JM News Portal - шаблон joomla Продвижение

Ўзбекистон хавфсизлик хизматлари Фазлиддин Қурбонов шахсини аниқлашга киришган

Ўзбекистон хавфсизлик хизматлари Фазлиддин Қурбонов шахсини аниқлашга киришган

“РИА Новости”нинг Ўзбекистондаги мухбири Абуали Ниёзматовнинг

хабар беришича, Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизмати вакиллари яқинда Американинг Айдаҳо штатида қўлга олинган Фазлиддин Қурбоновнинг шахсини аниқлаш ишларини бошлаб юборган.

“Ҳозирги пайтда иш кетмоқда. Қурбонов ким, қаердан, ҳали тўлиқ аниқлангани йўқ”, деб қайд этган мамлакат хавфсизлик хизмати вакиллари.

Қурбонов ҳозирча федерал қамоқхонада сақланади. 21 май куни уни эҳтиёт чораси сифатида ҳибсда сақлаш ёки сақламаслик масаласи суд томонидан ҳал этилади.

Жума куни бўлиб ўтган суд эшитуви чоғида у  айбловларни тан олмаган. У телефон орқали таржимон хизматидан фойдаланган ҳолда ўз айбсизлигини айтиб ўтган. Эслатиб ўтамиз, оммавий ахборот воситаларида у оммавий қирғин қуролларини тайёрлашга уринган бўлиши мумкинлиги ҳақида ахборотлар пайдо бўлган эди.

Федераль тергов бюроси вакилларига кўра, Қурбонов портловчи қурилмалар тайёрлашга жиддий қизиққан. Ундан бомба тайёрлаш бўйича видео ҳам топилган.

Фазлиддин Қурбонов шу ҳафта чоршанба куни штат пойтахти Бойсе шаҳрида ҳибсга олинган. Унга хорижий террористик ташкилотга моддий ёрдам кўрсатиш мақсадида жиноий фитна уюштирганлик айби қўйилмоқда.

Айблов хулосасида келтирилишича, Қурбонов 2012 йилнинг августидан 2013 йилнинг май ойига қадар АҚШ террористик ташкилот сифатида тан олинган “Ўзбекистон исломий ҳаракати” ташкилотининг қатор вакиллари билан уларга ёрдам кўрсатиш бўйича  мулоқотда бўлган. Унинг бундай “ёрдами” компьютер дастурлари ва пул маблағлари кўринишида бўлган. Ўзбекистон исломий ҳаракати кўплаб мамлакатларда террористик ташкилот сифатида рўйхатга киритилган.

Қолаверса, тергов маълумотларига кўра, у 2012 йил 15 ноябрь куни портловчи қурилма тайёрлаш учун керак бўладиган моддаларга эга бўлган. Унда қўл гранатасининг корпуси, алюмин кукуни ва селитра бўлган. Қурбоновнинг ҳамтовоқлари ҳақида маълумотлар эълон қилинмаган.

Қурбоновга, шунингдек, қўшни Юта штати прокуратураси ҳам айблов йўлга қилинган. Ушбу штатда у портловчи моддалар ҳақида ахборот тарқатганликда айбланмоқда.

Айтилишича, Қурбонов бугун судда ҳозир бўлади. Оммавий ахборот воситалари Қурбонов ва унинг ҳимоячилари билан боғланиш имкониятига эга бўлишмаган.

KTVB телеканали хабар беришича, Фазлиддин Қурбоновнинг оиласи бундан бир неча йил муқаддам кўчиб келган бўлиб, у Америкада қонуний яшаб келган. Хабарда айтилишича, унинг оиласи христиан динини қабул қилган бўлса-да, кейинчалик Фазлиддин Ислом динини қайтиб қабул қилади.

У, агар айбдор, деб топилса, барча моддалар бўйича 15 йилгача, портловчи қурилмаларга эгалик қилгани учун 10 йилгача, агар Ютада ҳам айбдор, деб топилса, 20 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

Рейтинг@Mail.ru