JM News Portal - шаблон joomla Продвижение

Исломда ВАТАН тушунчаси

Исломда ВАТАН тушунчаси

Laylatul qadr alomatlariАлҳамдулиллаҳ вассолату вассаламу аъла росулиллаҳ, ва баъд. Инсонни гўзал фитратда яратган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога беадад ҳамду санолар бўлсин. Шафоатчимиз пайғамбаримиз Муҳаммад сололлоҳу аълайҳи ва салламга салоту саломлар бўлсин. Бизгача илмни омонат билан етказган барча уламолардан Аллоҳ рози бўлсин.

 

Мақола икки қисмдан иборат бўлиб, биринчи қисмда ватан тушунчаси атрофидаги баъзи хато маънолар ҳақида сўз юритамиз, иккинчи қисмда эса Қуръон ва ҳадисда ватан тушунчасининг нимани англатиши ҳамда ислом уламоларининг бу борадаги сўзларига тўхталамиз инша Аллоҳ.

Биринчи қисм

Ватан тушунчаси атрофидаги баъзи хато маънолар ва уларга раддиялар.

Ватан тушунчасининг экстремистик оқимлар бузиб кўрсатаётган кўриниши ва ислом уламоларининг бу тушунчага берган маъноларини таққослашга ҳаракат қиламиз.

Экстремистик оқимлар ватан деганда нимани тушунади? Охирги 80  йил давомида бу саволга ислом номидан чиваётган оқимлар ва гурухлар сабабли хато тушунча ва бузуқ кўриниш пайдо бўлишига олиб келди. Бунинг сабаби эса уларнинг “ватанга муҳаббат”, “ватанни қадрлаш” каби сўзларга ислом шариати асосида маъно бермаслигидир. Экстремистик оқимларнинг ватан тўғрисидаги бузуқ ақидалари асосан қуйидагилардан ташкил топган:

– Ватан – бир ҳовуч тупроқ, ва у ҳеч қандай қийматга эга эмас;

– Ватанга муҳаббат – бу шундай ахмоқона инсоний ҳиски, худди одамнинг гуноҳга қизиқиши ва рағбати кабидир. Биз эса ундан гуноҳдан сақлангандек сақланишимиз ва унга қарши туришимиз шарт;

– Ватан тушунчасини инкор қилмоқ зарур. Бундай тушунча ҳам йўқ, балки бунинг акси ўлароқ халифалик ва жамоат(уммат бирлиги) тушунчалари бор;

– Ватан – босқинчилар томонидан чизилган географик чегара. Шу сабабдан биз ундан нафратланамиз ва уни тан ҳам олмаймиз;

– Ватан – одамлар яшашдан мамнун бўлган ер деб биладилар, ҳолбуки Аллоҳ унинг муҳаббатини таъна қилган;

– Бирорта оят ёки ҳадис йўқки унда ватанни севиш айтилган бўлса;

– Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Маккани яхши кўришлари ҳақидаги ҳадис эса Макка шаҳрининг ўзига хос ва бу пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига хос бу шаҳарга бўлган муҳаббатларидир. Шу сабабдан бошқа бошқа шаҳарларни Макка шаҳри билан таққосламаслик керак;

– Саййид Қутб ўзининг “Фи зилалил Қуръан” китобида шундай дейди: “Мусулмоннинг ҳимоя қилиши керак бўлган муқаддас нарсаси бу унинг иймонидир. Мусулмон киши Аллоҳнинг қонунлари қўлланадиган мамлакатни ватан билиши ва уни ҳимоя қилиши зарур. Ислом қонунлари бўйича одамлар яшайдиган жой “ислом территорияси” (дарул ислам) дейилади. Бундан бошқа ватан ҳақидаги тушунчалар ноисломий жоҳиллик деб кўрилади ва исломда тан олинмайди.” Сўнгра сўзини давом эттириб шундай дейди: “Бугунги кунда одамлар ўзларига “ватан”, “халқ”, “қабила” ва бошқа худоликларни яратиб олишди. Улар бутлардан бошқа нарса эмас, фақатгина бутга чўқинувчиларнинг бутларидан фарқи уларнинг таналари йўқлигидадир. Уларга аввалги бутларга қилинганидек сохта худолар каби таъзим бажо келтирадилар ва уларнинг номи билан қасам ичадилар.”

Юқоридаги гаплар бир қараганда тўғридек туюлиши мумкин. Аслида эса булар нотўғри талқинлар ҳисобланади.  Қуйида эса экстремистик оқимларнинг ватан ҳақидаги бу саволларига ислом уламолари шундай жавоб беришган:

“Ватан – бир ҳовуч тупроқ, ва у ҳеч қандай қийматга эга эмас.”

Бундай ватан ҳақидаги фикр у ҳақида ҳақоратомуз саналади. Чунки ватан қийматсиз тупроқнинг ўзи эмас. Ватан бу халқ, тамаддун, ташкилотлар, тарих, ғалабалар ва у ҳудудий ва халқаро қийматга эга.  Бундан ташқари у халқаро, сиёсий ва мафкуравий таъсирга эга. Ватанимиз тарихи ислом ҳуқуқшунослиги ва фаннинг турли соҳалари ривожига ҳисса қўшган олимларнинг вужудга келишига сабабчи бўлган. Энди кимда ким ватанни фақатгина бир сиқим тупроқдан иборат деб билса, юқоридаги олимлар меҳнати вужудга келишига ношукрлик қилибди ва ўзига ватан ҳақида хато ва бузуқ тушунчаларни сингдирибди.

“Ватанга муҳаббат – бу шундай ахмоқона инсоний ҳиски, худди одамнинг гуноҳга қизиқиши ва рағбати кабидир. Биз эса ундан гуноҳдан сақлангандек сақланишимиз ва унга қарши туришимиз шарт”

Бу тушунча хато ва бузуқ ҳисобланади, чунки бунда гуноҳларга бўлган шаҳват ватанга муҳаббатдек олийжаноб ва инсон фитратидаги табиий туйҳу билан қўшиб юбориляпти. Ад-Динаварий ўзининг “Ал-мужаласа ва жаваҳирул илм” китобида ал-Асмаийнинг шундай сўзларини келтирган: “Бир куни мен бадавийнинг ушбу сўзларини эшитдим: “Агар сен бир инсоннинг қанақалигини билмоқчи бўлсанг, унинг ватанини соғинишига боқ”

“Ватан тушунчасини инкор қилмоқ зарур. Бундай тушунча ҳам йўқ, балки бунинг акси ўлароқ халифалик ва жамоат(уммат бирлиги) тушунчалари бор.”

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинада турган ҳолда ўз ватанлари Маккани соғинишларининг ўзи юқоридаги маънонинг хатолигига кифоя қилади. Бундан ташқари мусулмоннинг бир юртга тегишли бўлиши ва уни яхши кўриши мусулмоннинг мусулмончилигига халақит қилмайди. Баъзида инсонда ватанга бўлган муҳаббат йўқолади ва бунинг натижасида ундан ватани, халқи ва оиласи юз ўгиради. Баъзида эса ватанга бўлган муҳаббат ошиб кетиб миллатчи бўлиб қолиши мумкин. Мусулмон инсон эса бу икки чегаралардан узоқ юрмоғи даркор.

“Ватан – босқинчилар томонидан чизилган географик чегара. Шу сабабдан биз ундан нафратланамиз ва уни тан ҳам олмаймиз”

Ватанга босқинчилар томонидан чегараланган ҳудуд сифатида таъриф бериш бу ўта тор фикрлаш ва хато йўналишдир. Ватан тупроғи минглаб йиллик тарихларни ўзида мужассамлаштиради. Ватаннинг чегаралари ҳам жуда қадимларга бориб тақалади, бу эса уни сақлаш ва муҳофаза қилиш лозимлигини кўрсатади. Ватан чегаралари юқори даражали келишувлар асосидагина ўзгартирилиши мумкин. Бунга мисол қилиб Европа иттифоқини кўрсатиш мумкин. Ватан бу тарих, фан ва маданиятлар уйғонишининг бешиги ва дунё тан олган буюк давлат демакдир. Бунга Ўзбекистон ватанимиз ёрқин намуна десак хато бўлмайди Худо хохласа.

“Ватан – одамлар яшашдан мамнун бўлган ер деб биладилар, ҳолбуки Аллоҳ унинг муҳаббатини таъна қилган”

Адашган экстремистлар бу сўзлари билан Аллоҳ таолонинг Қуръони Каримдаги қуйидаги оятига ишора қиладилар:

قُلْ إِن كَانَ آبَاؤُكُمْ وَأَبْنَآؤُكُمْ وَإِخْوَانُكُمْ وَأَزْوَاجُكُمْ وَعَشِيرَتُكُمْ وَأَمْوَالٌ اقْتَرَفْتُمُوهَا وَتِجَارَةٌ تَخْشَوْنَ كَسَادَهَا وَمَسَاكِنُ تَرْضَوْنَهَا أَحَبَّ إِلَيْكُم مِّنَ اللّهِ وَرَسُولِهِ وَجِهَادٍ فِي سَبِيلِهِ فَتَرَبَّصُواْ حَتَّى يَأْتِيَ اللّهُ بِأَمْرِهِ وَاللّهُ لاَ يَهْدِي الْقَوْمَ الْفَاسِقِينَ

Айтинг (Эй, Муҳаммад): “Агар оталарингиз, фарзандларингиз, ака-укаларингиз, хотинларингиз, кариндошларингиз, меҳнат билан топган мол-мулкларингиз, касод бўлишидан қўрққан тижоратингиз ва ёқтирган масканларингиз, сизлар учун Аллоҳ ва расулидан (Мадинага ҳижрат қилишдан), Унинг (тоати) йўлидаги жидду жаҳд қилишдан (кўра) суюклироқ бўлса, (унда) то Аллоҳ ўз амри (азоби)ни келтиргунига қадар кутиб турингиз! Аллоҳ (эса) фосиқлар қавмини ҳидоят этмагай. ”

(Тавба сураси 24-оят)

Изоҳ: Бу ояти карима Маккадан Мадинага ҳижрат қилишдан бош тортган мусулмонларга таҳдид сифатида нозил бўлган. Зеро ўша пайтда Маккада қолиш гўёки, исломдан қайтиш, мусулмонлар сафини камайтириш, мушриклар сонини эса кўпайтиришдек ҳисобланган. (Шайх Абдулазиз Мансур таржимаси)

Қуръон оятлари маъноларини тушуниш учун араб тилини мукаммал билмоқ, унинг балоғатини нахв ва сарф қоидаларини ва Қуръон билимларига тааллуқли бир қанча илмларни пухта билмоқ зарур. Буларни билмасдан туриб оятдан маъно чиқаришга уриниш жуда хатарли ҳисобланади. Адашган экстремистлар эса оятнинг зохирини олиб агар бизга ватан муҳаббати Аллоҳдан, унинг пайғамбаридан ва унинг йўлида жидду жаҳд қилишдан ортиқ бўлса бу фосиқлик бўлади деб оятга бузиб маъно беришади. Аслида эса юқоридаги оят билан Аллоҳ таоло дунёдаги нарсаларнинг муҳимлиги ва улар ўртасидаги даражани кўрсатиб қўяпти. Оятнинг маъноси агар инсон ўзининг ота-онаси, фарзандлари, уйи ёки мол-мулкига муҳаббати Аллоҳ ва Унинг расулидан ортиқроқ бўлса ва қачонки унга ватан муҳофазаси буюрилганда у буни ўз уйи ва мол мулки хавфсиз тургани сабабидан рад этса, у бу иши билан хато қилаётган бўлади. Ислом шариатида шахслар манфаатидан жамият манфаати юқори туради. Агар оятнинг маъносига тўғри ёндашилса Аллоҳга бўлган муҳаббат ва ватанга бўлган муҳаббат бир-бирига тескари келмаслиги тушунилади.

Иккинчи қисм

Қуръон ва ҳадисда ватан тушунчаси нимани англатиши ҳамда ислом уламоларининг бу борадаги сўзлари.

Буюк муфассир имом Фахриддин ар-Розий раҳматуллоҳи алайҳ фикрича ватанга бўлган муҳаббат инсон табиатида бўлган ҳис бўлиб, бу туйғу инсонда мустаҳкам ўрнашган бўлади. Имом бунга мисол қилиб Қуръоннинг Нисо сураси 66-оятини келтирадилар:

وَلَوْ أَنَّا كَتَبْنَا عَلَيْهِمْ أَنِ اقْتُلُواْ أَنفُسَكُمْ أَوِ اخْرُجُواْ مِن دِيَارِكُم مَّا فَعَلُوهُ إِلاَّ قَلِيلٌ مِّنْهُمْ

 Агар Биз уларга: “Ўзларингизни ўлдиринг ёки юртингиздан чиқиб кетинг”, – деб буюрганимизда эди, озчилигидан бошқаси уни қилмаган бўлур эдилар.

“Тафсирул Кабир” да бу оятда Аллоҳ таоло ватандан ажралишни ўзини ўлдиришга тенглаштиряпти деганлар. Яъни гўёки Аллоҳ: “Агар Мен уларга бу икки синовдан бирини танлашни ёзганимда, улар бу ишни қилмасдилар” демоқда.

Бундан олимлар ватандан айрилиш бу қийин иш эканлигини ва унинг алами жонидан айрилишга тенглаштирилишини ҳамда ватан муҳаббати инсон қалбига чуқур ўрнашишини айтишган.

Буюк олим Мулла Алиюл Қорий роҳимаҳуллоҳ  эса ўзларининг машҳур “Мирқотул мафотих” китобларида: “Ватандан айрилиш катта синов эканлигини айтиб, бунга мисол Аллоҳнинг қуйидаги сўзидадир: “ва сизларни чиқарган жойдан уларни чиқарингиз!”(сўзидан кейин) Фитна қотилликдан ҳам ашаддийрокдир(Бақара 191-оят)” деганлар.

Имом Бухорий, ибн Ҳиббон ва имом Термизий роҳимаҳумуллоҳлар Анас розиаллоҳу анҳудан қуйидаги ҳадисни ривоят қилишган: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар сафардан қайтганларида Мадина шаҳри деворларини кўришлари билан Мадинага тезроқ кириш учун туяларини тезлатардилар ва уни яхши кўрардилар”.

Ушбу ҳадисдан кўриниб турибдики пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ватанларини шунчалар қаттиқ севганларки унга кириш учун сафардан қайтишда шошилганлар.

Имом ибн Ҳажар ал-Асқалони роҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Фатхул бори фи шархи сахихил Бухорий ” асарларида ушбу ҳадисни шарҳлаб шундай деганлар: “Бу ҳадис Мадина шаҳрининг фазлини билдириш билан бирга ватанни севиш жоиз эканлигига ҳам ишора қилади.” Бу фикрни Бадриддин Айний роҳимаҳуллоҳ ҳам ўз китоблари “Умдатул Қори” да билдирганлар. Ушбу суннат пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа суннатлари каби қадрли ҳисобланади ва бу мусулмоннинг бошқа одамлар билан самимий муносабатларда бўлишини англатади.

Имом Захабий роҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Сияру аъламин нубало” китобларида шундай деганлар: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша розиаллоҳу анҳони, унинг отаси(Абу Бакр розиаллоҳу анҳу)ни, Усома розиаллоҳу анҳуни, икки набиралари(Ҳасан ва Ҳусан розиаллоҳу анҳумо)ни, ширинликларни, асални, Ухуд тоғини, ўз ватанларини, ансорларни розиаллоҳу анҳум ва саналмаган бошқа кўплаб одамларни ва нарсаларни яхши кўрардиларки, буларни билмоқ ҳар бир мусулмонга лозимдир”.

Уламолар фикрича ватандан узоқдаги мусофир учун унинг муҳаббати ҳақиқий синовдир. Имом Аҳмад ва имом Табарий роҳимаҳумаллоҳлар Уқба ибн Омир ал-Жуханий розиаллоҳу анҳудан келтирган ҳадисда пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Уч кишининг дуоси мустажобдир: ота-онанинг фарзанди ҳаққига қилган дуоси, мусофирнинг дуоси ва мазлумнинг дуоси”. Мусофирнинг дуосини Аллоҳ қабул қилишининг бир сабаби у ватани ва оиласи соғинчида қийналганлигидадир.

Агар тафаккур қилсак Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг яратган барча махлуқларининг фитратида, яъни асл табиатида ўз уйи, ватани муҳаббатини жойлаган. Табиатга назар солинг ҳайвонлар ҳам ўз уйларига томон талпинишади: айиқ ўз ғорига, чумоли ўз инига ва ҳоказо… Шундай экан онгли мавжудот бўлган инсон ҳайвонотдан кўра ўз ватанини кўпроқ севиши ва қадрлаши уни муҳофазаси учун жонини беришга тайёр туриши лозимдир.

Фақиҳлар Ҳаж қилишнинг фазилати ва ҳикмати ҳамда унга бериладиган улкан ажрлар сабабларидан қилиб инсоннинг қалбини поклаш машаққатида ўз ватанидан айрилишини айтишган.

Абу Нуайм роҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Ҳилятул авлиё” асарларида санадини Иброҳим ибн Адҳам қуддиса сирроҳуга етказиб у кишининг қуйидаги сўзларини келтирганлар: “Мен ватандан айрилиқ синовидек оғир синовга дучор бўлмаганман.”

Ал-Асмаий роҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: “Туя ҳатто ўз уйидан узоқда бўлса ҳам унга томон талпинади. Қуш ҳам ҳаттоки унинг уйи бузилган бўлса ҳам унга томон талпинади. Одам ҳам ҳатто бошқа жой унга кўп фойда келтириб турган бўлса ҳам ўз уйи топон талпинади.”

Ватан муҳаббати борасида кўплаб олимлар асарлар ёзганлар ва кўплаб олимлар бу ҳақда ўз китобларида келтирганлар. Очиқ қалб билан ўқиб ватан нималигини тушуниш учун юқоридаги фикрлардан хулоса чиқариш қийин эмас. Аллоҳ барчамизга ҳақни танитсин ва унга эргашишни насиб қилсин. Амин.

(Усома ас-Сайид Маҳмуд Ал-Азхарийнинг “Очиқ ҳақиқат” асаридан фойдаланилди)

 

Бухоро шаҳар бош имом-хатиби, “Файзобод” жомеъ масжиди имом-хатиби О. Авезов

http://ahlisunna.uz/

Рейтинг@Mail.ru