JM News Portal - шаблон joomla Продвижение

Наждлик олимдўстларимизга самимий насиҳатлар 5-қисм

Наждлик олимдўстларимизга самимий насиҳатлар 5-қисм

31. Агарда кимдир сизга бирор бир масалада, фиқҳда ёки ақидада хилоф қилса, сизлар уни танқид қилиб китоб чиқарасизлар ва уни бидъатчи ёки мушрик деб эълон қиласизлар. Шу билан бирга, ўзига билдирилган айбловларни рад этишга ва ҳақ эканлигини исботлашга унга имконият бермайсизлар.

Худди шу иш Саййид Моликий, Абу Ғудда, Собуний ва бошқа кўплаб олимлар билан юз берди.

32. Илгари бўлмаган, ҳатто сиз билан бир ақида ва манҳаждаги ота-боболарингиз ҳам қилмаган улкан бир бидъатни амалга оширдинглар. Шарафли Бақеъ қабристонини қулфлаб беркитиш, у ерга дафн этишдан ман қилиш, янги маййитларни, ҳаёлингиздаги ушбу «ширк ва бидъат» жойидан  узоқ бўлган бошқа жойга дафн этиш, одамларни Бақеъ қабристонига киришдан тўсиш ва у ердаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оила аъзолари, саҳобалари, тобеинлар ва бошқа солиҳ кишиларнинг қабрларини зиёрат қилишдан қайтаришга ҳаракат қилдинглар. Лекин Аллоҳ таоло ҳаракатларингизни барбод қилиб, бу ишни қоим қилувчи икки Ҳарами шарифнинг ходими қирол Фаҳдни ҳозирлаб қўйди. У сизлар мақсад қилган нарсани бекор қилиб, вафот этган мусулмонларни кўмишга ернинг торлиги ва жой етишмаслигини баҳона қилмаслигингиз учун, Бақеъ қабристонини кенгайтиришга буйруқ берди.

33. Мўминларнинг онаси, аёллар саййидаси ва энг улуғи ҳамда оламлар Роббисининг элчиси Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва олиҳи ва салламнинг биринчи суюкли аёллари Ҳадижаи кубро онамизнинг уйларини бузилишига эътироз билдирмай, унга рози бўлдинглар. Бу уй қудрат ва буюклик Роббисидан биринчи ваҳий тушган жой эди. Шундай жойни бузилишига ва бузилганидан сўнг у ерни ҳожатхоналар ва таҳоратхоналар қилинишига рози бўлиб индамай туравердинглар. Аллоҳдан қўрқиш қаерда қолди? Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламдан уялиш қайда қолди?!

34. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бус-бутун сақланиб қолган қадимий осору атиқаларни бузишга журъат этдингиз ва бу ишларни ўзингизга одат қилиб олиб, тинмай уриниб келмоқдасиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туғилган шарафли масканни бузиб ташлаб, у жой мол бозори қилинди. Сўнгра тўғри йўлдаги олийжаноб кишиларнинг уддабуронлиги ва ишбилармонлиги билан у ерни кутубхонага, яъни Маккаи мукарраманинг кутубхонасига айлантирилди .Сизлар эса, бу жойга нисбатан ёмонлик, таҳдид ва интиқом кўзлари билан айблайдиган ва унга бало офат келишини кутиб турадиган кишиларга айландингиз. Очиқдан-очиқ у ерни бузишни талаб қилдингиз ва бир неча йил илгари бу тўғрисида уламоларингизнинг катталаридан тегишли қарорни қўлга киритганингиздан кейин миршаблар тайёрладингиз ва уларни бу ишга кўндирдингиз . Лекин икки Ҳарами шарифнинг ходими, оқил, натижа ва оқибатларини билган қирол Фаҳд сизларнинг талабингизни назар-писанд қилмасдан тўхтатиб қўйди. Аллоҳ таоло марҳаматли Пайғамбари орқали, сиз-у бизларни ҳамда боболаримизни зулматлардан ёруғликга чиқарган бўлса-ю, у кишига нисбатан бундай муносабатда бўлиш – бу қандай одобсизлик ва бевафолик бўлди?! Э воҳ, бундай ҳаёсизлик билан у кишининг муқаддас Ҳавзаларига (охиратда) бормоқчилар. Эҳ, бу қандай бахтсиз ва ёмон фирқаки, сўзи ёки қилмиши билан ўз Пайғамбарини ёмон кўриб, уни таҳқирласа ва қадамжоларини йўқ қилиш учун ҳаракат қилса?!

Аллоҳ таоло бизларга айтади:

 

وَاتَّخِذُواْ مِن مَّقَامِ إِبْرَاهِيمَ مُصَلًّى

«Ва Иброҳимнинг мақомини намозгоҳ тутинг». (Бақара сураси, 125-оят).

Аллоҳ таоло Бани Исроилга юборган Толут, Мусо ва Ҳорунлардан мамнун бўлиб айтади:

وَقَالَ لَهُمْ نِبِيُّهُمْ إِنَّ آيَةَ مُلْكِهِ أَن يَأْتِيَكُمُ التَّابُوتُ فِيهِ سَكِينَةٌ مِّن رَّبِّكُمْ وَبَقِيَّةٌ مِّمَّا تَرَكَ آلُ مُوسَى وَآلُ هَارُونَ تَحْمِلُهُ الْمَلآئِكَةُ إِنَّ فِي ذَلِكَ لآيَةً لَّكُمْ إِن كُنتُم مُّؤْمِنِينَ

«Набийлари уларга: «Албатта, унинг подшоҳлигининг белгиси, сизларга Роббингиздан тобут келмоғидир, унда хотиржамлик ва Мусо ҳамда Ҳорун аҳлидан қолган қолдиқ бўлиб, фаришталар кўтариб келур. Агар мўмин бўлсаларингиз, албатта бу нарсада сизларга белги бор», деди».(Бақара сураси, 248-оят).

Муфассирлар айтадиларки, бу ердаги «қолдиқ»дан мурод, Мусо алайҳиссаломнинг ҳассалари ва икки ковушлари ва бошқа буюмлар бўлган .

Агар истасангиз, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга таалуқли бўлган ва у кишидан қолган нарсалар ва саҳобаи киром розияллоҳу анҳумларнинг мазкур нарсаларга қанчалик эътиборли бўлганлари ҳақида «Саҳиҳи Бухорий»нинг саҳифаларида ворид бўлган саҳиҳ ҳадисларни ўқинглар. Бу қалби борларга ва зеҳн билан қулоқ осганларга кифоядир ҳамда ақлини ишлатиб мулоҳаза қиладиган қавмлар учун етарлидир.

35. Илгари ўтган ота боболарингиз Ҳанбалий мазҳабида бўлиб, улар Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳга эргашган ва у кишига тақлид қилиб келганлар. Кейинчалик, Ибн Таймия, Ибн ал-Қоййим, Ибн Ражаб, Ибн Абдулҳодий, Ибн Қудома ал-Мақдисий, улардан кейин давом этиб аз-Заркаший, Маръо ибн Юсуф, Ибн Ҳубайра, ал-Ҳижовий, ал-Мардавий, ал-Баълий, ал-Баҳутий, Ибн Муфлиҳ, уларнинг охирида Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб ва унинг авлодлари, Муфтий Муҳаммад ибн Иброҳим, Ибн Ҳумайдлардир. Аллоҳ уларга раҳм қилсин. Лекин сизлар ҳозирда бу мазҳабдан воз кечдинглар ва ўзларингни «салафий»лар деб номлаб олдинглар. Фатво ва кўрсатмалар учун масъул бўлган Шайх Абдулазиз бин Боз «ал-Мажаллату ас-Саудия» журналида Ҳанбалий мазҳабига таянмаслиги ва бу мазҳабни ушламаслиги ҳақидаги сўзларини сизлар ҳам айтмоқдасизлар. Сизлар фақатгина «Китоб ва суннатга» амал қилишингизни таъкидлайсизлар.

Субҳаналлоҳи таоло!

Сизнингча, Имом Аҳмад ва у кишининг бошқа имом дўстлари шу икки нарсага эргашмай, бошқа нарсани лозим тутганмидилар?! Ёки шайхингиз ва унга эргашганлар, «мужтаҳиду мутлақ» мартабасига - ўзидан олдинги имомга эргашмай ва унга тақлид ҳам қилмайдиган, ўз райига кўра ижтиҳод қилувчи имом мартабасига етиб қолдингларми? Биз сизларни бундай деб ўйлашингиздан огоҳлантирамиз. Аллоҳ таолодан билимсизлик, такаббурлик ва даъволашувдан паноҳ беришини сўраймиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берган замондагилардан бўлиб қолишимиздан паноҳ сўраймиз.

Абу Мусо ал-Ашъарийдан ривоят қилинади:Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

إن بين يدي الساعة أياما ينزل فيها الجهل ، ويرفع فيها العلم ، ويكثر فيها الهرج والهرج القتل

«Албатта қиёмат олдидан шундай кунлар бўлиб, унда жаҳолат тушиб, илм кўтарилади, ва ҳараж (шовқин-сурон) кўпаяди. Ҳараж – қатл қилишдир», дедилар.(Имом Бухорий ўз саҳиҳининг «Ал-фитан», Фитналарнинг зоҳир бўлиши бобида, Муслимнинг саҳиҳида эса «ал-Илм», «Илмнинг кўтарилиши ва уни тортиб олиниши» ва «Охир замонда жаҳолат ва фитналарнинг зоҳир бўлиши» бобида ривоят қилинган).

Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади:Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

 

إن الله لا يقبض العلم انتزاعا ينتزعه من العباد ، ولكن يقبض العلم بقبض العلماء ، حتى إذا لم يبق عالما اتخذالناس رؤوسا جهالا فسئلوا ، فأفتوا بغير علم فضلوا وأضلوا 

"Аллоҳ таоло бандаларидан олиб қўядиган илмни бирдан тортиб олмайди, лекин илмни уламоларни тортиб олиш билан олади. Ҳатто олим қолмаганида одамлар жоҳилларни ўзларига бошлиқ қилиб оладилар. Сўнгра улар сўраладилар, бас, кейин улар билимсиз фатво бериб адашадилар ва бошқаларни ҳам адаштирадилар", дедилар. 

(Имом Бухорий ўзининг саҳиҳида, «ал-Илм» 33/1, «Илм қандай тортиб олинади» бобида, Имом Муслим эса ўзининг саҳиҳида, «ал-Илм»да 175, «Илмнинг кўтарилиши ва уни тортиб олиниши» бобида ривоят қилган).

36. Ёшларни ва ақли паст ўспиринларни бу умматнинг салафи солиҳларига, буюк уламоларига ҳужум қилишлари учун йўл қўйиб бердинглар. Шундай уламолардан бири бўлмиш Ҳужжатул Ислом, Имом Ғаззолий рахматуллоҳи алайҳга ҳам тош отдилар. Маҳмуд Хаддод деган кимса томонидан Имом Ғаззолийнинг «Иҳёу улум ад-дийн» китобларида келтирилган ҳадисларни Ироқий ва Зубайдийларнинг шарҳларини гўёки ўзида жамлаган деган даъво билан китоб нашр қилишига рухсат бериб, унга бепарво қарадинглар. У эса, ушбу китобининг муқаддимасида имом Ғаззолий рахматуллоҳи алайҳни залолатда ва ундан ҳам катта ишларда айблаган.Ўз-ўзидан маълумки бундай турли ҳужумлардан кейин сизларнинг матбуотингиз имом Абул-Ҳасан ал-Ашъарий ҳамда мусулмонларнинг энг катта жамоаси бўлмиш, у зотга бир неча юз йилликлардан бери эргашиб келаётганларни – йўлдан адашганлар ва бошқаларни ҳам йўлдан адаштирувчилар, дея уларга ҳам тош отдилар. Бу хусусда Сафар Ҳавалий ва бошқалар муҳаррирлик қилувчи «ал-Буҳусу ал-исломия» («Исломий баҳслар»), «Манҳажу аҳлус-сунна ва ал-жамоа», («Аҳлу суннат ва жамоат йўли») ва бошқа чиқарган журналларингизга бир қараб текшириб чиқинглар. Улар тўғрисида вақф ишлари вазири, шайх Абдуллоҳ ал-Муҳсин ат-Туркийга шахсан ўзим хабар берганман, лекин ҳеч нарса ўзгаргани йўқ.

 

37. Мусулмонларнинг имомларига, ҳоким ва ишбошиларига насиҳат қилиш эшигини тор қилиб қисиб қўйдинглар, кейин эса умуман беркитиб, қулфлаб ҳам қўйдинглар. Бунга ким қарши чиқса гуноҳкор бўлади, деб фатво чиқардинґлар. Мусулмонлар ва уларнинг хокимлари чиройли ваъз насиҳатга жуда муҳтож бўлиб турган вақтда, насиҳат эшигини очган одамга нисбатан душманлик қилдинглар.

Ваҳоланки, қуйидаги ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

الدين النصيحة – قلنا لمن قال:"لله ولكتابه ولرسوله ولأئمة المسلمين وعامتهم

«Дин насиҳатдир», дедилар. Биз: «Ким учун?» – деб сўрадик. У зот: «Аллоҳ учун, Унинг китоби учун, Расули учун ҳамда мусулмонларнинг раҳбарлари ва оммалари учун! - деб жавоб бердилар».(Муслим ривоят қилган).

38. Сизлар Эроннинг раҳбари Хумайний ва унинг издошларини қуйидаги оятни шаръий ҳужжат сифатида келтириб ўз хусуматчи рақибларини қатл этганликда айлаб туриб, лекин шундан сўнг, ўзингиз ҳам рақибларингизга нисбатан худди шу ишни қилиш учун ундан фойдаландингиз (яъни, Хумайний бу оятни қанчалик ноўрин ишлатган бўлса, сиз ҳам худди шундай қилдингиз):

إِنَّمَا جَزَاء الَّذِينَ يُحَارِبُونَ اللّهَ وَرَسُولَهُ وَيَسْعَوْنَ فِي الأَرْضِ فَسَادًا أَن يُقَتَّلُواْ أَوْ يُصَلَّبُواْ أَوْ تُقَطَّعَ أَيْدِيهِمْ وَأَرْجُلُهُم مِّنْ خِلافٍ أَوْ يُنفَوْاْ مِنَ الأَرْضِ ذَلِكَ لَهُمْ خِزْيٌ فِي الدُّنْيَا وَلَهُمْ فِي الآخِرَةِ عَذَابٌ عَظِيمٌ

«Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига қарши уруш қилувчилар, ер юзида фасод қилувчиларнинг жазоси, албатта, ўлдирилмоқлари ёки осилмоқлари ёхуд қўл-оёқлари қарама-қарши томондан кесилмоғи ёки ер юзида сургун қилинмоқларидир. Бу (нарса) уларга бу дунёда ор бўлур. Охиратда эса, уларга улкан азоб бор».(Моида сураси, 33-оят).

Шунингдек, ушбу оятни, ёнидан озгина миқдордаги наша ёки қот (маст қилиш хусусиятига эга чайналадиган барг)ни топиб олинган нодон мусофирларни ва заиф одамларни бошини узиб қатл этиш учун ишлатдинглар. Мен бу фатволарингизни Жидда шаҳридаги Исломий фатволар академиянгизда муҳокама қилганингизни эшитмадим. Шунингдек, сизлар Ал-Азҳари шариф ва мусулмонларнинг бошқа катта уламоларининг бу ҳақидаги фикрлари билан қизиқиб ҳам кўрмадинглар.

Сизлар қозилик мақомида туриб, ўзларингни гўёки Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ушбу ҳадисларни унутгандек тутасизлар.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

وأقيلوا ذوى الهيئات عثراتهم، إلا في الحدود

«Кичкина хатоларни кечиб юборинглар, магар ҳаддлар (шариатда жазо тури аниқ белгилаб қўйилган катта гуноҳлар) бундан мустаснодир», деганлар.

(Абу Довуд «Сунан»да, Имом Аҳмад «Муснад»да ва Байҳақий ривоят қилганлар).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

ادرؤوا الحدود عن المسلمين ما استطعتم، فإن كان له مخرج فخلوا سبيله فإن الإمام أن يخطئ في العفو خير من أن يخطئ في العقوبة

«Имконингиз борича мусулмонлардан ҳаддларни енгиллатинг. Агар чиқиш йўлини топсанглар, уни ўз холига қўйинглар. Имомнинг афв этишда хато қилиши, жазолашда хато қилганиданяхшироқдир». (Термизий ривоят қилган).

Ҳофиз Ибн Ҳажар «Талхийс»да (4-жилд, 56-бетда) келтиришича, Имом Бухорий айтадиларки: «Ушбу масала хусусидаги энг саҳиҳ ҳадис, бу – Суфён Саврийдан ривоят қилинган, у Осимдан, у Абу Воилдан, у Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилган мазкур ҳадисдир:

ادرؤا الحدود بالشبهات، ادفعوا القتل عن المسلمين ما استطعتم

«Шубҳа бўлганда ҳаддни бекор қилинглар. Имконингиз борича мусулмонларни қатл этишдан сақланинглар».

Мазкур ҳадиснинг кўплаб санадлари мавжуд. Жумладан, саҳобалар Уқба ибн Омир, Муоз, Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳум кабилардан ҳам ривоят қилинган. Муҳаддис Ибн Абу Шайбанинг тўпламида Иброҳим ан-Нахаъий орқали Умар разийаллоҳу анҳудан қилинган ривоятда:

لأن أخطئ في الحدود بالشبهات أحب إلى من أن أقيمها بالشبهات

«Шубҳа билан ҳадларни ижро қилганимдан кўра, шубҳалар билан уни тарк қилганим яхшироқдир!», дейилган. Бу ҳадис Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг муснадларида Ибн Аббос разийаллоҳу анҳудан ҳам марфуъ ҳолда ривоят этилган.

Сизлар Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларини унутдинглар:

من قَتَلَ نَفْسًا بِغَيْرِ نَفْسٍ أَوْ فَسَادٍ فِي الأَرْضِ فَكَأَنَّمَا قَتَلَ النَّاسَ جَمِيعًا وَمَنْ أَحْيَاهَا فَكَأَنَّمَا أَحْيَا النَّاسَ جَمِيعًا وَلَقَدْ جَاء تْهُمْ رُسُلُنَا بِالبَيِّنَاتِ ثُمَّ إِنَّ كَثِيرًا مِّنْهُم بَعْدَ ذَلِكَ فِي الأَرْضِ لَمُسْرِفُونَ

«Ким бир жонни ноҳақдан ёки ер юзида фасод қилмаса ҳам ўлдирса, худди ҳамма одамларни ўлдирган бўлади. Ким уни тирилтирса, худди ҳамма одамларни тирилтиргандек бўлади», деб ёздик. Батаҳқиқ, уларга Пайғамбарларимиз баёнотлар олиб келдилар. Сўнгра, бундан кейин ҳам, улардан кўплари ер юзида исроф қилгувчилардан бўлдилар».(Моида сураси, 32-оят).

Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзларини ҳам унутдинглар:

أول ما يقضى بين الناس يوم القيامة الدماء

«Қиёмат куни инсонлар орасида энг биринчи ҳукм чиқариладигани – (ноҳақ) тўкилган қонлар борасида бўлади».(Имом Аҳмад, Бухорий, Муслим, Термизий, Насоий, Ибн Можа ривоят қилганлар).

Аллоҳ таолодан қўрқинглар ва Аллоҳ ўлдиришни ҳаром қилган нафсни ҳақсиз равишда қатл этманглар! Қиёмат кунида ҳасрат ва надомат чекувчи бўлиб қолишдан эҳтиёт бўлинглар!

39. Сизларнинг мазҳабингиз ва шиддаткор (экстремист) ғояларингизга алданган, Маккаи мукаррамада ўлдирилган Жуҳайман ал-Утайбий ва унинг жамоасидагилар каби ёш йигитларни йўлдан оздирдингизлар .

Сизларнинг шайхларингиз  уларнинг ҳам шайхи ва муршиди эди. Улар барча масалаларда унга мурожаат қилиб, унинг айтганини қилар эдилар. Унинг фикрларини ал-Утайбий ва Жазоирий тарқатар эдилар. Бундан аввал Утайбий ва унинг издошлари сизларнинг қўл остингизда, икки Ҳарам ҳудудида мусулмонларга жабр-ситам етказиб, уларга ниманидир буюриб ёкитақиқлаб, бемалол юрар эдилар. Уларнинг куч-қувватлари кўпайиб, қўллари узунлашиб, ўзларининг барча мақсадларини амалга оширганларида эса, уларни қуршаб олиб, яксон қилинди, айримлари қатл этилди, айримлари яраланди ва асир олинди. Сизлар эса, уларга ва улар қилган ишга ҳеч қандай алоқангиз йўқ эканлигини эълон қилдинглар. Лекин, улардан қолган китоблар ва нашр қилган нарсалари энг яхши гувоҳ ва далилдир. Ахир улар сизларнинг шиддаткор (экстремист) ғояларингизни ўзларига сингдириб, уни ичиб, у билан маст бўлган эдилар. Сизлар эса уялмасдан, ҳозир ҳам худди шу ишларни «Қуръон ва Суннат» номи ила давом эттириб келмоқдасиз. Унга қайтувчи бўлганингиз – Аллоҳдан қўрқинглар!

 

40. Тасаввуф аҳлини кофирга чиқардинглар. Кейин Ашъарийлар ва Мотурудийларни ҳам кофир дединглар. Ҳолбуки улар мусулмонларнинг энг катта жамоасидир. Сўнгра «ихвон»ларни, «таблиғчи»ларни, кейин бошқа даъватчиларни ва мутафаккирларни кофир дединглар. 

Ўзингиздан бошқа ҳаммани кофирга чиқариб, мусулмонлардан яна кимни қолдирдинглар?

41. Ўзингизнинг дарсларингиздан бошқа ҳамма дарсларни тўхтатдинглар, ўз йўлингиздан бошқа ҳамма мазҳабларни бекор қилдинглар, ўзингизни суҳбатингиздан бошқа ҳамма суҳбатларни ман қилдинглар, ўз даъватчиларингиздан бошқа даъватчиларнитақиқладинглар. Шундан кейин илм мажлислари тўхтади, таълим-тарбия бериш йўқолди, Қуръон халқалари бўм-бўш бўлиб қолди, зикр мажлисларининг ўринлари хор қилинди.

Эртага Аллоҳ таоло: وَقِفُوهُمْ إِنَّهُم مَّسْئُولُونَ - «Ва уларни тўхтатинглар! Албатта, улар сўралгувчидирлар» (Соффат сураси, 24) деган кунда Роббингизга нима деб жавоб берасизлар?!

42. Ибн Арабийни кофирга чиқардинглар. Кейин унга Ҳужжатул Ислом Имом Ғаззолийни ҳам қўшдинглар. Кейин Абул-Ҳасан ал-Ашъарийга бурилиб у кишини ҳам куфрда айбладинглар. Шунингдек, Афғонистонда ўлганлар шаҳид бўлганлари йўқ, чунки уларнинг ақидаси тўғри эмас эди, балки улар йўлдан адашган, ҳалокатга учраган тақлидчи Ҳанафийлардир, дедингиз. Фақатгина ўзингларни нажот топганлармиз дединглар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саламнинг ушбу сўзларини унутдинглар:

إذا قال الرجل: هلك الناس،فهو أهلكهم

«Бир киши: «Барча одамлар ҳалок бўлди», деса, бас, у одамнинг ўзи энг биринчи ҳалок бўлибди!» .

43. Сизлар Мадинаи Мунаварада университет ташкил қилдинглар ва уни Пайғамбарлар саййиди соллаллоҳу алайҳи васалламга қўшни бўлмиш «Ислом университети» деб номладинглар. Оддий мусулмонлар ва уламолар ҳам бундан жуда шодланиб, қалбларининг жавоҳири бўлмиш фарзандлари билан биргаликда ушбу чашмадан ўз чанқоқларини қондириш иштиёқида, бу маскан ўзларининг маҳбублари бўлмиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ва у зотнинг пок оилалари ҳамда саҳобалари ва тобеъинларга нисбатан муҳаббатларини зиёда қилади деб ўйлаб, у ерга шошилдилар. Бироқ, сизларни у зотга ва уларнинг барчаларига нисбатан жафо кўрсатмоқликни ўргатиб дарс бераётганингизни кўрдилар.

Сизлар у ердаги толиби илмларни бир-бирларининг орқасидан жосуслик қилувчиларга айлантириб, сизлар «қубурийюн»  деб номлайдиганлар ҳақида, яъни Пайғамбарлар саййиди бўлмиш, Аллоҳ таоло оламлар учун раҳмат қилиб юборган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларини кўп зиёрат қилувчиларнинг исмларини айтиш ва улар ҳақида хабар бериб туришни талаб қиласизлар. Бу ишни сизлар, бундай талабаларга қарши курашиш ва уларни ўз ичингиздан хайдаб чиқариш учун қиласизлар. Сизларни яхши кўрадиган ва итоат қиладиганларнигина садоқатли ва ишончли деб ҳисоблайсизлар.

Университетни якунлаган ва сизнинг ғояларингизни ўзига сингдирган битирувчиларни ўз мамлакатларига юбора туриб, уларга ўзингизнинг бир вакилингизни қўшасизлар ва сизлар залолатда деб ҳисобловчи уларнинг ота-боболари ва халқларининг динини «янгилаш» учун уларни отлантирасизлар. Сизлар уларни молиявий таъминотини йўлга қўясизлар, уларга кутубхоналар ташкил қилиб берасизлар, уларнинг фаолият доирасини кенгайтиришга ёрдам берасизлар. Бу ишларингиз оқибатида улар ва ўша юртнинг уламолари, солиҳ кишилари, уларнинг ота-оналари, аввалги шайхлари ўртасида ихтилофлар ва кучли адоват юз беради. Улар худди портлашни кутаётган бомбалар каби бўлиб, сиз уларнинг ичини тўлдирган ёмон ғояларингиз ва яширин кучли адоват сабабли, ислом давлатлари, айниқса Африка ва Осиё юртлари уруш майдонига ва мусулмонларнинг ўзаро ихтилофлари тўлиб тошган маконга айланди. Жумладан, бундай ишлар собиқ Совет Иттифоқи, Европа, Америка, Австралия ва бошқа юртларда ҳам кенг тарқалди. Бу шикоятимиз билан Аллоҳга юзланамиз.

44. Ибн Таймия ҳам, Ибн Қоййим ҳам, улардан аввал ўтган салафлардан бирор бир киши сўфийларни мушриклар деб номламаган. Балки, бу олимлар, уларнинг ичида сиддиқлик мақомига етганлар бор, деб айтган эдилар. Агар хоҳласангиз, Заҳабий ва ибн Ражабнинг китобларига, Ибн Таймиянинг «Фатаво»сига, Ибн Қоййимнинг «Мадориж ас-соликийн» ва бошқа китобларига қаранглар. Лекин сизлар барча сўфийларни кофирга чиқардинглар ҳамда уларни бидъат ва ширкда деб айтдинглар. Худди шу ишни сизлар учун севикли бўлган шогирдларингиз – Абдур-Роҳман Абдул-Холиқ, Жазоирий, Зийну, Димашқия, Албоний, Муқбил Водиъий ва уларга ўхшаганлар қилиб келдилар. Сизларнинг бу ғояларингиз салафи солиҳларнинг йўлига эргашишми ёки сизлар бу ғоялар билан умматдан ажралиб чиққан бидъатчилармисиз?

Бундан кейин ҳам сизлар: «биз салафийлармиз»  дейишингиз тўғри бўлармикан? Ахир сизлардан аввал бундай қабиҳ ишларни ҳеч ким қилмаган-ку!

45. Сизлар чиқарган бу дард Европа ва Америкага ҳам етиб борди. Масжид ва мадрасаларда ихтилофлар бошланди. Буларнинг барчаси, сўфий ва зокирлар (зикр қилувчилар)ни кофир деб эълон қилган Ибн Боз ва ибн Усайминларга эргашишнинг натижасидир. Улар - «Мана булар ашъарий», «булар мотурудий», «булар девбандий ёки барилавий» , дейдилар . Баъзилари бошқалари билан урушадилар. Уларнинг орқасидан намоз ўқишни, улар билан никоҳланишни, ўзаро алоқалар қилишни ҳаром деб ҳисоблайдилар. Диний ришталарни узадилар. Мен бунга шахсан ўзим гувоҳ бўлганман. Америкадаги бир масжидда жумъа хутбасини ўқиётган имом, сўфий бўлгани учун намозхонлар ўртасида жанжал чиқиб, уни ўқишнитақиқланганини кўрганман.

Бас, тавба қилинглар! Оламлар Роббиси бўлмиш Аллоҳга тавба қилинглар! У марҳамат қилиб айтади:

وَتُوبُوا إِلَى اللَّهِ جَمِيعًا أَيُّهَا الْمُؤْمِنُونَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ

«Аллоҳга барчангиз тавба қилинг, эй мўминлар! Шоядки, нажот топсангиз».(Нур сураси, 31-оят).

46. Портлатишлар, террористик актлар, хунрезликлар – буларнинг барчаси Исломни ёмонотлиқ қилиш ва мусулмонларни нобуд қилиш учундир. Айниқса, Жазоирда, Мисрда ва Макканинг Ҳарамида рўй берган ходисалар бунга яққол мисол бўла олади. Буларнинг барчаси сизларнинг битирувчиларингиз ва ғояларингизнинг самараси бўлиб, мусулмонлар ҳақида ёмон гумонда бўлиш, уларни кофир, мушрик ва бидъатчи деб эълон қилишни ўргатувчи китобларингиз ва матбуотингизни ўқиш натижасида вужудга келган ишлардир . Сизлар ва бошқа одамлар бир назар солиб кўрсинларчи – ушбу шиддаткорлар (экстремистлар) ичида сўфий бўлган ёки Ал-азҳар битирувчиси ёки Ашъарий ёки тўрт мазҳабга эргашган бирор бир киши борми? Ўз издошларингизни фитнага йўллайсиз-да, ўзингиз ҳеч нарсани билмагандек, шодланган ҳолда сукут қиласизлар ҳамда уларнинг қилаётган ёмон ишларини қораламайсизлар ва уларга насиҳат қилмайсизлар. Шундан сўнг, ким очиқ адашувда эканлиги ҳақида менда гумон бўлиши мумкинми?!

47. Сизларга мухолиф бўлган барча мусулмонларни «жаҳмийлар» ёки фирибгар «мўътазилийлар» деб ҳақорат қиласизлар. Аслида эса айнан сизлар ўша жаҳмийсизлар, чунки сизларнинг фикрларингиз, уларнинг баъзи ғояларининг айни ўзидир. Ҳақиқатдан ҳам айнан сизлар мўътазилийсизлар. Чунки сизлар улар билан бир хил равишда – валийлик ва авлиёларни, кароматларни, ўлимдаги ҳаётни (қабрдаги ҳаётни, ўликларни эшитишини), дин ишларидан бўлмиш айрим ғайбиётларни ақлий тушунишни инкор қиласизлар.Қадимги мақолда айтилгандек: «Касалини менга юқтириб, ўзи жўнаворди». 

Ўзларингиз қилаётган ишларни бошқаларга тиркашга уринманглар, чунки бу сизлар учун жуда ҳам катта орсизликдир. Ҳақиқатни англаб, уни эшита оласизларми?

48. Сизлар ҳаворижларнинг амалини қиласизлар. Ҳузурингизга мусулмонлардан бир киши келса, айниқса толиби илмлар келганда, сиз уларни «саҳиҳ ақида» деб номлайдиган нарсангизда имтиҳон қилишни бошлаб: «Фалон нарса тўғрисида нима дейсан?» ёки «Аллоҳ қаерда?» деганга ўхшаш саволларни берасизлар.

Худди шу ишларни аввалги ҳаворижлар ҳам қилар эдилар. Уларнинг ҳузурига келган ёки уларнинг олдидан ўтаётган мусулмонни имтиҳон қилардилар. Агар унинг фикрларини ўзларига хилоф деб ҳисобласалар, уни қатл этардилар. Аммо, мушрик ва кофирларга жуда ҳам илтифотли, яхши муомала қилардилар ва қуйидаги оятни ўқирдилар:

وَإِنْ أَحَدٌ مِّنَ الْمُشْرِكِينَ اسْتَجَارَكَ فَأَجِرْهُ حَتَّى يَسْمَعَ كَلاَمَ اللّهِ ثُمَّ أَبْلِغْهُ مَأْمَنَهُ ذَلِكَ بِأَنَّهُمْ قَوْمٌ لاَّ يَعْلَمُونَ

«Агар мушриклардан биронтаси паноҳ сўраса, унга паноҳ бер, токи у Аллоҳнинг каломини эшитсин. Сўнгра уни омонлик жойига етказиб қўй. Бу уларнинг билмайдиган қавм бўлганлари учундир». (Тавба сураси, 9-оят).

Сизлар эса Аллоҳ таолонинг ушбу сўзларини ўқинглар:

أَفَنَجْعَلُ الْمُسْلِمِينَ كَالْمُجْرِمِينَ * مَا لَكُمْ كَيْفَ تَحْكُمُونَ

«Мусулмонларни жинояткорларга ўхшатиб қўярмидик?! Сизларга нима бўлди, қандай ҳукм чиқармоқдасиз?».(Қалам сураси, 35-36-оятлар).

49. Маккадаги Масжидул Ҳарамда тўрт мазҳабнинг минбарлари бўларди, уларни бузиб ташладинглар. Дарс бериш курсилари бўларди, буларни ҳамтақиқладинглар. Уларнинг энг охиргиси – доктор Саййид Муҳаммад ибн Алавий ал-Маккийнинг курсиси бўлиб, бундан аввал унинг отаси ва буваси бу курсида дарс беришгани каби, бу ишни у давом эттирди. Уни бу ерда кўриш сизнинг кўзингизга оғир кўринди ва ўзингизнинг «Ал-ҳивор» номли китобингизда уни залолатда ва очиқ куфрда айбладинглар. Агарда Аллоҳ таолонинг ёрдами бўлмаганда, сизларнинг даъволарингизга қарши мен «Раддул маниъ» китобимда ва бошқа аҳли илмлар ўз китобларида раддиялар бермаганларида ҳамда икки Ҳарами шарифлар ходими қирол Фаҳд бу ишга аралашмаганида, Алавийнинг дарс давралари фақатгина ўтган замон эсдалиги бўлиб қолган бўларди.

Шунингдек, Мадинадаги Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Ҳарами шарифларида ҳам тўрт мазҳаб бўйича дарс берувчи уламолар бўларди. Уларнинг охиргиларидан бири, «Қутфус самар фи аҳкамил ҳажжи вал иътимар» китобининг муаллифи Шайх Абдур-Роҳман Жаҳаний аш-Шофеъий эди. Сизлар ўз шайхларинг Ибн Бознинг рухсатини олмагунича унга дарс беришнитақиқладинглар. У эса рухсат бермади ва дарслар тўхтади.

Бундай уламолардан яна бири – буюк аллома, муфтий, Шайх Абдуллоҳ Саъийд ал-Лаҳжий аш-Шофеъий раҳимаҳуллоҳу таоло эди. Жосусларингизнинг ҳаракатлари сабабли унга дарс бериштақиқланди. Дарсларни қайта тиклаш бўйича Ибн Боздан рухсат олиш учун қилинган ҳаракатлар натижа бермади ва толиби илмлар бундай фойдали дарслардан маҳрум бўлдилар. Ундан олдин аллома, муҳаққиқ, Шайх Исмоил Усмон аз-Зайн аш-Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳнинг дарсларини ҳам тазйиқ ўтказган ҳолдатақиқлаган эдинглар. Бас, Аллоҳ сизларга кифоядир!

Шу сингари, икки Ҳарами шарифларда, тўрт мазҳаб – Моликий, Шофеъий, Ҳанафий ва Ҳанбалий мазҳаблари бўйича дарслар ўтиш эшикларини ёпдинглар. Ваҳоланки, бу дарслар Исломнинг олтин асрларидан бери, тобеъинлар ва улардан кейинги авлоддан, энг яхши асрлардан бери тўхтовсиз равишда давом этиб келмоқда эди. Ҳаттоки сизларнинг ота-боболарингиз Ҳижозга кириб келган даврда ҳам улар тўхтатилмаганди.

Сизлар, ал-Жазоирий каби одамларга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи ва салламнинг ёнларида турган ҳолда, овозини борича қичиқириб: «Набийнинг ота-онаси дўзаҳда, Набийнинг ота-онаси дўзаҳда» деб такрор-такрор нидо қилишига рухсат бериб қўйдинглар.Сизлар Имом Жалолуддин Суютийнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ота-оналари нажот топганлари ҳақидаги тўққизта рисоласини ўқинглар. Бу мазкур масалада ёзилган энг яхши китоблардир.Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун! Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳил аълийил азийм! Ҳасбуналлоҳу ва ниъмал вакийл!

Бу эса, Жаббор бўлмиш Аллоҳ таолонинг ҳузурида сизларнинг ҳисобингизда ва зиммангизда бўлади, чунки сизлар бу гапларингизни айтаётганда Аллоҳ таолонинг қуйидаги таҳдидидан қўрқмаяпсизлар:

إِنَّ الَّذِينَ يُؤْذُونَ اللَّهَ وَرَسُولَهُ لَعَنَهُمُ اللَّهُ فِي الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ وَأَعَدَّ لَهُمْ عَذَابًا مُّهِينًا 

«Албатта, Аллоҳга ва Унинг Расулига озор берадиганларни Аллоҳ бу дунё ва охиратда лаънатлади ҳамда уларга хорловчи азобни тайёрлаб қўйди». (Аҳзоб сураси, 57-оят).

У яна айтади:

وَالَّذِينَ يُؤْذُونَ رَسُولَ اللّهِ لَهُمْ عَذَابٌ أَلِيمٌ

«Аллоҳнинг Расулига озор берадиганларга аламли азоб бордир». (Тавба сураси, 61-оят).

 

50. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ҳижрат қилиб келганларида, у зотнинг туялари чўккан муборак жойни, «Қубо» масжидида белгиси сақланиб қолган эди. Бу ҳақида қуйидаги оят нозил бўлган:

لَّمَسْجِدٌ أُسِّسَ عَلَى التَّقْوَى مِنْ أَوَّلِ يَوْمٍ أَحَقُّ أَن تَقُومَ فِيهِ فِيهِ رِجَالٌ يُحِبُّونَ أَن يَتَطَهَّرُواْ وَاللّهُ يُحِبُّ الْمُطَّهِّرِينَ

«Албатта, биринчи кундан тақво асосида қурилган масжидда турмоқлигинг ҳақдир. Унда покланишни севадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни севади».(Тавба сураси, 108-оят).

Яқин даврларгача бизлар шоҳиди бўлиб келган бу тарихий ёдгорликни ҳам сизлар йўқ қилдинглар.

51. Қиблатайн Масжидида, Масжидул Ҳарам ва Масжидул Ақсога қаратилган қадимги қиблаларнинг белгилари бор эди. Сизлар уни бидъат деган даъво билан олиб ташладинглар.

52. Буюк саҳобий Салмон Форсий розияллоҳу анҳунинг боғини бузиб ташладинглар. Ваҳоланки у боғда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари эккан хурмо ҳам бор эди. Яна Қубо яқинидаги «Ал-Айнуз Зарқо» номли ва «Арис» номли қудуқларни тупроқ билан кўмиб ташладинглар. Шунингдек, одамларни Усмон розияллоҳу анҳу яҳудийлардан сотиб олиб Аллоҳ йўлида вақф қилиб юборган «Рума» қудуғини кўришларига йўл қўймадинглар. Ундан бошқа кўплаб муҳим тарихий жойлар сиз томондан бутунлай йўқ қилиб ташланди ёки белгилари ўзгартириб юборилди.

53. «Аҳсо»  халқининг тўрт мазҳаб соҳибларидан ҳар бир мазҳаби учун хос бўлган мадрасалари бор эди. Сизлар ўша мадраса эшикларини беркитиб у ерда дарс беришни ман қилиб қўйдинглар. Чунки сизларнинг наздингизда, ўзларингиз бошқариб турган эркаклар ва аёллар мадрасаларида ўз мазҳабларингдан бошқа мазҳабнинг дарс берилиши жоиз эмас-да! Аҳсо аҳли сизлар мадрасаларни беркитиб қўйганларингдан кейин дарсларини ўз уйларида қилишни бошлаганларида, сизлар уларни кузатиб, ҳоли жонига қўймай, йўлтўсарлик қилдинглар ва жосуслик қилишдан ҳам тап тормадинглар. Ахир бундай қилмишларинг тақводор, зоҳид, Аллоҳдан қўрқадиган, дин йўлида самимий хизмат қиладиган даъватчилар ва солиҳ кишиларнинг амалларими? Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти каримасига қулоқ тутинглар:

وَاتَّقُوا يَوْمًا تُرْجَعُونَ فِيهِ إِلَى اللَّهِ ۖ ثُمَّ تُوَفَّىٰ كُلُّ نَفْسٍ مَّا كَسَبَتْ وَهُمْ لَا يُظْلَمُونَ

«Аллоҳга қайтариладиган кунингиздан қўрқинг. Сўнгра ҳар бир жон қилганига яраша тўлиқ оладир. Уларга зулм қилинмас».(Бақара сураси, 281-оят).

Бу ояти каримани ҳам ўқинглар!

أَلَا يَظُنُّ أُولَئِكَ أَنَّهُمْ مَبْعُوثُونَ * لِيَوْمٍ عَظِيمٍ * يَوْمَ يَقُومُ النَّاسُ لِرَبِّ الْعَالَمِينَ *

«Ана шулар, албатта, қайта тирилтирилишларини ўйламайдиларми? Улуғ бир кунда. У кунда, одамлар оламлар Роббиси ҳузурида тик турарлар». (Мутоффифин сураси, 4-6-оятлар).

 

54. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида ҳужрайи саодатлари қурилишидан олдин Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳунинг уйларида меҳмон бўлганлар. Ўша уйни ҳам бузиб ташладинглар. Ваҳоланки, бу уй неча асрлар оша, салафи солиҳлар давридан бери сақланиб келмоқда эди. Сизлар эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидларидаги меҳробнинг қибла томонида жойлашган бу муборак ёдгорликни вайрон қилдинглар. Бунга биргина баҳона кифоя қилди. У ҳам бўлса, сизларнинг наздингизда «мушрик» ҳисобланган мусулмонлар у жой билан табаррукланганлари эди.

55. Яна Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳунинг уйлари олдидаги Шайхул-Ислом Ориф Ҳикматнинг китоблар ва дурдона қўлёзмалар билан тўла бўлган кутубхонасини ҳам бузиб ташладинглар. Ҳолбуки, кутубхонанинг ташқи кўриниши кўркам ва ажойиб эди-ку. Сизлар ҳарамни кенгайтиряпмиз деган баҳона билан кўп нарсаларни бузиб юбординглар. Бу кутубхона кенгайтирилиши керак бўлган майдондан анча йироқда жойлашган эмасмиди?!

56. Кенгайтириш керак деган баҳоналаринг остига кириб кетган Бирҳо деган маконни ҳам тупроқ билан кўмиб ташлаб, ундан атиги бирор аломат ҳам, асар ҳам қолдирмадинглар. Ваҳоланки ўша жойга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кириб сувидан баҳраманд бўлардилар. Ишонмасангиз, «Саҳиҳул Бухорий»даги Закот китобининг «Қариндошларга закот бериш» боби остида (2/126) келган ҳадисга боқинг. Унда Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг қуйидаги сўзлари келтирилган:

كان أبو طلحة أكثر الأنصار بالمدينة مالا من نخل وكان أحب أمواله إليه بيرحاء، وكانت مستقبلة المسجد وكان رسول الله يدخلها ويشرب من ماء فيها طيب

«Абу Толҳа Мадинадаги Ансорларнинг ичида моли энг кўпи эди. Абу Толҳа учун молларининг энг маҳбублиси Бирҳо эди. Бирҳо масжиднинг рўпарасида жойлашган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у ерга кирар ва ундаги покиза сувдан ичар эдилар...».

Бу ҳадис «Саҳиҳи Муслим»да ҳам (1/693), Закот китобининг «Қариндошларга нафақа бериш ва садақа қилиш» бобида (998-рақам) ҳам келган. Бизда ундан бошқа далиллар ҳам талайгина.

Сизлар Мадинайи Мунавварада Масжидун Набийдан ташқари, Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаларига тегишли бирор бир ёдгорликни қолдирмадинглар.

Ахир биз Қуддуси Шарифда исломий ёдгорликларнинг барчасини таг-туги билан йўқ қилиб ташлаган яҳудийларга тақлид қилишимиз жоизми?!

Келажак авлодга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга тегишли муқаддас мерослардан нимани қолдирдинглар?

57. Шунингдек, яна шуни айтиб ўтиш лозимки, руқийя ва руҳий муолажа қилувчи кишилардан сизларга мухолиф бўлганларини қатл этишда покиза шариатнинг номи билан бемалол ҳукм чиқардинглар. Улардан тўғрию нотўғрисини ажратмасдан, барчаларини сеҳргарлар деб номладинглар ва бу борада кўз юмиб, қатл этилишларига фатво бердинглар. Сизлар Аллоҳ таолонинг: «Аллоҳ ҳаром қилган жонни ўлдирмангиз, фақат ҳақ билан бўлса мустасно» деган сўзини дастак қилиб олиб, «Улар қонлари мубоҳ бўлган сеҳргарлардир», деб қанча-қанча пок одамларнинг қонларини оқиздиларинг.

Башир ва Назир бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

أول ما يقضى به بين الناس يوم القيامة في الدماء

«Қиёмат куни инсонлар орасида энг биринчи ҳукм чиқариладигани (ноҳақ) тўкилган қонлар борасида бўлади».(Имом Аҳмад, Бухорий, Муслим, Термизий, Насоий, Ибн Можа ривоят қилганлар).

Аллоҳ таоло белгилаган чегаралардан ўтиб кетманглар. Ҳадларни шубҳалар билан бекор қилинглар. Ноҳақ тўкилган қонлар учун қасос олиндаган кун Қиёмат кунидан қўрқинглар!

وَاتَّقُوا يَوْمًا تُرْجَعُونَ فِيهِ إِلَى اللَّهِ ثُمَّ تُوَفَّىٰ كُلُّ نَفْسٍ مَّا كَسَبَتْ وَهُمْ لَا يُظْلَمُونَ

«Аллоҳга қайтариладиган кунингиздан қўрқинг. Сўнгра ҳар бир жон қилганига яраша тўлиқ оладир. Уларга зулм қилинмас». (Бақара сураси, 281-оят).

ХУЛОСА

Эй, биродарларимиз – Нажд уламолари!Саудия Арабистони мамлакати ҳар бир мусулмон қалбида маҳбуб макон саналади. Мамлакатнинг раҳбарлари, хоссатан икки Ҳарамнинг ходими бўлган подшоҳ, Раҳмоннинг меҳмони бўлиб келадиган ҳожилар ва умрачиларнинг хизматида ўзларининг бор кучларини сарфламоқдалар. Сизлар эса ўзларингизнинг юқорида мен зикр қилган ғалати ҳатти-ҳаракатларингиз билан шаръий ва диний ишларнинг омонатини зиммангизга юклаган мамлакат раҳбарларининг ишончларини суистеъмол қилмоқдасизлар. 

Зиммангизга шаръий ва диний ишларнинг омонатини юклаган бу мамлакатнинг ишончини оқланглар. Бундай улкан омонатни муҳофаза қилинглар. Бундай омонатга ўзларингизнинг ҳавойи нафс ва табиатларингизни аралаштирмангки, токи, бу давлатдан айб-нуқсон излаб юрганлар бу мамлакат муқаддас исломий ёдгорликларни ҳимоя қилишга эътиборсизлик билан ёндашмоқда, дейишга имкон топишмасин. 

Эй, Нажд уламолари! Динингиз, давлатингиз, исломингиз ва мусулмонлар ҳаққи юзасидан Аллоҳ таолодан қўрқинглар. Мусулмонларни бирлаштиришга ҳаракат қилинглар ҳамда уларнинг ўрталарини ажратишдан узоқ бўлишга интилинглар. 

Аллоҳ таолодан дуо қилиб сўрайманки, У сизларни, сўзни эшитиб, унинг энггўзалига эргашадиган кишилардан қилсин.Вассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ.

 

Биродарингиз:Юсуф ибн Саййид Ҳошим Рифоий

Анвар Абдуллоҳ таржимаси

Рейтинг@Mail.ru