JM News Portal - шаблон joomla Продвижение

Муташобиҳ оятларни таъвил қилиш ҳақида

Муташобиҳ оятларни таъвил қилиш ҳақида

Қуръони каримда ва баъзи ҳадисларда шундай оят ва иборалар борки, уларнинг зоҳирий маъносига суянилса Аллоҳ таолога муносиб бўлмаган қусурли ақида ва тушунчалар келиб чиқади. Мисол учун “Ядуллоҳ” (Аллоҳнинг қўли), “Важҳуллоҳ” (Аллоҳнинг юзи) кабилар. Бундай ибораларни “муташобиҳ наслар” дейилади.

 

Муташобиҳ насларни изоҳлашда аҳли суннанинг аввалги салафи-солиҳ олимлари билан кейинги халаф уламоларининг орасида икки хил услуб бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга яқин бахтли замонларда яшаган салафи солиҳларимиз муташобиҳ оятларни зоҳиридан таъвил қилмас, шу билан бирга уни тушунишда Аллоҳ таолони ҳеч бир махлуқотига ўхшатмас, кайфияти ҳақида ҳеч бир сўз айтмас ҳам эдилар. Бироқ, замонлар ўтиб, эътиқодий талаб юзасидан муташобиҳ оятларни таъвил йўли билан изоҳлашга эҳтиёж туғилди. Муташобиҳ оятларга таъвил йўли билан маъно берилмаса унинг зоҳирига асосан ташбиҳ, тажсим ақидалари шаклланиб қолиш эҳтимоли юқорилаб кетди. Аҳли суннанинг халаф уламолари, дин ҳимоячилари зарурат юзасидан таъвил йўлини танладилар. Уларнинг мақсади—авом халқ Аллоҳ таоло ҳақида бўлмағур ақидага суяниб, адашиб қолмасин, деган хайрли мақсад эди холос.

Бироқ, кейин пайдо бўлган янги зоҳирийлар (салафий, ваҳҳобий ва ҳоказо тафсирда таъвилни қабул қилмаган бошқа тоифалар) ўзларини худди салафи солиҳлардек эканини иддао қилишган ҳолда муташобиҳ ибораларни изоҳлашда таъвилдан бош тортдилар. Бу билан кифояланибгина қолмасдан таъвил йўлидан юрган уламоларимизни адашганликка чиқариб оламга жар солдилар ва ҳаммага эълон қилдилар. Натижада ўзлари ҳам адашди издошларини ҳам адаштирдилар. Таъвилни тан олмаганларни кўринг, ақидавий ихтилоф ва зиддиятлар гирдобида юрганига шоҳид бўласиз.

Салафий-ваҳҳобийлик оқими раисларидан бири Ибн Боз 1418 ҳижрий санада чиқарган 19606 рақамли фатвосида шундай ёзади:

إنّ تأويل النصوص الواردة في القران والسنة في صفات الله جلّ و علا هو خلاف ما أجمع عليه المسلمون من لدن الصحابة و التابعين و من سار على نهجهم إلى يومنا هذا.

Таржима: Қуръони карим ва суннати набавияда аллоҳ таолонинг сифатлари ҳақида келган насларни таъвил қилиб, зоҳиридан яширин маъно тарафга бурмоқ бу—саҳобалар, тобеинлар ва улар йўлида юрган барча мусулмонлар ижмосига хилоф ишдир!

Ибн Боз юқоридаги фатвосида таъвилни ижмоъ билан ҳужжатлаб инкор этган бўлсада, унинг ўзи 1415 ҳижрий сана жумодул-увла, ҳаж журнали 74 саҳифасида ушбу

و هو معكم أينما كنتم

"ва у (Аллоҳ) қаерда бўлсангиз (ҳам) сизлар билан биргадир" (Ҳадид 57) мазмундаги оятини: “бизни ҳамиша билиб туради” деб, Аллоҳнинг биргалиги бу—бизни ҳамма ерда билиб туришидир, деб таъвил қилишга мажбур бўлган эди.

Энди, Ибн Боздан бир неча юз йиллар олдин яшаб ўтган, Ислом илм-фанида баракали ижод қилган улуғ олим имом Нававий (вафоти 676 ҳж) Қози Иёзнинг ушбу қавлини (Муслимнинг шарҳи 5/ж. 24/б. Байрут) нақл қилган ижмоъга диққатингизни жалб қиламиз:

لا خلاف بين المسلمين قاطبةً فقيههم و محدثهم و متكلمهم ونظارهم و مقلدهم أن الظواهر الواردة بذكر الله تعالى في السماء كقوله تعالى : "أأمنتم من في السماء " ونحوه ليست على ظاهرها بل متأولة عند جميعهم.

Таржима: зоҳиридан "Аллоҳ таоло осмонда” дейилган оятлар масалан أأمنتم من في السماء

ояти ва шу каби бошқа муташобиҳ оятларни зоҳирий маносича тафсир қилмоқ дуруст эмасдир. Балки бундай оят ва ҳадислар барча мусулмонлар фақиҳлари, мухаддислари, илоҳиётчи-ю назариётчилари ва ҳатто муқаллидларининг иттифоқи билан таъвил қилинади.

Бу ерда имом Нававийнинг сўзи устун эканини исботлашга ортиқча зарурат йўқ. Зотан, ибн Бознинг нақл қилган ижмоъси билан имом Нававий нақл қилган ижмоъни бир тарозининг икки палласига қўйилса, ибн Бознинг сўзи пашшанинг қанотича ҳам тош босмаслигини ислом илмларидан салгина хабари бор оддий талаба ҳам жуда яхши билади. Имом Нававий қаерда-ю ибн Боз қаерда...

Имоми Шофиъийга мансуб " ал-Ҳийда " асарида у кишининг бир мўтазилий билан муташобиҳ оятларнинг таъвили хусусида олиб борган қисқагина мунозараси келтирилади:

Мўтазилий:

— биз Қуръони карим оятларини зоҳирини эътиборга оламиз ва сизларга ўхшаб асло таъвил қилмаймиз.

Имоми Шофиъий:

— ундай бўлса ушбу ояти карима ҳақида нима дейсизлар (ҳазрати Исо алайҳис саломнинг сўзини Аллоҳ таоло ҳикоя қилиб айтади): "менинг нафсимдагини Сен биларсан аммо, мен Сенинг нафсингдагини билмасман. Албатта, Сен ғайб илмини ҳам (жуда яхши билгувчи ) олимидирсан". моида /116

Мўтазилий:

— Бу оятнинг ҳам зоҳирини оламиз. Яъни Аллоҳнинг нафси бор деб этиқод қиламиз.

Имом Шофиъий:

— Аллоҳ таоло Оли-Имрон сураси 185 оятида шундай дейди "ҳар бир нафс ўлим таъмини тотиб кўргувчидир". Сиз юқоридаги оятннг зоҳири бўйича Аллоҳнинг нафси бор деб билсангиз, демак бу ояти кариманинг зоҳирига биноъан, “Аллоҳ ўлим таъмини тотгувчи” деб билар экансизда....? Астағфируллоҳ! Аллоҳ бундай нуқсондан покдир.

Имом Шофиъийнинг бу саволидан кейин мўтазилий ўйланиб, нима деб жавоб беришни билмай қолди ва мантиқий далиллар билан мунозара қилишни таклиф қилди. Бу услубда ҳам ҳам имом Шофиъийнинг қўли баланд келди.

Машҳур ислом олими ҳамюртимиз аллома Насафий "менинг нафсимдагини биларсан сенинг нафсингдагини билмасман" оятини шундай таъвил қилган эдилар: 

              Яъни: "менга маълум бўлган нарсаларни барини Сен биларсан, Сенга маълум бўлган нарсаларни эса мен билмасман".

Таъвил қилинмаса, нотўғри тушуниладиган баъзи ҳадислар:

“Аллоҳ таоло ўз соясидан бошқа ҳеч бир соя бўлмайдиган қиёматда етти синф инсонни ўз соясида соялантиради”. (Бухорий) Соя—“ҳимоя" деганидир.

“Султон ерда Аллоҳнинг соясидир”. (Табароний) яъни: мусулмон султоннинг амри вожибдир.

“Аллоҳ таоло шом ва тонг вақтида ер самосига тушади”. (Бухорий) яъни: Аллоҳнинг раҳмати тушади.

“Уч синф инсонга Аллоҳ таоло кулади”. (Табароний) Кулмоқ бу – рози бўлмоқ деганидир.

“Жаннат – қиличларнинг сояси тагидадир”. (Муслим) яъни: кофир душманларга қарши жанг қилган мўмин жаннатга киради.

“Жаннат – оналарнинг оёқлари остидадир”. (Муслим) Жаннат мусулмон бўлган ота-онанинг розилиги билан боғлиқдир.

“Намозни қасддан тарк этган кимса кофирдир”. (Табароний) яъни: намознинг фарз эканлигига ишонмаган кимса кофирдир. Аммо, фарзлигини тан олиб, дангасалик қилиб намоз ўқимаган кишига кофир дейилмайди.

“Мўмин киши зино қилаётганда, шароб ичаётганда ва ўғирлик қилаётганда мўмин эмас”. (Муслим) яъни: шу ҳолатлардаги киши комил мўмин эмас демакдир.

Рейтинг@Mail.ru