JM News Portal - шаблон joomla Продвижение

“Нур”чилар

“Нур”чилар

“Нур”чилар – диний миллатчилик руҳидаги турк ташкилоти бўлиб, унинг асосчиси курд миллатига мансуб Саид Нурсий (1876-1960) ҳисобланади. Унинг “Кастаману лахикаси”, “Земъалар”, “Генчлик реҳбери”, “Калимот”, “Мактубот”, “Ламъалар”, “Шуъалар”, “Асои Мусо”, “Маснавийи Нурия”, “Ишоротул Иъжоз”, “Тарихчаи Ҳаёт”, “Сиккаи Тасдиқи Ўайбий” номли китоблари “нур”чиликни тарғиб қилишда асосий қўлланмалардан ҳисобланади.

6000 саҳифалик “Рисолаи-нур” китоби дунёнинг ўн беш тилига таржима қилиниб, Саид Нурсийнинг катта меҳнати эвазига дунё юзини кўрган. Унинг ўзи мазкур китобга “Рисолаи Нур” бу асрни ва келажак асрларни нурлантирган бир мўъжизаи Қуръонийдир”, - дея баҳо беради.

Бироқ, мазкур асар Туркия Жумҳуриятининг янги қурилган илк даврида “халифалик” кўринишидаги ислом давлатидан Европа менталитети руҳидаги секуляризм (дунёвийлик) принципи асосида давлат сиёсати юргизила бошланиши фундаменталистик ғояларга жуда яқин бўлганлиги учун кескин эътироз ва давомийли қаттиқ таъқибларга сабаб бўлган. Нурсий Туркия давлатининг исломга бўлган муносабати туфайли дунёвий давлат ўрнатилишига қарши чиққан ва атрофдагиларни мавжуд муаммоларни “исломга даъват этиш орқали ҳал қилишга” чақирган. Унинг фикрича, “Рисолаи нур” вайрон этилган кичкина хонани таъмир этмайди, балки вайронга айлантирилган ва буюк тоғлардек улкан тошлардан бунёд этилган ислом муҳити қалъсини таъмирлайди”.

Нурсий тараққиёт сабабли юзага келган муаммоларни ҳал этишда диний қарашларни замонага мос равишда яқинлаштирган ҳолда, оддий ва енгил шарҳлаши сабабли “Бадиуззамон” (“Вақт ҳаками”) даражасига кўтарилди ҳамда минтақа ва мамлакатда юксак обрўга эга бўлди. Бироқ, Туркия давлат тузуми ва оттатуркчиликка қарши кураши туфайли сургун қилинади ва 1960 йилда вафот этади.

Саид Нурсийнинг шогирдларига берган машҳур дарслари рисолалар тарзида чоп этилиб, баъзилари тўғридан-тўғри дарснинг рақами билан, масалан, «Йигирма бешинчи дарс» деб аталади. Оқим адабиётларининг мазмуни ўта фалсафий мушоҳада ва тамсиллардан иборат бўлиб, баъзи жиҳатларда чалкашлик мавжуд.

Бу ўринда яна бир нарсага эътибор қаратиш лозимки, оқим вакиллари ўзларига янги аъзони жалб этишда биринчи навбатда «Нур»чилар жамоаси фаолияти сиёсатдан узоқ деган фикрни берадилар. Аслида бу бир ниқоб бўлиб, уларнинг фаолияти негизида сиёсатга аралашув ётади.

Унинг вафотидан сўнг “нур”чилар ҳаракати етти йўналишга бўлиниб кетди. Улар “Фатҳулло Гюлен” ёки “Фатҳуллачилар” (раҳбари Ф.Гулен ), “Янги Осиё” (раҳбари Меҳмет Қутлулар), “Янги насл” (раҳбари Мехмет биринчи), “Мед Зехра” (раҳбари Сиддиқ Дурсун), “Ажз-и Менди” (раҳбари Муслим Гундуз), “Шура” (раҳбари Меҳмет қирқинчи) ва “Язичи” (раҳбарлари Хусрав Олтин ва Сайид Нурий Эртурк) каби йўналишларидир.

Ҳозирги кунда “нур”чиларни ёрқин кўзга кўринган намоёндаси бўлмиш Фатҳулла Гюлен 1942 йилда Туркиянинг Эрзурум шаҳрида туғилган. Нурчиларнинг Измирдаги ҳаракати режаларини ишлаб чиққан ва ҳаракат иштирокчиларининг амалий машғулотларига раҳбарлик қилган. У замонавий “нур” ҳаракатини диний ва ирқий келиб чиқишидан қатъий назар, дунё халқларига ислом динини тарқатиш, ягона диний бирликни яратиш ва Аллоҳнинг бирлигини исломий асосда инсониятга тан олдиришдир, деб қарамоқда.

Нотиқлик ва одамларни ишонтира олиш қобилиятига эга бўлган Гюленнинг жамоатчилик олдига чиқишлари ва фаолияти турк жамияти томонидан кенг муҳокамага сабаб бўлмоқда. Унинг қаламига мансуб 24 та китоб ва 130 дан зиёд турли видеокассета мавжуд. Туркияда Гюлен ташкил қилган 90 та турли жамғармалар, 103 та хусусий мактаб, 211 та ширкат, 160 та ўқув курслари ва 500 га яқин ётоқхоналар фаолият кўрсатмоқда. Туркияда Гюлен томонидан ташкил этилган турли жамғармалар, хусусий мактаблар, ширкатлар, ўқув курслари фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, у “Бадиуззамон” жамияти “Saman yoli”, TGTR телеканалига ва бир қанча радиостанцияларга эгалик қилади, даврий нашрлар бўлмиш “Заман”, “Сызынты”, “Йани умит”, “Зафер”, “Сур”, “Бизим Аиле”, “Фонтан”, “Нур”лар фаолиятини назорат қилади. Маълумотларга кўра мавжуд 80 вилоятлар ҳокимларининг 30 нафари Ф.Гюленнинг ўқувчилари ва издошлари ҳисобланадилар.

Шунингдек, Туркиядан ташқарида, масалан Германияда Гюлен тарафдорлари томонидан тил мактаби, иккита ўқув маркази, радиостанция, касалхона ва болалар боғчаси, Голландия ва Швейцарияда – иккита жамғарма, Болқонда – иккита хусусий мактаб, Марказий Осиёда – 128 та хусусий лицей ва 6 та университет, Яқин Шарқ ва Африкада – 3 та мактаб ва 2 та тил курслари, АҚШда – 2 та ётоқхона ва масжид ташкил қилинган. Гюленнинг иқтисодий манбаи бўлиб «Азия Файненс», «Ишик» каби энг йирик суғурта ва кўплаб тижорат компаниялари хизмат қиладилар ва одатда бу ҳомийлар ўз ёрдамларини ошкора қилмайдилар. Таълим масканларида фаолият кўрсатаётган уч мингдан ортиқ ўқитувчиларга 400 дан 1400 АҚШ долларгача ойлик маош берилиши маълум. Хорижий давлатлардаги таълим масканларнинг очилишига жами 1 миллиард 205 миллион АҚШ доллари сарфланган ва ҳозирги кунда ҳам ўқув масканларнинг ишини юритиш учун бир миллиард долларлик бюджет тасдиқланаётгани оммавий ахборот воситаларида эълон қилинмоқда.

1990 йиллар бошларида «Нур»чиларнинг турли турк фирмалари, тадбиркорлари, милиий ва ўқув марказлари Ўзбекистонга кириб кела бошлаган. Жумладан, Туркияга ўқишга бориб, қайтариб келтирилган ёшлар “таъсир доираси”га тушиб қолганлари, шунингдек, юртимизда турк лицейи ўқитувчи-эмиссарларининг фаолияти натижасида юзага келган. Мавжуд маълумотларга кўра ушбу лицейлар ўқитувчиларини асосий қисмини Туркия Қуролли кучлар сафида муқаддам хизмат қилиб, диний экстремистик оқим ғоялари таъсирига тушган шахслар ташкил этган. Ўзбекистонда турк эмиссарларининг фаолиятлари Қарши, Навоий, Нукус, Самарқанд, Тошкент ва Урганч шаҳарларида амалга оширилган. Асосан турк лицейларининг очилиши улардаги даражасининг юқорилиги билан халқ орасида анчагина эътибор топади. “Нур”чиларнинг режасига кўра, 10-15 йиллардан сўнг мазкур лицейнинг битирувчилари ўз мамлакатларида йирик сиёсий арбоблар ва тижоратчилар бўлиб етишар эдилар.

Юқоридаги маълумотлардан хулоса қилиб айтиш мумкинки «Нурчилар» ҳаракатида очиқдан-очиқ конституцион тузумга қарши кураш, Ислом давлатини қуриш ғоялари мавжуд бўлмасада, мазмун ва моҳият жиҳатидан унинг ғоялари ва ушбу оқим томонидан чоп қилинган адабиётлар фундаменталистик таълимотларнинг аҳоли орасида илдиз отиб кетишига асос яратиб, жамият осойишталигига хавф солувчи ақидапарастлик ғояларини тарғиб этишга хизмат қилади. Хусусан, улар Туркия атрофида ягона Ислом динига асосланган Халифалик кўринишадаги давлат ўрнатишга ҳаракат қилишади. Бунда Туркия махсус хизматлари жамоа вакилларининг имкониятларидан кенг фойдаланиб келишади. Хусусан, «Нурчилар» ўз сафларига билимли ёшларни жалб қилишидан асосий мақсад, келажакда улар давлат идораларида юқори лавозимларни эгаллагач Туркия ҳукуматига нисбатан хайрихоҳ сиёсат олиб боришлари ва жамоа аъзоларини қўллаб-қувватлашларига эришишдир.

Айни кунда Туркия давлатига ташриф буюрувчи фуқаролар «Нур»чиларнинг таъсирига тушишмоқда.

Рейтинг@Mail.ru