JM News Portal - шаблон joomla Продвижение

«Ал-Қоида» етакчиси Башар Асад мухолифларини бирлашишга чақирди

«Ал-Қоида» етакчиси Башар Асад мухолифларини бирлашишга чақирди

«Ал-Қоида» террорчилик тармоғи етакчиси Айман ал-Заваҳирий Сурияда кураш олиб бораётган диний ақидапарастлар ва мухолифат кучларига мурожаат қилиб, уларни ўзаро жангларни

тўхтатиб, Башар Асад режимига қарши бирлашишга чақирди. Интернетда Заваҳирийнинг мурожаати пайдо бўлгани ҳақида Agence France-Presse ахборот агентлиги хабар бермоқда. «Суриялик мужоҳиддинлар бир-бирлари билан жанг қилаётганликларини кўриб… юракларимиз қонга тўлмоқда», – дея мурожаатдан иқтибос келтирмоқда CNN. Телеканал маълумотларига кўра, видеоёзувнинг ҳақиқийлиги ҳозирча тўла тасдиқлангани йўқ.

«Ироқ ва Левант ислом давлати» (ИЛИД) жангарилар ва мўътадил кайфиятдаги исёнчилар ўртасидаги жанглар сўнгги бир неча ҳафтадан бери давом этмоқда ва бунинг натижасида мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган. Жанглар, асосан, Сурия шимолида, Идлиб, Алеппо ва Ракка вилоятларида кечмоқда.

Заваҳирий аввалроқ ҳам Суриядаги ўзаро жангу жадалларни танқид қилиб чиққан, бироқ аввалги мурожаат асосан ИЛИДга тааллуқли эди. Хусусан, «Ал-Қоида» етакчиси ушбу гуруҳнинг зудлик билан тарқалиб кетишини талаб қилиб, Сурияда фақат «Ан-Нусра фронти»нинг ўзининг ягона вакили деб ҳисоблашини маълум қилганди. Заваҳирий ИДИЛ ўз ҳаракатларида ҳаддан ташқари зўравонлик ва хунрезлик қилаётганини ҳам танқид остига олганди.

«Ироқ ва Левант ислом давлати» ва исёнчилар ўртасидаги жанглари уларнинг ғоясидаги номутаносибликлар сабаб бошланган эди. Мухолифат Сурияни дунёвий давлатга айлантириш учун кураш олиб бораётган бўлса, ИЛИД мамлакатда шариат аҳкомларини ўрнатишни мақсад қилган. Амалдаги ҳукумат ўзига қарши курашаётганлар ўртасидаги бўлинишдан фойдаланиб, мўътадил кайфиятдаги жангариларга террорчиларга қарши бирга курашишни таклиф қилганди. Ўз навбатида, ИЛИД етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодий ҳам мухолифатга ярашиш таклифи билан чиққан – унинг фикрича, ўзаро келишмовчиликлардан фақат расмий Дамашқ ютади.

Башар Асад мухолифларининг ўзаро тўқнашувлари мамлакатда 2011 йил баҳоридан бери давом этаётган фуқаролар уруши фонида рўй бермоқда. Фуқаролар уруши натижасида Сурияда 130 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлди.

Рейтинг@Mail.ru