JM News Portal - шаблон joomla Продвижение

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ подшоҳга қарши бўлганмилар?

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ подшоҳга қарши бўлганмилар?

abu_hanifa_podshohga_qarshi_bolganmilarБисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Охирги пайтларда буюк имом Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг қозиликка рози бўлмаганларини пеш қилишиб, “ул зот ўз даври подшоҳига қарши бўлган, демак, золим подшоҳларга қарши чиқмоқ керак”, дея кўп тилга олишаётган асоссиз фикрлардан бирини эшитиб ёки ўқиб қолиш мумкин.

Билиб қўйинг, бу фикр аввалига динни сиртдан ўрганувчи шарқшунос ва исломшунослар томонидан айтилган эди, энди эса уни ҳизбут-таҳрир аъзолари ҳамда бошқа оқимдаги мутаассиб ва жоҳил кимсалар айта бошлади. Ҳизб ва оқим аъзоларининг мақсади Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ мазҳабидаги мусулмонларни мазкур фикр билан чалғитиб, ул зотга ихлосманд одамларни ўзларининг манфур ғоялари таъсирига туширишдир. Аслида, уларнинг ушбу машъум гап-сўзлари асоссиз бўлиб, асл ҳолатни яширишдир.

Подшоҳнинг Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳни қози қилишга ҳарисманд бўлганининг сабаби бор эди. Бу ерда ҳанафийларнинг энг мўътабар фиқҳий манбаларидан бири “ал-Ҳидоя”да келтирилган мана бу масалани эсга олиш керак:

و ينبغى للمقلد ان يختار من هو الأقدر والأولى لقوله عليه السلام من قلّد انسانا عملا و فى رعيته من هو اولى منه فقد خان الله و رسوله و جماعة المسلمين

 

“Ишга масъул бўлган шахс (халифа, султон ёки ҳоким) қозиликка энг қодир ва энг авло кимсани танлаши керак бўлади. Чунки, Пайғамбар алайҳиссаломнинг мана бу гаплари бор: “Кимки бирор инсонни бир амалга қўйса, фуқаролари орасида ундан кўра бу мансабга лойиқроқ одам бўлса, у Аллоҳга, Унинг пайғамбарига ва мусулмонлар жамоасига хиёнат қилибди!”. (Бурҳониддин ал-Марғиноний. Ал-Ҳидоя. 2-жилд. – Лакнау: Алавий, 1864. – б. 84).

Муҳаддис Имом ат-Табароний раҳимаҳуллоҳ томонидан “ал-Мўъжам ал-кабир” асарида “ал-Ҳидоя”да келган ҳадис мазмунига ўхшаган ҳадиси шариф бу тариқа ривоят қилинган:

و من تولى من أمر المسلمين شيئا فاستعمل عليهم رجلا و هو يعلم ان فيهم من هو أولى بذلك و أعلم منه بكتاب الله و سنة رسوله فقد خان الله و رسوله و جميع المؤمنين

“Кимки мусулмонларнинг ишидан бирортасига раҳбар бўлиб қолса, улар устига бир кимсани амалдор қилиб қўйса, ҳолбуки, у мусулмонлар орасида бу ишга ундан яхшироқ, Аллоҳнинг китоби ва Расулининг суннатини билгувчироқ кимса борлигини билса, ҳақиқатдан ҳам у Аллоҳга, Унинг расулига ва жами мусулмонларга хиёнат қилибди”. (Табароний, 11/11216).

Муҳаддис Ҳоким раҳимаҳуллоҳ эса “ал-Мустадрак” асарида бу ҳадисни ривоят қилган ва “исноди саҳиҳ”, деган:

من استعمل رجلا من عصابة و فى تلك العصابة من هو أرضى لله منه فقد خان الله و خان رسوله و خان المؤمنين

 

“Кимки бирор кимсани бир гуруҳга амалдор қилиб қўйса, ана шу гуруҳда ундан кўра Аллоҳни рози қилувчироқ кимса бўлса, у Аллоҳга, Расулига ва мўъминларга хиёнат қилибди!”. (Ҳоким, 4/7023).

Имом Жалолиддин ас-Суютий раҳимаҳуллоҳ мана бу ҳадисни ҳам ривоят қилган:

أيّما رجل استعمل رجلا على عشرة أنفس علم أنّ فى العشرة أفضل ممن استعمل فقد غش الله و غش رسوله و غش جماعة المسلمين

 

“Қайси киши бирор одамни ўн нафар одамга амалдор қилиб қўйса, лекин ўша ўн нафарнинг орасида амалдор қилиб қўйилган кимсадан кўра афзалроқ кимса борлигини билса, батаҳқиқ, у Аллоҳни, Унинг расулини ва мусулмонлар жамоасини алдабди!”. (Суютий, “ал-Жомеъ ас-сағир”, 1/2949; “Жамъ ул-жавомеъ”, 1/8589).

Демак, юқоридаги ривоятларга ўхшаш нақлларни билгани сабабли подшоҳ Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳни ўз даврининг энг аълами, энг билимдони деб билгани боис, қози қилиб қўйишга урунган. Ҳар қалай, бир неча асрлар олдин ўтиб кетган, мусулмонларнинг мусулмон подшоҳи ҳақида яхши гумон қилган яхшироқ, албатта. Зотан, подшоҳнинг золимлиги қози бўлмасликка сабаб бўла олмайди, қози бўлган кимсани (муфтий ёки домла бўлганларни ҳам) золим подшоҳнинг малайи ёки ёрдамчиси деб номланмайди, асло. Буни яхши билиб олинг! Бу ҳақида юқорида номи тилга олинган, ҳанафий мазҳабининг энг-энг эътиборли фиқҳий манбаси “ал-Ҳидоя”да аниқ-тиниқ қилиб ёзиб қўйилган:

ثم يجوز التقلّد من السلطان الجائر كما يجوز من العادل لانّ الصحابة رضى الله عنهم تقلّدوا من معاوية رضى الله عنه و الحقّ كان بيد على رضى الله عنه فى نوبته و التابعين تقلدوا من الحجاج و هو كان جائرا الا اذا كان لا يمكنّه من القضاء يحق لانّ المقصود لا يحصل بالتقلد بخلاف ما اذا كان يمكنه

“Сўнгра, жавр қилувчи подшоҳдан қозиликни қабул қилиб олиш худди одил подшоҳдан олгандек жоиз бўлаверади. Чунки, саҳобалар разийаллоҳу анҳум Муовия разийаллоҳу анҳудан қозиликни қабул қилганлар. Ҳолбуки, ҳақ ўз навбатида Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу қўлида бўлган. Тобеъинлар ҳам Ҳажжождан қозиликни олганлар. Ҳолбуки, у золим эди. Фақатгина подшоҳ унга ҳақиқатни ҳукм қилишга имкон бермаса, истисно бўлади. Чунки, бу ҳолатда қози бўлишдан мақсад ҳосил бўлмайди. Имкон берган вақтда эса ундай эмас”. (Бурҳониддин ал-Марғиноний. Ал-Ҳидоя. 2-жилд. – Лакнау: Алавий, 1864. – б. 85).

“ал-Ҳидоя”нинг энг машҳур ва энг эътиборли шарҳи “Фатҳ ал-қадир”да юқорида келтирилган иборадаги: “подшоҳ унга ҳақиқатни ҳукм қилишга имкон бермаса”, деган жумлани: “Бу ҳозирги Мағриб шаҳарларидаги Қуртуба ва Балансия (Кордова ва Валенсия – ҳозирги Испания) ва Ҳабашистон (ҳозирги Судан ва Эфиопия)даги кофирлар мутлақ ғалаба қозонган шаҳарларга тегишли”, деб изоҳлаган. (Камолиддин ибн ал-Ҳумом. Фатҳ ал-қадир. 3-жилд. – Лакнау: Наволкишвар, 1885. – Б. 250).

Золим подшоҳнинг давлатида қозилик мансабини эгаллаш жоиз экани ҳақида “ал-Иноя”да бундай дейилган:

يتبيّن أنّه لا فرق فى جواز التقلّد لأهله بين ان يكون المُوَلّىِ عادلا او جائرا فكما جاز من السلطان العادل جاز من الجائر

“Равшан бўладики, аҳлига (яъни, лойиқ кимсага) қозилик қилишнинг жоиз бўлишида валийлик қилувчи (яъни, подшоҳ)нинг одил ёки золим бўлишининг фарқи йўқ. Худди одил султон тарафидан қозилик қилиш жоиз бўлганидек золим тарафидан қозилик жоиз бўлади”. (Акмалуддин ал-Бобуртий. ал-Иноя. 5-жилд. – Миср: Амирия, 1898. – Б. 461).

Мавлоно Али ал-қори раҳимаҳуллоҳ эса: ويصحّ تقلّده ولو من السلطان الجائر و أهل البغى – “Қозиликни золим подшоҳдан ва қўзғолончилардан сўраб олса ҳам тўғри бўлади”, деган. (Али ал-қори. Фатҳ боб ал-иноя. 3-жилд. – Байрут: Дор ал-Арқам, 1997. – Б. 110).

Муовия разийаллоҳу анҳу даврида Шомга саҳоба Абу-д-Дардо разийаллоҳу анҳу қози қилиб юборилди, ул зот Шомда бўлган вақтида вафот этганлар. Ундан сўнг Фузола ибн Убайд ал-Ансорий разийаллоҳу анҳу қози бўлган.

Ҳажжожнинг золимлиги тилларда достон: Ҳасан ал-Басрий разийаллоҳу анҳу у ҳақида: “Агар дунёдаги жами уммат ўзларининг ифлос ва золим раҳбарларини тўплаб олиб келса, биз биргина мана шу Ҳажжож билан ҳам золимлик борасида ғалаба қилган бўлардик”, деган. (Али ал-қори. Фатҳ боб ал-иноя. 3-жилд. – Байрут: Дор ал-Арқам, 1997. – Б. 110).

Ана шу Ҳажжожи золим даврида Абу Бурда ибн Абу Мусо разийаллоҳу анҳу Кўфада қози бўлиб турган. Ҳажжожи золим уни бўшатиб, унинг укасини машҳур тобеъий Саид ибн Жубайр раҳимаҳуллоҳ билан бирга қози қилиб қўйди, сўнг Саид ибн Жубайр раҳимаҳуллоҳни ёқмай қолгани учун қатл қилдирди. Бу даврда Абдуллоҳ ал-Умавий раҳимаҳуллоҳ Исфаҳонга қози қилиб юборилган, сўнг у ҳам ёқмай қолиб, Восит шаҳрида ҳибсда ушлаб турилган.

Машҳур саҳоба Абдурраҳмон ибн Авф разийаллоҳу анҳунинг укаси Талҳа ан-Надо раҳимаҳуллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг севимли неваралари Ҳусайн разийаллоҳу анҳунинг ўлимига сабабчи бўлган халифа Язид даврида Мадинада қози қилинган. Талҳа ан-Надо раҳимаҳуллоҳ тобеъий бўлиб, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абу Ҳурайра ва Абу Бакра разийаллоҳу анҳум каби саҳобалардан ҳадис ривоят қилган. Бу хилдаги мисоллар жуда кўп.

Чунки, адолатли ҳукм қилишга имкон берилишининг ўзи қозиликка кифоя қилади. Одилликни эса “Баҳр ар-роиқ”да “ҳар бир нарсани ўз ўрнига қўйиш” деб таъриф берилган. У ерда зикр қилинган яна бир таъриф бундай: “Одил кимса бу ҳаддан ошиш ва ҳаддига етказмасликнинг ўртасини тутувчидир. Хоҳ бу ақида масалаларида бўлсин, хоҳ амалда ва ё ахлоқда бўлсин”. (Ибн Нужайм ал-Мисрий. Баҳр ар-роиқ. 6-жилд. – Миср: Илмия, 1893. – Б. 298).

Аслида қозилик фарзи кифоя, шунга аҳл (лойиқ) бўлган инсонга эса фарзи айн ҳисобланади. Бу шариатнинг ҳукми, ундан ҳеч кимнинг бош тортишга ҳаққи йўқ. Буни Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ҳам, бошқа уламолар ҳам жуда яхши билганлар. Бироқ, қозиликка бошқа одам бўлганда, қозилик қилиш салоҳияти бор мутахассис мавжуд бўлиб турганда, бошқалар ундан бош тортсалар, бўлади. Аввалги даврларда ҳам, ҳозир ҳам илмий ишларни ва ҳаммага манфаатли ижодни пеш қилинган вақтда бирор мансабни эгалламаслик узри мавжуд, албатта. Ҳанафий мазҳаби фиқҳидаги қозилик ҳақидаги масалага қарасак:

فالحاصل أنّه فرض عين ان تعيّن و فرض كفاية للمتأهل عند وجود غيره لكن رخصة و مكروه عند خوف العجز او الحيف. و ينبغى ان يكون حراما عند غالب ظنّه أنّه يجور فى الحكم أمّا غير الأهل فيحرم عليه الدخول فيه قطعا

“Хулоса, албатта қозилик фарзи айндир, агар унга бирор кимсани муайян қилиб белгиланса. Бошқалар мавжуд бўлиб турганда шунга лойиқ кимсага фарзи кифоядир. Лекин, бунинг қози бўлишига рухсат этилади. Агар қозиликда ҳукм чиқаришда ожизлик сезса ёки қозилик ишларини бузиб қўйиш хавфи бўлса, қозилик қилиши макруҳдир. Ҳукмда бировга жавр қилиб қўйишига гумони ғолиб бўлган одамнинг қозилик қилмоғи ҳаром дейилиши керак. Қозиликка нолойиқ одамнинг эса қозилик қилиши мутлақо қатъий ҳаромдир”. (Ибн Нужайм ал-Мисрий. Баҳр ар-роиқ. 6-жилд. – Миср: Илмия, 1893. – Б. 294).

Бадруддин ал-Айний раҳимаҳуллоҳ “ал-Биноя” асарида бундай деган:

هذا بلا خلاف بين الفقهاء كصلاة الجنازة اذا تعين واحد لإقامتها يفترض … و قيد بقوله اذا كان هو الأهل للقضاء يعنى وحده لانه اذا كان فى البلد قوم يصلحون للقضاء فامتنع كل واحد منهم عن الدخول فيه أثموا ان كان السلطان بحيث لا يفصل بينهم و الا فلا و لو امتنع الكل حتى قلد جاهل اشتركوا فى الإثم لأدائه الى تضييع احكام الله تعالى

“Бу (қозилик) фақиҳлар орасида ихтилофсиз масала бўлиб, жаноза намозига ўхшаш, қачонки бир одам уни ўқишга белгиланса, унга фарз бўлади. “Қозиликка лойиқ инсон бўлганда”, деб қайд қилинганининг маъноси битта ўзи бўлса, дегани. Чунки, шаҳарда қозиликка салоҳияти бор бир қанча одамлар бўлса-ю, улардан ҳар бири қозиликни қабул қилишдан бош тортсалар, ҳаммаси гуноҳкор бўладилар. Агар подшоҳ уларнингорасини ажратмасдан қозиликни таклиф қилган бўлса, агар ажратса, ундай эмас (бош тортса, гуноҳ бўлмайди). Агар барчаси қозиликдан бош тортса, ҳатто бир жоҳил одам қози бўлиб қолса, гуноҳда ҳаммаси шерикдирлар. Чунки, Аллоҳ таолонинг ҳукмларини зойеъ бўлишига сабабчи бўладилар”. (Маҳмуд ибн Аҳмад ал-Айний. Ал-Биноя. 8-жилд. – Байрут: Дор ал-фикр, 1990. – Б. 14).

Юқоридаги иборада қозиликка лойиқ бошқа одамлар мавжуд бўлганида, қози бўлмасликка рухсат берилгани айтилган. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ яшаган давр эса, саҳобаларнинг энг охирги даври, тобеъинлар ва табъа тобеъинлар даври, аниқроғи, мужтаҳидлар замони эди. Бу даврда қозиликка лойиқ минг-минглаб одамлар мавжуд эди. Бу ҳолатда, қозиликдан кўра илмий ишлар билан машғул бўлиш қозиликдан кўра муҳимроқ эди. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ қози бўлмаганининг сабабларидан бири ҳам шу эди. Иккинчидан, ул зотни қози бўлишдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадиси тўсиб турган:

من ولى القضاء او جعل قاضيا بين الناس فقد ذبح بغير سكين

“Кимки қози бўлса ёки одамлар орасида қози қилинса, пичоқсиз сўйилибди!”. (Абу Довуд, 3/3573; Термизий, 3/1325; Насоий, 3/5923-5925; Ибн Можа, 3/2308; Аҳмад, 2/7145; Ҳоким, 4/7018; Табароний, “ал-Мўъжам ал-авсат”, 3/2678; Байҳақий, 10/20006; Дорақутний, 4/4513-4514; Абу Яъло, 11/6613; Баззор, 2/8472-8473; Ибн Абу Шайба, 7/23434).

Яна кўпчилик эшитган, машҳур ҳадис ҳам бор:

القضاة ثلاثة قاضيان فى النار و قاض فى الجنة رجل قضى بغير الحق فعلم ذاك فذاك فى النار و قاض لا يعلم فأهلك حقوق الناس فهو فى النار و قاض قضى بالحق فذلك فى الجنة

“Қозилар уч хил бўлади. Икки қози дўзахда, биттаси жаннатдадир. Бир киши ноҳақ ҳукм қилса-ю, ўзи ана шунинг ноҳақлигини билса, у дўзахдадир. Яна бир қози билмасдан ҳукм қилиб қўяди-ю, шу билан одамлар ҳалок бўлса, у ҳам дўзахдадир. Ҳақ билан қозилик қилган қози эса жаннатдадир”. (Абу Довуд, 3/3575; Термизий, 3/1322; Насоий, 3/5922; Ибн Можа, 3/2325; Ҳоким, 7/7012; Табароний, 2/1154; Байҳақий, 10/20141; Ибн Абу Шайба, 7/23417; Абдурраззоқ, 11/20675).

Учинчидан, ҳар бир ишнинг ўз аҳли бўлади, ана шу ишга қобилияти ва иқтидори бўлади, яъни замона тили билан айтганда, бирор касбга туғма таланти бўлади. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ўзини қозилик ишига иқтидорсиз, деб билган эди. Юқорида фиқҳий манбалардаги иқтибослардан кимки жавр қилиб қўйишдан қўрқса, қозилик қилиши макруҳ бўлади, деган фикр маълум бўлган эди. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ қозиликка мажбур қилинган вақтда, унинг энг катта шогирди, кейинчалик ислом тарихида илк бор қозикалон бўлган зот Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ: “Устоз, агар қози бўлганингизда эди, одамларга манфаатли бўларди-ку?!”, деганида, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ унга: “Агар денгизни сузган ҳолда кесиб ўтишга буюрганингда, қодир бўлган бўлардим, аммо қозиликка кучим етмайди”, деганлар. Бу ҳақида “Баҳр ар-роиқ”да сўз юритилган. (Қаранг: Ибн Нужайм ал-Мисрий. Баҳр ар-роиқ. 6-жилд. – Миср: Илмия, 1893. – Б. 294-295).

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ қозиликка таклиф қилинган вақтда Абдурраҳмон ибн Абу Лайло раҳимаҳуллоҳ қози бўлиб турган эди. Қозилик таклифи билан тўрт нафар уламо – Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ билан бирга Мисъар ибн Кадом раҳимаҳуллоҳ, Суфён ас-Саврий раҳимаҳуллоҳ ва Шарик раҳимаҳуллоҳ таклиф қилинган. Суфён ас-Саврий раҳимаҳуллоҳ йўлдаёқ қочиб кетишга улгурди. Мисъар раҳимаҳуллоҳ эса ўзини жинниликка солиб масъулиятдан қутилиб қолди. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ эса подшоҳ “Қози бўлинг!”, деганида, “Қози бўлмайман!”, дея қасам ичиб юборди. Подшоҳ ҳам “Сизни қози қиламан!”, деб қасам ичди. Хуллас, подшоҳ ўз айтганини қилдирмоқчи бўлди. Охири, Шарик раҳимаҳуллоҳ қози бўлди. Асли бизнинг Бухородан бўлган, ҳадис ва фиқҳ олими Шарик ибн Абдуллоҳ ан-Нахаъий (мелодий 713-794) раҳимаҳуллоҳ ўшандан бошлаб уч йилдан кўпроқ муддат қози бўлди, сўнг яна узоқ йиллар қозилик қилди. Унинг қозиликдаги адолати ва ҳаққоний ҳукмлари тилларда достон бўлди, ўзининг заковати ва тезликда тўғри фикр билдира олиш қобилияти билан барча даврларнинг қозиларига ўрнак бўлди.

Ана шу сабабларга кўра, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ қозиликни қабул қилишдан бутунлай бош тортган эди ва қозиликка мажбур қилинган эди.

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга бир эмас, роппа-роса уч марта қозилик мансаби таклиф қилинди. Бироқ, ул зот юқоридаги қозилик пичоқсиз сўйилиш эканлиги, уч қозидан иккиси дўзахга тушиши ҳақидаги ҳадислардан қўрққани боис бу таклифларни асло қабул қилмади. Подшоҳга итоатсизлик баҳонасида ҳибс қилинди, кунига ўн дарра урилди, бир ривоятга кўра, душманлари томонидан овқатига заҳар қўшиб берилди. Жанозасида одамлар кўплигидан олти карра қайта-қайта намоз ўқилди, йигирма кунгача жанозада қатнаша олмаганлар, тўда-тўда бўлиб қабрларига қараб жаноза ўқилаверди…

Лекин, ҳеч ким подшоҳга қарши чиқиш кераклиги ёки подшоҳни шу қилган иши учун тахтдан ағдариш кераклиги ҳақида бир оғиз ҳам гапирмаган.

Бу тарих, тарихни эса ўзгартириб бўлмайди!

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ҳеч қачон подшоҳга итоатсизлик қилиш кераклиги ҳақида шогирдларига гапирган эмаслар, шогирдлар ҳам устозларининг ана шу кўргиликлари учун подшоҳни золим деб атаган эмаслар, унга қарши бош кўтарган эмаслар, одамларни подшоҳнинг зулмига бош кўтариш, қарши чиқиш ҳақида даъват қилган эмаслар. Зотан, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ўз шогирди Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳга бундай васият – насиҳат қилганлар: “Султоннинг ҳурматини ўрнига қўй, унинг мартабасини эъзозла!”. (Имоми Аъзам. Асарлар. – Тошкент: Мовароуннаҳр, 2003. – Б. 112).

Буни яхши билиб олинг ва асло унутманг!

Ҳамидуллоҳ Беруний

ahlisunna.uz

Рейтинг@Mail.ru