JM News Portal - шаблон joomla Продвижение

Миссионер қиёфаси

Миссионер қиёфаси

Қизил империя қулаб, Ўрта Осиёдаги собиқ иттифоқдош республикалар рўпара бўлган энг катта хатарлардан бири халқаро миссионерлик ташкилотларининг бу юрт­ларга ёпирилиб келиб, кенг миқёсда иш бошлашлари бўлди. Улар Ўзбекистонда ҳам жуда қисқа муддатда ғоят яхши ташкил этилган тармоқларини вужудга келтиришди.

Насронийликнинг, ҳатто умумнасронийларнинг ўзлари эътироф этмайдиган, ҳатто инкор қиладиган кўплаб тур­ли-туман мазҳаблари мустақиллигимизнинг дастлабки йиллари демократия ниқоби остида адлия рўйхатларидан ўтиб олишга муваффақ бўлишди ва шу билан расмий ташкилот сифатида жойларда ўнлаб ибодатхоналари­ни қуриб, юртимизни келгусида ҳар жиҳатдан нотинч қиладиган ғаразли фаолиятларини бошлашди. Албатта, бу ишлар катта маблағсиз, сиёсий қувватлаш ва ахборот кўмагисиз амалга ошмайди. Йирик миссионерлик ташки­лотлари ва геосиёсий доиралар бу ҳаракат учун жуда кат­та маблағ тикишди. Чунки улар кўзлаган натижалар тез орада сарф-харажатларини бир неча ўн, юз, ҳатто минг баробар қоплаб кетишига ишонардилар.

 

Ибодатхоналари очиқча ишлаётгандек кўрингани билан миссионерларнинг ўзлари маккорона услублардан фойдала­ниб, асосан яширинча иш олиб боришади. Улар диёримизга беғараз равишда тил, компютер ўргатиш, ҳар хил соҳалар бўйича малакали мутахассислар тайёрлаш каби ишлар учун турли-туман ўқув марказлари ташкил этувчи ёки ҳар хил йўналишларда хайрия ишлари олиб борувчи нодавлат ташкилотлар қиёфасида кириб келишди. Узоқ йиллик сиқув остида яшаган, аммо илмга чанқоқ, дунё билан мулоқотга киришишга иштиёқманд халқимиз вакиллари, табиий, бун­дай ўқув марказларига мурожаат қилишга шошдилар. Ле­кин ўқиш жараёнида “ўқитувчи”лари миссионерлар эканли­ги тезда маълум бўлиб қолди.

 

Қимматбаҳо қоғозларда жозибали кўринишда нашр этилган китобларини, варақа (буклет)ларини бозорлар, касалхона, сиҳатгоҳлар, турли транспорт воситалари ва ҳатто айрим ишхоналарда бемалол текин тарқатишга эришишди. Афсус, баъзилар турли сабаблар билан улар­нинг тузоғига илиниб, залолат қаърига шўнғиб кетишди. Миссионерликдан кўзланган асосий мақсад ҳам динсиз бир миллатни динга киритиш эмас, балки айнан мусул­мон фарзандларини, ҳақ динлари таълимотидан хабарсиз ҳолатидан фойдаланиб, исломдан чиқаришдир. Уларга бизни христиан қилишдан ҳам кўра исломдан чиқариш, воз кечтириш, шу билан динимизга заррача бўлса-да, зиён етказиш муҳимроқ. Чунки даъват қилаётган “дин” (ёки мазҳаб-секта)лари ботил эканини, ислом билан ҳеч бир жиҳатдан беллаша олмаслигини ўзлари ҳам жуда яхши билишади.

Бунинг энг катта исботи бундай: биринчидан, бу мис­сионерлар ҳеч қачон ҳақиқий мўминларга ёки дин илми­дан озми-кўпми хабардорларга рўпара бўлишмайди, асо­сан, бундан бехабарларни овлаб, ўшалар билан иш олиб борадилар; иккинчидан, ташвиқ китобчаларида кўпинча Қуръони карим оятларини ҳам келтириб, мақсадлари йўлида хизмат қилдирмоқчи бўлишади. Ҳатто гўё са­мимий ниятда эканларини, ҳалолликларини кўрсатиш ва ишонч қозониш учун китобларида Инжилнинг муо­маладаги нусхалари сохталаштирилганини ҳам айтиб қўядилар. Бу ҳол, албатта, уларнинг иккиюзламачилигини кўрсатади. Қуръоннинг уч-тўрт оятини бўлса ҳам, ҳақ деб билишса, нега тўласича Исломни қабул қила қолишмайди ёки унга ҳужум қилишдан тийилишни ўзларига эп кўришмайди?! Ҳолбуки, улар Қуръонни инкор этадилар. Унда нега Қуръонга суянадилар, деган савол туғилади ва бунга жавоб битта – бу уларнинг қилмишлари макрдан бошқа нарса эмаслигига, яъни зоҳирий амаллари билан асл мақсадлари бир эмаслигига далолат. Учинчидан, 2002 йили миссионерлар Рамазон ойи яқинлашганида ўзбекча “Муборак Рамазон ойи – 2002” номли тақвим-буклет (Ол­маотада босилган) тарқатишди. “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим” деб бошланувчи бу тақвимда “Рўза ҳақида” дей­илиб, Инжилдан иқтибослар келтирилган. Оғиз ёпиш, оғиш очиш дуолари деб ҳам Инжилдан қандайдир пар­чалар берилган. Буклетнинг иккинчи бетида мусулмон­лар тақвимларига кўра, оғиз ёпиш, ифторлик ва намоз вақтлари кўрсатилган. Ажаб, “Бисмиллаҳ...” ҳам, Рама­зон ойи ҳам, рўза тартиблари, вақти ҳам, намоз ҳам му­сулмонларники бўлса-ю, уларнинг бу ишларини қандай баҳолаш мумкин? Бу билан улар асл башараларини фош этмадиларми?!

Миссионерлар ахлоқни яхшилаш билан сира шуғулланишмайди. Аксинча, хулқни бузадиган ишларни ёйишади. Ҳар хил ўйинлар, “дискотека”лар ташкил қилиб, ресторанлар очиб, “тунги кўнгилхушлик”лар уюштиришади.

Уларнинг бу тадбирлардан кўзлаган мақсадлари нима? Асосий масала айни шу нуқтада мужассам. Бу ишлардан кўзланган мақсад-ғоя фақат ва фақат сиёсийдир! Бугунча шун­чаки беғуборгина хархаша ёки демократиянинг оддий бир тақозоси бўлиб кўринаётган ҳаракатларининг тагида эртанги кунга мўлжалланган жуда катта сиёсий найранглар ётибди. Бу найранглар ортида қандай қора мақсадлар яширинган?

Минг йиллардан буён аждодлари мусулмон бўлиб кел­ган, бугунги авлоди ҳам бутун ҳаёти давомида шу эътиқодга ихлос қўйган, урф-одати, маънавий тарихи бир хил халқимизнинг юрагини парчалаш, заифлаштириш, паро­канда қилиш ва турли-туман сиёсий ва иқтисодий босимлар билан хотиржам яшашга йўл қўймаслик. Мамлакатни дои­мий низо майдонига айлантириб, уни ҳал қилишда ўзларига муҳтож қилиб қўйиш. Мана, улар кўзлаган асл мақсад!

Секта даъватчиларининг ортларида туриб, уларни му­май маблағлар билан таъминлаётганлар, ахборот ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳартомонлама қўллаб-қувватлаётганлар бу диёр­ларни маданий ва маънавий истило қилиш ва бу ерларда ўзларини бегонасиратмасдан, мустаҳкам ўрнашиб олиш учун миссионерлар тузоғига илинганлардан фойдаланади­лар. Бунга тарих ва тажриба гувоҳ.

Миссионерларнинг хатти-ҳаракатларида баъзи ҳудудларга алоҳида аҳамият бериб, у ерларда ўзларига эргаш­ганлар сонини кўпайтириш билан келажакда гўё уларнинг хоҳиш-иродаси ва кайфиятлари сифатида бўлгинчилик (сепаратистик) ғалаёнларини чиқариш ва оқибатда, мам­лакатни парчалаб ташлаш мақсади устивордир. Масалан, Қорақалпоғистонда миссионерликнинг авж олгани, натижа­ларга эришаётгани шу жиҳатдан жуда хатарлидир. Уч-тўрт йил бурун Индонезияда рўй берган ҳодисалар бу қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирувчи ишорадир. Бор-йўғи ўттиз йиллар аввал миссионерлар Шарқий Тимор ўлкаси аҳолисини “христиан”лаштира бош­лаган эдилар. Йигирма беш йил ўтгач, улар ўша ерда диний асосда чиқарган тўполонга жавобан бутун Ғарб олами оёққа турди ва Шарқий Тиморни Индонезиядан ажратиб олди.

Уларнинг бундай жонкуярликлари, ғамхўрликлари ортида “Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш”, “Виждон эркинлигини таъминлаш” каби сиртдан чиройли кўринувчи шиорлар ниқоби остида оддий суд-прокуратура органларидан тортиб то давлат раҳбари ишларигача аралашиб, мустақил давлат бошқарувига йўл қўймаслик, жамиятни доимий безовта қилиб туриш орқали бошқарувда асабий бир вазиятни вужудга келтириш, турли-ту­ман матбуот нашрлари ва “нодавлат ташкилот”лар воситасида ташвиқот юритиб, ўзларини гўё халқнинг ҳимоясига отланган кўрсатиб, унинг “дарди”ни айтиб, давлатга қарши гижгиж­лаш, давлатни эса бу қутқуларни бостириш учун кескин чо­ралар кўришга мажбурлаш ва мана шу йўл билан халқ ва дав­лат орасига ўзаро ишончсизлик руҳини сингдириш ва ҳоказо ҳийлалар яширинган.

Демак, бу ишларнинг динга, диний даъватга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Бу бир мамлакатни ўзларининг сиёсий тизгин­ларига солиб олиш учун режаланган найранг услубларидан бири, холос. Масала фақат диний бўлса, ташвишланарли жойи кам бўларди.

Миссионерларнинг мақсадлари сиёсий бўлгани учун ҳам хатарли ва ташвишланарлидир. Чунки натижа бевосита мамлакат хавфсизлигига дахлдор. Уларнинг кирдикорлари шу нуқтаи назардан баҳоланмоғи ва чора-тадбирлар ҳам шунга мувофиқ равишда белгиланмоғи лозим. Акс ҳолда, биз келажак авлодга кучли, озод ва обод Ватанни эмас, бал­ки халқининг руҳи-дили бир-бирига бегона, шу сабабли қатор муаммоларга ботган, пароканда, маънавий зиддиятлар авж олган, бинобарин, заиф ва қарам бир ўлкани қолдирган бўламиз. Аллоҳ асрасин!

Бу масалага енгил-елпи қараб бўлмайди. Иш ўз ҳолига ташлаб қўйилса, бугундан жиддий ва фойдали чоралар кўрилмаса, болаларимиз келажакда аянчли мушкулликлар­га дучор бўлишлари турган гап. Аммо аҳволни ўнглашга, келгуси фожиалар олдини олишга ҳали имкон бор. Нозик диний сиёсат юритиш ва яна бир қатор ёрдамчи тадбирлар билан вазиятни хайрли ўзанга солиб юборса бўлади, деган фикрдамиз.

Раҳимберди РаҲмонов

Тошкент шаҳридаги “Мирзо Юсуф” жомеъ масжиди имом хатиби

Manba: xatib.uz

Рейтинг@Mail.ru