JM News Portal - шаблон joomla Продвижение

“СЎФИЙ” сўзининг маъносини биласизми?

“СЎФИЙ” сўзининг маъносини биласизми?

sofiy_sozinig_manosi

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Охирги асрларда янги чиққан бемазҳаб зоҳирийлар томонидан тасаввуф ва аҳли тасаввуфни оммавий танқид остига олиниши натижасида “сўфий” атамаси салбий маъно касб этадиган қораловчи сўзлар қаторига қўшилиб қолгани кўпчиликка аён.

Ташқи кўринишини суннатга мослаб, бошда салла, қўлда тасбиҳ, узун чопон кийганларга кимдир қўлни бигиз қилиб, яна кимлардир беписандлик ила “анави сўфий экан” деб заҳарли қараш қилувчилар орамизда афсуски кам эмас. Жоҳиллик, илмсизлик шу қадар зарарли иллатки, соф қалб эгаси жоҳиллик туфайли залолат кўчасига ўзи билмаган ҳолда кириб қолади. Дарвешнамо кийинганларни замондан орқада қолган “сўфий”лар деб кўзга илмай юрганларнинг аксари аслида сўфийликнинг асл моҳиятидан мутлақо бехабар, улар ҳақида маълумотга эга бўлмаган, аксинча тасаввуф душманлари бўлмиш янги зоҳирийлар (ваҳҳобий, салафийлар) таъсирига тушиб қолган кишилардир. Бизнинг назаримизда агар уларга сўфийликнинг туб моҳиятини очиб берилса, улар фикрларини ўзгартиришади ва сўфийларга нисбатан қалбларида илиқлик пайдо бўлади. Иншааллоҳ.

Аҳли тасаввуфга “сўфий” деб ном берилишига бир қанча сабаблар кўрсатилган:

1. Уларнинг қалби ҳар-хил маънавий иллатлардан поклиги ва мусаффолиги учун сўфий деб аталишади. Бишр Ҳофий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Сўфий бу – қалби мусаффо кишилардир”. Демак, бу таърифга кўра қалби турли маънавий иллатлардан пок бўлган соғлом қалб эгаларига араб тилида мусаффолик маъносини берувчи “сафо – йасфу” феълининг ўзагидан олинган “сўфий” номи берилган.

2. Аҳли тасаввуфнинг сўфий деб аталишига сабаб, улар Аллоҳ таолонинг хузурида турганда биринчи сафдан жой олишларидир. Сўфий сўзи араб тилида “софф” (қатор териб жойлаштирмоқ) ўзагидан олингандир. Бу таърифга кўра, қиёмат куни аҳли тасаввуфлар бутун халойиқ ичида шарафли мақом – биринчи қаторга жойлаштириладилар.

3. Аҳли тасаввуфнинг сўфий деб номланишлари улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидларида истиқомат қилган суффа аҳлларига ўхшаш ва маънан яқин кишилар эканлиги билан боғлиқдир. (Исломнинг илк даврида мўминлар Макка мушрикларининг жабридан безиб, уй-жой, мол-мулкларини ташлаб Мадинага ҳижрат қилишга мажбур бўладилар. Маккада тожирлик ривожланган, Мадинада эса деҳқончилик ортидан кун кўрилар эди. Шу туфайли муҳожирлар Мадинада тирикчилик қилишга аввалда қийинчиликларга дуч келишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тадбирлари ила Мадиналик ансорлар муҳожирларга уйларидан бошпана, озиқ-овқат ва бошқа эҳтиёжлари учун зарур ашёлар бера бошлашди. Лекин, шунга қарамасдан  Мадинадан бошпана топа олмаган қашшоқ муҳожирлар ҳам йўқ эмасди. Меҳрибон Набиййимиз алайҳиссалом бошпанасиз муҳожирларнинг ташвишини қилар, уларни бирон жойга жойлаштириш фикрида эдилар. Ҳижратнинг ўн олтинчи ойида Аллоҳнинг амри билан қибла байт ул-мақдисдан Каъба тарафга ўзгарди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аввалги байт ул-мақдисга қараб қурилган меҳроб деворлари устига том қуришни буюрдилар ва унга “СУФФА” деб ном бердилар. Биринчи бўлиб бошпанасиз ғариб, мискин муҳожирлар шу суффадан жой олдилар. Уларни асосан“аҳли суффа”, баъзида “ислом меҳмонлари” деб ҳам аталарди. Шунингдек, атроф қабилалардан мусулмон бўлганликларини изҳор қилиш учун келган элчилардан Мадинада таниш-билиши борлар танишлариникига, таниши йўқлар эса шу суффага тушар эдилар. Кейинчалик зоҳидлик ва фақирлик ҳаётига ҳавас қилган баъзи ансорлар ҳам муҳожирлар томон ошиқиб суффада яшай бошлаган. Каъб ибн Молик ансорий, Ханзала ибн Абу Омир ансорий, Ҳориса ибн Нўъмон ансорийлар шулар жумласидан бўлган аҳли суффалар эди. Уларнинг асосий машғулотлари ибодат ва илм олиш эди. Уларнинг ичида Абу Ҳурайра, Абу Зар Ғифорий, Восила ибн Асқаъ, Салмон Форсий, Ҳузайфа ибн Ямон, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Суҳайб Румий, Билол ибн Рабоҳ, Абу Саъийд ал-Худрий, Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳум ажмаъин каби олим саҳобалар бор эди).

4. Аҳли тасаввуфнинг сўфий деб номланишига сабаб улар доимо энг арзон жунли матодан тикилган либос кийиб юришларидир. Сўфий сўзи араб тилида “сувф” (жун) сўзидан олингандир. Яъни жун мато кийимлилар. Аҳли тасаввуф дунёдан воз кечиб, ошна-оғайнилар билан улфатчилик қилишдан кечиб, Ватанларидан кимсасиз дашту-биёбонларга кетиб фақат Аллоҳга ибодат қилиш билан машғул бўлган, устиларига эса ҳайвонларнинг териси ва жунларидан либос қилганлари учун уларга сўфий дейилган.

5. Аҳли тасаввуфнинг сўфий деб номланишига сабаб бу уларнинг Аллоҳ таоло тарафдан танланган мухтор бандалар эканлигидир. Сўфий сўзи араб тилидаги “софватун” (танлаб олмоқ) сўзидан олингандир.

“Ҳаллур-ромуз” китобидан айтилишича, грамматик жиҳатдан ёндашилганда юқорида кўрсатилган беш сабабнинг ичида фақат тўртинчиси жонлироқ фикр бўлиб чиқади. Қолганлари заиф. Имом Қушайрий раҳматуллоҳи алайҳ ҳам шу фикрда бўлган. У киши: “сўфий сўзи араб тилидаги “сувф” (жун) сўзига нисбат деб талқин қилинса тўғри бўлади”, деганлар.

Баъзи аҳли тасаввуфлар айтишича, жунли мато пайғамбарларнинг ҳам либоси бўлган экан. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жунмато либос кийганларини ривоят қилганлар. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳи айтганлар: “Фақат жунматоли кийим кийган етмиш нафар Бадр жангида қатнашган саҳобани биламан”.

Хулласи калом, ҳар қандай ҳолатда ҳам сўфий деб ном олганлар уларга беписанд назар қилувчи мутакаббир сўфиймасларга нисбатан Аллоҳга ва унинг Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам жанобимизга яқинроқ, суюклироқ, қалби мусаффо, беозор кимсалар экан.

Аллоҳ таолодан барчамизни том маънодаги сўфийлар қаторига қўшишини тилаб қолувчи дўстингиз,

 

Ҳикматуллоҳ Иброҳим

Манба: ahlisunna.uz

Рейтинг@Mail.ru