JM News Portal - шаблон joomla Продвижение

Исломнинг террорга муносабати

Исломнинг террорга муносабати

Террор сўзи араб тилида «Ирҳоб» яъни, қўрқитиш деган маънони билдиради. Бу رهبة «раҳбат» сўзидан олинган бўлиб, у қўрқув деган маънода келади. Барча бандалар Аллоҳдан қўрқишлари лозим. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

 

وإياي فارهبون

 

“...Фақат Мендангина қўрқингиз!”. (Бақара: 40)

Аллоҳ таоло исёнкор бандаларни қўрқитгани туфайли ҳам итоаткор мўмин бандалар ажр-савобларга эга бўлишларига умид пайдо бўлади. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб деди: 

 

نَبِّئْ عِبَادِي أَنِّي أَنَا الْغَفُورُ الرَّحِيمُ. وَأَنَّ عَذَابِي هُوَ الْعَذَابُ الْأَلِيمُ

“Бандаларимга фақат Менгина кечиримли, меҳрибон эканимни ва Мени азобим аламли азоб эканини етказ” (Ҳижр: 49-50).

Демак, ушбу икки ҳолат, яъни хавф ва умид ҳар бир мўмин инсонни ҳаёти давомида ҳамроҳи бўлмоғи керак, гарчи айрим уламолар хавфни умиддан устун қўйиш керак деган бўлсалар ҳам. Буюк олимлар ушбу сўзни шарҳлаб айтадилар: Мўмин киши ёшлик даврида, турли кўнгилхушлик ва маъсиятларга етаклайдиган куч-қувват ва омиллар мўл-кўллигида қўрқувни умиддан устун қўймоғи керак. Аммо, ёши кексайиб, қувват ўрнини заифлик эгаллаган ва ажал яқинлашган вақтда эса умидни қўрқувдан устун қилиш керак. Шундай изоҳ ақидавий масалаларга оид қуйидаги шеърий байтнинг шарҳида айтилган (мазмуни):

Хавфни устун қўйгил ражодан

Узоқ юрма Хожанг Худодан

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Унинг йўлидан оғишган дамларимизда бизни қўрқитиб, шундай дейди:

وَمَا نُرْسِلُ بِالْآَيَاتِ إِلَّا تَخْوِيفًا

“Оят аломатларимизни (азобимиздан) қўрқитиш учун юборурмиз” (Исро: 59).

Инсон ҳам ўзидан бошқаларни турли услублар ва турли мақсадлар билан қўрқитади. Агар бу қўрқитиш одобга чақириш, ёмонликдан тийиш каби шаръий дуруст мақсад ва услублар билан бўлса бу иш жоиз бўлади. Бунга мисол қилиб, ўз қуюшқонидан чиққан, одобсиз аёлни одобга чақириб қўйишни мисол қилиб олишимиз мумкин:

 

وَاللَّاتِي تَخَافُونَ نُشُوزَهُنَّ فَعِظُوهُنَّ وَاهْجُرُوهُنَّ فِي الْمَضَاجِعِ وَاضْرِبُوهُنَّ فَإِنْ أَطَعْنَكُمْ فَلَا تَبْغُوا عَلَيْهِنَّ سَبِيلًا إِنَّ اللَّهَ كَانَ عَلِيًّا كَبِيرًا.

....Хотинларнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, аввало уларга насиҳат қилингиз, сўнгра (бу таъсир қилмаса,) уларни ўринларда (алоқасиз) тарк этингиз, сўнгра (бу ҳам кор қилмаса) уларни (мажруҳ бўлмагудек даражада) урингиз. Аммо сизларга итоат қилсалар, уларга қарши (бошқача) йўл ахтармангиз**. Албатта, Аллоҳ олий ва улуғ зотдир (Нисо: 34) .

Шунингдек, ғанимлик мақомида бўлган кимсаларни бизга қарши қиладиган душманчилик ишларидан тўсиш учун қўрқитиш ҳам шу жумладандир. Бу эса унга қарши туришга тайёрланиш ҳамда уни қўрқитиб қўйиш учун тарғибот қилиш каби бошқа восита ва василалалар билан ҳам амалга ошади.

 

وَأَعِدُّوا لَهُمْ مَا اسْتَطَعْتُمْ مِنْ قُوَّةٍ وَمِنْ رِبَاطِ الْخَيْلِ تُرْهِبُونَ بِهِ عَدُوَّ اللَّهِ وَعَدُوَّكُمْ وَآَخَرِينَ مِنْ دُونِهِمْ لَا تَعْلَمُونَهُمُ اللَّهُ يَعْلَمُهُمْ

“Улар учун имконингиз борича (ҳарбий) куч ва отлиқ бўлинмаларни тайёрлаб қўйингиз! Бу билан Аллоҳнинг ва ўзингизнинг душманингизни ва улардан ўзга сиз билмайдиган, лекин Аллоҳ биладиган (душман)ларни ҳам қўрқувга солган бўлурсиз....” (Анфол: 60).

Аммо, шаръий бир сабабсиз қўрқитиш эса қатъиян ҳаромдир. Негаки, Ислом дини “салом” (тинчлик) динидир. У адоват ва ҳужумни биринчи бошламайди, балки, зарурат бўлмаган ҳолатда ўзини хатарга қўйишдан кўра муаммони тинч йўл билан ҳал қилишни афзал билади. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб деди:

 

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا ادْخُلُوا فِي السِّلْمِ كَافَّةً وَلَا تَتَّبِعُوا خُطُوَاتِ الشَّيْطَانِ إِنَّهُ لَكُمْ عَدُوٌّ مُبِينٌ

“Эй, мўминлар, тинчликка батамом кирингиз, шайтон йўлларига эргашмангиз. Зеро, у (яъни шайтон) сизларга очиқ душмандир” (Бақара: 208).

Тинчликка батамом кириш бу – мусулмонларнинг ўзаро тинчлик-тотувликда яшашлари билан бир қаторда, ўзларига диндош бўлмаганлар билан ҳам тинчликда умр гузаронлик қилишлари тушунилади. Шу маънода Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтадики:

 

وَإِنْ جَنَحُوا لِلسَّلْمِ فَاجْنَحْ لَهَا وَتَوَكَّلْ عَلَى اللَّهِ إِنَّهُ هُوَ السَّمِيعُ الْعَلِيمُ

 

“Агар улар сулҳга мойил бўлсалар, Сиз ҳам унга мойил бўлинг ва Аллоҳга таваккул қилинг! Албатта, У Эшитувчи ва Билувчидир.” (Анфол: 61).

Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Ҳудайбия сулҳида тутган мавқелари ушбу буюк тамойилнинг амалий татбиғи эди. Агар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғанимлари ул зот ҳузурига тинчлик режаси билан келишса, албатта қабул қилажакларини ваъда бердилар. Сулҳдаги шартлар ва бандлар ҳам шу нарсанинг яққол тасдиғи эди. Иш шу даражага бориб етдики, мазкур сулҳдаги кўплаб бандлар тинчликка эришиш учун зоҳирдан ғанимлар фойдасига имзоланаётганини кўргач, айрим саҳобалар бу нарсани хўрлик ва таслимчилик деб ўйладилар. Бироқ, бу ишлардаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ишлатган ҳикматлари бундай хато фикрларни ҳар томон паришон қилиб юборди.

Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам то қуёш оғгунга қадар душман ҳужумини пойладилар, сўнгра азбаройи тинчлик ва офиятни қадрлаганларидан саҳобаларига шундай дедилар: “Эй одамлар, душманга йўлиқишга ошиқманглар. Балки, Аллоҳдан доимо офият сўранглар. Мабодо уларга йўлиқиб қолсангиз, унда бардошли бўлинг. 

Буларнинг бари, Ул зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг инсон ҳаётидаги энг асосий неъмат бўлмиш тинчлик хотиржамликни азбаройи устун қўйиб, қадрлаганликларидан далолат қилади. Бунга яна бир мисол Имом Термизий ривоят қилган ушбу ҳадис бўлиб, унда бундай дейилади: “Кимки, ўз уйида хавф хатардан эмин ҳолда тонг оттирса ва ҳузурида бир кунлик озиғи ҳам бўлса, бас, гўёки унга бутун дунё неъматлари ато қилинибди ”.

Ал-Бухорий

Рейтинг@Mail.ru