JM News Portal - шаблон joomla Продвижение

Наждлик олимдўстларимизга самимий насиҳатлар 1-қисм

Наждлик олимдўстларимизга самимий насиҳатлар 1-қисм

(Салафийларга раддия) 

Муаллиф: Шайх Юсуф ибн Саййид Ҳошим ар-Рифоий

Муқаддима муаллифи: Шайх Рамазон Ал-Бутий

МУҚАДДИМА

 

Унинг неъматлари ила барча яхшиликлар содир бўлувчи Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга, у кишининг оилалари ва саҳобаларига саловату саломлар бўлсин.

Саййид Юсуф ар-Рифоий Қувайтнинг энг таниқли фозил уламоларидан биридир. У билан танишганимдан бери мен унинг Ислом йўлидаги илмий фаоллиги, ҳақ йўлга чақириши, инсоният ва жамият учун қайғуриши ҳамда хайрли амалларига гувоҳ бўлдим.

У яхшиликка чақирувчи ва ёмонликдан огоҳлантирувчи сифатида барча мавжуд имкониятлардан фойдаланади. Ўз илмий фаолиятида Аллоҳга бўлган муҳаббатга ва Унинг бандаларига бўлган меҳр-шафқатга таянувчи, барча исломий гуруҳлар ва жамоатлар билан биродарлик ришталарини боғлаш асосида ўзаро муносабатларни ўрнатувчи ва биродарлик руҳини мустаҳкамлаш учун ўзининг самимий насиҳатлари орқали, Аллоҳ таолонинг: “Биродарларингизнинг ўрталарини ислоҳ қилинг” деган сўзлари ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Дин насиҳатдир” деган сўзларини шиор қилиб олгандир.

Булар, Аллоҳ Таолонинг бандалари ичидаги содиқ инсонларнинг сиймосидир.Улар шундай инсонларки, Унинг амрларини фақат софдиллик ва ихлос асосида бажарадилар. Бундай пок инсонларни уларнинг сиймоларидан билиб олишимиз мумкин ва биз асоссиз равишда ҳеч нарсани таъкидламаймиз.

Мен ушбу рисолани ўқиб чиқдим. Менинг эътиборимни унинг чиройли ва жозибали номи ўзига жалб қилдики, у Аллоҳнинг розилиги йўлида хизмат қилишда чин ихлос ва ўзаро биродарлик ҳиссини ўзида мужассам қилгандир:

“Наждлик олим дўстларимизга самимий насиҳатлар”.

Агар мен ушбу номда, унинг ичидагиларга тескари нарсаларни кўрганимда, ўзимнинг қимматли вақтимни кетказиб, уни ўқиб ўтирмасдан, ундан юз ўгирган бўлардим. Лекин, мен уни ўқиб чиққанимда, унинг мазмуни ўз номига жуда ҳам мос эканлигини кўрдим.

Ушбу сўзлар, сокинлик билан айтилган, ўзига жалб қилувчи насиҳатлар бўлиб, Аллоҳнинг динини астойдил ҳимоя қилувчи, диндош биродарларига холис меҳрибонлик туйғуси билан йўғрилган ва уларни Аллоҳнинг йўлида собитқадам бўлишларига чақириқни ўзида мужассам қилган эди.

Саййид Юсуф ар-Рифоий томонидан ўз биродарларига қилган насиҳатларини ўзимнинг билимларимдан келиб чиққан ҳолда бошидан охиригача таҳлил қилдим ва келтирилган масалаларни шариат мезони ва далиллари билан солиштириб, унинг торозусида тортиб кўрдим. У ўз насиҳатлари ва огоҳлантиришларида ҳақиқат йўлида эканлигига амин бўлдим. Ушбу насиҳатлар орқали, қандай мавқега эга эканликларидан ва қаерда жойлашганларидан қатъий назар, Қуръон ва Суннатга амал қилувчи, салафи солиҳлар изидан юрувчи барча мусулмон уламоларининг фикрларини баён қилгандир.

Бундан аввалги асрларда, ҳозирда ушбу мамлакат (яъни Нажд) олимлари ва масъулларининг қилаётган ишлари дарғазаб қилганчалик даражада Ислом умматини ғазаблантирган нарсани билмайман. Жумладан, Макка ва Мадина ҳамда уларнинг атрофидаги жойларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шахсий ҳаётлари ва набувватлари билан боғлиқ осори атиқаларни (тарихий обидаларни) йўқ қилиниши ва шунга ўхшаш салафи солиҳларимиз йўлларига хилоф бўлган, шариатга хилоф бўлган ишларини келтиришимиз мумкин.

Бундан ташқари, мусулмонларни Мадинаи мунавварадаги Бақеъ қабристонини зиёрат қилишдан тўсиш, у ерда одамларни дафн қилишнитақиқлаш, Ислом умматининг аксари қисмини ташкил қилувчи Имом Ашъарий ва Имом Мотуридийнинг издошларини кофир деб эълон қилишларини кўрсатишимиз мумкин. Ваҳоланки ашъарий ва мотуридийларни салафи солиҳларнинг йўлида эканлиги ва уларнинг ҳақиқий издошлари эканлигига Ислом уммати ижмо қилгандир.

Бундан ҳам ортиқ нолойиқ бўлгани - бу ишларни амалга ошираётган биродарлар виждонлари ҳеч ҳам қийналмай, жимгина ушбу ножўя амалларни қилишда давом этмоқдалар.

Ислом олимларининг барчалари таъкидлайдиган Ислом шариатининг қоидаларига кўра, авваламбор ушбу биродарлар ўзлари ҳақиқат деб ҳисоблаётган ишлар ҳақида, мисол учун, Пайғамбарлик билан боғлиқ нарсаларни, осори-атиқаларни беҳурмат қилиб камситиш, ушбу нарсаларни гўёки улар аввал бўлмаганидек йўқ қилиб ташлаганларининг сабабини тушунтирувчи очиқ далилларни келтирган ҳолда, тегишли маълумотларни тарқатишлари лозим эди. Бу ҳақидаги ўз ниятларини барчага етказишлари керак эди ва шундан сўнггина, агарда шариат ҳукми шу экан, деган хулосага келинган-да, шунга асосланган ҳолда ўзлари хоҳлаётган ишни амалга оширишлари мумкин бўларди.

Мен ҳам, Ғарб ва Шарқдаги барча мусулмонларнинг кўз ўнгида, уларнинг илмлари ва эътиқодини менсимасдан, ҳеч қандай илмий далил-ҳужжат келтирмаган ҳолда, Макка ва Мадинада содир қилинаётган ишлар сабабли даҳшат чулғаб олган миллионлаб мусулмонлардан бириман.

Бу ишлардан ҳайрон бўлган ҳолда, ўзимнинг илмларим ҳақида шубҳаланиб, гумонли нарсалар гўё тўғридек туюлиб, мен балки ниманидир билмаётгандирман, деб ўйлай бошладим. Бу гумонларим мусулмон биродарларимга нисбатан ўз мажбуриятларимни бажариш ниятида, яъни улар ҳақида ва айниқса уларнинг олимлари ҳақида имкон қадар яхши фикрда бўлиш истагидан келиб чиққан эди.

Мен салафи солиҳларнинг ҳаёт тарзлари ҳақида, саҳобаларнинг давридан бошлаб ва кейинги асрларни синчиклаб таҳлил қилишни бошладим. Улар томонидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шахсиятлари ва Пайғамбарликлари билан боғлиқ меросларга муносабатларини яна қайтадан ўрганиб чиқдим. Мен уларнинг барчаларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан боғлиқ бўлган осори атиқалардан табаррук олиш ҳақида ўзаро ҳамфикр эканликларидан бошқа нарсани топмадим. Балки, саҳобаларни ушбу ишда бир-бирлари билан мусобақа қилганларини кўрдим.

Шубҳасиз, Наждлик шайхлар ҳам биз билган барча нарсаларни биладилар, яъни Бухорий, Муслим ва бошқа муҳаддисларнинг саҳиҳ китобларида келтирилган саҳиҳ ҳадисларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг терлари, сочлари, у зот таҳорат қилган сувлари, тупуклари, фойдаланган идишлари, у зот намоз ўқиган, ўтирган жойлари ёки нутқ сўзлаган ўринлари билан саҳобалар табаррук олганликларини яхши биладилар.

Исломнинг дастлабки уч асрларида, салафи солиҳлар томонидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни эслатувчи барча нарсалардан табаррук олишларига гувоҳ бўлгани - у зот туғилган уй, Хадича розияллоҳу анҳо онамизнинг уйлари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинаи мунавварага ҳижратларининг дастлабки даврида яшаган Абу Аюб Ансорийнинг уйи, “Арис” ва “Зу туво” қудуқлари, Арқамнинг уйи ва бошқаларни улар ҳам худди биз сингари яхши билишликларига шубҳа қилмаймиз. Салафи солиҳлардан кейин яшаган авлодлар ҳам мазкур меросни кўз қорачиғидай асраб, уларни яхши муҳофаза қилиб, ушбу масалаларда ижмога (барчанинг бирдек якдиллигига) ишончли гувоҳ бўлганлар.

Бугунги кунда эса, Ислом оламига тўсатдан бир бидъат ёпирилиб келиб, Наждлик олим биродарларимиз томонидан салафи солиҳлар ва бугунги кунга қадар уларга эргашиб келган издошларининг ижмолари бутунлай йўқ қилинмоқда. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туғилган уйлари бузиб ташланиб, унинг ўрни мол бозорига айлантирилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинада меҳмонларни кутган уйлари эса ҳожатхонага айлантирилди. Бу бузғунчи қўллар, авлоддан авлодга ўтган ҳолда авайлаб асраб келинаётган Пайғамбарлик изларини ҳам аяб ўтирмади.

Энг ажабланарлиси шуки, барча Ислом олами томонидан мазкур ишларни қораланиши, мўмин-мусулмонлар ғалаёнининг кўламини ҳамда салафи солиҳларнинг ижмоси ва эътиқодини йўқ қилувчи бу бидъатларига муносабатни Наждлик шайхлар кўриб турибдилар, лекин мусулмонларга ўзларининг қилмишларини оқловчи ва уларнинг фикрларини тушунтириб берувчи бирорта сўз билан мурожаат қилмаяптилар.

Юқоридагилардан келиб чиқадики, уларнинг фикрича, бошқа барча Ислом уламолари ҳеч нарсани билмайдиган жоҳиллар ва хатокорлар бўлса керак. Ундай бўлса, Наждлик олимлар улар билмаган нарсалари ҳақида тушунтириш бериб мурожаат қилишлари лозим эди. Бошқалар ўз хатоларини тушуниб олишлари ва Наждлик олимлар бошқа Ислом аҳлидан фарқли ўлароқ, улардан ўзиб кетиб, ўзлари тушуниб етган ҳақиқатни бошқаларга ҳам англатишлари керак эди. Бу билан эса, улардан аввал мусулмон уммати тушуниб етмаган тўғри йўлга бошқаларни ҳидоят қилганликлари учун ажр-савобларга эришган бўлардилар.

Ушбу муносабат билан, бошланиб лекин якунига етмаган бир воқеани сўзлаб берсам мақсадга мувофиқ бўлади деб ўйлайман. Мен ва менинг ҳурматли биродарим, устоз, доктор Абдуллоҳ бин Абдул-Муҳсин ат-Туркий билан араб давлатларидан бирида уюштирилган учрашувда кўришганимизда, ҳозирда Нажд ерларида аввал салафи солиҳларимиз билмаган Янги Исломнинг пайдо бўлишига олиб келган изтиробли ҳолат ҳақида бир-биримизга шикоят қилдик. Ушбу вазият нафақат Ислом оламида, балки Европа ва Америкада ҳам ихтилофлар, бахслар ва адоватнинг вужудга келишига сабаб бўлди.

Доктор Абдуллоҳ мендан: “Ҳақиқатдан ҳам бу қайғули ҳолатдир. Буни қандай қилиб ҳал қилиш мумкин?”, деб сўради. Мен бунга жавобан, Наждлик биродарлар биланмуҳокама ва илмий мунозара қилиш қоидаларига риоя қилинган ҳолда уюштириладиган суҳбатлар орқали ушбу ҳолатнинг ечимини топиш мумкинлигини ҳамда шахсий мақсадларни бир четга суриб қўйиб, унга ихлос асосида ёндошилса, шундагина илм – ҳақиқат йўлига ҳидоят қилади, ҳақиқат эса якдилликка олиб келади, деб айтдим.

Шу сабабли, биз Саудия Арабистонида илмий анжуман уюштириш ва унга чуқур билимга эга, динда ихлосли бўлган ва Ислом умматини бирлаштириш истагида жонкуяр бўлган Саудиялик ўнта олимни таклиф қилиш ҳамда худди шундай тавсифга эга бўлган яна ўнта олимни бошқа араб давлатларидан таклиф қилишга келишдик.

Шунингдек, муҳокама қилинадиган саволлар рўйхатига салафи солиҳлар даврида бўлмаган, кейинчалик пайдо бўлган янги масалаларни ҳам киритишга келишиб олдик. Агар ушбу масалалар тўғрисидаги суҳбатни ҳамма эътироф этадиган илмий қоидаларга мувофиқ равишда олиб борилса, унда ҳақиқат юзага чиқиши ҳамда ҳақни беркитиб турган ва нотўғри фикрларга сабаб бўлаётган пуч ғоялар фош қилинишига умид қилса бўлади. Нотўғри фикрлаш эса, ҳаттоки диндан чиқиш ва кўплаб адашувларгаолиб боради.

Мен турли араб мамлакатларида, жумладан Сурияда яшовчи ўнта олимнинг исмини тақдим қилишни ўз зиммамга олдим, ўз навбатида у ҳам Саудия Арабистонидаги ўнта олимнинг исмини тақдим қилишни ваъда қилди. Исмлар аниқлаштирилгандан сўнг, биз учрашув вақтини тайин қилишимиз керак эди. Мана шунга келишиб, биз у билан хайрлашдик.

Мен ўз мажбуриятимни бажариб, мукаммал илмларга эга, динда ихлосли бўлган ва мусулмонларни бирлаштириш истагида ғайратли бўлган ўнта олимнинг исмини тақдим қилдим. Мен бошқа тараф ҳам ўнта олимнинг исмини тақдим қилишини ҳамда анжуман ўтказиладиган жой ва вақтни белгиланишини кутмоқдаман. Бугунги кунга қадар мен буни кутмоқдаман, ваҳоланки бу келишувдан кейин кўп йиллар ўтиб кетди.

Мен биламанки, менинг содиқ дўстим ўз зиммасига олган нарсани амалга оширган ва қўлидан келган ишни қилган... У келишилган шартларга жавоб берувчи олимларни топиш ва йиғиш бўйича барча ишларни қилган. Лекин Саудия Арабистонидаги олимлар, ўз одатларига кўра, ўз ораларида мазкур масалаларни ҳаётга татбиқ этиш ҳақида қанчалик завқ-шавқ билан муҳокама қилсалар, худди шундай тарзда, бошқалар билан юзма-юз учрашувлардан ва ушбу масалаларни очиқ мунозара қилишдан шунчалик завқ-шавқ билан қочадилар.

Юқорида айтилганларни инобатга олиб, қуйидаги саволни қўйишимиз лозим. Улар шариатда маъруф, яъни яхшилик деб топилган нарсаларни тасдиқлашда ва мункарларни тақиқлашда Аллоҳ учун шунчалик ҳаракат қилмоқдаларми? Агарда, биз диндош биродарлар, шариатда маъруф бўлган нарсалар ҳақида бир биримизга ёрдам берган ҳолда, буни тушунтирмасак ва бошқаларга етказмасак, уни яхшилик эканлигини бошқалар қандай биладилар?! Мусулмоннинг амалларидаги мункарлар ҳақида, бир-биримизга ёрдам бериб огоҳлантирмасак, уни тушунишга ва уни тақиқлашда ҳамкорлик қилмасак, уни қандай қилиб тақиқлай оламиз?!

Саййид Юсуф ар-Рифоий ўзининг рисоласида кўрсатган, сони эллик еттитага етган ажабланарли ишларни амалга ошириб, Наждлик олим биродарларимиз бошқалардан ажраб чиқишлари тўғри бўладими? Мен ушбу масалаларни ўрганиб чиқдим ва Аллоҳнинг динида уларнинг бу ишларига рухсат берувчи нарсани топа олмадим. Улар бидъат қилиб чиқариб олган ишларининг оқибатида, улар барча мусулмон уламоларидан ажраб чиқишлари, Ислом уламолари билан маслаҳатлашмасдан, бир-бирларига ёрдам бермасдан қилаётган ишларини исломий амаллар деб баҳолаш мумкинми?!

Ислом ҳар доим, бундан олдин ва ҳозир ҳам, барча ҳолатлар ва ишларда мусулмонларнинг бир-бирларига суянишлари ва ўзаро ёрдам беришларига таянгандир. Мен барчани ушбу тўхтамга келишига умид қилишдан чарчамайман, чунки бунга йўл очиқдир. Бундан кейин ҳам, мен фақат яхшиликдан умидвор бўлувчилардан бўламан.

Биродарим, Саййид Юсуф ар-Рифоийга, унинг сермазмун, латиф услубдаги гўзал рисоласи учун миннатдорчилик билдираман ва азиз дўстларимиз орасида уни яхши қабул қилиб олувчилар бўлишидан умидворман. Шунингдек, улар ўз қалбида Аллоҳ учун ихлосли бўлишлари ҳамда Аллоҳнинг ҳурматини ва Ислом қардошлигини ҳимоя қилишда астойдил ҳаракат қилувчилар бўлишларидан умид қиламан. Шунингдек, ушбу рисола уларга, инсон жисмига ақл неъмати киргунигача ҳамда қалбни муҳаббат ва салобат эгалламагунига қадар исломий мукаммалликка етишиш мумкин эмаслигини ёдга солади деб умид қилиб қоламан.

Эй Наждлик олимлар! Агарда сизлар ўз қалбингизда Аллоҳга ва унинг Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан муҳаббатни жонлантиришга ҳаракат қилганингизда, агар Аллоҳ таолони муттасил зикр қилиш орқали ушбу муҳаббатни юксалтиришга уринсангиз ва агар ушбу муҳаббат қалбингизда бор деб ҳисобласангиз, ушбу муҳаббат сизни Аллоҳга етаклаб келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотнинг саҳобаларининг мерослари бўлмиш осори атиқаларни бузиб йўқ қилиш эмас, аксинча уларни авайлаб сақлашга олиб борган бўларди.

Шунда сизлар салафи солиҳлар розияллоҳу анҳумнинг изларидан эргашувчилар бўлардинглар ва қуйидаги сўзларни айтишни бас қилардинглар. Сиз уларни, насиҳат қилаяпмиз, деб ўйлаб айтасизлар, ваҳоланки улар ботил сўзлардир. Сиз буни Аллоҳнинг ҳузурида енгил нарса деб ҳисоблайсиз, ваҳоланки у гуноҳи азимдир!

Сизлар, Ҳажга келган ҳожиларга турли жойларда қайта-қайта таъкидлаб: “Сиз ўзингизни Расулуллоҳга ўта қаттиқ муҳаббат қилишдан асранглар!”, дейсизлар.

Ахир, сизлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўзлари айтганларидек: “Сизлар мени насронийлар Марямнинг ўғлини улуғлагандек улуғламанглар”, десанглар, бу мақбул сўз ва қимматли насиҳат бўлар эди-ку.

Қачонки, сен муҳаббат қўйган инсон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бўлсалар, қалбни ўз маҳбубига боғланишига сабаб бўлувчи, маҳбубига яқин бўлишлик хурсанд қилувчи, ундан йироқ бўлиш ғамгин қилувчи муҳаббат – чегарадан чиқувчи ғулув бўлиши мумкин эмас! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган бундай муҳаббат, Аллоҳ таолога яқинликнинг белгисидир. Биз биламизки, Аллоҳга бўлган муҳаббат – бу Унинг тавҳиди талаб қилган шартдир.

Агарда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни севувчи инсон, ҳаттоки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббат чегарасидан чиқса ҳам, у ҳеч ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўзлари айтган муҳаббат даражасига етолмайди. Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

«Сиздан бирортангиз, токи мен унга молидан, фарзандидан ва барча инсонлардан маҳбуброқ бўлмагунимча мўмин бўла олмайди», деганлар.

Имом Бухорий ривоят қилган бошқа бир ҳадисда эса, агар у зотни ўз нафсидан ҳам кўпроқ яхши кўрмагунча иймон комил бўлмаслиги айтилган.

Ҳатто, мана шу муҳаббат билан юрагингиз жўш урса ҳам, лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даражаларига муносиб равишда бўлган муҳаббатнинг чегарасига яқинлашолмайсиз. Шундан сўнггина, Набувват билан боғлиқ барча нарсалардан жирканишингиз ва уларни йўқ қилиш бўйича қабиҳ ҳаракатларингизни ташлаб, жисмларингизга жон кириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан боғлиқ бўлган барча нарсаларни кўра олиш ва уларга эҳтиром кўрсатишини бошлашингиз мумкин бўларди, агар албатта, улардан яна ниманидир соғ қолдирган бўлсангиз.

Мен Аллоҳ таолодан бизни Наждлик биродарларимиз билан Қуръон ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратлари ва суннатлари далолат қилувчи ҳақ йўлда бирлаштиришни, салафи солиҳларнинг изларидан боришимизни, бизга юксак ақл-фаросат насиб этиб ҳақиқий исломий бирликда жамланмоқлиқни, Аллоҳ таолога ва унинг Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва салламга битмас-туганмас муҳаббатга эриштирмоқлигини сўрайман.

 

Шайх Муҳаммад Саид Рамазон Ал-Бутий

Рейтинг@Mail.ru