JM News Portal - шаблон joomla Продвижение

«Мусулмонман!», деган кимсани ноҳақ ўлдириш мумкин эмас!

«Мусулмонман!», деган кимсани ноҳақ ўлдириш мумкин эмас!

Musulmonman_degan_kimsani_nohaq_oldirish_mumkin_emasБисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Ўзининг мусулмонлигини айтган ёки «Ла илаҳа иллаллоҳ!» деган ёки Аллоҳга сажда қилиб намоз ўқиган кимса ким бўлишидан қатъи назар уни кофирга чиқариб ноҳақ ўлдириш мумкин эмас!

 

Бугунги кунда одамларни кофирга чиқараётган, ҳатто ўзлари туғилиб-ўсган мусулмонобод диёрларни ҳам кофиристонга чиқараётган, мусулмонларнинг азиз ватанларини «дори куфр» (куфр диёри) деб атаётган, намоз ва рўза каби ибодатларни бақадри имкон адо қилиб келаётган мўъмин-мусулмонларни мушрикка ва кофирга чиқарувчи кимсалар қуйидаги аъло даражадаги саҳиҳ ҳадиси шариф билан танишиб қўйишлари лозим. Ушбу ҳадиси шариф бизни «такфир» деб аталаётган – яъни, мўъмин-мусулмонларни кофирга чиқаришга мубтало бўлган ва «Мусулмонман!» деб юрган одамларни бемалол ўлдириб юбораётган ноаҳл кимсалар каби бўлмаслигимиздан огоҳлантиради. Мазкур ҳадисни Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ бошлиқ муҳаддисларнинг барча саҳиҳ ҳадислар тўпламларидан топиш мумкин. Унинг мазмуни бугунги кунда жуда аҳамиятлидир:

أنّ المقداد بن عمرو الكندى أخبره أنّه قال لرسول الله صلى الله عليه و سلم أرأيت إن لقيت رجلا من الكفار فاقتتلنا فضرب إحدى يدىّ بالسيف فقطعها ثمّ لاذ منى بشجرة فقال أسلمت لله أأقتله يا رسول الله بعد أن قالها فقال رسول الله صلى الله عليه و سلم لا تقتله فقال يا رسول الله إنّه قطع إحدى يدىّ ثمّ قال ذلك بعد ما قدعها فقال رسول الله صلى الله عليه و سلم لا تقتله فإن قتلته فإنّه بمنزلتك قبل أن تقتله و إنّك بمنزلته قبل أن يقول كلمته التى قال

Саҳоба Миқдод ибн Амр ал-Киндий разийаллоҳу анҳу Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб:
«Менга бир нарсани айтиб беринг! Эй, Расулуллоҳ! Агар кофирлардан бирига йўлиқиб қолсам, у бизни ўлдира бошласа, қилич билан менинг бир қўлимга уриб, уни кесиб ташласа, сўнг мендан дарахт орқасига яшириниб: «Аллоҳ учун мусулмон бўлдим!» дея чақирса, нима дейсиз, ана шу сўзни айтганидан кейин уни ўлдирсам бўладими?», деб сўраганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Уни ўлдирма!», дедилар.
У яна: «Эй, Расулуллоҳ! У менинг бир қўлимни чопиб ташласа ҳам-а, сўнг уни кесганидан кейин шу сўзни айтган бўлса ҳам-а!», дейди.
Шунда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Уни ўлдирма! Агар уни ўлдирсанг, у уни ўлдиришингдан олдинги сенинг ўрнингда, сен эса ўша гапни айтишидан олдинги унинг ўрнида бўласан!»
, деб марҳамат қилганлар.
(Бухорий, 5/4019; 9/6865; Муслим, 1/95; Абу Довуд, 2/2646; Насоий, 5/8591; Ибн Ҳиббон, 1/164; Аҳмад, 6/23868; Байҳақий, 8/15624; Табароний, 20/585; Абу Авона, 1/148; Ибн Абу Шайба, «Муснад», 1/486; «Мусаннаф», 10/29546; Баззор, 1/2111; Табризий, «Мишкот ал-масобеҳ», 2/3449).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мазкур ҳадиси шарифда кофир ва мушрик бўлган қотилни: «у уни ўлдиришингдан олдинги сенинг ўрнингда», деб туриб «Мусулмонман!» деган кимсани мўъмин-мусулмонлар қаторига қўшганлар. Билъакс, «сен эса ўша гапни айтишидан олдинги унинг ўрнида бўласан!», деб туриб «Мусулмонман!» деган кимсани ўлдирганни кофир қотилга тенглаштирмоқдалар. Бу ҳадиси шарифда ҳатто унинг «Мусулмонман!» деган гапи қуруқ ва юзаки эканлиги очиқ-ойдин кўриниб турган ва ўлимдан қўрқиб ана шу сўзни баҳона тариқасида айтаётган бўлса ҳам уни ўлдиришдан қайтарилган. Бу ҳақиқатни ҳеч бир инсон унутмаслиги лозим!

Инсон ким бўлишидан қатъи назар жиноят қиладиган бўлса, жиноятига ҳукумат аҳлигина жазо бериши мумкин, холос. Ҳар ким одамларга ўзича жазо бераверса, ўзича қасос олаверса, мамлакатда нотинчлик ва бошбошдоқлик юзага келади. Шунинг учун ҳам ҳамма даврларда ва барча маконларда диний ва дунёвий қонунларга биноан қозилик ва судьялик жорий қилинган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлини атайин чопиб ташлаган кимсани жазолашга рухсат бермаганларининг маъноси ҳам шудир.

Мазкур ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Мусулмонман!», деган кимсани ўлдиришдан қайтарганлар. Бу ниҳоятда саҳиҳ ҳадисдир. Қуръони карим ва суннати набавияда «такфир»дан, яъни, мўъмин-мусулмонларни кофирга чиқаришдан қайтарилган. Буни яхши англаш лозим! Жумладан, Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 94-оятида қуйидагича буюрган:

يا أيّها الذين آمنوا اذا ضربتم فى سبيل الله فتبيّنوا و لا تقولوا لمن القى اليكم السلام لست مؤمنا تبتغون عرض الحياة الدنيا فعند الله مغانم كثيرة كذلك كنتم من قبل فمنّ الله عليكم فتبيّنوا انّ الله كان بما تعملون خبيرا

«Эй, имон келтирганлар! Аллоҳнинг йўлида сафарга чиққанингизда аниқлаб олинглар ва сизга салом берган кимсага, «Мўъмин эмассан», деманглар. Бу дунё ҳаётининг матоҳини кўзлайсизлар, Аллоҳнинг ҳузурида эса кўплаб ўлжалар бор. Сизлар ҳам олдин шундай эдингиз, Аллоҳ сизга неъмат берди. Бас, аниқлаб иш тутингиз! Албатта, Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир». (Нисо сураси, 94-оят).

«Тафсири Насафий»да айтилишича, Мирдос ибн Нуҳайк разийаллоҳу анҳу мусулмон бўлади, бироқ, ҳали мусулмонлигини ошкора қилиб улгурмаган эди. Ғазотга чиққан саҳобалар олдига бор-будини ва қўйларини олиб, тоғдан тушиб кела бошлайди. Саҳобалар такбир айтса такбир айтади, кела солиб, «Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммаду-р-Расулуллоҳ!» дея «Ассалому алайкум», деб салом ҳам беради. Шунга қарамасдан, Усома ибн Зайд разийаллоҳу анҳу уни ўлдиради, саҳобалар қўйларини ўлжа қилиб олиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келадилар. Бундан Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қаттиқ ғазабланадилар: «Ундаги нарсалари учун ўлдирдингизларми? Калима айтган одамни ўлдирдингизми?», дея аччиқлари чиқади. Шунда, юқоридаги ояти карима нозил қилинади. (Абу-л-Баракот ан-Насафий. Тафсири Насафий – Мадорик ат-танзил. 1-2 жилд. – Тошкент: Нўъмон Тошкандий нашри, 1988. – Б. 244).

Мазкур ояти каримада калима айтиб турган мўъмин-мусулмон одамни кофирга чиқариб уни ўлдиришдан Аллоҳ таоло қайтарган. Билиш лозимки, ушбу оятдан олдин Аллоҳ таоло мўъмин-мусулмонни қасддан ўлдиришнинг гуноҳини баён қилган. Зотан, бир мўъмин-мусулмонни куфрда айблаб, уни ўлдириш ҳам шунга киради:

و من يقتل مؤمنا متعمدا فجزاؤه جهنم خالدا فيها و غضب الله عليه و لعنه و أعدّ له عذابا عظيما

«Ким бир мўъминни қасддан ўлдирса, жазоси жаҳаннамдир. Унда абадий қолур. Унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур. Ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлагандир». (Нисо сураси, 93-оят).

Мўъмин-мусулмонларни, «Ла илаҳа иллаллоҳ!» деган кимсаларни, «Мен мусулмонман!», дегувчиларни ноҳақ ўлдириш оғир гуноҳдир. Уларни кофирга чиқариш эса уларни ўлдириш гуноҳи билан баробар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилганлар:

و من لعن مؤمنا فهو كقتله من قذف مؤمنا بالكفر فهو كقتله

«Кимки бирор мўъминни лаънатласа, бу уни ўлдирган кабидир! Кимки бирор мўъминга куфрни таъна қилса, бу уни ўлдирган кабидир!».
(Бухорий, 8/6047; Аҳмад, 4/16438; Табароний, 2/1324).

Шунинг учун, ноҳақ бировни лаънатлашдан ҳам, уни кофирга чиқаришдан ҳам, унга қурол кўтариб, уни ўлдиришдан ҳам мутлақо ҳазар қилмоқ керак!

Аллоҳ таоло ўзини мўъмин-мусулмон дегувчиларнинг барчасига инсоф-тавфиқ берсин! Омин!

 

Ҳамидуллоҳ Беруний

Рейтинг@Mail.ru