JM News Portal - шаблон joomla Продвижение

Шайтоннинг изидан эргашганлар

Шайтоннинг изидан эргашганлар

Ҳозирги кунда инсонларнинг тинч ва осойишта ҳаёти ҳамда хотиржамлигига раҳна солиб турган ҳолат – террорчилик ҳаракатлари ҳамма даврда учраб турган. Террорчиларнинг тутган йўллари ҳар хил кўринишда бўлсада лекин, қилаётган ишлари бир хил, яъни одамларнинг тинч турмуш тарзини бузиш. Бу билан инсонларни ҳаётда қўрқиб яшашга мажбурлаш. Бугунги кунда дунёда шарт-шароитларнинг шиддат билан ривожланиб бориши терроризм моҳиятини ҳам ўзгартириб юборди. У янги-янги воситалар ва технология ютуқларидан фойдаланиб, кун сайин ўзининг қабиҳ ва даҳшатли кураш усулларини кучайтириб боряпти. Оммавий алоқа воситалари, интернет глобал тармоғи террорчиларнинг қамров доирасини анча кенгайтирди ва уларнинг қонли ҳамда ваҳший режаларини амалга оширишга янги имкониятлар яратмоқда.

 

Тарихга назар соладиган бўлсак, бундай ғаразли ишлар турли хил тоифа ва динга мансуб кишилар томонидан қилинган. Аммо энг ачинарлиси шуки улар терроризмни ислом ниқоби остида амалга оширмоқдалар. Ваҳоланки ислом дини бутун дунёда тарқалган, тинчлик ва меҳрибонлик, одамларга раҳм-шафқатли ва адолатли бўлишни, муҳаббат ва биродарликни буюрадиган диндир. «Ислом» ва «террор» сўзлари ёнма-ён ишлатилиши мумкин эмас. Ҳеч бир илоҳий дин турли зўравонлик ва зулмни оқламайди ва унга даъват қилмайди.

 

Ислом олимлари ўзларини мусулмонман деб даъво қилаётган ва бу каби қабиҳ ишларни амалга ошираёган кимсаларни ҳозирги замон хаворижлари деб эълон қилишган. Уларнинг аввалгилари Усмон р.а. ва Али р.а.ларни ўлдириб мусулмонларга қарши чиқишган бўлсалар, охиргилари Дажжол (унга Аллоҳнинг лаънати бўлсин) билан бирга чиқиб, унга хизмат қилишади. Расулуллоҳ (с.а.в.) хабар берганларидек, улар мусулмонларни ўлдирадилар, Қуръон ўқийдилар лекин, ўқиган Қуръонлари ҳалқумларидан ўтмайди. Улар дўзах аҳлининг итларидир.

 

Бу йўлга кирган кўпгина ёшлар олийгоҳни тугатиши биланоқ илмда бошқалар етмаган чўққиларга етдик, ижтиҳод даражасига эришдик, салаф солиҳ мужтаҳидлардан қолишмаймиз, ижтиҳод қилишимиз керак деб, ҳамма нарсага ўзлари ҳукм чиқариб фатво беришмоқда. Бунинг натижаси ўлароқ, мусулмонлар яшайдиган юртни бошқариб турган ҳукумат ва унинг фуқароларини ҳам кофирга чиқардилар. Ислом ўлкаларини “куфр юрти” деб эътиқод қилиб у ерларда террорчилик ҳаракатларини амалга оширишга ва тинч аҳолини ўлдиришга фатво бермоқдалар. Ўлдирилаётганлар ичида ҳар хил диндаги кишилар ҳатто ёш болалар, аёллар ва кексалар ҳам бор. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг дини, ирқи ва миллатидан қатъий назар ноҳақ одам ўлдиришдан қайтарганларини ҳатто уруш чоғида ҳам ёш болалар, аёллар ва кексаларни кофир бўлсаларда ўлдирмасликка буюрганларини эътиборга олмайдилар. Ана шундай қабиҳ ваҳшийликларни амалга оширганлар ўзларининг динга қаттиқ эътиқод қўйганлари ҳақида қанчалик лоф урмасинлар, аслида бу ишларни одамлар қалбидан дин-иймонни йўқотиш учунгина қиладилар. Агар инсон совуққонлик билан бегуноҳ кишиларни ўлдира олибдими, демак, у иймонли эмас, у худосиз. Бу кимсалар Аллоҳ таолонинг жазо-азобларидан қўрқмайди. Уларнинг ягона мақсади қон тўкиш ва одамларга кулфат-алам келтириш.

 

Аллоҳ таоло иймон эгаларига севги, раҳм-шафқат ва тинчлик-осойишталикни буюради. Террор эса иймоннинг ғирт аксидир. У ўз олдига бераҳмлик, шафқатсизлик, зулм, қотиллик ва азоб-кулфатларни мақсад қилиб қўяди. Шунинг учун барча террорчилик ҳаракатларининг манбаини художўйлик ва иймон ташкил қилмайди. Бунинг устига биз «террор» деб атаётган ҳаракатлар (яъни, ҳеч қандай гуноҳсиз кишиларга қарши қилинаётган жиноятлар) исломда улкан гуноҳ ҳисобланади ва ҳар бир мусулмон ана шундай ҳаракатларга йўл қўймаслик, ер юзида тинчлик, осойишталик ва адолат ўрнатиш учун Аллоҳ таоло олдида масъулдир.

 

Террорчилик ҳаракатларига фатво топиб бераётган “олим”кимсаларнинг фикрича, мусулмонман деганларнинг ҳаммаси кофир бўлса, мусулмон деб кимни айтиш мумкин?! Уларнинг йўлидан юрганларнингми? Усома ибн Зайд ибн Ҳориса р.а. жангда иймон калимасини айтган бир одамни ўлимдан қўрққанидан қутулиб қолиш учун айтяпти деб ўлдирганларида Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг эътирозларига учраганлари ёки иймон калимасини айтган киши мусулмон бўлиши ҳақида келган ҳадислар етарли эмасми?!

 

Қуръони каримда бир одамни ноҳақ ўлдириш улкан гуноҳ (гуноҳи кабира) саналади:

 

مِنْ أَجْلِ ذَلِكَ كَتَبْنَا عَلَى بَنِي إِسْرَائِيلَ أَنَّهُ مَنْ قَتَلَ نَفْسًا بِغَيْرِ نَفْسٍ أَوْ فَسَادٍ فِي الْأَرْضِ فَكَأَنَّمَا قَتَلَ النَّاسَ جَمِيعًا وَمَنْ أَحْيَاهَا فَكَأَنَّمَا أَحْيَا النَّاسَ جَمِيعًا وَلَقَدْ جَاءَتْهُمْ رُسُلُنَا بِالْبَيِّنَاتِ ثُمَّ إِنَّ كَثِيرًا مِنْهُمْ بَعْدَ ذَلِكَ فِي الْأَرْضِ لَمُسْرِفُونَ

 

 

Ана ўша (илк қотиллик) туфайли Исроил авлодига шундай ҳукмни битиб қўйдик: «Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларини қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир»*. Уларга расулларимиз (илоҳий) ҳужжатларни келтирганлар. Сўнгра уларнинг кўпчилиги ўшандан кейин (ҳам) Ерда исроф қилувчилардир. (Моида: 32).

 

 

وَالَّذِينَ لَا يَدْعُونَ مَعَ اللَّهِ إِلَهًا آَخَرَ وَلَا يَقْتُلُونَ النَّفْسَ الَّتِي حَرَّمَ اللَّهُ إِلَّا بِالْحَقِّ وَلَا يَزْنُونَ وَمَنْ يَفْعَلْ ذَلِكَ يَلْقَ أَثَامًا

 

Улар Аллоҳга қўшиб, бошқа «илоҳ»га илтижо қилмаслар ва Аллоҳ ўлдиришни ман этган жонни ноҳақ ўлдирмаслар ҳамда зино қилмаслар. Ким мана шу (гуноҳлар)ни (имонсиз ҳолда) қилса, гуноҳга (уқубатга) учрар, (Фурқон: 68).

 

Тинчликка, кишиларнинг осойишталиги ва хавфсизлигига раҳна соладиган барча ҳатти-ҳаракатлар, ўзбошимчалик ҳамда террорнинг барча кўринишлари бузғунчилик – фасод ишлар саналади. Қуръони каримда мусулмонларга шундай хабар берилган:

وَاللَّهُ لَا يُحِبُّ الْفَسَادَ

«Аллоҳ эса бузғунчилик-фасодни севмайди» (Бақара, 205).

Ҳеч бир гуноҳи, айби бўлмаган одамни ўлдириш бузғунчиликнинг энг улкан кўриниши ҳисобланади.

Аллоҳ таоло ер юзида ёвузлик қилмасликка буюради ҳамда ноҳақлик, адолатсизлик, зўравонлик, одам ўлдириш, қон тўкишни таъқиқлайди. Аллоҳ таолонинг ана шу буйруқларига бўйсунмаслик йўлини тутган кимсаларни Қуръони карим «Шайтоннинг изидан эргашганлар» деб атайди. Қуйидаги оятлар шундан огоҳлик беради:

 

وَالَّذِينَ يَنْقُضُونَ عَهْدَ اللَّهِ مِنْ بَعْدِ مِيثَاقِهِ وَيَقْطَعُونَ مَا أَمَرَ اللَّهُ بِهِ أَنْ يُوصَلَ وَيُفْسِدُونَ فِي الْأَرْضِ أُولَئِكَ لَهُمُ اللَّعْنَةُ وَلَهُمْ سُوءُ الدَّارِ

«Аллоҳ билан аҳд боғлаганларидан кейин уни бузадиган, Аллоҳ боғланишига буюрган нарсаларни узадиган ва Ер юзида бузғунчилик қилиб юрадиган кимсалар ҳам борки, улар учун (Аллоҳдан) лаънат бўлур ва улар учун нохуш диёр (жаҳаннам) бордир». (Раъд, 25).

كُلُوا وَاشْرَبُوا مِنْ رِزْقِ اللَّهِ وَلَا تَعْثَوْا فِي الْأَرْضِ مُفْسِدِينَ

«Аллоҳнинг ризқидан еб-ичингиз, Ер юзида бузғунчилик қилмангиз!» (Бақара: 60).

 

Парвардигорнинг иродасига қарши бориб, бегуноҳ одамларни ўлдирган ва хўрлаган кимсалар дунё ҳаётида ютуққа эришамиз, деб ўйласалар қаттиқ хато қилган бўлишади. Зеро, Қуръони каримда шундай дейилган:

 

إِنَّ اللَّهَ لَا يُصْلِحُ عَمَلَ الْمُفْسِدِينَ

«Аллоҳ бузғунчи кимсаларнинг ишини ўнгламайди» (Юнус: 81).

 

Қуръон ва ҳадисни тўғри тушуниш ҳамда терроризм ислом динида қораланиши ва унинг салбий оқибатлари ҳақида мактаб, лицей, коллеж ва олийгоҳларда маърузалар олиб борилиши ўқувчи ва талабаларда иммунитет пайдо бўлар эди.

 

Терроризм мусулмон олимлари томонидан динга ёт эканлиги ва унинг гуноҳ эканлиги тўғрисида фатволар беришган. Шунингдек, исломий ташкилотлар ҳам бир неча қарорлар қабул қилишди. Жумладан, 2006 йил 24-28 июнь Иордания пойтахти Аммон шаҳрида халқаро ислом фиқҳи академияси ўзининг ўн еттинчи сессия мажлисини ўтказди. Мажлис аъзоси “Исломда ҳаддан ошиш, экстремизм ва терроризмга муносабат” мавзусида келган тадқиқотларни ўрганиб чиқди. Ҳамда шу мавзу тўғрисида баҳс ва мунозаралар тингланди. Мажлис охирида қуйидаги хулосага келинди:

 

- Терроризмнинг барча кўринишлари ва ҳаракатлари ҳаром. Булар қаерда ва ким томонидан амалга оширилган бўлса ҳам жанговор жиноятлар сирасига кирувчи жиноий ҳаракатлар ҳисобланади. Террористик ҳаракатларга бевосита алоқадор бўлган, билвосита қатнашган, молиялаштирган ёки қўллаб -қувватлаб турган якка шахслар, гуруҳлар, давлатлар барчаси террорист ҳисобланади.

- Террористик жиноят ва шаръий қонун орасини ажратиш. Чунки шаръий қонун зулмни кетказиш ва тортиб олинган ҳақларни қайтариб олишга ўхшаш илоҳий қонундир. Террористик жиноят эса бунинг аксидир. Бу шаръан ва ақлан эътироф этилган ва халқаро битимлар тасдиқлаган адолатдир.

Al-Buxoriy

Рейтинг@Mail.ru