JM News Portal - шаблон joomla Продвижение
  • Кўринмас қўллар фитнаси

    Дунёда юз бераётган фитналар ҳақида фикр юритган киши чуқур ўйга толади. Дин душмани бўлган “учинчи томон”нинг қўғирчоғига айланган манқурт кимсалар барчанинг нафратини қўзғамоқда.

    Батафсил...
  • «Дунё уламолари мурожаати» номли китоб ҳақида

    Маълумки, бугунги кунда дунёнинг турли ҳудудларида, хусусан, Яқин Шарқ минтақасида фаолият юритаётган террорчи ташкилотлар ўз сафини янги аъзолар билан тўлдириш мақсадида ислом таълимотини бузиб талқин қилмоқдалар. Хусусан, Ироқ ва Суриядаги ерларни ноқонуний эгаллаб

    Батафсил...
  • ИШИДчилар кимнинг халифалари? (1-қисм)

    Суриянинг ўзида неча юз минглаб одамлар ҳаётдан кўз юмдилар. Миллионлаб кишилар ногирон бўлдилар. Неча миллионлаб бегуноҳ инсонлар ўз юртларини тарк этиб, сарсон-саргардон бўлдилар. Норасида болалар оч ва яланғоч қолдилар.

    Батафсил...

Буддизм

Буддизм

Буддизм — дунёдаги энг йирик динлар ичида қадимийларидан бири ҳисобланиб, мил. ав. VI — V асрларда Ҳиндистонда вужудга келган. Бу динга эътиқод қилувчилар, асосан, Жанубий, Жануби-Шарқий ва Шарқий Осиё мамлакатлари: Шри Ланка, Ҳиндистон, Непал, Бутан, Хитой, Сингапур, Малайзия, Индонезия, Монголия, Корея, Ветнам, Япония, Камбоджа, Бирма, Таиланд, Лаосда ва қисман Европа ва Америка қитъаларида, Россия Федерациясининг Тува, Бурятия, Қалмиқстон республикаларида истиқомат қиладилар. Ҳозирги кунда эътиқод қилувчилар сони жиҳатидан буд­дизм христианлик, ислом ва ҳиндуизмдан сўнг тўртинчи ўринни эгаллайди. Буддистларнинг сони тахминан 700 млн. атрофида бўлиб, улардан 1 млн. га яқини роҳиблардир.

Буддизм бундан 2500 йилдан аввалроқ Ҳиндистонда диний-фалсафий таълимот сифатида вужудга келиб, унда кўплаб диний манбалар ва диний йўналишлар мавжуд.

Буддизм турли миллий ва диний анъаналар билан келишувчанлиги сабабли кўп миллатлар томонидан кенг қабул қилинди. Буддизм ҳаётнинг барча соҳалари: диний, маданий, сиёсий ва иқтисодий қатламларига кириб борди.

Буддизмни дин ёки фалсафа, мафкура ёки маданият қоидалари тўплами ёхуд ҳаёт тарзи деб баҳолаш мумкин.

Айни кунда бу динга эътиқод қилиб келаётган Шарқ мамлакатларидаги буддизм таълимотини ўрганиш у ердаги сиёсий-иқтисодий, маънавий маданиятни тушунишнинг асосий омилларидан бири ҳисобланади. Бу давлатларда ушбу динга эътиқод қилувчилар назарида буддизмнинг қоида ва анъаналари марказий ҳукумат қонунларидан кўра устунроқдир, табиийки, бунинг замирида унинг потенциал кучи ётади.

Буддизм асосчисининг шахси. Буддизм тарихи тадкиқотчилари мавжуд манбалар асосида бу оқим асосчиси реал тарихий шахс эканлигини таъкидлайдилар. Бу таълимот тўғрисида хабар берувчи адабиётларда у Сиддхартха, Гау-тама (Готама), Шакямуни, Будда, Тадхагата, Джина, Бха-гаван каби исмлар билан зикр этилади. Бу исмлар маънолари қуйидагича: Сиддхартха — шахсий исм, Гаутама — уруғ номи, Шакямуни — «Шакя қабиласидан чиққан донишманд», Будда — «нурланган», Тадхагата — «шундай қилиб, шундай кетган», Джина — «ғолиб», Бхагаван — «тантана қилувчи». Улар ичида энг машхури «Будда» бўлиб, шундан ушбу динга буддизм номи берилган.

Бизгача Будданинг бир неча биографиялари етиб келган: «Махавосту» — милоднинг II асрида ёзилган, «Лалитавистара» - милоднинг II-III асрларида юзага келган, «Буддхачарита» - буддист файласуфлардан бири Ашвагхоша томонидан милоднинг I-II асрларида яратилган, «Ниданакатха» - милоднинг I асрида ёзилган ва «Абнихишкрамансутра».

Мазкур биографияларда Будданинг қайси йилларда яшаганлиги турлича берилган. Уларда мил. ав. IX — III асрлар оралиғидаги ҳар хил муддатлар кўрсатилади. Расмий ҳисобга кўра, Бутама-Будда мил. ав. 623 йилда туғилиб, 544 йилда вафот этган. Бироқ кўпчилик тадқиқотчилар унинг таваллуди мил. ав. 564 йилда, вафоти эса 483 йилда деб ҳисоблайдилар. Баъзан 560 ва 480 деб яхлит сонлар билан кўрсатадилар. Айтиш жоизки, юқорида зикр қилинган биографияларда Будданинг ҳақиқий ҳаёти билан унинг ҳақидаги афсоналар ўзаро қоришиб кетган.

Сиддхартха Шакя қабиласининг подшоҳдаридан бири Шуддходананинг ўғли эди. Унинг саройи Ҳимолай тоғлари этагида Капилавасти деган шаҳарда бўлган (ҳозирги Непал ҳудудида). Онаси — малика Майя. Подшоҳ ўғлини орзу-ҳаваслар оғушида тарбиялаб, уни ҳеч бир камчиликсиз катга қилади. Сиддхартха улғайиб қўшни ҳукмдорлардан бирининг қизи Яшадхарага уйланади ва ўғил кўриб, унга Рахула деб исм қўяди.

Ҳеч бир қийинчилик ва камчилик кўрмай ўсган бола Сиддхартха бир куни иттифоқо бир кекса чол, бир бемор ҳамда оғир машаққат тортаётган роҳибни учратади, бир кишининг эса вафотига гувоҳ бўлади. Бундан каттиқ таъсирланган шаҳзода инсониятни қийинчилик ва азобдан қутқариш йўлларини излаш учун саройни ташлаб кетади. Бу вақтда у 30 ёшда эди. У бешта роҳиб билан қишлоқма-қишлоқ кезиб юради. Шу аснода Сиддхартха бир нарсага амин бўлди: бу йўл уни ўз олдига қўйган мақсад, яъни инсониятни азоб-уқубатдан қутқариш сари олиб бормайди ва у роҳиблар жамоасидан ажралади.

Бирмунча вақт чангалзор ўрмонларда кезиб ҳориб чарчагач, бир дарахтнинг тагида дам олиш учун ўтиради ва ўзича, то ҳақиқатни топмагунча шу ердан турмасликка қарор қилади.

Бу ўтиришнинг 49 куни унинг калбидан «Сен ҳақиқатни топдинг» деган садо келади. Шу пайтда унинг кўз олдида бутун борлиқ намоён бўлади. У ҳамма жойда шошилиш, қаёққадир интилишни кўради: ҳеч бир жойда осудалик йўқ эди. Ҳаёт ниҳоясиз узоқликни кўзлаб ўтиб кетаётган эди. Инсон акли етмас бир куч Тришна — яшаш, мавжуд бўлиш умиди барчанинг тинчини бузар, ҳалок қилар ва яна қайта яратар эди. Мана энди Будда кимга қарши курашиш кераклигини англади. Шу ондан у Будда — нурланган деб аталди. У тагида ўтирган дарахт эса — нурланган дарахт (ботха) деб атала бошлади.

Будда ўзининг биринчи даъватини Варанаси яқинидаги Ришипатана боғида ўзининг беш роҳиб дўстларига қилди ва улар Будданинг биринчи шогирдлари бўлдилар.

Шу кундан бошлаб Будда ўз шогирдлари билан қишлоқма-қишлоқ юриб, ўзига янги издошлар орттиради. Будда 40 йил мобайнида Ҳиндистоннинг турли жойларида бўлади, одамларга ўз ғояларини етказади, сингдиради ва 80 ёшида Куштнагара деган жойда дунёдан ўтади. Унинг жасади, ҳинд удумига кўра, куйдирилиб, хоки 8 та буддист жамоаларига бўлиб юборилди ва ҳар бир жамоа уни дафн этган жойида ибодатхона (ступа) барпо этди.

Будданинг ҳаёти ҳақида турли асотирлар пайдо бўлди. Уларда айтилишича, Будда кўп йиллар давомида ер юзидаги турли мавжудотлар қиёфасида қайта туғилган: 84 марта руҳоний, 58 марта шоҳ, 24 марта роҳиб, 13 марта савдогар, 18 марта маймун, 12 марта товуқ, 8 марта ғоз, 6 марта фил, шунингдек, балиқ, қурбақа, каламуш, қуён қиёфаларида қайта туғилган. Жами 550 марта қайта туғилган. У доимо қаерда, кай қиёфада туғилишини ўзига ўзи белгилаган.

Сўнгги марта уни худолар инсониятни тўғри йўлга бошлаши учун инсон қиёфасида яратганлар. Бу афсоналарнинг баъзиларига кўра, ер юзида Гаутамага қадар 6 та Будда ўтган. Шунинг учун буддизмнинг баъзи муқаддас жойларида 7 та ибодатхона барпо этилган. 7 та Бодха дарахти ўтказилган. Баъзи афсоналар 24 та Будда авлоди ўтган деса, баъзилари минглаб буддалар ўтган деб даъво қилади.

Таълимоти. Буддизм қадимий ҳинд диний-фалсафий таълимотлари асосида вужудга келган, ўзига хос назариёт ва амалиётдан иборат бўлган диний тизимдир. Будда янги диний қонун-қоидалар, расм-русумлар ишлаб чиқмаган, балки ҳар бир инсон туғилиш ва ўлим машаққатларидан қутулиши учун амал қилиши лозим бўлган бир неча кўрсатмаларни ишлаб чикди холос. Унинг таълимоти инсоннинг хаёлида, ишларида ва ўзини тутишида самимий олижаноблик ғоясини илгари суради. У ведалардаги гуноҳсизлик таълимотини инкор қилди, ҳайвонларни ваҳшиёна қурбон қилишни қоралади, варна (каста) тизимини ва ундаги руҳонийларнинг бошқалардан устунлигини инкор қилди.

Будда «яратувчи олий куч»нинг борлигига шубҳа ва ишончсизлик билдирган. Унинг фикрича, энг муҳими инсоннинг шахсий камолоти ва эзгу турмуш тарзидир.

Будда таълимотининг асосида «ҳаёт — бу азоб-уқубат» ва «нажот йўли мавжуд» деган ғоялар ётади. Буддизм таълимотига кўра, инсон ўзига хос мавжудот бўлиб, туғилади, ўзини-ўзи ҳалок қилади ёки қутқаради. Бу ғоялар Будданинг илк даъватида таъбирланган тўрт ҳақиқатда ўз ифодасини топган.

Биринчи ҳақиқат — «азоб-уқубат мавжуддир». Ҳар бир тирик-жон уни бошидан кечиради, шунинг учун ҳар қандай дунёвий ҳаёт — қийноқ, азоб-уқубатдир.

Туғилиш — қийноқ, касаллик — азоб, ўлим — кулфат, қийинчиликка дуч келиш — машаққат, айрилиқ — эзилиш, орзу-ҳавасга етолмаслик — уқубат. Дунё тузилишининг асосий қонуни бир-бирига боғликдик. Ҳеч бир нарса маълум сабабсиз яралмайди. Лекин ҳар бир ҳодиса ёки ҳаракатнинг бирламчи сабабини аниқлаш мумкин эмас. Шунинг учун буддизм дунёни шу ҳолича қабул қилишга чақиради.

Буддизм таълимотига кўра, ҳар қандай нарса ёки ҳодиса, у хоҳ моддий, хоҳ маънавий бўлсин, дҳарма (элемент)лардан ташкил топган. Улар ўз хусусиятига кўра ҳаракатсиз бўлиб, дҳармаларни қўзғатувчи куч инсоннинг хаёл ва сўзларидир. Объектив ҳақиқат бу доимий равишда ўзгариб турувчи дҳармалар оқимидир. Ҳаракатдаги дҳармалар ўз мавжудлигининг беш шакли — тана, сезги, ҳис-туйғу, ҳаракат, англашни яратади. Мазкур беш шакл инсонни ташкил қилади. Инсон улар ёрдамида яшайди, борлиқ билан алоқада бўлади, яхши ёки ёмон ишларни бажаради. Беш элементнинг ўзаро мавжудлиги инсоннинг ўлими билан барҳам топади. Инсонни ташкил қилувчи беш шакл (скандх) ўз навбатида қайта туғилади. Янги тананинг хусусиятлари асос бўлувчи беш натижани беради: фаолият, гумроҳлик, хоҳиш, истак ва меъёр. Бу жараён «ҳаёт ғилдираги»ни ташкил қилади. «Ҳаёт ғилдираги»да доимий равишда айланиб, инсон абадий қийноққа дучор бўлади.

Иккинчи ҳақиқат — «қийнокларнинг сабаблари мавжуд­дир». Инсон моддий нарсалар ёки маънавий қадриятлардан фойдаланиб, уларни ҳақиқий ва доимий деб ҳисоблайди ҳамда доимо уларга эга бўлишга интилади. Бу интилиш ҳаёт давомийлигига олиб боради. Яхши ёки ёмон ниятлардан тузилган ҳаёт дарёси орзулар ва интилишлар сабабли келажак ҳаёт учун карма ҳозирлайди. Демак, қайта туғилиш, қайтадан қийнокларга дучор бўлиш давом этади. Аксарият буддистлар фикрича, Буддадан кейин ҳеч ким нирвана ҳолатига эриша олмаган.

Учинчи хақикат — «қийнокларни тугатиш мумкин». Яхши ёки ёмон ниятлардан, интилишлардан бутунлай узилиш нирвана ҳолатига олиб боради. Бу ҳолатда инсон қайта туғилишдан тўхтайди. Буддистлар фикрича, нирвана ҳолати «ҳаёт ғилдирагидан» ташқарига чиқиш, «мен» деган фикрдан ажралиб, инсоннинг ҳиссий туйғуларини тўла тугатишдир.

Тўртинчи ҳакиқат — «қийнокдардан қутулиш йўли мав­жуддир». Бу йўл саккизта нарсага амал қилиш, тўғри тушуниш, тўғри ҳаракат қилиш, тўғри муомалада бўлиш, фикрни тўғри жамлашдир. Бу йўлдан борган инсон Будда йўлини тугади.

 

Буддизм таълимоти, асосан, уч қисмдан иборат:

 

1) ахлоқ; 2) медитация; 3) донолик.

 

1. Ахлоқ нормалари — «Панча шила» (Будданинг беш насиҳати):

 

a. қотилликдан сақланиш;

 

b. ўғриликдан сақланиш;

 

c. гумрохликдан сақланиш;

 

d. ёлғон, қалбаки нарсалардан сакданиш;

 

e. маст қилувчи нарсалардан сақданиш.

 

2. Медитация.

 

1) тўғри тушуниш (тўғри эътиқод килиш) – Будданинг биринчи даъватида сўз юритилган тўрт ҳақиқатни билиш ва унга ишониш;

 

2) тўғри ният қилиш – дунёвий лаззат-ҳаловатлардан халос бўлишга, кераксиз фикрлар ва бошқаларга зарар етказиб қўйишдан сақланишга интилиш;

 

3) ўзини тўғри тутиш – ўзиники бўлмаган нарсага кўз олайтирмаслик, ортиқча ҳиссиётга берилмаслик;

 

4) тўғри англаш – ўз танаси ва руҳига ўзини йўқотиб қўймайдигаи даражада назоратда бўлиш ҳамда бунда эҳтирослар ва изтиробларга чек қўйиш;

 

5) тўғри ҳаракат қилиш – ўзидаги ёмон туйғуларни жиловлаш ҳамда эзгу туйғулар ва ҳаракатларни ривожлантириш;

 

6) тўғри ҳаёт кечириш – номаъқул ҳаёт тарзидан сақланиш;

 

7) тўғри фикр юритиш – камолотнинг тўрт босқичини кетма-кет босиб ўтиш;

 

8) тўғри гапириш – ёлғондан, туҳматдан, ҳақоратдан ва бефойда гаплардан сакланиш.

 

3. Донишмандлик — бу буддизмнинг асосий мақсади бўлиб, нарсалар табиатини тўғри тушунишдан иборат.

 

Юқорида кўрсатилган уч амалиёт босқичини ўтаган инсон охир-оқибат олий саодатга, яъни нирвана ҳолатига эришади. Нирвана сўзининг луғавий маъноси — «ўчиш, сўниш». Унда ҳаётнинг хар қандай кўринишига интилиш йўқолади.

 

Тарқалиши. Ушбу таълимотнинг ёйилишида буддист жамоаларнинг (сангха) роли катта бўлган. Улар йилнинг об-ҳавоси яхши бўлган тўққиз ойида шаҳарма-шаҳар, қишлоқма-қишлоқ юриб, аҳолини бу динга даъват қилиб юрганлар. Фақатгина муссон ёмғирлари тинмай қуйган уч ойдагина ўз ибо-датхоналарида муқим бўлиб медитация билан шуғулланганлар.

 

Мил. ав. 273 – 232 йилларда ҳукмронлик қилган импера­тор Ашока даврида буддизм кенг ҳудудларга жадал тарқалди. У буддист монахларга (роҳиблар), уларнинг Ҳиндистон билан чегарадош давлатларга қилган миссионерлик ҳаракатларига хайрихоҳлик билдирарди. Буддист миссионерлари ўз принципларида маҳкам туриб, юмшоқлик ва келишувчанлик билан ҳаракат қилдилар.

 

Буддизм жамоалари бегона дин, маданият ва урф-одатлар устун бўлган шароитларда асрлар мобайнида ўзларини сақлаб қолиш, фурсат келганда, уларга ўз таъсирларини ўтказиш қобилиятига эгадирлар. Уларнинг бу хусусиятлари Ҳиндистонда мусулмон ҳукмдорлари даврида, Шри Ланкада португаллар, голландлар ва инглизлар мустамлакаси даврида, Хитой ва Япония конфуцийчилари даврида мазкур ҳудудларга буддизмнинг ёйилишида яққол намоён бўлади.

 

Буддизм милоднинг I асрида Хитой, IV асрда – Корея, VI асрда – Япония, VII асрда – Тибет, XIII - XVI асрларда – Монголия, XVII-XVIII асрларда – Бурятия ва Тува, XIX-XX асрларда эса Америка ва Европа қитъаларига кириб борган.

 

Буддизм бошқа худоларга сиғинишни таъқикламайди. Будда, уларга ибодат қилиш инсонга вақтинча тасалли бериши мумкин, бироқ улар нирвана ҳолатига олиб бормайди, деб таълим берган. Шу сабабли буддизм таълимоти турли жойларда ёйилиши билан улар ибодат қилиб келган илоҳлари ёки улуғлаган шахслари тимсоллари ибодатхоналарни эгаллаган.

 

Масалан, Хиндистоннинг буддизмга мансуб илоҳлари дунёни яратувчи Брахма, чақмоқ ва момақалдироқ худоси Индра, ҳунармандчилар ҳомийси Хатиману, Тибетда қаҳрамон Басер тимсоли, Монголияда Чингизхон каби миллий қаҳрамонлар буддизм илоҳлари тимсолига айланди. Бироқ бу илоҳлар нирвана ҳолатига олиб бормайди. Фақатгина Будда нирванага бошлай олади ва шу йўсинда инсонни азоблардан халос этади.

 

Манбалари. Буддизм таълимоти бир қатор китоблар шаклига келтирилган тўпламларда баён қилинган. Улардан энг асосийси Трипитака (ёки Типитака) — «уч сават» маъносини англатади. У уч қисмдан иборат бўлганлиги учун шундай ном билан аталган. Бу манбанинг қўлёзма нусхаси Шри Ланкада сақланиб қолган. У милоднинг бошларида китоб шаклига келтирилган. Улар Будда тарғиботининг ҳақиқий баёни ҳисобланган сутра матнлари — Сутра-питака, роҳиблик ахлоқи, хонақоҳлар низомларига бағишланган вишя матнлари – Виная-питака, буддизмнинг фалсафий ва психологик муаммоларини баён қилиб беришга бағишланган абхидхарма матнлари – Абхидхарма-питакадан иборат. Кейинчалик шаклланган санскрит, хитой, Ти­бет, кхмер ва япон тилларидаги буддизмга оид адабиётлар анча кенг тарқалган, аммо уларнинг илк буддизм тарихи учун аҳамияти озроқ. Будда ҳаётига тегишли ривоятларнинг асосийси Трипитакада жамланган.

 

Хитойга кириб келиши. Буддизмнинг Махаяна йўналиши Хитойга I асрда кириб келган. III - VI асрларда буддизм Хитой ҳудудида кенг тарқалди. Бу вақтда пойтахт яқинидаги Лояна ҳамда Чанани каби шаҳарларда 180 га яқин буддизм ибодатхоналари ҳамда диний марказлари фаолият юритган. Махаянанинг шаклланишида Кушон давлатининг ҳам роли катта бўлди. Айнан Кушон давлатидан, айниқса, Канишканинг тўрт қурултойидан сўнг буддизмнинг Махаяна йўналиши Марказий Осиё давлат ва шаҳарларига тарқала бошлади. Буюк Ипак йўли оркали илк буддист тарғиботчилар мил. ав. II асрдаёқ Хитойга келган эдилар. Буддизмнинг Хитойга кириб келиши ҳақида кейинчалик кўплаб ривоят ва асотирлар пайдо бўлди. Бироқ Хитой манбаларида ҳам, диний ривоятларда ҳам Хитойдаги биринчи буддистлар ҳақида бирор аниқ маълумот мавжуд эмас. Илк даврга тааллуқли маълумотлардан бири император Мин-Дининг туши ҳақидаги ривоят ҳисобланади. Унга кўра, Мин-Ди тушида олтиндан ясалган бир бут кўрган. У Будданинг тимсоли эканлигини ўз маслаҳатчиси Фуидан сўраб билгач, милоднинг 60-йилларида буддизм асосчиси ва унинг таълимоти бўйича диний матнлар келтириш учун Ҳиндистонга элчилар юборган. Шундан сўнг Хитойга Ҳиндистондан бир неча буддизм тарғиботчилари келиб, улар учун махсус қурилган «Баймаси» («Оқ от ибодатхонаси»)га жойлашганлар.

 

Буддизмнинг хитойлашуви ва тарқалиш жараёнини ўрганиш қийин ва мураккаб илмий масаладир. Буддизм Хитой ҳудудида ёйилиши билан алоҳида янги шакл ҳам касб этди. IV-V асрларда буддизм катта муваффақиятга эриша бошлади. Ушбу таълимот ўлканинг жанубий вилоятларига янада чуқурроқ жойлашди. IV асрнинг ўрталарига келиб Хитойда аёллар ибодатхоналари, аёл монахлар ва тингловчилар пайдо бўлган. Шу асрнинг охирига бориб, подшоҳлар буддизм ибодатхоналарига доимий равишда катта микдордаги хайриялар берадиган бўлганлар. Бу даврда Шарқий Цзин давлатининг ўзидагина 1786 та сангха, 24 минг монах мавжуд бўлган. Хусусан, император Сияоу-Ди 381 йили биринчи бўлиб ўзини буддист деб эълон қилди. У саройида ибодатхона барпо қилдириб, унга монах келтиришни буюрди. Ляо сулоласидан бўлган У-Ди ҳокимлиги даврида (502—549) буддизм мамлакат жанубида расмий дин сифатида тан олинди.

 

Шундай қилиб, буддизм мил. ав. биринчи минг йиллик охирларида Марказий Осиёни ўз ичига олган Кушон империясига кириб келди. Бизнинг диёримизда олиб борилган археологик қазилмалар асносида Ўратепа, Далварзинтепа, Қува, Зартепа, Қоровултепа, Айритом мавзеларидан топилган Шакямуни санамлари, ҳайвон ҳайкалчалари, рамзий ғилдираклар ва ступа қолдиқларидан Кушон империясида буддизмга катта аҳамият берилганини англаш мумкин.

 

Оқимлари. Хинаяна буддизмнинг асосий йўналишларидан биридир. Хинаяна «киник арава» маъносини англатиб, у диний йўналиш сифатида мил. ав. I асрда шаклланган. Бироқ унинг асосий қоидалари анча аввал Трипитакада баён қилинган.

 

Хинаяна таълимотига кўра, дҳармалар табиатини ўрганишга ва нирванага маънавий йўл билан эришилади. Бу йўл жуда оғир, шу сабабли фақат монахларгина нирвана ҳолатига етиши мумкин. Кейинчалик Хинаянада жуда ҳам мураккаб ва дабдабали ибодатлар (масалан, «Будда тишига сиғиниш»), буддизмнинг муқаддас жойларига оммавий зиёратлар жорий қилинган. Бу йўналиш Шарқий Ҳиндистонда, Шри Ланка, Хинди-Хитой давлатларида тарқалган.

 

Махаяна Хинаяна билан бир қаторда буддизмдаги иккинчи асосий йўналиш бўлиб, у руҳий камолот ахдига риоя этувчи, худога илтижо қилувчи роҳибларга инъомлар бериб ёрдам кўрсатувчи ҳар қандай оддий диндор нажот топиши мумкин, деган таълимотга асосланади. Унга кўра, Будда танаси жонзотларни азобдан қутқариш учун турли махлуқотлар шаклига кириши ва ҳаёт занжирининг барча вакиллари уни ўрганиши, англаши мумкин. Бу нарса чексиз Будда рамларининг, худоларнинг келиб чиқишига сабаб бўлди. Бу худоларга ишониш йўллари барча учун мумкин бўлганлиги сабабли у «катта арава» номини олган.

 

Цзинту йўналиши Хитойда вужудга келган ва кейинча­лик Японияга ўтган. Унга Хуэй-Юан асос солган. V – VII асрларда унинг шогирдлари бу йўналишни ривожлантирганлар. Шунингдек, ушбу йўналиш Хитой буддизмида сезиларли мавқега эга бўлган ва расман эътироф этилган.

 

Хитойшунос олимларнинг таъкидлашларига Қараганда, Цзинту йўналиши даосизм, ҳатто Қадимги Хитой «синизми» таъсирида шаклланган.

 

Тянтай ёки Тендай йўналиши. Бу ном шундай деб аталган бир ибодатхона номи билан боғлиқ. Мазкур йўналишнинг илк ва кўзга кўринган вакилларидан бири монах Чжи-И бўлган. Чжи-И таълимотига кўра, бу дунёдаги ҳамма нарса ҳақиқий эмас, улар фақат бўшлиқдан иборат бўлиб, вақтинчалик мавжуддир. Мана шу асосга биноан у хулоса қиладики, оламдаги барча нарса ёлғиз мазмундадир. Будда ҳатто майда қум заррачаларида ҳам мавжуд бўлиши ва охирида эса ҳар бир инсоннинг ҳаёти Будда ҳаётининг бир қисми бўлиши мумкин.

 

Ушбу таълимотни Чжан-Жан (711—782) мактабининг 9-патриархи ривожлантириб, шундай хулосага келди: Будда ҳамма жойда, хамма нарсада, ҳаттоки, жонсиз нарсаларда ҳам мавжуд бўлиб, уларда Будда-табиатнинг бир бўлаги мавжуд.

 

Тянтай йўналиши ўз тарафдорлари орасида катта обрў қозонган ва XIV асрга қадар мавжуд бўлган. Хитойда, юқоридагилардан ташқари, кўплаб майда секталар ҳам бўлган. Улар орасида мамлакат тарихида муҳим аҳамият касб этган «Чан» ва «Тантризм» йўналишларини алоҳида қайд этиш ўринли.

 

Тантризм Хиндистонда биринчи минг йиллик ўрталарида вужудга келиб, кейинчалик Хитойга ҳам ўтган. Буддизмнинг ушбу йўналиши VIII асрга келиб жуда тараққий топди. Бунга мазкур йўналишнинг уч машҳур патриархлари Хиндистондан келиб фаолият олиб боришлари сабаб бўлди. Тантризм мустақил ҳамда таьсирчан йўналиш сифатида Хитойда узоқ қолмади.

 

Чан-буддизм. Мазкур йўналишнинг номи санскрит тилидаги «дхиана» (медитация, фикрни жамлаш) сўзидан келиб чиққан. Ҳиндистонда вужудга келган дхиана буддизм мактаби тарафдорлари вақти-вақти билан ташқи оламдан узилиб, ушбу абадий ташвишлардан четланиш ва фикрни бир нуқтага жамлаш таълимотини илгари сурганлар. Бу ишда киши, хақиқатан ҳам, транс ҳолатига тушадиган бўлса, бу орқали ҳақиқатга эришиш дхиананит олий мақсади ҳисобланади.

 

Дхиана таълимотининг Хитойдаги илк намояндалари Дао-Ан ҳамда Хуэй-Юанлар эдилар. Улар дхиана сутраларинг хитой тилига таржима қилиб, медитацияни амалиётга жорий қилганлар. Медитация амалиёти энг шуҳрат қозонган даврига Хитойда бирмунча кечроқ эришди. Бу нарса «Чан» сектасининг муваффақиятлари билан боғлиқ. Бироқ шуни айтиш керакки, Чан медитацияси ҳинд дхианасидаги медитациянинг оддий такрори, айнан ривожланган шакли эмас. Олимларнинг тадқиқотлари шуни кўрсатадики, мазкур таълимот ҳинд буддизмига қарама-қарши таълимот сифатида вужудга келган. Дарҳақиқат, Чан йўналиши Хитой буддизмининг бошқа оқимларига қараганда кўпроқ Хитойга хосроқ. Унинг асосий ғояси қуйидагича: киши туманли, хира нирванага интилиши зарур эмас, фақатгина келажак ҳақида қайғуриш қачондир Бодхисатва ёки Буддага айланиши ва мана шунинг учунгина ўзини ҳамма нарсадан маҳрум қилиши бефойда. Инсон айни вақтда, шу онда яшамоғи, ҳаётдан у бера олиши мумкин бўлган нарсаларни имкон қадар олиб қолмоғи лозим.

 

Ламаизм буддизмнинг асосий йўналишларидан бири бўлиб, у тибет тилида «лама» - «энг улуғ» деган маънони англатади. Мазкур диний йўналиш раҳбари шу ном билан - лама деб аталади)

 

Ламаизм Тибетда VII – XIV асрларда тибетликларнинг қадимий динк Бон-По (шаманизмнинг бир тури) унсурларини қабул қилган Махаяна ва Тантризм асосида вужудга келган бўлиб, ҳозирда тибетликларнинг асосий дини ҳисобланади. У бир неча фирқа ва мазҳабларга бўлинади. Ламаизм XVI аср охиридан мўғуллар, XVI аср бошларидан Россия ҳудудида яшовчи бурятлар, туваликлар ва қалмиқлар орасида ҳам тарқалди. Буддизмнинг барча ақидаларини қабул қилган ламаизмда инсон фақат ламалар ёрдамида нажот топади. Ламаларсиз нирванага етишиш у ёкда турсин, киши бу дунёга қайтиб келишда ҳам ҳеч нарсага эриша олмайди, деб таъкидланади.

 

Ламаизмнинг анъанавий қонунлашган асоси Канжур (108 жилдли) ва Танжур (225 жилдли) номли муқаддас китобларда баён қилинган. Бу динда дабдабали ибодатлар, театрлаштирилган муқаддас томошалар – мистериялар, кўпгина маиший расм-русумлар, худоларнинг ғазабини, ёвуз руҳларнинг зиёнларини қайтариш учун қилинадиган ҳатти-ҳаракатлар, дуо ва афсунлар бор. Ламаизмга кўра, ламаларга ва дунёвий ҳокимларга сўзсиз бўйсуниш асосий фазилат саналади. Масалан, бурят ламалари рус подшоҳларини — аватара, яъни маъбуда Цаган-Дараэхэнинг ердаги кўриниши деб эълон қилганлар.

 

Ламаизм таълимотига кўра, одам ўлдириш, ўғрилик, ёлғончилик, туҳмат, ғийбат, бекорчи сўзлаш, очкўзлик, кек саклаш, зино қилиш — «оғир гуноҳлар» қаторига киради. Гуноҳ қилишдан ўзини тийиш инсонга энг яхши қайта туғилишга имкон беради.

 

Ламаизм йўналишининг олий диний раҳнамоси Далай-Лама саналади. У туғилган мавжудотларнинг энг улуғи, бод-хисатва Авалакитешваранинг ердаги кўриниши, тирик худо ҳисобланади. Далай – тибет тилида «денгиз» маъносини англатади. Далай-Лама «денгиздек улуғ лама» деганидир. Бу унвон 1391 йилда жорий қилинган. Биринчи Далай-Лама Биндуидуб (1391 – 1475) бўлган. Ҳозирги кунда Далай-Лама XIV Лозондантзенжанцо-Игвант ҳисобланади. У 1935 йилда туғилган. Унинг ўлими билан ерда янги Далай-Лама пайдо бўлади. Олий ламалардан ташкил қилинган ҳайъат унинг ўлимидан сўнг бир йил мобайнида янги туғилган гўдаклар орасидан янги Далай-Ламани қидириб топади. Шундан сўнг гўдак монастирда тарбияланади. У вояга етгунга кадар унинг вазифасини регент - муваққат вакил бажариб туради.

 

Ламаизм диний ҳаётининг марказини монастир ташкил қилади. У ерда Далай-Лама, Ламалар диний уюшмаси, роҳиблар, талабалар фаолият олиб борадилар.

 

Ўрта Осиёда буддизм. Ўрта Осиёда динлар тарқалганлиги манзараси ранг-баранг ва тадқиқ қилиш учун ўта қизиқарли. Бу минтақада бошқа қадимий динлар билан бир қаторда буддизмнинг ҳам кенг ёйилганлигини кузатамиз.

 

Бир гуруҳ тадқиқотчилар мазкур дин Ўрта Осиёга кириб келишини Кушонлар шоҳи Канишка хукмронлиги даврига тааллуқли деб биладилар (I асрнинг охири – II асрнинг бошлари). Иккинчи гуруҳ эса бу жараённинг бошланишини бироз эртароқ, деб ҳисоблайди. Тадқиқотчи Б.А. Литвинскийнинг фикрича, буддизм Шимоли-Ғарбий Ҳиндистон ва Жанубий Афғонистон (Қандаҳор) орқали тахминан мил. ав. III асрда Бақтрияга (Ўзбекистоннинг жанубий ҳудудлари) тарқала бошлаган.

 

Бақтрияга буддизмнинг кириб келиши ва ёйилиши ҳақида бошқа фикр ҳам мавжуд. Тадқиқотчи Р.Ч. Багчи бу жараён подшоҳ Ашока (мил. ав. 273-232 йиллар) ҳукмронлиги даврида юз берган, деб ҳисоблайди. Аммо бу фикрни тасдиқловчи археологик материаллар етарли эмас. Шунинг учун ҳам буддизм бу ҳудудга Кушонлар даврида кириб келган, деган фикр ҳақиқатга яқинроқ. Чунончи Б.Я. Ставиский бу фикрни Кушонлар ҳукуматининг ҳинд вилоятлари ва буддист жамоаларнинг ҳомийлари билан алоқалари мустаҳкам бўлганлиги билан исботлайди. Аммо шу билан бир қаторда бақтрияликларнинг Канишкага қадар буддизм билан таниш бўлганликларини тасдиқловчи маълумотлар ҳам мавжуд.

 

Мил. ав. I аср ва милоднинг IV асрлари оралиғида Кушон империясида буддизмнинг Махаяна йўналиши давлат дини деб эълон қилинди. Бунгача буддизм Ҳиндистонда узоқ тарихга эга бўлса-да, у ерда асосий йўналиш бўлган Хинаяна ҳам бундай мавқега эришмаган эди. Канишка, Вима, Кадфиз ва улардан кейинги Кушон императорлари буддизмни кенг ёйдилар. Улар бу дин анъаналарини амалда ривожлантириш, бошқа халқлар ўртасида тарқатиш учун Балх, Марв, Термиз, Самарқанд, Бухоро, Шош, Туркистон, Қува, Косон, Ўш, Болосоғун, Қошғар ва бошқа шаҳарларда буддизм такягоҳлари ва хонақоҳлари, ибодатхоларини қуриб, буддизмнинг муқаддас китоблари, сутра ва пастриларни ўрганиш, таржима қилиш ва шарҳлаш учун шароит яратиб бердилар.

 

Ҳозирги Термиздаги Қоратепа, Фаёзтепа, Сайрам, Қува ва бошқа шаҳарларда буддизм такягоҳлари ва хонақоҳлари, ибодатхоналарини қуриб, буддизмнинг муқаддас китоблари, сутра ва пастриларни ўрганиш, таржима қилиш ва шарҳлаш учун шароит яратиб бердилар.

 

Ҳозирги Термиздаги Қоратепа, Фаёзтепа, Сайрам, Қува ва бошқа жойларда топилаётган будда ҳайкалчалариёки уларнинг парчалари, Айритомдаги айвон пештоқи парчасидаги буддист мусиқачиларнинг тасвири ва бошқа осори атиқалар, сарой ва ибодатхоналар Ўрта Осиёдаги буддизм ҳақида хабар берувчи манбалардир. Бу динга тегишли ёзма манбалар қадимги туркий ёзувда, уйғур битикларида ва бошқа ёзувларда сақланиб қолган.

 

Ўрта Осиёнинг жанубида Сарвастивада мактабининг илк кўриниши – Вайбхашика мактабининг таълимоти ёйилган. У буддизмнинг Хинаяна оқимига тегишли. Аммо Вайбхашика таълимоти баъзи жиҳатлари билан Махаяна доирасидаги мактабларга яқин туради. Бунда, айниқса, Махаяна доирасига кирувчи Сарвастиваданинг Виная мактаби муҳим аҳамиятга эга. Манбаларнинг хабар беришича, Хўтанда Вайбхашика мактаби вакиллари Махаянани ёйиш учун замин тайёрлаганлар.

 

Ўрта Осиёда буддизмнинг бошқа мактаблари ҳам ёйилган. Қоратепадан топилган сопол буюмлардаги кхароштхи ёзувлари бу ердаги Махасангхика таълимотини акс эттиради. Махасангхика мактаби Ўрта Осиёда буддизмнинг тарқалишида муҳим рол ўйнаган. Қоратепанинг бошқа қисмида брахми ёзувидаги битиклар эса Ўрта Осиёга кейинчалик Канишка даврида кириб келган Сарвастивада буддист мактаби таълимотининг ёйилганлигидан хабар беради.

 

Мил. ав. III — I асрларда буддизм Ҳиндистон ҳудудидан чиқиб жануби-шарқий йўналиш бўйича асосан Хинаяна таълимоти шаклида ёйилган. Лекин милоднинг бошларида шимолга, шимоли-ғарбга ҳамда шимоли-шарққа, Махаяна тарзида ҳаракат қилди. Бунинг сабаби бир неча асрлар мобайнида Шимолий Хиндистон, Марказий Осиё ҳудудларининг ягона Кушон салтанати байроғи остида бирлаштирилиши бўлди. Айнан Марказий Осиё орқали буддизм Узоқ Шарққа кириб борди ва у ерда иккинчи ҳаётини бошлади.

 

Ўрта Осиёда буддизмга тегишли тарихий обидаларнинг кўплиги жиҳатидан Фаёзтепа энг йирик ёдгорлик хисобланади. У ердан чиққан диний битиклар, ҳайкаллар билан бирга топилган ибодатхонанинг ҳудуди анча катта жойни эгаллайди.

 

1926 йилда А.С. Стрелков томонидан аниқланган Эски Термиз шарқидаги Зурмала минораси Ўрта Осиё ҳудудидаги биринчи очилган, катта аҳамиятга молик бўлган буддизм иншоотидир.

 

Эски Термиздан топилган Қоратепа буддист мажмуаси милоднинг I асри Кушон салтанатининг гуллаган даврига тўғри келади. Коратепадаги хар бир иншоот ер усти ва ғор ичида жойлашган ибодатхона, сарой, бир монах (зоҳид) учун мослаштирилган ҳужралардан иборат.

 

Далварзинтепа мажмуаси 1967-1968 йилларда қазиб очилган бўлиб, Термиз яқинидаги Сурхон воҳасининг Ўрта қисмида жойлашган. Мазкур комплекс Г.А. Пугаченкова ва Б.А. Турғунов бошчилигидаги Ўзбекистан санъатшунослик академияси томонидан очилди. Далварзинтепада топилган буддизм мажмуаси бу дин таъ­лимоти Кушон салтанатининг шимолий вилоятларига I асрда ёйилганлигини кўрсатади.

 

Жанубий Ўзбекистонда жойлашган Бақтрия-Тохаристоннинг шимолий кисмида 60-йилларнинг иккинчи ярмидан 80-йилларгача буддизм иншоотларининг еттитаси аниқланиб ўрганилди. Археологик қазилмалар натижасида топилган Жанубий Тожикистондаги Ажинатепа, Кофир-қалъадаги кичик ибодатхона, Ка-тьаи Кофирнигон ибодатхонаси, Айритом мажмуаси, Туркманистондаги Марвдан 30 км узоқликда жойлашган Гяур-қалъа мажмуаси, Қувадаги ибодатхона ва бошқа кўплаб буддизмга тегишли ёдгорликлар ушбу диннинг мазкур минтақадаги тарихи ҳақида хабар беради.

 

Ўрта Осиёнинг Марв, Балх, Термиз, Суғдиёна вилояти, Қува, Косон, Самарқанд ва Бухоро каби шаҳарлари, вилоятлари буддизм таълимоти ва маросимларини ишлаб чиқишда, бошқа ўлкалар, мамлакатларда тарғиб ва ташвиқ этишда, энг муҳими, буддизмнинг ҳозирги замоннинг илғор жаҳон динларидан бирига айланишида фавқулодда аҳамиятга эга марказлари бўлган.

 

Суғд вилояти Хитой билан савдо-сотиқ ҳамда маданий алоқаларни ўрнатишда аҳамиятли рол ўйнаган. Суғдликлар Хитойда буддизмни ёйишда жуда муҳим ўрин эгаллайдилар. Бироқ Суғдда буддизмнинг кенг ёйилганлиги масаласи ҳалигача очиқ қолмокда. Тўғри, ҳозирга қадар бу ерда буддизмга оид баъзи ҳайкалчалар, Санзордаги буддизм ибодатхонаси, Самарканд яқинида будда ҳайкалининг боши топилгани маълум. Аммо бу топилмалар ушбу ҳудудда бу дин кенг тарқалган, деган хулосани чиқаришга ҳозирча етарли эмас.

 

Сурхондарё Тохаристонидан чиққан буддизмнинг йирик вакили – Танмонанти (ёки Дхарманандин)дир. У ёшлигидан таркидунёчилик йўлини тутиб, узлатга чекинган. Ёш бўлсада, ақли тиниқ бўлиб, сутраларни ўрганган ва ёддан айтиб юрган, бунга ўзининг бутун борлиғини бағишлаган. У Трипитакани тўла ўзлаштирган. Дхарманандиннинг илмдаги салоҳияти чуқур ва бениҳоя эди. У ўз ватанида ҳам, бошқа узоқ ерларда ҳам катта обрўга эга бўлган. 365-385 йилларда Дхарманандин Хитойнинг Чанъан вилоятига Будда таълимотини тарғиб этгани ва ибодатхоналар, вағн ва вихаратр қургани келган. Император Фу Цзян Хитойдаги барча авлиёларнинг Дхарманандинга кўрсатаётган иззат-ҳурматини кўриб, уни жуда олий мақомли меҳмон сифатида кутиб олади ва тортиқлар қилади. Хитойда бу пайтда буддизм анча кенг тарқалганига қарамай, тўрт қисмли Агама-Суҳяҳадлардан бирортаси ҳам ҳали хитой тилига таржима қилинмаган эди. Император Фу Цзяннинг маслаҳатчиси ва Увей тумани ҳокими Чжао Чжэн Дхарманандиндан ана шу сутраларни таржима қилиб беришини сўраш ниятида эдилар. Чжао Чжэн барча авлиёлар ва Дхарманандинни ўз пойтахтига таклиф этиб, Агама-Сутраларнинг иккитасини - Чжун ва Цзэн ҳамда мустақил асарлар саналган Пи Тань Син, Сан Фа Ду ва бошқа асарларни таржима этиш, шарҳлаб бериш ва эълон этишни илтимос қилади. Дхарманандин бу ишга икки йил раҳбарлик қилиб, уни муваффаққиятли якунлайди. Сўнгра ўз ватанига қайтади, лекин унинг қачон ва қаерда вафот этганлиги тўғрисидаги маълумотлар бизгача етиб келмаган.

 

Туркий халқлар бутун Осиёни, Хитой ва Узоқ Шарқни нафақат қилич ва от кучи билан забт этишган, балки мавжуд бўлган диний-фалсафий таълимотлар, маданият, инсонпарварлик соҳаларида ҳам етакчилик қилганлар. Ўзларидан бошқа халқларни «варварлар» деб атаган калон-димоғ қадим хитой сиёсатчилари ҳам бу жиҳатдан уларни тан олишга мажбур бўлганлар.

Рейтинг@Mail.ru