JM News Portal - шаблон joomla Продвижение

Исломда мутаассибликка муносабат

Исломда мутаассибликка муносабат

Баъзи мусулмонлар ислом ҳукмларини ҳаётга татбиқ қилишда мутаассибликка йўл қўядилар. Динда бағрикенглик ва енгиллик ҳам борлигини эсларидан чиқаришади. Чунки улар ўзларини тўғри йўлда деб билишади. Фикримизни исботи сифатида қуйидаги ҳадисни келтирамиз: “Албатта, дин енгилдир. Ким динга мутаассиблик қилса, (дин) уни енгади. Бас, тўғри бўлинглар ва яқин бўлинглар...” (Имом Муслим рив.). Яна шунингдек, “Мутанаттиълар (динда чуқур кетадиган кишилар) ҳалок бўлди. Мутанаттиълар ҳалок бўлди. Мутанаттиълар ҳалок бўлди”, (Имом Муслим рив.) дейилган.

Бундай шахслар атрофдаги одамларнинг руҳиятига қаттиқ таъсир ўтказади. Уларга тўғри деб билган йўлини кўрсатишмоқчи бўлишади. Сабаби, динда шундай бўлиши керак, деган эътиқод билан ўзига қаттиқ буйруқ берган бўлади. Ўзини тергашдан, мен тўғри йўлдан боряпманми, деган саволларга жавоб беришдан қочиб юради. Охир оқибат, мутаассибона фикр юритиши, кўпчиликнинг қаршилигига дуч келгани натижасида динидан воз кечади. Ёки, тоқати етмай турган бўлса ҳам хатосидан қайтмай, машаққат билан динида қолади.

 

Лекин, ислом дини тор фикр юритиб ҳукмларга амал қилишни қаттиқ қоралайди. Қуйидаги ҳадислар юқоридаги фикримизнинг айни маъносидир:

 

Набий (с.а.в.) Муоз (р.а.) ва унинг шеригини Яманга жўната туриб: “Енгил қилинг ва қийин қилманг. Хушхабар беринг ва нафратлантирманг. Ўзаро ёрдам беринг ва ихтилоф қилманг”, (Имом Муслим рив.) деганлар. Яна шунингдек, “Енгил қилинг ва қийин қилманг. Хушхабар беринг ва нафратлантирманг”, (Имом Бухорий ва Имом Муслим рив.) деганлар.

 

Бунга ўхшаш бошқа ҳадисда Муоз (р.а.) имом бўлиб, намозни чўзиб ўқиб берди. Одамлар унинг устидан Набий (с.а.в.)га шикоят қилишди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.) “Эй Муоз, фитначимисан!”, (Имом Бухорий ва Имом Муслим рив.) деб айтдилар.

 

Лекин ислом тарихидан хабари бор бўлган киши салафи солиҳлар ҳам тортишган-ку, ўз фикрларида туриб олиб бошқаларнинг фикрини хатога чиқарган, деб ўйлаши табиий. Бунга жавобан айтишимиз мумкинки, Салафи солиҳлар бир масалада тортишмоқчи бўлсалар мунозарали илм бўлиши учун тортишишган. Шунингдек, ўша масала баъзи ҳаётда учраб турадиган кичик муаммолар бўлган. Ҳозирги мутаассибларга ўхшаб катта масалаларда, яъни давлат тўнтариши, ҳукуматни ўзгартириш, ота билан фарзандни орасини ажратиш ва ҳоказоларга ўхшаш эмас. Салафи солиҳларнинг яна бир сифати, улар тортишган одамлари билан чиройли муомалада бўлишган. Бошқаларга илм бўлсин деб мунозара қилган шеригини яхши кўришган. Намоз ўқишда бири иккинчисига эргашган. Касал бўлганда ҳолидан хабар олиб, хайрли ишларда ўзаро ҳамкорлик қилишган. Улар ака-ука биродар бўлишган.

 

Бундай шахслар бир фикрда туриб олиши, мутаассибона фикр юритиши нафсига эргашишлиги, қул бўлишлиги ҳисобланади. Чунки Оллоҳни ўзи уларнинг кўзига парда тортган, қулоғини биткизган. Аллоҳ таъоло оятда:

 

أَفَرَأَيْتَ مَنِ اتَّخَذَ إِلَهَهُ هَوَاهُ وَأَضَلَّهُ اللَّهُ عَلَى عِلْمٍ وَخَتَمَ عَلَى سَمْعِهِ وَقَلْبِهِ وَجَعَلَ عَلَى بَصَرِهِ غِشَاوَةً فَمَن يَهْدِيهِ مِن بَعْدِ اللَّهِ أَفَلَا تَذَكَّرُونَ

 

(Эй Муҳаммад), ҳавойи нафсини ўзига «илоҳ» қилиб олган ва Аллоҳ уни билган ҳолида йўлдан оздириб, қулоқ ва кўнглини муҳрлаб, кўз олдига парда тортиб қўйган кимсани кўрганмисиз? Бас, уни Аллоҳ (йўлдан оздиргани)дан сўнг ким ҳидоят қила олур?! Ахир эслатма-ибрат олмайсизларми?! (Жосия: 23)

 

مُنِيبِينَ إِلَيْهِ وَاتَّقُوهُ وَأَقِيمُوا الصَّلَاةَ وَلَا تَكُونُوا مِنَ الْمُشْرِكِينَ © مِنَ الَّذِينَ فَرَّقُوا دِينَهُمْ وَكَانُوا شِيَعًا كُلُّ حِزْبٍ بِمَا لَدَيْهِمْ فَرِحُونَ

 

(Аллоҳга) қайтгувчи бўлган ҳолларингизда (Унинг динини маҳкам тутинглар) ва У зотдан қўрқинглар ҳамда намозни тўкис адо қилинглар! Мушриклардан бўлманглар!

 

Улар (яъни мушриклар) динларини бўлиб, фирқа-фирқа бўлиб олгандирлар. Ҳар бир фирқа ўз олдиларидаги нарса билан хурсанддирлар. (Рум: 31-32)

 

Агар киши мутаассиблик деганда диндаги вожиб амалларни бажаришлик ва уларга интилиши маъносида бўлса, яъни намозини ўқиши, рўза тутиши, закот бериши, ҳажга бориши, ота-онасига яхшилик қилиши, оиласини тебритиб бўйнидаги вазифасини бажарса, шунингдек, алдов ва қўрқитишлар таъсири остида сусткашликка йўл қўймаслиги, яъни динни хато тушуниб қолган одамларнинг фикрига қулоқ солиб миясини заҳарлашлиги, ёки “дин” деб ватани, миллати, виждонига қарши қилиб сиёсатнинг “балчиқ”ига туширадиган шахсларга аралашмаслиги бўлса, мақтовли иш бўлади. Бу ҳолат динда мустаҳкам туриб уни қувватлантириш ҳисобланади. Шу маънода оятлар мавжуд:

 

وَإِذْ أَخَذْنَا مِيثَاقَكُمْ وَرَفَعْنَا فَوْقَكُمُ الطُّورَ خُذُواْ مَا آتَيْنَاكُم بِقُوَّةٍ وَاذْكُرُواْ مَا فِيهِ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ

 

Эсланг (эй бани Исроил), биз аҳду паймонингизни олгандик ва устингизда Тур тоғини кўтариб туриб, «Келтирган нарсамизни (Тавротни) маҳкам ушланг ва ундаги бор нарсани ёдингизда тутинг — шояд тақво эгаларидан бўлсангиз», дегандик. (Бақара: 63)

 

Динни маҳкам тутиб, ундаги вожиб амалларни адо қилишга интилиш дегани, бошқа хил фикр юритадиган кишиларни ёмон кўриш, улар билан ўртада низо чиқариш, тарқоқлик ва фитна тарқатиш маъносини билдирмайди. Аллоҳ таъоло динда қарши чиқувчи кишилар тўғрисида шундай дейди:

 

كَيْفَ يَكُونُ لِلْمُشْرِكِينَ عَهْدٌ عِندَ اللّهِ وَعِندَ رَسُولِهِ إِلاَّ الَّذِينَ عَاهَدتُّمْ عِندَ الْمَسْجِدِ الْحَرَامِ فَمَا اسْتَقَامُواْ لَكُمْ فَاسْتَقِيمُواْ لَهُمْ إِنَّ اللّهَ يُحِبُّ الْمُتَّقِينَ

Аллоҳ наздида ва Унинг Пайғамбари наздида мушриклар учун қандай аҳд-паймон бўлсин?! (Яъни, ҳеч қандай аҳд бўлиши мумкин эмас, чунки улар Аллоҳга ҳам, Унинг Пайғамбарига ҳам иймон келтирмайдилар, демак, берган ваъдаларини бузаверадилар), магар сизлар Масжид ал-Ҳаром олдида (яъни, Маккада) аҳдлашган кимсалар борки, улар модомики аҳдларида барқарор турар эканлар, сизлар ҳам аҳдларингизда турингиз! Албатта, Аллоҳ тақво қилгувчи зотларни севар. (Тавба: 7)

 

لَا يَنْهَاكُمُ اللَّهُ عَنِ الَّذِينَ لَمْ يُقَاتِلُوكُمْ فِي الدِّينِ وَلَمْ يُخْرِجُوكُم مِّن دِيَارِكُمْ أَن تَبَرُّوهُمْ وَتُقْسِطُوا إِلَيْهِمْ إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ الْمُقْسِطِينَ

Аллоҳ сизларни динларингиз тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз диёрларингиздан ҳайдаб чиқармаган кимсалардан — уларга яхшилик қилишларингиздан ва уларга адолатли бўлишларингизда қайтармас. Албатта Аллоҳ адолат қилгувчиларни севар. (Мумтаҳина: 8)

Ҳадисдан далил:

 

Набий (с.а.в.): “Мен дунё-ю охиратда Ийсо ибн Марямга одамлар ичида ҳақлироғиман”, дедилар. “Қандай қилиб, эй Аллоҳнинг Расули!”, дейишди. “Анбиёлар Аллоҳнинг биродарларидирлар. Оналари ҳар хил ва динлари бирдир. Бас, бизнинг орамизда набий йўқдир”, (Имом Муслим рив.) дедилар.

Бир мусулмон билан яҳудий орасидаги низода, “Мени Аллоҳнинг анбиёлари орасида ортиқ қилмангиз”, (Имом Муслим рив.) деб айтдилар.

Шунингдек, “Асабийят (яъни, мутаасиблик)га чақирган биздан эмас”, (Имом Муслим рив.) деганлар.

Бошқа мусулмонларни ёппасига куфрда айблайдиган мутаассиблар ҳам бор. Уларни огоҳлантириб қуйидаги ҳадиси шарифни келтирамиз: “Албатта, ким ўз биродарига эй кофир, деса, батаҳқиқ, иккисидан бири у билан қайтади”, (Имом Бухорий ва Имом Муслим рив.) дейилган. Яъни иккисидан бири кофир бўлади.

Пайғамбар (с.а.в.) нинг ўзлари тўғридан-тўғри қайтариб турган бўлсалар биз яна нима дейишимиз мумкин.

 

Хулоса қилиб айтганда, ислом дини мутаассиблик қилувчи шахсларни қаттиқ қоралаган. Аллоҳ каломи шарифида:

 

فَاتَّقُوا اللَّهَ مَا اسْتَطَعْتُمْ وَاسْمَعُوا وَأَطِيعُوا وَأَنفِقُوا خَيْرًا لِّأَنفُسِكُمْ وَمَن يُوقَ شُحَّ نَفْسِهِ فَأُوْلَئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ

Бас, кучларингиз етганича Аллоҳдан қўрқинглар, (ўзларингизга қилинаётган панд-насиҳатга) қулоқ тутинглар ва итоат этинглар ҳамда инфоқ-эҳсон қилинглар, (мана шу) ўзларингиз учун яхшироқ бўлур. Ким ўз нафсининг бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар нажот топгувчидирлар. (Тағобун: 15)

 

يُرِيدُ اللّهُ بِكُمُ الْيُسْرَ وَلاَ يُرِيدُ بِكُمُ الْعُسْرَ

 

Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди. (Бақара: 185)

Бир фикрда қаттиқ туриб олиш ва уни бошқаларга мажбуран сингдириш шаръан манъ қилинган ишдир. Агар ҳақлигига шубҳа қилмаса ва бошқаларга зарар бермаса киши ўз фикрида туриши мақталинган иш ҳисобланади.

Al-Buxoriy

Рейтинг@Mail.ru