JM News Portal - шаблон joomla Продвижение

ҲОЖАКА ва ҲОЖАЯ буни биласизми?

ҲОЖАКА ва ҲОЖАЯ буни биласизми?

hojiБайтуллоҳда, Расулуллоҳнинг масжидларида намоз ўқиш ҳамманинг ҳам орзуси. Борганлар яна боргиси келади, бормаганлар унга етишиш иштиёқида ёнади. Аллоҳга беҳисоб шукрки, юртимизда йилдан йилга икки ҳарам зиёратчиларининг сони ортиб бормоқда. Аллоҳ яна ҳам зиёда қилсин. Биз каби ожизларга ҳам Каъбаи муаззама ва Равзаи мутаҳҳарани зиёрат қилиш бахти насиб этсин.

 

Шу ўринда нозик бир нуқтага эътибор қаратишни лозим деб топдим. Ҳаж Ислом арконларининг бири бўлгани боис ибодат турлари ичида энг улуғларидан бўлиб, унга бериладиган савоблар ҳам шунга яраша катта ва беқиёс бўлади.

Лекин ҳаж ё умра сафари ҳожиларимизга жаннат кафолати берилди дегани эмас! Макка ва Мадина шаҳрига бориб муқаддас маконларни кўриб келганларнинг баъзи бирларида ички ғурур, ҳаж ва умрага бормаганларга нисбатан кибр ва беписандлик, муаммоларини ҳал қилишда ҳожилик мартабасини пеша қилиш каби иллатлар учраб туради. Улар учун “ҳожилик” гўёки унвон ва имтиёзлар манбаи ҳисобланади. Ҳожига борган одам давраларнинг тўрида ўтириши шарт. Ҳожига борган одам ҳеч қаерда бошқалар қатори навбат кутмаслиги керак. Ҳожига борган одам фақат гапириши керак, тингловчилик унинг олиймақомига тўғри келмайди, унга мурожаат қилишда исмига “ҳожи” унвонини қўшиб айтиш лозим ва ҳоказо…

Ўзини олий табақа ҳисобловчи бу каби “ҳожака” ва “ҳожая”ларимиз аслида юқори лавозимли таниш “акахон”ларини ишга солиб, ё кимларгадир “ҳадя” деб ном олган поралар бериб, ё кимларнингдир ишларини битириб бериш эвазига қўлга киритилган “патталар” билан қайсидир бир ожиз бечоранинг ўрнини эгаллаб ҳаж ё умрага борган бўлишлари мумкин.

Аллоҳ рози бўлсин ўтган йили Президентимиз топшириқлари билан ҳаж сафарига бормоқчи бўлганларни олдинда махсус суҳбатдан ўтказиш, уларни маънавий жиҳатдан ҳожиликка лойиқ – нолойиқ эканлигини аниқлаб, муносиб кўрилса ҳажга юбориш масаласи кўтарилди. Энди ҳаж ё умрага бормоқчи бўлганлар имом домлалар ҳам аъзоси ҳисобланган махсус комиссия суҳбатидан ўтиб, лойиқ кўрилсагина ҳажга боришади. Юртбошимизнинг бу ташаббуси билан том маънода ҳаж ибодати билан боғлиқ бир ўлик масала қайта жонланди дейиш мумкин.

Ҳожилик аслида ибодат бўлиб, уни ҳар ким ўз фойдаси учун қилади. Аллоҳ зиммасига фарз қилиб буюриб қўйгани учун қилади. Ибодат фақат ҳалол ва тўғрилик билан бажарилиши керак. Пора билан, зўравонлик билан, таниш-билишчилик билан адо этилган ҳожилик асло ибодат дейилмайди.

Баъзи аҳли илмларимиз “ҳаж сафарига бориш учун пора берса бўлади” деб ҳаромни ҳалоллаб беришгани қулоғимизга чалинди. Аллоҳ асрасин. Ибн Ҳажар Асқалоний Ибн Холавайҳдан нақл қилишича ҳаж ибодатининг мабрур бўлиши учун унга гуноҳ аралашмаган бўлиши керак. Имом Нававий ҳам шу фикрга қўшилган. Мавлоно мулла Али эса шу фикр ҳаққа яқин деганлар.

Яна баъзи уламолар эса ҳаж ибодатининг мабрур бўлиши учун ҳаждан кейин гуноҳ қилмасликни ҳам шарт қилиб қўйганлар. Макка ва Мадинадек муқаддас масканларни зиёрат қилиб қайтгач, ароқ ичиб юрган, фахш сўзлар билан бировларни ҳақоратлаб юрган, ғийбатчилик каби иллатларга шунғиб кетган “ҳожиларимиз” буларни билиб қўйишсин.

Ҳанафий мазҳабининг йирик кўзга кўринган шайхи Мавлоно Мулла Али ал-Қори ҳаром пул билан ва пора каби гуноҳлар аралаштириб ҳажга борганлар ҳақида шундай деган:

و اما من حج بمال حرام و ارتكاب اثام فإذا قال لبيك و سعديك يقال له لا لبيك و لا سعديك و حجك مردود عليك

Энди, ҳаром маблағ билан ва гуноҳлар аралаштриб ҳажга борганларга келсак, агар улар “лаббайка, саъдайка” деса, уларга “лаббайканг ҳам, саъдайканг ҳам керакмас, ҳажинг ўзингга сийлов” дейилади

Мавлоно Мулла Алининг бу гапи ҳаводан олинган эмас. Бу аслида Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ривоят қилган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шу маънодаги ҳадисларидан олинган:

إذا حج الرجل بالمال الحرام وقال لبيك قال الله لا لبيك و لا سعديك حتى ترد ما في يديك

Инсон ҳаж қилса ва “лаббайка” (лаббайкаллоҳумма) деса, унга Аллоҳ: икки қўлингдагини эгаларига қайтрамас экансан лаббайканг ҳам, саъдайканг ҳам керакмас, дейди.

Бир ривоятда қуйидаги қўшимча сўзлар ҳам бор:

كسبك حرام و ثيابك حرام و زادك حرام إرجع مأزورا لا مأجورا ابشر بما يسوؤك

Касбинг ҳаром, либосинг ҳаром, зодинг (йўлда ишлатиш учун олганнарсаларинг) ҳаром. Ортингга ажр-савоб олиб эмас, балки сени хафа қиладиган визру-гуноҳлар олиб қайт. (Дайламий, Ибн Жавзий).

Ҳазрати Зайнулобидин раҳматуллоҳи алайҳ ҳажга кетиш чоғида йўл анжомларини хозирлаб туяларини энди минаман деб турганларида ранглари сарғайиб мажолсизланиб уловига мина олмай қолибди. Яқинлари: ҳазрат сизга нима бўлди? – дейишса, у киши: талбия айтганимда Аллоҳ менга “лаббайканг ҳам, саъдайканг ҳам керакмас, ҳажинг ўзингга сийлов”, деб жавоб қайтарса нима қиламан, деган эканлар.

Яна бир ривоятда келишича, салафи солиҳлар даврида бир йигит Зулҳулайфада эҳромга кириш чоғида: “Эй Раббим, мен лаббайкаллоҳумма дегим келяпти. Аммо “лаббайканг ҳам, саъдайканг ҳам керакмас, ҳажинг ўзингга сийлов”, деб жавоб қайтаришингдан қўрқяпман”, деб титраб турган экан.  У шу дуосини бир неча марта такрорлабди ва охри бор овози билан “Лаббайкаллоҳумма лаббайк” дебдию шу заҳоти жон омонатини топширибди. Аллоҳ уни раҳматига олсин. Бизга ҳам раҳм айласин.

Демак азиз ҳожака ва ҳожаялар, сизлар доим Аллоҳдан хавф ва ражо ўртасида туришингиз керак. Яъни, ҳаж ибодатим қабул бўлмай қолмадимикан деган ҳадикда ва Аллоҳ қабул қилар деган умидда. Ана шу икки туйғу орасини тенг ушлай олсангиз, сиз ҳавас қилса арзигулик ҳожи бўласиз! Билакс кибрга кетиб, ҳожилик мақомингизга суяниб қолсангиз, сиздан ҳамма, ҳатто Аллоҳ ҳам безор бўлади!

ahlisunna.uz

Ботиржон қори

Рейтинг@Mail.ru