JM News Portal - шаблон joomla Продвижение

Замонамиз азориқаларига қўшила кўрманг!

Замонамиз азориқаларига қўшила кўрманг!

zamonamiz-azoriqalariga-qushila-kurmang

Бу ҳикоятни Саид ибн Жамҳон раҳимаҳуллоҳ гапириб берган бўлиб, уни муҳаддис ва мужтаҳид Имом Аҳмад раҳимаҳулоҳ саҳиҳ ҳадис сифатида ривоят қилганлар:

 

“Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаси Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу  анҳунинг зиёратларига бордим. У зотнинг кўзлари кўрмай қолган вақт эди. Менинг кимлигимни сўрадилар. Мен кимлигимни айтдим. “Отангга нима қилди?”, дедилар. Мен уни азориқа хаворижлари ўлдирганларини гапириб бердим.

Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу  анҳу бундай деб хитоб қиладилар: “Азориқани Аллоҳ лаънат қилсин, азрақийларни Аллоҳ лаънатласин! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга: “Улар дўзах “ит”ларидир!”, деганлар”.

Мен эса “Азориқанинг ўзими ёки барча хаворижларми?”, деб сўрадим. Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу  анҳу барча хаворижларни назарда тутаётганларини айтдилар. Шунда мен: “Султон одамларга зулм қилади-ку! Одамларга бундай-бундай жавру ситамлар кўрсатгани ҳам ҳақиқат-ку! Шунга улар золимга қарши шу ишларни қилган-да!”, дедим. Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу  анҳу менинг қўлимни ушлаб, жуда қаттиқ сиқдилар ва “Эй, Жамҳоннинг ўғли! Ҳолингга вой бўлсин! Ундан кўра сен ўзингга саводи аъзамни лозим тут! Катта жамоат билан бирга бўл!”, дедилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаси Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу  анҳу бундай деганлар:

إن كان السلطان يسمع منك فإئتِه فى بيته فأخبره بما تعلم فإن قبل منك و إلا فدَعْهُ فإنّك لست بأعلم منه

“Агар султон сендан эшитмоқчи бўлса, унинг уйига келгин-да, унга билганларингни гапириб бер. Агар сени қабул қилса, хўб-хўб. Агар у қабул қилмаса, уни ўз ҳолига қўй! Чунки, сен ундан кўра билувчироқ эмассан!” (Аҳмад, 4/19434).

Азориқа – Нофеъ ибн Азрақ деган кимса томонидан мелодий 684 йилларда Ироқда шакллантирилган тоифа бўлиб, Басрани эгаллаганлар. Сўнгра Аҳвозни пойтахт қилиб олганлар. Улар ўз даврининг жами подшоҳларини кофирга чиқариб, ўзларича бир исломий давлат қурмоқчи бўлганлар, подшоҳларни кофир ва золим деб гап тарқатаверганлар. Улар ўзларидан бошқа мусулмонларни – ёшу қариси, эркагу аёли, барча-барчасини ўлдириб юбораверишлари билан ҳам донг қозонган. Ҳатто гўдакларни сув қайнаб турган қозонга ташлаб ўлдириб, ҳузур қилганлар. Мазкур ривоятда ана шу тоифа ва унга ўхшаганлар ҳақида гап бормоқда.

Демак, подшоҳга, давлат раҳбарларига қарши чиқувчи, уларни кофир ва золим дегувчилар фақатгина азрақийлар эмас, балки қиёматгача хуруж қилаверадиган жами хаворижлар бўлиб, уларни Аллоҳ лаънатлаган ва улар дўзах “ит”ларидир!

Саҳобалар, тобеъинлар ва табъа тобеъинлар давридаги давлат раҳбарларики, одамлар фикрича зулму ситам қилган бўлсалар, ундан кейинги, қиёматга яқин, фитналар авж олган даврлардаги ғариб мусулмонларнинг бечора раҳбарларига нима дейиш мумкин?! Бу дунёда ҳам, охиратда ҳам қутилиши учун инсон дўзах “ит”лари каби иш қилмаслиги лозим экан. Мусулмон “саводи аъзам” – жуда кўпчилик томонда бўлиши керак, элдан чиқмаслиги керак. Саҳоба Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу  анҳу: “Сен ўзингга саводи аъзамни лозим тут! Катта жамоат билан бирга бўл!, деган гапларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитиб, кўрсатма олиб айтганларига шак-шубҳа йўқ. Бу катта жамоа анъанавий исломдаги аҳли суннат ва жамоат аҳли бўлиб, улар ўз раҳбарларига, ҳокимият тепасидагиларга қурол кўтариб асло қарши чиққан эмаслар, улар томонидан давлат раҳбарларидан бирортаси кофирга чиқарилган эмас.

Подшоҳ ва давлат раҳбарларининг айбу нуқсонлари, давлат бошқарувидаги камчиликлари ошкора айтилган эмас, ўзларига яширин тарзда панду насиҳат шаклида етказилган. Бунга саҳоба Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу  анҳунинг: “Агар султон сендан эшитмоқчи бўлса, унинг уйига келгин-да, унга билганларингни гапириб бер. Агар сени қабул қилса, хўб-хўб. Агар у қабул қилмаса, уни ўз ҳолига қўй!”, деган гаплари далил бўлади. Баъзи ҳолларда оддий одамларнинг кўзларига жавру ситам бўлиб кўринган нарса аслида адолат ёки қандайдир ҳикмат ва зарурат бўлиши мумкин. Баланддан қаровчининг кўзи узоқни кўради. Одатда раҳбарларга ахборотлар тўла ва ҳар томонлама етиб келади. Оддий инсонлар ҳар бир нарсани ўз қаричи ва дунёқараши билан ўлчайди, раҳбарлар эса мамлакат миқёси ва жаҳон нигоҳи билан ўлчайдилар, сиёсий илми билан эса етти ўлчаб, бир кесадилар. Бинобарин, саҳоба Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу  анҳу айтганларидек, “Сен ундан кўра билувчироқ эмассан!”. Чунки, оддий ҳақиқат бор: инсонлар ўз раҳбарлари ишига масъул эмаслар, мусулмонлар давлат раҳбарларининг қилмишларига жавобгар бўлмайдилар. Шунинг учун ҳам, мазкур саҳоба: “Уни ўз ҳолига қўй!”, деганлар.

Яна бир саҳоба Салама ибн Язид ал-Жўъфий розияллоҳу  анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Эй, Набийуллоҳ! Бизларга бир амир подшоҳ бўлиб қолса-ю, нуқул ўзининг ҳаққини талаб қилаверса, бизнинг ҳақ-ҳуқуқларимизни поймол қилса, нима буюрасиз? Ундан юз ўгирайми?!”, деб сўрабди. Бу масала ҳаётий зарурат бўлгани боис ушбу саҳоба бетоқатлик билан бир неча бор саволини такрорлаверибди. Бошқа саҳобалар уни тўхтатиб, тортибдилар ҳам. Шунда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилганлар:

إسمعوا و أطيعوا فإنّما عليهم ما حمّلوا و عليكم ما حمّلتم

“Эшитинглар ва итоат этинглар! Албатта, уларга ўз қилмишлари, сизларга эса ўз қилганларингиз бўлур” (Муслим, 3/1846; Термизий, 4/2199; Табароний, 7/6322; Байҳақий, 8/16401; Ибн Абу Шайба, 15/38416).

Хуллас, инсон ўз ватанига содиқ, сабру тоқатли, аҳли суннат ва жамоатдан айрилмаган ҳолда яшамоғи керак. Аҳли суннат ва жамоатнинг йўли тинчлик ва осойишталик йўлидир. У подшоҳларини кофирдан олиб кофирга соладиган, золимдан олиб золимга ўхшатадиган, давлат раҳбарларига қарши бош кўтарувчи хаворижларнинг уруш-жанжалларга олиб борувчи йўли эмас!

 

Ҳамидуллоҳ Беруний. 

Рейтинг@Mail.ru