JM News Portal - шаблон joomla Продвижение

Қуръонда фирқаланишга муносабат

Қуръонда фирқаланишга муносабат

Аллоҳ таоло мусулмонлар жамоасини маҳкам ушлаш ҳамда бўлиниш ва фирқаланишдан узоқ бўлишга кўп бора такрорлаган. Бу улуғ насиҳатлар аслида Пайғамбарлар ва Расуллар учун бўлиб, унга ҳар бир мўъмин ва мусулмон киши эргашмоқлиги шартдир. Аллоҳ таоло ўз Пайғамбарларига васият қилган ишларни мўъминлар ҳам бажаришлиги,

унга иқтидо қилиши Исломнинг шарти ҳисобланади. 

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай васият қилади: 

شَرَعَ لَكُم مِّنَ الدِّينِ مَا وَصَّى بِهِ نُوحًا وَالَّذِي أَوْحَيْنَا إِلَيْكَ وَمَا وَصَّيْنَا بِهِ إِبْرَاهِيمَ وَمُوسَى وَعِيسَى أَنْ أَقِيمُوا الدِّينَ وَلَا تَتَفَرَّقُوا فِيهِ كَبُرَ عَلَى الْمُشْرِكِينَ مَا تَدْعُوهُمْ إِلَيْهِ اللَّهُ يَجْتَبِي إِلَيْهِ مَن يَشَاء وَيَهْدِي إِلَيْهِ مَن يُنِيبُ

У зот сизларга дин этиб Ўзи Нуҳга васият қилган ва сенга ваҳий қилган нарсамизни ҳамда Иброҳим, Мусо ва Исоларга васият қилган нарсамизни шариат қилди. “Динни барпо қилингиз ва унда тафриқага тушмангиз”, деди. Мушрикларга сен уларни даъват қилган нарса оғир келди. Аллоҳ ўзи хоҳлаган кишисини (Пайғамбарликка) танлаб олур ва У Ўзигагина илтижо этувчи кишини ҳидоят қилур (Аш-Шуро сураси, 13 оят). 

Аллоҳ таоло бу оятда: “Эй одамлар, динни Аллоҳ таолодан қандай келган бўлса, шундай барпо қилингиз, унга ана шундай ҳолида амал қилингиз. Дин ҳақида турли тафриқага тушиб, ихтилоф қилмангиз” – демоқда.

Оятдаги “Динни барпо қилингиз” – сўзидан мурод сизга шариат тузиб берган ва фарз қилинган амаллардан ташқарига чиқмангиз, деганидир.

Оятдаги “Унда тафриқага тушмангиз” – калимасидан мақсад эса сизлардан олдинги қавмлар ва гуруҳлар ўзаро тортишиб ихтилоф қилганидек сизлар бўлиниб кетманглар, динда бажаришлик буюрилган ишни ўз ўрнига қўйиб қоим қилинглар, маъносида келмоқда (Табарий тафсири 513/21, Қуртубий тафсири 16/9). 

Имом ҳофиз Ибни Касир айтади: “Аллоҳ таоло барча Пайғамбарларга ўзаро улфат бўлиш, бир жамоага айланишни васият қилган. У Пайғамбарларнинг бўлиниб кетишлигидан қайтарган” (Ибни Касир тафсири 11/4). 

Аллоҳ таоло ўз танлаган ва севган бандалари бўлмиш пайғамбарларни ягона жамоа бўлишга буюрар экан, гарчи замонлар ўртада фарқлансада ягона Ислом динига жам бўлишни буюради. Сабаби, Ислом дини олдингилар ва кейингиларнинг динидир. Қуръони каримда айтади:

وَمَن يَبْتَغِ غَيْرَ الإِسْلاَمِ دِينًا فَلَن يُقْبَلَ مِنْهُ وَهُوَ فِي الآخِرَةِ مِنَ الْخَاسِرِينَ

Ким Исломдан бошқа динни хоҳласа, бас, ундан ҳаргиз қабул қилинмас ва у охиратда зиён кўргувчилардан бўлади (Оли Имрон сураси, 85 оят). 

Бу оят барча замон ва маконга баробардир. Иброҳим, Яъқуб, Мусо ва Исо, унинг ҳаворийлари, барча-барчаси Аллоҳнинг яккалигини тан олиб, ибодат қилган мўъминлардир. Қуръони каримда Нуҳ алайҳи салом ҳақида келади: 

فَإِن تَوَلَّيْتُمْ فَمَا سَأَلْتُكُم مِّنْ أَجْرٍ إِنْ أَجْرِيَ إِلاَّ عَلَى اللّهِ وَأُمِرْتُ أَنْ أَكُونَ مِنَ الْمُسْلِمِينَ

Бас, агар юз ўгирсангиз, мен сизлардан ажр сўраганим йўқ. Менинг ажрим фақатгина Аллоҳдан. Ва мен мусулмонлардан бўлишга амр қилинганман. (Юнус сураси, 72 оят)

وَمَن يَرْغَبُ عَن مِّلَّةِ إِبْرَاهِيمَ إِلاَّ مَن سَفِهَ نَفْسَهُ وَلَقَدِ اصْطَفَيْنَاهُ فِي الدُّنْيَا وَإِنَّهُ فِي الآخِرَةِ لَمِنَ الصَّالِحِينَ

Ўзини эси паст санаганларгина Иброҳимнинг миллатидан юз ўгиради. Албатта, Биз уни бу дунёда танлаб олдик ва, албатта, у охиратда солиҳлардан бўлгай. (Бақара сураси, 130-оят)

إِنَّ هَذِهِ أُمَّتُكُمْ أُمَّةً وَاحِدَةً وَأَنَا رَبُّكُمْ فَاعْبُدُونِ وَتَقَطَّعُوا أَمْرَهُم بَيْنَهُمْ كُلٌّ إِلَيْنَا رَاجِعُونَ

Албатта, сизнинг ушбу умматингиз бир умматдир ва Мен сизнинг Роббингизман. Бас, Менгагина ибодат қилинг. Улар эса ишларини парчаладилар. Барчалари Бизга қайтувчидирлар. (Анбиё сураси, 92-93 оятлар)

يَا أَيُّهَا الرُّسُلُ كُلُوا مِنَ الطَّيِّبَاتِ وَاعْمَلُوا صَالِحًا إِنِّي بِمَا تَعْمَلُونَ عَلِيمٌ وَإِنَّ هَذِهِ أُمَّتُكُمْ أُمَّةً وَاحِدَةً وَأَنَا رَبُّكُمْ فَاتَّقُونِ فَتَقَطَّعُوا أَمْرَهُم بَيْنَهُمْ زُبُرًا كُلُّ حِزْبٍ بِمَا لَدَيْهِمْ فَرِحُونَ

Эй Пайғамбарлар! Пок нарсалардан енглар ва солиҳ амаллар қилинглар. Албатта, Мен нима амал қилаётганингизни ўта билувчиман. Албатта, сизнинг бу умматингиз ягона умматдир. Мен эса, Роббингизман. Бас, Менгагина тақво қилинг. Бас, улар ишларини ўз ораларида пора-пора қилиб бўлиб юбордилар. Ҳар фирқа ўз ҳузурларидаги нарса ила хурсанддирлар. (Муъминун сураси, 51-53 оятлар)

Аллоҳ таоло эй Пайғамбарлар, сизнинг динингиз бир, миллатингиз бир, даъватингиз ягона Аллоҳга ибодат қилишдир, деб баёнот бермоқда (Қуртубий тафсири 86/12). Аллоҳ таоло Пайғамбарлари орқали сизлар ягона жамоасизлар, деб барча мусулмонларга очиқ мурожаат қилмоқда. 

Барча замон Пайғамбарлари ушлаган дин Ислом дини экан, уларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг тавҳидига, Унга иймон келтиришга, Расулларнинг итоатига, шариатни қабул қилишга даъват қилишган (Табарий тафсири 67/17). 

Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг васиятини аввалгилардан бўлиб бажарган кишидир. У киши тириклик пайтида саҳобаларнинг ҳеч бири бўлиниб, фирқаланмаган. Аллоҳ бизни ҳам сақласин.

Рейтинг@Mail.ru