JM News Portal - шаблон joomla Продвижение

Муаллақ талоқ масаласида салафийларнинг хатоси

Муаллақ талоқ масаласида салафийларнинг хатоси

Эркак киши аёлининг талоқ бўлишини унинг бирор иш қилишига боғлиқ қилса, масалан, "фалон ишни қилсанг талоқсан"га ўхшаш сўз билан, ёки унинг ихтиёридан ташқари бирор ҳодисанинг воқе бўлишига талоқни боғлиқ қилса, масалан, “янги ой чиқса талоқсан”,

деганга ўхшаш сўз айтса, аёл айтилган ишни қилса, ёки шарт топилиб янги ой чиқса, албатта талоқ воқе бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Аввало, бу масала фуқаҳолар тилида “муаллақ талоқ”, деб номланади. Яъни, аёлнинг талоқ бўлишини бирор иш ё ҳаракатга боғлиқ қилинган талоқ. Шартга боғлиқ қилинган муаллақ талоқнинг икки хил кўриниши бор:

1-Қасам кўринишидаги шартли талоқ;

2-Қасам кўринишида бўлмаган оддий, шартли талоқ.

Эр аёлга талаб қўйиб, ёки аёлни бирор фелдан таъқиқлаб, талоқ билан шарт қўйса, буни қасам кўринишидаги муаллақ талоқ, дейилади. Масалан, “Фалончига гапирсанг талоқсан”, “Агар шу ҳовлига кирсанг талоқсан”, деган ибораларда эр аёлга кескин талаб қўймоқда ва шартни бузса, талоқ бўлишини таъкидламоқда. Баъзида инсон ўзининг рост сўзлаётганини исботлаш ниятида ҳам аёлининг талоғини шартга боғлайди, масалан: “Мен бу ишни қилган эмасман! Агар қилган бўлсам аёлим талоқ бўлсин..”, деганга ўхшаш. Булар қасам кўринишига эга бўлган муаллақ талоқнинг мисолларидир. Қасам кўринишидаги шартли талоқ сўзини айтган эрнинг асл мақсади, юқорида ишора қилинганидек аёлига кескин талаб қўйиш ёки бирон хабарни такидлаш бўлади.

Агар эр ҳеч қандай талаб қўймасдан, аёлнинг талоғини унинг ихтиёрида бўлмаган нарсага боғлаб шартли талоқ қилса, масалан, “янги ой кўриниши билан талоқсан”, деган ибора билан, буни шартга боғлиқ қилинган оддий муаллақ талоқ, дейилади. Одатда талоқни бу каби шартга боғлаган эрнинг асл мақсади—шарт топилиши билан аёлидан талоқ билан ажрашиш бўлади холос. Қасам кўринишидаги каби бошқа мақсадлар бўлмайди.

Жумҳур уламо—Ҳанафий, Моликий, Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳабларининг муассислари-ю мунтасиблари якдиллик билан “шартга боғланган талоқ саҳиҳдир ва қачонки шарт топилса, талоқ воқеъ бўлади, бир талоқ—деган бўлса, бир талоқ. уч талоқ—деган бўлса уч талоқ...”, деганлар. Шунингдек, тўрт мазҳаб ичида ҳеч ким қасам кўринишидаги ва оддий кўринишдаги шартли талоқни бир-биридан ажратмаган. Аҳли ҳақ тарафдан муаллақ талоқнинг шарти топилганда талоқ воқе бўлиши етарлича далиллар билан изоҳлаб, батафсил баён қилиб берилган. Улар ичида айниқса, имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ бу масалага алоҳида урғу берган, бошқаларга нисбатан кўпроқ далиллар келтирган.

Шофеъий мазҳабининг йирик олимларидан Тақиюддин Субкий (р.а.) “Ад-дурратул музийя..”, номли асарида келтиришича, муаллақ талоқнинг ижмоъий эканини қуйидаги олимлар нақл қилган:

1-Имом Шофеъий роҳимаҳуллоҳ;

2-Абу Убайд роҳимаҳуллоҳ;

3-Абу Савр роҳимаҳуллоҳ;

4-Муҳаммад ибн Жарир Табарий роҳимаҳуллоҳ;

5-Абу Бакр ибн ал-Мунзир роҳимаҳуллоҳ;

6-Муҳаммад ибн Наср ал-Марвазий роҳимаҳуллоҳ;

7-Ҳофиз абу Амр ибн Абдулбар роҳимаҳуллоҳ;

8-Имом ибн Рушд роҳимаҳуллоҳ;

9-Имом ал-Божий роҳимаҳуллоҳ.

Мазкур масалада ижмоъ қилингач, салафи солиҳларнинг йўлидан бошқа тарафга оғганлар ҳам бўлган. Биринчи бўлиб умматга қарши фикр билдирган Зоҳирия тоифаси бўлган. Ибн Ҳазм Зоҳирий: “муаллақ талоқ билан шарт топилса ҳам, топилмаса ҳам, қасам кўринишида бўлса ҳам, оддий кўринишда бўлса ҳам асло талоқ воқе бўлмайди каффорат тўлаш ҳам лозим бўлмайди”, деган.

Кейинчалик, жумҳурга ҳам, Зоҳирийларга ҳам қўшилмаган, учинчи “мазҳаб” ихтиро қилинди. Яъни, “Манҳажу салафис-солиҳ”, деб номланмиш Аҳмад ибн Таймия ва унинг яқин шогирди ибн Қаййим (р.а.) икковлари бошлиқ бир тўда аҳли илмларнинг йўли. Уларнинг фикрича, оддий кўринишдаги муаллақ талоқда шарт топилса, жумҳур айтганидек талоқ воқе бўлади. Лекин, қасам ниятида шартга боғланган муаллақ талоқда, шарт топилса ҳам талоқ воқе бўлмайди. Балки бу ўринда шарт топилса, қасам ичувчига жазо сифатида каффорат тўлаш вожиб бўлади. Яъни, бир қулни озод қилиш, топилмаса, ўнта мискинни тўйдириш ё кийинтириш, унга ҳам қодир бўлмаса, уч кун рўза тутиб бериш.

Аҳмад ибн Таймия (р.а.) билан асрдош, шофеъий мазҳабининг йирик олими Тақиюддин Субкий (р.а.) “Муаллақ талоқ” масаласига бағишлаб ёзган “Ад-дурратул музийя фир-радди ъала ибнТаймия” номли рисоласида айтишича, Аҳмад ибн Таймия (р.а.) қарийб олтмишта масалада жумҳурга қўшилмаган. У биринчи бўлиб “муаллақ талоқ” масаласидаги шахсий хато фикри билан жамоъатдан ажраган.

Бугунги кунда “биз саҳобалар йўлидамиз, соф асл исломга даъват қиламиз”, деб оламга айюҳаннос солаётган салафийлар юқоридаги масаланинг ҳақиқатини билишармикин?! Билмаса билиб қўйишсин, улар умматни салафи солиҳлар йўлига эмас, балки ўз раҳнамолари Ибн Таймия ихтиро қилган бузуқ оқимга чорламоқдалар!

МУТАШОБИҲ ОЯТЛАРНИ ТАЪВИЛ ҚИЛИШ ҲАҚИДА

Қуръони каримда ва баъзи ҳадисларда шундай оят ва иборалар борки, уларнинг зоҳирий маъносига суянилса Аллоҳ таолога муносиб бўлмаган қусурли ақида ва тушунчалар келиб чиқади. Мисол учун “Ядуллоҳ” (Аллоҳнинг қўли), “Важҳуллоҳ” (Аллоҳнинг юзи) кабилар. Бундай ибораларни “муташобиҳ наслар” дейилади.

Муташобиҳ насларни изоҳлашда аҳли суннанинг аввалги салафи-солиҳ олимлари билан кейинги халаф уламоларининг орасида икки хил услуб бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга яқин бахтли замонларда яшаган салафи солиҳларимиз муташобиҳ оятларни зоҳиридан таъвил қилмас, шу билан бирга уни тушунишда Аллоҳ таолони ҳеч бир махлуқотига ўхшатмас, кайфияти ҳақида ҳеч бир сўз айтмас ҳам эдилар. Бироқ, замонлар ўтиб, эътиқодий талаб юзасидан муташобиҳ оятларни таъвил йўли билан изоҳлашга эҳтиёж туғилди. Муташобиҳ оятларга таъвил йўли билан маъно берилмаса унинг зоҳирига асосан ташбиҳ, тажсим ақидалари шаклланиб қолиш эҳтимоли юқорилаб кетди. Аҳли суннанинг халаф уламолари, дин ҳимоячилари зарурат юзасидан таъвил йўлини танладилар. Уларнинг мақсади—авом халқ Аллоҳ таоло ҳақида бўлмағур ақидага суяниб, адашиб қолмасин, деган хайрли мақсад эди холос.

Бироқ, кейин пайдо бўлган янги зоҳирийлар (салафий, ваҳҳобий ва ҳоказо тафсирда таъвилни қабул қилмаган бошқа тоифалар) ўзларини худди салафи солиҳлардек эканини иддао қилишган ҳолда муташобиҳ ибораларни изоҳлашда таъвилдан бош тортдилар. Бу билан кифояланибгина қолмасдан таъвил йўлидан юрган уламоларимизни адашганликка чиқариб оламга жар солдилар ва ҳаммага эълон қилдилар. Натижада ўзлари ҳам адашди издошларини ҳам адаштирдилар. Таъвилни тан олмаганларни кўринг, ақидавий ихтилоф ва зиддиятлар гирдобида юрганига шоҳид бўласиз.

Салафий-ваҳҳобийлик оқими раисларидан бири Ибн Боз 1418 ҳижрий санада чиқарган 19606 рақамли фатвосида шундай ёзади:

إنّ تأويل النصوص الواردة في القران والسنة في صفات الله جلّ و علا هو خلاف ما أجمع عليه المسلمون من لدن الصحابة و التابعين و من سار على نهجهم إلى يومنا هذا.

Таржима: Қуръони карим ва суннати набавияда аллоҳ таолонинг сифатлари ҳақида келган насларни таъвил қилиб, зоҳиридан яширин маъно тарафга бурмоқ бу—саҳобалар, тобеинлар ва улар йўлида юрган барча мусулмонлар ижмосига хилоф ишдир!

Ибн Боз юқоридаги фатвосида таъвилни ижмоъ билан ҳужжатлаб инкор этган бўлсада, унинг ўзи 1415 ҳижрий сана жумодул-увла, ҳаж журнали 74 саҳифасида ушбу

و هو  معكم  أينما  كنتم 

"ва  у  (Аллоҳ)  қаерда  бўлсангиз (ҳам)  сизлар  билан  биргадир" (Ҳадид 57) мазмундаги оятини: “бизни  ҳамиша  билиб  туради”  деб, Аллоҳнинг биргалиги бу—бизни ҳамма ерда билиб туришидир, деб таъвил қилишга мажбур бўлган эди.

Энди, Ибн Боздан бир неча юз йиллар олдин яшаб ўтган, Ислом илм-фанида баракали ижод қилган улуғ олим имом Нававий (вафоти 676 ҳж) Қози Иёзнинг ушбу қавлини (Муслимнинг шарҳи 5/ж. 24/б. Байрут) нақл қилган ижмоъга диққатингизни жалб қиламиз:

 لا خلاف بين المسلمين قاطبةً فقيههم و محدثهم و متكلمهم ونظارهم و مقلدهم أن الظواهر الواردة بذكر الله تعالى في السماء كقوله تعالى : "أأمنتم من في السماء " ونحوه ليست على ظاهرها بل متأولة عند جميعهم.

 Таржима: зоҳиридан "Аллоҳ таоло осмонда” дейилган оятлар масалан أأمنتم من في السماء

ояти ва шу каби бошқа муташобиҳ оятларни зоҳирий маносича тафсир қилмоқ дуруст эмасдир. Балки бундай оят ва ҳадислар барча мусулмонлар фақиҳлари, мухаддислари, илоҳиётчи-ю назариётчилари ва ҳатто муқаллидларининг иттифоқи билан таъвил қилинади.

Бу ерда имом Нававийнинг сўзи устун эканини исботлашга ортиқча зарурат йўқ. Зотан, ибн Бознинг нақл қилган ижмоъси билан имом Нававий нақл қилган ижмоъни бир тарозининг икки палласига қўйилса, ибн Бознинг сўзи пашшанинг қанотича ҳам тош босмаслигини ислом илмларидан салгина хабари бор оддий талаба ҳам жуда яхши билади. Имом Нававий қаерда-ю ибн Боз қаерда...

Имоми Шофиъийга мансуб " ал-Ҳийда " асарида у кишининг бир мўтазилий билан муташобиҳ оятларнинг таъвили хусусида олиб борган қисқагина мунозараси келтирилади:

Мўтазилий:

—    биз Қуръони карим оятларини зоҳирини эътиборга оламиз ва сизларга ўхшаб асло таъвил қилмаймиз.

Имоми Шофиъий:

—    ундай бўлса ушбу ояти карима ҳақида нима дейсизлар (ҳазрати Исо алайҳис саломнинг сўзини Аллоҳ таоло ҳикоя қилиб айтади): "менинг нафсимдагини Сен биларсан аммо, мен Сенинг нафсингдагини билмасман. Албатта, Сен ғайб илмини ҳам (жуда яхши билгувчи ) олимидирсан". моида /116

Мўтазилий:

—    Бу оятнинг ҳам зоҳирини оламиз. Яъни Аллоҳнинг нафси бор деб этиқод қиламиз.

Имом Шофиъий:

—    Аллоҳ таоло Оли-Имрон сураси 185 оятида шундай дейди "ҳар бир нафс ўлим таъмини тотиб кўргувчидир". Сиз юқоридаги оятннг зоҳири бўйича Аллоҳнинг нафси бор деб билсангиз, демак бу ояти кариманинг зоҳирига биноъан, “Аллоҳ ўлим таъмини тотгувчи” деб билар экансизда....? Астағфируллоҳ! Аллоҳ бундай нуқсондан покдир.

Имом Шофиъийнинг бу саволидан кейин мўтазилий ўйланиб, нима деб жавоб беришни билмай қолди ва мантиқий далиллар билан мунозара қилишни таклиф қилди. Бу услубда ҳам ҳам имом Шофиъийнинг қўли баланд келди.

Машҳур ислом олими ҳамюртимиз аллома Насафий "менинг нафсимдагини биларсан сенинг нафсингдагини билмасман" оятини шундай таъвил қилган эдилар:

Яъни: "менга маълум бўлган нарсаларни барини Сен биларсан, Сенга маълум бўлган нарсаларни эса мен билмасман".

Таъвил қилинмаса, нотўғри тушуниладиган баъзи ҳадислар:

 “Аллоҳ таоло ўз соясидан бошқа ҳеч бир соя бўлмайдиган қиёматда етти синф инсонни ўз соясида соялантиради”. (Бухорий) Соя—“ҳимоя" деганидир.

 “Султон ерда Аллоҳнинг соясидир”. (Табароний) яъни: мусулмон султоннинг амри вожибдир.

 “Аллоҳ таоло шом ва тонг вақтида ер самосига тушади”. (Бухорий) яъни: Аллоҳнинг раҳмати тушади.

 “Уч синф инсонга Аллоҳ таоло кулади”. (Табароний) Кулмоқ бу – рози бўлмоқ деганидир.

 “Жаннат – қиличларнинг сояси тагидадир”. (Муслим) яъни: кофир душманларга қарши жанг қилган мўмин жаннатга киради.

 “Жаннат – оналарнинг оёқлари остидадир”. (Муслим) Жаннат мусулмон бўлган ота-онанинг розилиги билан боғлиқдир.

 “Намозни қасддан тарк этган кимса кофирдир”. (Табароний) яъни: намознинг фарз эканлигига ишонмаган кимса кофирдир. Аммо, фарзлигини тан олиб, дангасалик қилиб намоз ўқимаган кишига кофир дейилмайди.

 “Мўмин киши зино қилаётганда, шароб ичаётганда ва ўғирлик қилаётганда мўмин эмас”. (Муслим) яъни: шу ҳолатлардаги киши комил мўмин эмас демакдир.

Рейтинг@Mail.ru