқирон йигитларнинг нафратига дучор бўлдим. Ахир уларнинг ҳам фарзандлари шу азобларда ҳор бўлаётганини наҳотки англамадим?

«Хизб ут-Тахрир» йўлини тўғри деб билиб, 12 йилдан ортиқ вақт давомида ҳақ йўлдаман деб, бутун борлиғимдан айрилганимни кеч тушуниб етдим, алданганимни, «хизб»ни деб фарзандларимни ҳор қилганлигимни тушундим. 

«Хизб ут-Тахрир» мени ва фарзандларимни хўрлаганинг, оиламни барбод қилганлигинг учун сендан нафратланаман, сенларни яратгувчи Аллоҳ ўзи жазоласин. 

Қилган гуноҳларим учун ҳар куни фарзандларимдан кечирим сўрайман, фарзандларимга оталик қилиб, уларни ҳимоя қилаётган юртимдан кечирим сўрайман. «Абдулло» укажон биз бефаҳм «хизбчи»ларни кечиринг.

Мухлисахон – фарзандларим волидаси, Гуллолабегим, Захробегим, Оминахон қизларим ва Абдулазиз ўғлим, мен албатта озод бўламан.

Сизларни юрак-юракдан ардоқловчи дадангиз Ботиржон. 

 

Ушбу мақола “Даракчи” газетасининг 14.04.2016 йилдаги 15 (886)-сонида чоп қилинган

Рейтинг@Mail.ru