JM News Portal - шаблон joomla Продвижение

ШАЖАРА

ШАЖАРА

Миссионерларга «ушбу Инжилдаги шажаранинг Исо алайҳиссаломга алоқаси йўқ, Юсуфнинг шажараси-ку, шажарадаги исмларнинг чалкашликларига қандай изох берасиз?» - дейилса, улар сукут сақлашади, сабаби… 

Хозирги мавжуд «Инжил»лар сохта устозларнинг уйдирмаларидан иборат эканлиги хусусидаги бир мухим масала хазрати Исо алайҳиссаломнинг насл-насаб шажаралари кўрсатиб турибди. Ушбу мавзу хам «Инжил» аталмиш китобларнинг ўзаро ихтилофларга тўлалигига ёрқин далилдир. Бунақа ихтилофлар насоро динининг II-III асрлардаёқ адашиб кетганига хужжат бўлади. 

Эски ахдда келган башоратларда айтилишича: «Бани Исроил кутаётган Масих Довуд алайҳиссалом хонадонидан чиқиши лозим эди». Ким ўзини «Масих» деб эълон қилса, Довуд алайҳиссаломнинг подшохлик сулоласига мансублигини «исботлаши» керак эди. Акс холда бундай одамлар Бани Исроил тарафидан рад этилар эди. Янги ахд муаллифлари томонидан тузилган шубхали шажара хам асосан Бани Исроилга қаратилган ва Исо алайҳиссаломни Довуд алайҳиссалом сулолаларининг давомчиси қилиб кўрсатилган. Улар Аллоҳ таолонинг Исо алайҳиссаломни отасиз дунёга келтирганлик мўъжизасига ахамият бермасдан аллақандай анъанага содиқ қолишган.

Матто ва Лука баён этган шажаранинг тўқималиги кўзга ташланса-да, негадир черков рухонийлари буни сезмаган бўладилар ва кўпинча бу масалани четлаб ўтадилар. Бу шажарага хатто насроний динининг асосчиларидан Павел хам салбий муносабат билдирган эди. Эдис шахридаги биродарларига юборган биринчи мактубида Павел: «...Афсоналар ва бепоён шажаралар билан банд бўлмасликларини буюр. Булар хаёлпарастликка сабаб бўлади, холос. Лекин илохий режа рўёбга чиқиши учун иймон керак» (1-Тимофейга, 4 жумла) деб ёзиб юборган эди. 

Инжилшунос олимлар, ўша пайтлар хар хил шажара тузиш одатлари кенг тарқалганини ўрганишган. Эхтимол, Матто ва Лука хам шу мухит таъсирида шажаралар тузган. Аслини олганда, Матто ва Лука хатога йўл қўйган эди. Эътиқодга, мантиққа зид бўлган шажара билан овора бўлиб, улар Довуд алайҳиссаломни сулоласини (“Марямнинг эри”) Юсуфга боғлашган, холбуки (Марям эри) Юсуф Исо алайҳиссаломнинг отаси бўлмаган. Ушбу шажаранинг боши берк кўчага кириб қолганига хануз черков рухонийлари жавоб топа олмаяптилар. Жавоб топиш ниятида хар-хил бўлмағур сафсаталарни тўқиб чиқаришлар бўлган, лекин кўпчилик бу сафсаталарни рад этган. 

Савол туғилади: Исо алайҳиссалом Муқаддас Рух воситасида дунёга келгани аниқ бўлганидан сўнг, Матто ва Лука баён этган хушхабардаги насл-насаб шажарасининг Исо алайҳиссаломга қанчалик алоқаси бор? Ахир Исо алайҳиссаломни Аллоҳ таоло дунёга отасиз келтириши бежиз бўлмаган-ку. Биз мусулмонлар Исо алайҳиссаломнинг отасиз дунёга келганларига иймон келтирамиз. У зотнинг отасиз дунёга келганларига шак-шубха хам қилмаймиз. Исо алайҳиссаломнинг пайғамбарлигига ишонишимиз учун шажараларнинг хожати йўқ, бизга Аллоҳ таолонинг каломи кифоя: “Албатта, Ийсонинг (отасиз туғилишининг) мисоли Аллоҳ наздида худди Одамнинг мисоли кабидирки, уни тупроқдан яратиб, сўнгра «Бўл», деди. Бас у (жонли одам) бўлди”. (Оли Имрон 59-оят мазмуни) 

«Инсонлар ўлчови ва кўникмаларига биноан қаралса, Исо алайҳиссаломнинг туғилишлари одамни хайратга солувчи, ғайритабиий ходиса хисобланади. Шунинг учун ахли китоблар, хусусан, насоролар Исо алайҳиссалом хақларида, хоссатан, у кишининг туғилишлари хақида ихтилофлар қилишган. У киши отасиз дунёга келганлари учун турли-туман афсоналар, бекорчи хаёлларни тўқиганлар.

Холбуки, ахли китоблар Одам алайҳиссаломни тупроқдан яратилганини, Аллоҳнинг пуфлаши оқибатида жон кирганини яхши билишади. Бу хақда хеч қандай ихтилоф қилишмайди. Йўқ ердан Одам алайҳиссаломни яратган зот Исо алайҳиссаломни тирик юрган Марямдан отасиз холда ярата олмайдими?! Аллоҳнинг хар бир нарсага қодир эканлигига ишонган эси бор одам бўлса иқрор бўлади. 

Аллоҳ таоло инсоннинг дунёга келишига ота-онани сабаб қилиб қўйган. Ота-онанинг қўшилиши оқибатида инсон дунёга келиши ходисаси доимий такрорланаверганидан, одамлар шу кўриб турган тажрибасига суяниб, сабабчиларни асосчининг ўрнига кўйиб юборади, ота-она бўлмаса, бола бўлмайди, деган хукмни чиқаради. Аллоҳ агар хохласа, ота-онасиз хам инсонни дунёга келтира олиши мумкинлигини эсдан чикаради. Бу хақиқатни бандаларининг эсига солиб туриш учун Аллоҳ таоло баъзан умумий қоидадан ташқари чиқиб, айрим нодир ишларни қилиб, одамларнинг кўзига кўрсатиб қўйган. Масалан, фарзанд дунёга келишининг асосий сабабчилари ота-она эмас, балки Аллоҳ эканлигини билсинлар учун баъзиларни туғмас ё туғдиролмас қилиб қўйган. Ота-онанинг қўшилиши бола туғилишининг асосий сабаби бўлса, нима учун бир-бирига кўшилган хамма ота-онадан бола туғилавермайди?! Холбуки, Аллоҳ Одам атони на отасиз ва на онасиз вужудга келтирган. Аёлсиз, фақат эркак кишидан хам инсон пайдо бўлиши мумкинлигининг исботига Одам атодан (унинг бир аъзосидан - қовурғасидан) момо Хавони пайдо қилди. Эркаксиз, факат аёлдан ҳам инсон дунёга келиши мумкинлигини эса, Биби Марямдан Исонинг туғилиши исботлайди. Ҳа, Аллоҳ хар бир ишга қодир зотдир. «Бўл!» деса, бас, хохлаган иши бўлади».(Тафсири Хилол, Оли Имрон, 59-оят тафсири).

Қуръони-каримнинг кўп оятларида Исо алайҳиссаломнинг отасиз туғилишлари хақида хақ маълумотлар келган. Шулар, биз мусулмонларга етарли хужжатдир. Насроний дин ақидаси бўйича хам Исо алайҳиссалом отасиз дунёга келганлар. Аммо мавжуд хушхабарларда Исо алайҳиссалом билан Иброхим алайҳиссалом ўрталарида Матто қирқ бир отани (Матто 1,1-16), Лука эса эллик беш ота борлигини бизларга баён қилади (Лука 3, 23-34). Шажарага бир назар ташласангиз унинг бир-бирига ўхшамаслигини кўрмасдан иложингиз колмайди, лекин насоролар кўриб, билиб турсалар хам хақиқатни яшириб: “Инжилда ихтилофлар бўлиши мумкин эмас”, дейдилар. Хатто, баъзи черков вакиллари: «биринчи хушхабарчи “Марям Эри” Юсуфнинг шажарасини, бошқаси эса биби Марямнинг шажарасини келтирган» деб вазиятдан чиқиб кетмоқчи бўладилар. Аммо ахвол улар ўйлаганчалик эмас, сабаби иккита насл-насаб шажараси хам (“Марям эри”) Юсуф билан боғланган.

Матто баён этган хушхабардаги Исо Масихнинг насл-насаби Матто (1-1:16): Иброхим (алайҳиссалом), Исхоқ (алайҳиссалом) Яъқуб (алайҳиссалом) Яхудо, Парас, Хасрўн, Арам, Амминадаб, Нахшўн, Салмўн, Бўаз, Обид, Ишай, Довуд (алайҳиссалом), Сулаймон (алайҳиссалом), Рахабаъм, Абиё, Осо, Йўшафат, Йўрам, Уззиё, Йўтам, Ахаз, Хизкиё, Манаше, Амўн, Йўшиё, Йўаким, Якўниё, Шаалтиэл, Зарубобил, Абихуд, Элёким, Азўр, Садўк, Ахим, Элихуд, Илъазар, Маттан, Яъқуб, Юсуф (“Марям эри”)

Лука баён этган хушхабардаги Исонинг насабномаси Лука (3-23:34) Иброхим (алайҳиссалом), Исхоқ (алайҳиссалом), Яъқуб (алайҳиссалом), Яхудо, Парас, Хасрўн, Ром, Амминадаб, Нахшўн, Салмўн, Бўаз, Обид, Ишай, Довуд (алайҳиссалом), Натан, Маттато, Манно, Малиё, 

Элёким, Юнус, Юсуф, Яхудо, Шимъўн, Левий, Маттот, Ёрим, Илъазар, Йўшуа, Гер, Элмодам, Косам, Аддий, Малкий, Нерий, Шаълтиэл, Заруббобил, Резо, Юханно, Йўдо, Йўсех, Шимъий, Маттатиё, Махат, Нагай, Хесли, Нахум, Амос, Маттатиё, Юсуф, Янай, Малкий, Левий, Маттот, Эли, Юсуф ("Марям эри")

Исмларнинг кўпи чалкаш – Маттода бошқа, Лукада бошқа. Мисол учун, Матто шажарасида Исо алайҳиссалом насаблари Довуд алайҳиссаломга Сулаймон алайҳиссалом орқали боғланса, Лука Исо алайҳиссаломни Довуд алайҳиссаломнинг бошка ўғли Натанга боғлайди. Яна бир мисол: Матто (Марям эри) Юсуфнинг отасини Яъқуб деса (Матто 1-16), Лука Эли қилиб кўрсатади (Лука 3-23).

Аксарият Инжилшунослар эътирофича, Исо алайҳиссалом келтирган хақиқий Инжилга яқин турувчи Марк хушхабарида хеч қанақа шажара баён этилмаган. Бундан келиб чиқадики, агар Матто тўғри баён этган бўлса, Марк нега шажара хусусида сукут сақлайди ёки Лука тўғри шажарани келтирган бўлса, Маттонинг адашаётгани аниқ эмасми, акс холда Лука ёлғончи бўлган бўлади-ку, кайси бири тўғри? Бизнинг фикримизча (ва кўп олимларнинг фикрлари бўйича хам) энг тўғри жавоб шуки, бунақа шажараларнинг хеч кайсиси тўғри эмас. Айникса, Матто ва Лукага нисбат берилаётган Инжилларни хаворийлар ёзмагани аниқ. Бу мухим масалани Ғарб Инжилшунослари аллақачон исботлаб беришгани маълум ва машхурдир. 

Насороларнинг: «Биз Исонинг отасиз дунёга келганига иймон келтирамиз, аммо унинг Довудгача эллик беш отаси бўлган» деб сукут сақлаб туришларини хеч тушуниб бўлмайди. Агар уларга: «йўқ, Исо алайҳиссалом отасиз дунёга келганлар, унинг эллик бешта отаси бўлмаган дейилса, улар яна сукут сақлашади, чунки «йўқ оталари борлиги мана Инжилда ёзилиб кўйилган-ку» десалар, Инжилнинг тўқималигини тан олиш бўлар эди, хар холда улар боши берк кўчада эканликларини бизлардан хам яхши биладилар, аммо…!!! 

Ихтилофларга тўла бу шажаранинг ўзиёқ, хозирги мавжуд Инжилларнинг хақиқий эмаслигини англатади. 

Инжилда хушхабарчилар Исо алайҳиссалом туғилганидан сўнгги воқеаларни баён қилар экан биз яна ихтилофларга дуч келамиз. Кайси бирининг гапи рост экан, деб хайрон бўламиз. Мисол учун: Матто хушхабарида (2-13,14) “Мунажжимлар жўнаб кетганларидан сўнг, Худованднинг бир фариштаси Юсуфга тушида кўриниб: «Ўрнингдан тур! - деди. – Чақалоқ билан онасини олиб, Мисрга қоч ва мен сенга бирор нарса айтмагунимча, у ерда қолгин. Чунки Хирод чақалоқни қидириб топса, уни халок килиш нияти бор».

Юсуф шу кечасиёк туриб, чақалоқ билан онасини олиб, Мисрга қараб йўлга тушди. Хироднинг ажали етгунигача, у ерда қолди. Шу тариқа Худованднинг: “Мен Ўғлимни Мисрдан чиқариб олдим”, - деб пайғамбар орқали айтган сўзи бажо келди” - дейди, яъни Исо алайҳиссаломнинг ота-оналари, Исо туғилгач Байтлахмдан Мисрга қочган эканлар.

Лука эса: Юсуф хомиладор Марям билан бирга рўйхатдан ўтмоқчи бўлиб, Жалиланинг Насро шахридан Яхудия-Байтлахм шаҳрига бориб, Марям Ийсони туғди. (2-боб,4-7) Мусонинг қонуни (Таврот)да баён этилган чилла даври (қирқ кун) тамом бўлгач, Исони Қуддусга олиб келдилар. (2-боб, 22-жумла) ва Худованд Қонунида буюрилган бутун удумларни бажо келтирганидан кейин Жалилага, ўз шахарлари Насрога қайтиб бордилар (2,39) Исо ўн икки ёшга тўлганда, улар яна Қуддусга бордилар (2,42) кейин Насрога қайтиб келдилар. (2,51), деб баён қилади.

Исо алайҳиссалом аввалиги қирқ кун Байтлахмда, сўнг камида 12 ёшга тўлгунча Носира шахрида бўлганлигини баён қилади. Насронийлар эътиқодича: «Исо алайҳиссалом Худо ёки Худонинг ўғли бўлса», нега «худо» ўлимдан қўрқиб, Мисрга қочар экан? Бу Исо алайҳиссаломнинг хеч қанақа Худо эмаслигининг яна бир исботи эмасми?

Рейтинг@Mail.ru