JM News Portal - шаблон joomla Продвижение

ЮКСАК МАЪНАВИЯТ ЕНГИЛМАС КУЧ!

Турли оқимларга раддиялар

ВАҲҲОБИЙЛАР: ЕР ДОИРАСИМОН ЭМАС!

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Замонавий фандан яхши маълумки, Аллоҳ таоло биз яшаётган Ерни доирасимон шаклда яратгандир ва  у ўз ўқи атрофида айланиб, ҳаракатланиб туради. Ер шарининг айланиши замонавий фан томонидан тўлиқ исботланган бўлиб,

бу ҳақиқатнинг Қуръон, суннат ва Ислом ақийдасига хилофлиги йўқдир. Бироқ, замонамизда шундай гуруҳ одамлар ҳам борки, улар ўтмишдаги ҳашавийлар (Аллоҳни сифатларини махлуқотларни сифатига ўхшатувчилар)нинг ақийдасини қайта жонлантириб, “Аллоҳ бизнинг моддий дунёмизда қарор топганлиги ва У осмон жисмлари сингари дунёнинг маълум бир тарафида жойлашган”, деган ҳаёлий тушунчаларига ҳақиқат деб ишонадилар. Улар нафақат бунга ишонадилар, балки буни инкор этганларни диндан чиққан кофир деб ҳисоблайдилар. Уларни биз ваҳҳобий (салафий) номи билан яхши таниймиз.

 

Бу тоифа одамлар, Ер шарининг думалоқ шаклини фан томонидан тан олинишини ўзларининг ботил ақийдаларига катта хавф деб билишиб, Ер шакли ҳақидаги ҳақиқатни  инкор этишга ўтишган. Улар одамларни бу масалани ўрганишдан қайтариб, уни гўё Худосизликка олиб бориши ва Аллоҳнинг сифатларини рад этилишига сабаб бўлади деб жар солишни бошладилар. Бу билан улар аввало ўзларини қолаверса, бутун мусулмонларни дунёнинг мусулмон бўлмаган аҳолиси олдида кулгига қолдирдилар. Чунки Ернинг думалоқлиги ва ўз ўқи атрофида ҳаракатланиб айланиши ҳозирда исбот талаб қилмайдиган, ҳатто бошланғич синф ўқувчиси ҳам биладиган ҳақиқат сифатида маълум ва машҳурдир. Бу ҳақиқатни тан олиниши эса - ҳашавийларнинг ақийдасини, яъни “Аллоҳ таолони моддий оламимизнинг қайсидир тарафи ва чегаралари ичида жойлашганлиги”ни рад этувчи далиллардан биридир.

 

Ер шарининг бир тарафида турган одам, ваҳҳобийлар кўрсатгани сингари, осмонга ишора қилиб, Аллоҳ юқори тарафда деб кўрсатса, ҳудди шу вақтда ер шарининг нариги томонида турган одам учун бу пастки тараф бўлади, яъни унинг наздида ернинг ич тарафига кўрсатилган бўлади. Ёки, бир вақтнинг ўзида ернинг турли тўрт тарафида турган кишилар ўз тепасини кўрсатган тарафи, бутунлай бошқа-бошқа тарафлар бўлади.

 

Ваҳҳобийларнинг бу ақидасига кўра, Ерни думалоқ деб тушунган одам осмонга ишора қилиб: “Аллоҳ осмонда” деса, мантиқан олиб қаралганда бу сўзнинг маъноси “Аллоҳ мен турган ерга нисбатан осмонда, аммо ернинг нариги томонда турган одамга нисбатан Аллоҳ ернинг тагида”, деган хулоса чиқади. Бу эса Аллоҳга ҳурматсизлик бўлиб, инсонни иймонидан ажратадиган даражада қабиҳ ақида бордир. Шу сабабли улар “Ер думалоқ шаклдадир”, деган ҳақиқатга орқа қиладилар ва “Аллоҳ осмондадир”, деган пуч ақийдаларини ҳимоя қилиш мақсадида турли-туман мантиқсиз фатволар ҳам эълон қилиб келишади.

Масалан, замонамиздаги ваҳҳобийларнинг энг катта шайхлари - Ибн Боз, Усаймин, Фавзон ва бошқалари, Ер доира шаклида эмас, у ҳаракатланмайди, ер қуёш атрофида айланмайди деб фатволар беришган.

 

Ҳаттоки, бунда шу даражага етиб борганларки, Саудиянинг яқин ўтмишдаги муфтийси бўлган  Ибн Боз ўзининг الادلة العقلية والحسية على جريان الشمس وسكون الأرض  (“Қуёшнинг ҳаракатланиши ва ернинг ҳаракатланмаслигига ақлий ва ҳиссий далиллар) номли китобида, “ерни айланади деган одам кофир бўлади, уни жони ва моли (яъни ўзини ўлдириб молини мусодара этиш) ҳалол бўлади” деб фатво берган. Жумладан, ибн Боз ўша китобида шундай ёзади:

 

إنَّ القول بأن الشمس ثابتة وأن الأرض دائرة هو قولٌ شنيعٌ ومنكر ، ومن قال بدوران الأرض وعدم جريان الشمس فقد كفروضل ، ويجب أن يستتاب فإن تاب وإلا قتل كافراً مرتداً ، ويكون ماله فيئاً لبيت مال المسلمين

                            

яъни, “Албатта, қуёш ҳаракатсиз ва ер доира (думалоқ) деган сўз тубан ва қабул қилиб бўлмас мункар сўздир. Кимда ким “ер ўз ўқи атрофида айланади, қуёшни ҳаракатланмайди” деса, у батаҳқиқ кофир бўлибди ва залолатга кетибди. Бундай одамни тавбага чақириш вожиб бўлади. Агарда тавба қилишдан бош тортса, кофир ва муртад сифатида ўлдирилади. Унинг мол-мулки мусодара қилиниб, мусулмонларнинг байтул молига топширилади”.

 

Усаймин эса, ўз фатволаридан бирида айтади:

 

أما مسألة دوران الأرض فإننا كما قلنا أولاً ينبغي أن يعرض عنها لأنها من فضول العلم...

يجب علينا في هذه المسألة أن نؤمن بأن الشمس تدور على الأرض وأن اختلاف الليل والنهار ليس بسبب دوران الأرض ولكنه بسبب دوران الشمس حول الأرض

 

 

 

“Бу масалада бундан олдин айтганимиздек, ерни айланиши назариясидан воз кечишимиз керак, чунки у кераксиз ортиқча илмдир..”.

“Бизга бу масалада қуйидагича фикрда бўлишимиз вожиб: “Албатта қуёш ер атрофида айланади. Ва албатта, тун билан кундузни алмашиб туришлиги, ернинг қуёш атрофида айланиши сабабидан эмас, балки қуёш ернинг атрофида айланиши сабаблидир”.

(Мазкур фатвони араб тилида тўлиқ ўқиш: http://www.ibnothaimeen.com/all/noor/article_6463.shtml )

 

Шунингдек, ваҳҳобийлар шайхи Усаймин “Мажмуъату фатава ва расаил фазилат аш-шайх Муҳаммад бин Салиҳ ал-Усаймин” китобининг 3-жилди, 153-бетидаги 428-сонли фатвосида, география ўқитувчилари ўз дарсларида Ернинг айланиши назариясини умуман эсга олмасликларини тавсия қилади.

 

Солиҳ Фавзон ҳам ҳудди шундай равишда, ерни айланмаслиги, думалоқ эмаслиги тўғрисида фатво берган:

https://www.youtube.com/watch?v=LWx4QkM2X28&amp&itct=CDsQpDAYACITCNvt5sWthMECFcbLwgoddwwAVlIk2KfZhNmB2YjYstin2YYg2K_ZiNi%E2%80%8Bx2KfZhiDYp9mE2LTZhdiz&hl=ru&gl=US&client=mv-google&app=desktop

 

Саудиялик яна бир “олим” Абдул-Карим ибн Солиҳ ал-Ҳамиднинг  “Ҳидаятул хайран фил масаалити-ддаваран” (“Ернинг айланиши ҳақида хайрон бўлиб турганга ҳидоят”. Ар-Риёздаги “Ас-Сафир” нашриётида чоп этилган) китобида қуйидагиларга гувоҳ бўласиз:

13-бетидаги бобга “Ернинг айланишини тан олиш албатта худосизликка (ёки Аллоҳнинг сифатларини рад этишга) олиб боради” деб ном берган.

 

Сўнгра, 25-бетда геология фани тўғрисида айтади:

“Шунинг сабабли (яъни геологияни ўрганганлари ва уни тарқатганлари учун) ушбу гуруҳ одамлар адашдилар ва бошқаларни ҳам адаштирдилар”.

 

32-бетда эса айтади:

“Ерни ҳақиқатдан ҳам айланади деб ишониш, одамни маймундан пайдо бўлган деб ишонишдан ҳам каттароқ адашувдир”.

 

33-бетда ёзади:

“Ерни айланишини тасдиқлаш Қуръон ва Суннатдан келтирилган ҳар қандай далилни ёлғон таъвил қилишдир”.

   

36 бетда, “Ерни айланишига ишониш нимани билдиради?” номли бобда айтади:

“Ерни ўз ўқи атрофида айланиши, унинг тарафдорларининг мақсади эмас, балки бу орқали улар бошқа мақсадни кўзлайдилар. Бу худосизлик (ёки Аллоҳнинг сифатларини рад этиш)дан бошланиб, динсизлик билан тугайди. Бу ақийда тарафдори Ерни айланишидан келиб чиқадиган нарсага ҳам ишониши керак бўлади, яъни Ерни ҳар тарафдан чегараси бўлмаган бўшлиқ ўраб туришига ишонишлари ҳам керак”. (“Ҳидаятул хайран фил масаалити-ддаваран”)

 

Шундай қилиб, юқоридаги фатволарни барчасини синчиклаб ўрганиб чиқадиган бўлсак, ваҳҳобийларнинг айтишича, замонавий фан гўё қуёш қимирламай туради, ер эса уни атрофида айланади деб таъкидлар эмиш. Бу таъкид билан, ўзларининг замонавий фанлардаги билим савияларининг қанчалик паст эканлигини яна бир бор тасдиқлайдилар ёки масалани моҳиятини билиб туриб, ўз ақийдаларини нима қилиб бўлса ҳам ҳимоя қилиш учун бу ёлғон даъвони ишлатадилар.

Аслида, қуёш ҳам, ер ҳам, бошқа осмон жисмлари сингари ўз орбиталарида сузиб юрадилар. 

Аллоҳ таоло Қуръони каримда айтади:

 

وَهُوَ الَّذِي خَلَقَ اللَّيْلَ وَالنَّهَارَ وَالشَّمْسَ وَالْقَمَرَ كُلٌّ فِي فَلَكٍ يَسْبَحُونَ

“У кечаю кундузни, қуёшу ойни яратган зотдир. Ҳаммаси фалакда сузмоқдалар”. (Анбиё сураси, 33 оят).

Мазкур оятда кўрсатилганларни замонавий фан тўлиқ исботлайди ва бу шубҳасиз, бундан 14 аср олдин бизга хабар қилинган Қуръон мўжизаларидан биридир.

Шунингдек яна замондош ватандошимиз марҳум шайх муҳаммад Содиқ муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳам “Тафсири ҳилол”да “Мулк” сурасининг 16-оятида шундай ёзади:

“Осмондаги зот сизларни ерга юттириб юборишидан омонда бўлдингизми? У (ер) эса изтиробда ҳаракатланиб туради”. (“Осмондаги зот”дан мурод Аллоҳ таоло, лекин бу дегани Аллоҳ осмонда дегани эмас. Чунки Аллоҳ таоло маконга муҳтож эмасдир. У макон ва замондан устун зотдир. Аҳли сунна ва жамоа эътиқодига биноан, Аллоҳнинг ерда ёки осмонда дейилишидан мақсад, Унинг хоҳиши ва ҳукми еру осмонга баробар ўтиши ва Унинг султони ғолиб эканлигидир). (Тафсири ҳилол).

 

Кўриб  турганингиздек, ерни айланмайди деган сўзлари билан замонамиз ҳашавийлари ўзларининг ақийдалари ва қарашларининг қанчалик қолоқ ва ботил эканликларини ўзлари исботлайдилар. Чунки ернинг доирасимон эканлиги ва уни ўз ўқи атрофида  йланиши ҳозирда тўлиқ исботланган илмий ҳақиқатдир.

 

Замонамиз ваҳҳобийларига ўхшаб ерни айланмайди деган иддао, ўрта асрларда Европада ҳукмрон бўлган Насронийларнинг черков Инквизицияси томондан ҳам илгари сурилган. Черков инквизаторлари томонидан ерни доирасимон ва айланиб туради деган олимлар қатл этилган ва инквизия орқали илм фанга қарши курашганлар (ерни айланишига ишонадиганларни қатл этиш кераклиги тўғрисидаги ибн Бознинг юқоридаги фатвосини эсланг). Чунки насронийлар томонидан ҳам ерни ясси текислик деб тушуниб, Худони осмонда жойлашган деган пуч ақийдага ишонилар эди.  Ерни доирасимон эканлиги ва уни айланишини тан олиш эса насронийларга қарши мафкура эди. шу туфайли улар ҳам ернинг шакли хусусида илм фанга қаттиқ қаршилик кўрсатиб келганлар. Бунинг оқибатида эса, Европада кейинчалик черков ҳокимиятини ағдарилгандан сўнг, насронийларнинг ботил ақийдаси туфайли худосизлик ривожланиб кетди. Илм-фан билан динни бошқа-бошқа, бир бирига қарама-қарши нарсалар эканлиги ҳақидаги тушунчалар ҳосил бўлди.

 

Бугунги кунда ҳам, ваҳҳобийларнинг ер шакли ва ҳаракати ҳақидаги мантиқсиз “фатво”ларини ғарб ва бошқа давлатларда қанчалик калака қилиб, интернет тармоғи ва бошқа усуллар билан уларни Исломга қарши ишлатиб, Исломни илм-фанга қарши дин деб кўрсатмоқчи бўлган худосизларни сон-саноғи йўқ десак хато қилмаган бўламиз.

 

Минг афсуслар бўлсинки, хозирда кўп ёшларга ваҳҳобийлик ҳақида танқидий фикр билдирсангиз юзини буриштириб сизни ғийбатчига чиқаришади. Аслида улар юқоридаги каби ваҳҳобийларга мансуб кўплаб ҳақиқатларни билишмайди. Уларнинг назарида “ваҳҳобийлар—китоб вва суннатга эргашувчи аҳли тавҳидлардир”.

Сўзимизнинг сўнггида қисқа қилиб айтамизки: Ваҳҳобий ва салафийлар ўз тарафдорларидан бошқаларни мусулмон деб ҳисобламайдиган такфирчи тоифалардандир! Улардан ҳушёр бўлинг ва асло ишонманг! Ҳаргиз эргашманг

Рейтинг@Mail.ru