JM News Portal - шаблон joomla Продвижение
  • Кўринмас қўллар фитнаси

    Дунёда юз бераётган фитналар ҳақида фикр юритган киши чуқур ўйга толади. Дин душмани бўлган “учинчи томон”нинг қўғирчоғига айланган манқурт кимсалар барчанинг нафратини қўзғамоқда.

    Батафсил...
  • «Дунё уламолари мурожаати» номли китоб ҳақида

    Маълумки, бугунги кунда дунёнинг турли ҳудудларида, хусусан, Яқин Шарқ минтақасида фаолият юритаётган террорчи ташкилотлар ўз сафини янги аъзолар билан тўлдириш мақсадида ислом таълимотини бузиб талқин қилмоқдалар. Хусусан, Ироқ ва Суриядаги ерларни ноқонуний эгаллаб

    Батафсил...
  • ИШИДчилар кимнинг халифалари? (1-қисм)

    Суриянинг ўзида неча юз минглаб одамлар ҳаётдан кўз юмдилар. Миллионлаб кишилар ногирон бўлдилар. Неча миллионлаб бегуноҳ инсонлар ўз юртларини тарк этиб, сарсон-саргардон бўлдилар. Норасида болалар оч ва яланғоч қолдилар.

    Батафсил...

ХРИСТИАНЛИК

ХРИСТИАНЛИК

Пайдо бўлиши. Христианлик буддизм ва ислом динлари қаторида жаҳонда энг кенг тарқалган динлардан бири ҳисобланади. Ушбу дин тарафдорларининг миқдори бошқа динларга қараганда энг кўп бўлиб, бу кўрсаткич дунё аҳолисининг деярли учдан бирини (тақрибан 28 фоизи) ташкил этади.

Христианлик, асосан, Европа, Америка, Австралия ҳамда қисман Африка ва Осиё қитъаларида тарқалган.

Христианлик милоднинг бошида Рим империясининг шарқий қисмида жойлашган Фаластин ерларида вужудга келди. Исо Масиҳ (Иисус Христос), Библиянинг хабар беришича, христианлик таълимотининг асосчиси бўлиб, у Рим империяси ташкил топганининг 747-йили Фаластиннинг Назарет қишлоғида бокира қиз Марямдан Худонинг амри билан дунёга келди. Янги эранинг бошланиши ҳам Исо Масиҳнинг дунёга келиши билан боғлиқ.

Милоднинг бошларида яҳудийлар ҳокимиятнинг уч табақаси билан боғлиқ оғир тушкунликни бошдан кечирар эдилар. Бир томондан, Рим императори ва унинг жойлардаги ноиблари, иккинчи томондан, Фаластин подшоҳи Ирод Антипа, учинчи томондан эса руҳонийлар халқни турли солиқлар ва мажбуриятлар билан кўмиб ташлаган эдилар. Худди шу даврда яҳудийлар ўртасида кутилаётган халоскорнинг келиши яқинлашиб қолганлиги ҳакида ха­бар тарқатувчилар пайдо бўлди. Улар халқни кутилаётган халоскор келишига тайёрлаш учун чиққан эдилар. Шунда Исо Масиҳ яҳудийликни ислоҳ қилиш ва уни турли хурофотлардан тозалаш ғояси билан чиқиб, христиан динига асос солди. Яҳудийлар уни ва унинг издошларини Фаластиндан қувғин қилдилар. Исони 33 ёшида фитначиликда айблаб, қатл этишга хукм қилдилар.

 

Исонинг тарихи хусусида диний ва диний бўлмаган манбалар орасида ихтилоф мавжуд: христиан манбаларида Исонинг ўзи худо бўла туриб, инсониятнинг гуноҳларини ўзига олиш учун одам қиёфасида туғилгани, унинг ҳаёт тарзи, инсонлар билан мулоқоти ҳақидаги маълумотлар қайд этилса-да, диний бўлмаган манбаларда Исо номи учрамаганлигини назарда тутиб, у тарихий эмас, балки афсонавий шахс деб ҳисобловчилар ҳам бор.

 

Исо номига қўшилувчи «Масиҳ» сўзи қадимий яҳудий тили - ивритдаги мешиах сўзидан олинган бўлиб, «силанган» ёки «сийланган» маъноларини беради. Юнон тилида бу сўз «Христос» шаклига эга. Бу диннинг «христианлик» ёки «масиҳийлик» деб аталиши ҳам шу сўзлар билан боғлиқ. Бундан ташқари, христианликни Исо Масиҳнинг туғилган қишлоғи - «Назарет» билан боғлаб, назрония деб ҳам атаганлар. Кейинчалик бу ном насрония шаклини олган.

 

Исо Масиҳ ўз таълимотини 12 ўқувчисига — апостоллар (ҳаворийлар)га ўргатди. Улар эса Исонинг вафотидан кейин устозларининг таълимотларини ҳар бирлари алоҳида-алоҳида тарзда китоб шаклига келтирдилар. Бу китоблар Библиянинг «Янги Аҳд» қисмини ташкил этади.

 

Таълимоти. Манбаларнинг хабар беришича, христианлик яҳудий муҳитида юзага келган. Шу боис христианликнинг шаклланишида яхудийликнинг таъсири салмоқли бўлгани шубҳасиз. Христианликнинг асосий ғояси — Исонинг одамзоднинг халоскори «мессия» эканлиги яҳудийликда мавжуд бўлиб, охиратга яқин келиши кутилаётган халоскор ҳақидаги таълимотдан келиб чиққандир.

 

Кейинчалик бу таълимот Худонинг мужассамланиши ёки Исонинг икки хил — одам ва худо моҳияти хамда «гуноҳни ювиш», яъни Исонинг ўзини ихтиёрий тарзда қурбон қилиши ҳақидаги таълимот билан мустаҳкамланади. Христианлик Ота-Худо, Ўғил-Худо ва Муқаддас Руҳ — Уч юзлик Худо (Trinity) тўғрисидаги таълимотни, жаннат ва дўзах, охират, Исонинг қайтиши ҳақидаги ва бошқа ақидаларни ўз ичига олади.

 

Христиан жамоасининг шаклланиши, ақидаларининг тартибга солиниши, черков муносабатларининг ишлаб чиқилиши, диний табақалар тузумининг вужудга кели­ши милоднинг IV асри бошларида, яьни 324 йили хрис­тианлик Рим империясида давлат дини деб эълон қилинганидан сўнг амалга оширилди.

 

325 йили тарихда биринчи марта Рим императори Лициния империя ҳудудидаги христиан жамоаларини ўзаро келиштириш ва тартибга солиш мақсадида Никея шаҳрида I Бутун Олам Христиан Соборини (ўтказилган 21 собордан биринчиси) чақирди. Бу соборда «эътиқод тимсоли»нинг (Credo) дастлабки таҳрири қабул қилинган, Пасхани байрам қилиш вақти белгиланган, арийчилик қораланган (Арий Александрия шаҳридан чиққан руҳоний; 318 йилда ўғил-Худо ва Ота-Худонинг ягона моҳияти ҳақидаги черков таълимотига қарши чиқиб, Исони илоҳий хусусиятлари ва шон-шуҳрати жиҳатидан Ота-Худодан кейин туради, чунки Ота-Худо азалий ва абадий, Исони у яратган деб тарғиб қилган). 20 та канон, жумладан, Александрия, Рим, Антиохия, Қуддус митрополитларининг имтиёзлари тўғрисидаги қоидани ишлаб чиққан. 381 йили Константинополда II Бутун Олам Христиан Собори бўлиб ўтди. Бу соборда Никеяда қабул қилинган «эътиқод тимсоли»га аниқлик киритиш, арийчилар, евномийчилар, фотинианлар, савелианлар каби адашган фирқалар билан курашиш масалалари кўрилган. II Жаҳон собори троица (Trinity) хақидаги қоидани ишлаб чиққан ва «эътиқод тимсоли»ни қонунлаштирган. Константинопол патриархи Рим патриархи каби барча бошқа епископларга нисбатан имтиёзларга эга, деган қоидани киритган. Бу соборда қабул қилинган «эътиқод тимсоли» 12 қисмда ифодаланди:

 

• биринчи қисмда оламни яратган Худо ҳақида;

 

• иккинчи қисмда насронийликда Худонинг ўғли ҳисобланган Иисус Христосга имон келтириш ҳақида;

 

• учинчи қисмда илоҳий мужассамлашув ҳақида сўз юритилиб, унга кўра, Исо Худо бўла туриб, бокира Биби Марямдан туғилган ва инсон қиёфасига кирганлиги ҳақида;

 

• тўртинчи қисмда Исонинг азоб-уқубатлари ва ўлими ҳақида сўз кетади. Бу гуноҳларнинг кечирилиши ҳақидаги ақидадир. Бунда Исонинг тортган азоблари ва ўлими туфайли Худо томонидан инсониятнинг барча гуноҳлари кечирилади деб эътиқод қилиниши ҳақида;

 

• бешинчи қисмда Исонинг хочга михланганидан сўнг уч кун ўтиб қайта тирилганлиги ҳақида;

 

• олтинчи қисмда Исонинг меърожи ҳақида;

 

• еттинчи қисмда Исонинг нузули (иккинчи маротаба ерга кайтиши) ҳақида;

 

• саккизинчи қисмда Муқаддас Руҳга имон келтирмоқ борасида;

 

• тўққизинчи қисмда черковга муносабат ҳақида;

 

• ўнинчи қисмда чўқинтиришнинг гуноҳлардан фориғ қилиши ҳақида;

 

• ўн биринчи қисмда ўлганларнинг оммавий тирилиши ҳақида;

 

• ўн иккинчи қисмда абадий ҳаёт хақида сўз юритилади.

 

Христианликнинг бундан кейинги фалсафий ва назарий ривожида авлиё Августиннинг таълимоти катта аҳамият касб этди. У аср бўсағасида диннин гбилимдан афзал эканлигини тарғиб қила бошлади. Унинг таълимотига кўра, борлиқ инсон ақли билишга ожизлик қиладиган ҳодисадир, чунки унинг ортида улуғ ва қудратли Яратувчининг иродаси яширинган.

 

Августиннинг тақдир ҳақидаги таълимотида айтилишича, Худога имон келтирган ҳар бир киши нажот топганлар сафидан ўрин эгаллаши мумкин, чунки имон тақдир тақозосидир.

 

Христианликдаги оқимлар. Христиан черковининг католик ва православ (ортодокс) черковларига ажралиб кетиши Рим папаси ва Истамбул патриархининг христиан оламида етакчилик учун олиб борган рақобати оқибатида вужудга келди. Ажралиш жараёни Рим империясининг ғарбий ва шарқий тафовутлари ўсиб чуқурлашиб бораётган асрлардаёқ бошланган эди. 867 йиллар орасида папа Николай ва Истамбул патриархи Фетий орасида узил-кесил ажралиш рўй берди ва бу ажралиш 1054 йили расман тан олинди.

 

XVI аср бошларида католицизмдан бир неча Европа черковлари ажралиб чиқиши натижасида христианликда протестантлик ҳаракати вужудга келди. Бунинг даврасида лютеранлик, баптизм, англиканлик ва калвинизм чер­ковлари шаклланди. Булар бир черковнинг асосий маросимлари жиҳатидан ўзларига хос бўлган томонларга эга бўлиши билан бир қаторда бир неча йўналишлар, мазҳаблар ва оқимларга бўлинди.

 

Православ (ортодокс) оқими. Православ оқими хрис­тианликнинг уч асосий йўналишидан бири ўлароқ, тарихан унинг шарқий шохобчаси сифатида шаклланди. Бу оқим, асосан, Шарқий Европа, Якин Шарқ ва Болқон мамлакатларида тарқалган. Православ атамаси юнонча ор­тодоксия сўзидан олинган бўлиб, илк давр христиан ёзувчилари асарларида учрайди. Православиянинг китобий асослари Византияда шаклланди, чунки бу йўналиш у ердаги ҳукмрон дин эди.

 

Муқаддас китоб бўлмиш Инжил ва муқаддас ўгитлар, IV-VIII асрлардаги етти бутхона соборларининг қарорлари, шунингдек, Афанасий Александрийский, Василий Великий, Григорий Богослов, Иоанн Дамаскин, Иоанн Златоуст каби йирик черков ходимларининг асарлари ушбу оқим таълимотининг асоси деб тан олинган.

 

Христианликнинг шарқий тармоғи бўлмиш православия­нинг ривожланиши жараёнида 16 мустақил (автокефал) черков: Константинопол, Александрия, Антиохия, Қуддус, Грузин, Серб, Румин, Болгар, Кипр, Эллада, Албан, Поляк, Чехия, Словакия, Рус ва Америка черковлари вужудга келди. Бу черковлардан энг каттаси Рус православ черкови (РПЧ, бошқа расмий номи Москва патриархата) бўлиб, унга 19 минг черков ва 127 епархия бирлашган. Булардан 150 дан ортиқ черков ва 5 епархия чет элда фаолият олиб боради.

 

Православ оқимида сирли расм-русумлар муҳим ўрин эгаллайди. Черков таълимотага кўра, бундай пайтларда Худо томонидан диндорларга алоҳида савоблар нозил бўлади.

 

Чўқинтириш сирли ҳодисаси (таинство). Бунда диндор ўз танасини уч марта сувга ботириши, Худо-Отани, ўғилни ва Муқаддас Руҳни чақириши билан руҳий туғилишни касб этади.

 

Баданга миро суркаш ҳам сирли бўлиб, бунда диндорга Муқаддас Руҳнинг руҳий ҳаётга қайтарувчи ва чиниқтирувчи эҳсонлари улашилади.

 

Покланишнинг сирлилиги. Унда диндор нон ва вино кўринишида ўз баданида Исо қонини абадий ҳаётга тайёрлайди.

 

Надоматнинг сирлилиги шундаки, диндор ўз гунохларини дин пешвоси олдида тан олади, дин пешвоси эса унинг гуноҳларини Исо номидан кечиради.

 

Руҳонийликнинг сирлилиги у ёки бу шахсни руҳоний даражасига кўтариш учун епископ қўлини ўша шахс баданига тегизиши (ёки қўйиши) орқали амалга оширилади.

 

Никоҳнинг сирлилиги. Бунда келин-куёв турмуш қуриш, фарзанд кўриш ва уни тарбиялашга оқ фотиҳа оладилар.

 

Баданни елей билан ишқалаш сирида Худонинг руҳий ва жисмоний заифликларни тузатувчи лутфу марҳаматидан умид қилинади.

 

Православ черкови байрамлар ва диний маросимларга алоҳида аҳамият беради. Пасхадан сўнг православ динининг ўн икки кунлик ўн икки муҳим байрами бошланади. Улар қуйидагилардир:

 

1. Биби Марямнинг туғилиши (Рождество Божьей матери).

 

2. Исонинг хочини тиклаш (Воздвижение креста Господня).

 

3. Биби Марямнинг ибодатхонага кириши (Введение во храм Пресвятой Богородицы).

 

4. Исонинг туғилиши (Рождество Христово).

 

5. Исони чўқинтириш (Крещение Господня).

 

6. Олқишлаш (Сретение).

 

7. Хушхабарнинг нозил бўлиши (Благовещание).

 

8. Исонинг Қуддусга кириши (Вход Господня в Иеруса­лим) — Пасха постидан 6 ҳафта кейинги якшанба.

 

9. Исонинг қайта тирилиши (Воскресенье Христово) - Пасха, баҳорги кеча ва кундуз тенглиги ва ой тўлишган биринчи якшанба.

 

10. Исонинг осмонга кўтарилиши (Вознесение Иисуса) - Пасхадан 39 кун кейин.

 

11. Муқаддас Руҳнинг тушиши (Сошествие Святого духа – Троицин День).

 

12. Исо қиёфасининг ўзгариши (Преображение) - 6 августда.

 

 

Черков йили эски ҳисобга мувофиқ 1 сентябрдан бошланади. 8 сентябр куни «Рождество Божьей матери» байрами ўтказилади. 12 сентябр куни «Воздвижение креста Господня» байрами нишонланади. Бу байрам император Ираклий даврида Исо крестининг форслар тутқунидан қайтариб олиб келинишига бағишланади. 21 ноябр куни «Введение во храм Пресвятой Богородицы» байрами ўтказилади. Бу байрам уч ёшли Марямнинг биринчи руҳоний томонидан Қадимий Аҳд ибодатхонасига олиб кирилганлигига бағишланади. Ибодатхонага кириш байрамидан бир ҳафта олдин, яьни 15 ноябрьда Рождество пости бошланади. Ва ниҳоят, 20 декабрда Рождество байрами киради ва 31 январгача давом этади.

 

Исонинг чўқинтирилиши (Крещение Господня) байра­ми 6 январда нишонланади. Бу байрам Исонинг Яҳё томони­дан чўқинтирилишига бағишланади.

 

Навбатдаги яна бир йирик байрам Сретение (олқишлаш, кутиб олиш) байрамидир. Бу байрам Исо туғилгач, авлиё Симеон томонидан унинг кутиб олинишига бағишланади.

 

Буюк байрамлар ичида Пасха биринчи ўринда туради. Пасха - Исонинг ўлганидан сўнг қайта тирилганини нишонлаб ўтказиладиган байрам. Пасханинг тарихи яҳудийликдаги Пейсах байрами билан боғлиқ бўлиб, у яҳудийларнинг Мисрдан қочиб чиқиши ва озодликка эришишининг нишонланишидир. Христианлик яҳудийликдан тўла ажралиб чиққач, Пасха янгича тус олган.

 

Юқорида санаб ўтилган байрамлар олдидан уларга тайёр-гарлик сифатидатурли муддатли постлар ўтказилади. Постнинг мохияти инсон руҳини тозалаш ва янгилаш, диний ҳаётнинг муҳим воқеаларигатайёргарликдан иборат.

 

Рус Православининг кўп кунлик постлари (рўзалари) бўлиб, улар тўртта: Пасха олдидан, Пётр ва Павел куни олдидан, Богородица уйқусидан олдин ва Исо туғилган кундан олдин бўладиган постлар. Пасха олдидан бўладиган «Великий пост» 40 кунга чўзилади. Ушбу пост даврида - эски ҳисоб бўйича 25 мартда «Благовещание» байрами ўтказилади. Пост бошланишидан олти ҳафта ўтгач, якшанба куни христианликнинг яна бир байрами - «Худонинг Қуддусга кириши» нишонланади.

 

Православ оқимидаги диний мансаблар. Православ черковида руҳонийлар уч табақага бўлинади: 1) диакон; 2) руҳоний (священник); 3) епископ.

 

Диакон (грек, "хизматчи") руҳонийликнинг энг қуйи табақаси ҳисобланади. У мустақил ҳеч қандай ибодатни бошқара олмайди, балки фақатгина руҳоний ёки епископга ибодат маросимини ўтказишда ёрдам бера олади, холос. Уни руҳонийлик сирлилигига (таинство) епископ қабул қилади. Катта диаконлар протодиакон, роҳиб диаконлар иеродиакон, катта иеродиаконлар архидиакон деб аталади.

 

Руҳоний (священник) ёки иерей православ руҳонийлигининг иккинчи табақаси ҳисобланади. У бошқаларни руҳонийликка бағишлаш ва черков сувини муқаддаслаштиришдан бошқа барча сирли маросимларни бажара олади. Кичик руҳонийлар иерей, катта руҳонийлар протоиерей ва энг катта руҳонийлар протопресвитер деб номланади.

 

Епископ ёки архииерей руҳонийликнинг энг олий унвони ҳисобланади. Епископлар барча ибодат ва сирли маросим­ларни бажара оладилар. Шунингдек, улар маълум бир шаҳар, вилоят черкови ёки епархияни бошқара оладилар. Нисбатан каттароқ епископлар архиепископ дейилади. Пойтахт шаҳарларнин гепископлари митрополит деб аталади. Православ черковининг энг олий мансаби патриархдир.

 

Католик оқими. Христианликнинг йирик йўналишдаридан бири католик оқимидир. У Европа, Осиё, Африка ва Лотин Америкаси мамлакатларида тарқалган бўлиб, мухлислари тахминан 800 млн. кишини ташкил этади.

 

Католицизм "умумий, дунёвий" деган маъноларни ифодалайди. Унинг манбаи унча катта бўлмаган Рим Христи­ан жамоаси бўлиб, ривоятларга кўра унинг биринчи епископи апостол Петр бўлган. Католик диний таълимотининг асосини Муқаддас китоб ва Муқаддас ёзувлар ташкил қилади. Бироқ православ черковидан фарқли ўлароқ католик черкови Муқаддас ёзувлар деб нафақат аввалги етти Бутун Олам Христиан Соборларининг қарорларини, балки ҳозиргача бўлиб ўтган барча соборлар қарорларини, бундан ташқари, Папа-нинг мактублари ва қарорларини ҳам ҳисоблайди.

 

Католицизмда Библияни шарҳлаш ҳуқуқи фақатгина руҳонийларга берилади, чунки улар уйланмаслик - целибат ҳақидаги диний талабга амал қиладилар. Диний ибодатлар Дабдабали ва сохталаштирилган кўринишга эга, диний ўқиш, дуо, илтижолар лотин тилида олиб борилади. Православиядаги каби католицизмда ҳам фаришта, икона, илоҳий куч, чиримайдиган марҳум жасадларига сиғиниш одатлари мавжуд.

 

Католицизм христианликнинг йўналишларидан бири сифатида унинг асосий ақида ва қоидаларини тан олади, бирон диний таълимот, сиғиниш ва ташкилий масалаларда бир қатор хусусиятлари билан фарқланади.

 

Католик черкови ташкилоти қатъий марказлашув би­лан ажралиб туради. Рим папаси бу черковнинг бошлиғи бўлиб, у диний ахлоқ масалаларига оид қонун-қоидаларни белгилайди. Унинг ҳокимияти дунёвий соборлар ҳокимиятидан юқори туради.

 

Католик черковининг марказлашуви, жумладан, диний таълимотни ноанъанавий таҳлил қилиш (шарҳлаш) ҳуқуқида акс этган догматик тараққиёт тамойилини келтириб чиқаради. Масалан, православ черкови томонидан тан олинган диний рамзда таъкидланишича, Муқаддас Руҳ Ота-Худодан келиб чикади. Католик ақидасига кўра эса Муқаддас Руҳ Ота-Худодан ва ўғил-Худодан келиб чикади. Черковнинг нажот борасидаги роли ҳақида ҳам ўзига хос алоҳида таълимот шаклланган. Нажотнинг асоси имон ва хайрли ишлар ҳисобланади. Черков католик таълимотига кўра, хайрли зарурий ишлар хазинасига — Исо томонидан яратилган «хайрли ишлар захирасига» эга.

 

Черков Исо, Биби Марям, Мукаддас Руҳ номидан бу хазинани тасарруф қилиш, ундан муҳтожларга улашиш, яъни гуноҳларни авф этиш, надомат чекувчиларга кечирим туҳфа килиш ҳуқуқига эга. Пул ёки туҳфа эвазига авф қилиш ҳуқуқига эга. Пул эвазига ёки черков олдидаги хизматлари учун гуноҳларни кечириш — индульгенция ҳақидаги таълимот мана шундан келиб чиққан.

 

Аъроф ҳақидаги (дўзах ва жаннат оралиғидаги мавзе) ақида факат католик таълимотида мавжуд. Гуноҳи катта бўлмаган гуноҳкорларнинг руҳи у ерда ўтда куяди (эхтимол, бу виждон ва надомат азобининг рамзий инъикосидир), кейин жаннатга йўл топади. Руҳнинг аърофда бўлиш муддати хайрли ишлар туфайли қисқартирилиши (ибодат ва черков фойдасига хайр-эҳсон қилиш билан) мумкин. Бу ибодат ва хайр-эҳсонлар ўлганлар хотирасига яқинлари томонидан қилинади.

 

Аъроф ҳакидаги таълимот I асрдаёқ пайдо бўлган эди. Православ ва протестант черковлари аъроф ҳакидаги таълимотни рад этади.

 

Бундан ташқари православ дини таълимотидан фарқли ўлароқ, католик йўналишида папанинг бегуноҳлиги ҳақида­ги ақида ҳам бор. Бу ақида 1870 йилдаги биринчи Ватикан соборида қабул қилинган. Ғарб черковининг Богородицага нисбатан алоҳида эътибори 1950 йилда папа Пий XII томо­нидан киритилган Биби Марямнинг меърожи ҳақидаги акидада ўз аксини топди. Католик таълимоти православ таълимоти каби етти асрорни тан олади, бироқ бу асрорларнинг талқин қилинишида қарашлар мос келмайди. Масалан, причешение (тамадди) қилиш қаттиқ нон билан (православияда бўктирилган нон билан), дунёвий(миряне)ларга нон ва вино билан, шунингдек, фақат нон билан амалга оширилади. Чўқинтириш сирини ўташ пайтида сув сепилади (чўқинтирилувчига), муз остидаги сувга чўктирилмайди.

 

Миропомазание (чўқинувчининг пешонасига елей суркаш) етти-саккиз ёшларда амалга оширилади, гўдаклигида эмас. Бунда ўспирин (бола) яна битта номга эга бўлади. Бунда у ўша авлиёнинг қилмишлари ва ғояларини мақсад қилиб қўяди. Шундай қилиб, бу русумнинг ижро этилиши имон мустаҳкамланишига хизмат қилиши зарур.

 

Православларда никоҳсизлик русумини фақат қора руҳонийлик қабул қилади. Католикларда эса никоҳсизлик (це­либат) папа Григорий VII томонидан жорий килинган қоидага кўра барча руҳонийлар учун мажбурийдир.

 

Дин маркази эҳромдир. Католицизмнинг муҳим элементлари черковга қатновчилар ҳаётининг маиший асосларини тартибга солувчи байрамлар, шунингдек, постлардир.

 

Милодий пост католикларда адвент деб аталади. У Авлиё Андрей кунидан кейинги биринчи якшанба — 30 ноябрда бошланади. Улар уч ибодат билан: ярим тундаги, эрталабки ва кундузги ибодат билан нишонланиб, Биби Марямнинг ҳомиладор бўлиши, Исонинг туғилиши ва диндорнинг калбида бўлиши каби рамзий маънони англатади. Ўша куни таъзим қилиш учун эхромларда гўдак Исонинг тимсоли қўйилган беланчаклар урнатилади.

 

Католик иерархиясида уч даражадаги руҳонийлар бор: диакон, руҳоний (кюре, патер, кеидз), епископ. Епископни папа тайинлайди. Папани кардинал коллегия сайлайди. II Ватикан соборида (1962 — 1965 йиллар) черков ҳаётининг барча жабҳаларини янгилаш, замонавийлаштириш жараёни бошланди. Бу биринчи навбатда ибодат анъаналарига тегишли бўлди. Масалан, ибодатни логин тилида олиб боришдан воз кечилди.

 

Протестантизм. Протестантизм тарихи Мартин Лютер-дан (1483 - 1546) бошланади. У XVI асрда Европада католик-ларга қарши қаратилган Реформация ҳаракати билан боғлиқ жуда кўп мустақил черковлар ва секталарни ўз ичига олади.

 

Протестантизм атамаси «протест» (норозилик) сўзидан келнб чиққан. Бундай номни олишига сабаб 1526 йилда Шпейер рейхстаги немис лютерчи князлари талаби билан ҳар бир немис князи ўзи ва фуқароси учун хоҳлаган динни танлаш ҳуқуқига эга эканлиги тўғрисида қарор кабул қилди. Аммо 1529 йилда иккинчи Шпейер рейхстаги бу қарорни бекор қилди. Бунга қарши империянинг барча шаҳарлари ва беш князлик норозилик (протест) эълон қилди.

 

Протестантизмнинг илк шакллари: лютерчилик, цвингличилик, калвинизм, унитаризм ва социнчилик, анабап­тизм, менночилик ва англиканчилик эди. Кейинроқ «сўнгги протестантизм» шакллари: баптистлар, методистлар, квакерлар, адвентистлар, Иегова шоҳидлари, мормонлар ёки «Охират авлиёлари», «Нажот армияси», «Христиан фани», пятидесятниклар ва бошқа диний оқимлар пайдо бўлди. Бу оқимларнинг кўпчилиги «диний уйғониш», илк христианлик ва Реформация идеалларига қайтиш шиори остида ташкил топди. Ҳозирги вақтда протестантизм дунёнинг барча қитъаларида кенг тарқалган. Протестантизмнинг жаҳон маркази АҚШда, бу ерда баптист, адвентист, Иегова шоҳидлари ва бошқаларнинг кароргоҳлари жойлашган. Ҳозирги протестантизм интеграция (бирлашиш)га интилмоқда, бу 1948 йилда Жаҳон черковлари кенгашининг тузилишида ўз ифодасини топди.

 

Протестантизм илоҳиёти христиан мафкурасининг бир кўриниши сифатида ўз тараққиётида муайян босқичлардан ўтди. XVI аср ортодоксал илоҳиёти (М. Лютер, Ж. Калвин), XVIII - XIX асрлардаги янги протестантизм ёки либерализм илоҳиёти (Ф. Шлейермахер, Э.Трёлч, А. Гарнак), Биринчи жаҳон урушидан кейин пайдо бўлган диалектик илоҳиёт (К. Барт, П. Тиллих, Р. Бултман), Иккинчи жаҳон урушидан сўнг тарқалган радикал ёки «янги» илоҳиёт (Д. Бонхеффер ва бошкалар) шулар жумласидандир.

 

Протестантизм Худонинг борлиги, унинг уч қиёфада намоён бўлиши, жоннинг ўлмаслиги, жаннат ва дўзах (католицизмдаги аърофдан ташқари) ҳақидаги, ваҳий ва бошқалар тўғрисидаги умумхристиан тасаввурларини эътироф этади. Бироқ Лютер католик черкови билан алоқани узиб, протестант черковининг асосий қоидаларини ишлаб чикди ва уни ҳимоя қилди. Бу низомга кўра инсон Худо билан бевосита мулоқот қилиши мумкин. Папанинг диний ва дунёвий ҳокимият, католик диндорларининг имонни ва виждонни инсон билан Худо ўртасидаги воситачи сифатида назорат қилиш ҳақидаги мулоҳазаларига Лютернинг қарши чиқиши жамоатчилик томонидан фавқулодда диққат билан тингланди.

 

Протестантизмнинг моҳиятига кўра илоҳий лутфу марҳамат инсонларга черковнинг иштирокисиз инъом этилади. Инсоннинг нажот топиши унинг шахсий эътиқоди ва Исонинг воситаси орқали рўй беради. Авом руҳонийлардан фарқланмайди, руҳонийлик ҳамма диндорларга бир хилда жорий этилади.

 

Протестантлик диний маросимларнинг кўпчилигини бекор қилди, фақатгина лютеранликда нон ва вино билан чўқинтириш сақланиб қолди.

 

Ўлганларга бағишланган дуо ўқиш, азиз-авлиёларга сиғиниш, муқаддас мурдаларга, санамларга топиниш бекор қилинди. Ибодат уйлари ортиқча ҳашамлардан, меҳроблар-дан, санамлар, ҳайкаллардан тозаланди, руҳонийларнинг уйланмаслик шартлари бекор қилинди. Ибодатлар фақатгина лотин тилида олиб борилиши, Библиянинг фақатгина руҳонийлар томонидан шарҳланиши зарурлиги шартлари инкор этилди. Библия миллий тилларга таржима қилинди, уни шарҳлаш ҳар бир художўйнинг энг муҳим бурчи бўлиб қолди. Асрор (таинства)лардан фақат чўқиниш ва мансублик (черковга) эътироф этилади. Ибодат ваъз-насиҳатлар, биргаликдаги ибодат ва сураларни куйлашдан иборат бўлди.

 

Лютер томонидан тузилган Реформация бош таомиллари 95 та тезис шаклида ёзиб берилган. Улар Виттенберг насроний черковининг шимолий эшикларига ёзиб қўйилган. Тезисларнинг бир нусхасида Исо пайғамбар: «Тавба қилинг, чунки самовий шохлик яқинлашиб қолди», деб жар солганида шуни таъкидлайдики, имон келтирганлар ҳаёти бошдан-оёқ тўхтовсиз тавба-тазаррудан иборат бўлмоғи даркор.

 

Тавба руҳоний (авлиё) олдидаги биргина тазаррудан иборат эмас. Биринчи тўрт тезисда Лютер таъкидлайдики, ҳақиқий тавба узоқ муддатли жараёндир, биргина ҳатти-ҳаракат билан рўёбга чиқмайди. Бу билан у католицизмдаги «аъроф» ва у билан боғлиқ индулгенция масаласини рад этади. Айтадики, папа фақат ўзи белгилаган жазони олиб ташлаши мумкин. Черков ҳеч кайси самовий жазодан инсонни озод қила олмайди. Тавба-тазарру қонунлари тириклар учун жорий қилинади (белгиланади). «Руҳлар учун индулгенция олган шахсларга тавба-тазарру қилиш талаб қилинмайди» деган таълимот Исо таълимоти эмас. Чиндан тавба қилган кишиларнинг гуноҳларини Худо кечади ва абадий азобдан озод қилади. Гуноҳкор папа ёрлиғисиз ҳам бундай мағфиратдан умид қилиши мумкин. Бу ерда ва кейинги бир қанча тезисларда папанинг аъроф устидан ҳукмронлиги рад этилади.

 

Лютер бир неча тезисларда таъкидлайдики, чиндан тавба қилган, надомат чеккан христиан «самовий жазога шошилмайди, яъни унга самовий жазо жорий этилмайди».

 

Лютернинг таъкидлашича, черковнинг ҳақиқий хазинаси муқаддас Инжил ва Худонинг марҳаматидир. «Хайрли амаллар хазинаси»нинг мавжудлиги камбағаллар учун эмас, бойлар учун фойдалидир, бу хазиналарга папа марҳамати билан эмас, ўз амаллари билан эришуви мумкин. Бу хил воситалар билан Худонинг меҳрини қозонмоқни Лютер сароб деб атайди.

 

Ҳақиқий христиан Исога эргашиш истаги билан ёнмоғи зарур. Нажот йўли рухсатнома ёрлиғида эмас, балки чин юракдан надомат чекмоқ ва тавба қилмоқдадир.

 

1517 йил 31 октябрда жамоатчилик ҳукмига ҳавола қилинган тезислар шундан иборат. Кейинчалик бу кун протестантлар байрами бўлиб қолди.

 

Калвинизм. Диний ислоҳотнингбошқа бир йирик арбоби Жан Калвин (1509—1564) эди. Унинг 1536 йилда нашр этилган «Христиан динидаги кўрсатмалар» деган бош асари протестантизм таълимот сифатида шаклланганидан кейин янги бир диний йўналиш – калвинизмнинг асоси бўлиб қолди.

 

Дастлабки ислоҳот арбобларидан фарқли ўлароқ, Калвин учун диққат маркази Инжил эмас, Таврот бўлиб қолади. Калвин абсолют тақдир ҳақидаги таълимотни ишлаб чикди. Бу таълимотга кўра, барча одамлар худонинг биз учун номаълум бўлган иродасига асосан мағфират қилинганлар ва маҳкум этилганлар тоифасига бўлинади.

 

Инсон на имон, на «хайрли ишлар» билан тақдирга ёзилганини ўзгартира олмайди: мағфират қилинганлар нажотга маҳкум, мағфиратдан маҳрум бўлганлар эса абадий азобга маҳкум. Тақдир ҳақидаги таълим шундай асосга қурилганки, Исо ҳам бизнинг гуноҳларимиз учун азобу уқубатларга гирифтор қилинган эди.

 

Протестант черковининг калвинистик йўналишдаги давомчилари (калвинистлар ёки реформаторлар) Шотлан­дия, Голландия, Шимолий Германия, Франция, Англияда катта обрў ва таъсирга эга эдилар.

 

Пресвитерианлик. Пресвитерианлик калвинистик черковдан келиб чиқкан бўлиб, (юнонча энг эски) мўътадил пуританлардир. 1592 йили Шотландия парламенти бу таълимотни асосий мафкура деб ҳисоблаш ҳақида қарор қабул қилган. Бу жамоа бошида жамоа аъзолари томонидан сайланган пресвитер туради. Жамоалар маҳаллий ва давлат иттифоқларига бирлашади. Диний маросим жуда содда, ибодат пайтида ваъз айтилади, биргалашиб дуолар ўқилади ва диний қўшиқлар куйланади. Пресвитернинг мавъизаси оятларни куйлашдан иборат. Литургия бекор қилинган, бошқа оқимларда асосий ибодат қўшиғи ҳисобланган «дин рамзи» ва «отче наш» ўқилмайди. Фақат дам олиш кунлари бай рам куни деб ҳисобланади.

 

Пресвитерианлар диний таълимотининг асосий ақида-лари «Вестминстер» китобида баён қилинган. Бу ақидалар ортодоксал калвинизм руҳида бўлиб, оламдаги барча одамларнинг гуноҳкорлиги ва қисматнинг мутлақлигига ишонишдан иборат.

 

Пресвитер жамоаси қавмлар сайлаган пресвитерлар ва пасгорлардан иборат консистория томонидан бошқарилади. Пресвитерчиларнинг олий органи – Бош ассамблея. Бош ассамблея пресвитериялар вакил қилиб юборган пресвитер ва пасторлардан иборат. Пресвитерчиларнинг кўпчилиги ўзларининг халқаро ташкилоти — «Пресвитерчиларнинг ташкилий тузилишига амал қилувчи Жаҳон реформация черковлари алянси»га аъзодир. Мазкур алянс 1875 йилда ташкил этилган.

 

Ҳозирги пайтда Шотландия (давлат черкови), Англия, Ирландия, АҚШ, Канада, Австралия ва бошқа мамлакатларда пресвитерчилар мавжуд.

 

Англикан черкови. Англикан черкови – Англиянинг давлат черковидир. 1534 йилда маҳаллий католик черкови Рим қироли Генрих VIII ни черков бошлиғи деб эълон қилди, яъни черков қирол ҳокимиятига бўйсундирилди. XVI аср ўрталарига келиб ибодатни инглиз тилида олиб бориш жорий этилди, постлар бекор қилинди, бут ва санамлар олиб ташланди, руҳонийлар уйланмаслиги мажбурий бўлмай қолди. «Мўътадил йўл» таълимоти, яъни Рим католицизми ва протестантизм орасидаги ўртача йўл шаклланди. Англикан диний таълимоти «Умумий ибодатлар китоби»да акс эттирилгандир. У черковнинг нажоткорлик кучи ҳақидаги католик ақидалари ҳамда шахсий эътиқод оркали нажотга эришиш ҳақидаги протестант таълимотларини ўзида жамлаган. Англикан черковида католицизмдаги маросимлар шундайлигича қабул қилиниб, ундаги иерархия тузумига ўхшаш тартиб жорий этилган. Бу тартибга кўра, қирол Англикан черковининг бошлиғи ҳисобланади ва у епископларни тайинлайди. Англикан черковининг бирин­чи диний раҳбари Кентербери архиепископи ҳисобланади. Англикан черкови таркибига 3 черков киради. Улар католицизмга яқин турадиган олий черков, пуританизмга ва пиетизмга яқин қуйи черков, христиан оқимларининг барчасини бирлаштиришга интилувчи ҳукмрон оқим – кенг черков. Англикан черковидан расман ажралган черковлар Шотландия, Уэлс, Ирландия, АҚШ, Канада, Австралия каби жами 16 мамлакатда тарқалган. 1867 йилдан Англикан черкови ўз мустақиллигини сақлаган ҳолда Англикан чер­ковлар иттифоқига бирлашган. Ламбет конференциялари Англикан черковида консултатив орган ҳисобланади.

 

Баптизм. Протестант таълимотининг энг кўп сонли давомчилари баптистлардир. Баптизм (юнонча «сувга чўктириш») XVII аср бошларида вужудга келган бўлиб, ҳозирги кунда дунёнинг 130 мамлакатида ўз тарафдорларига эга. Бу таълимот тарафдорлари фақат ўспиринларнигина чўқинтиришга олиб борадилар. «Ҳеч ким, жумладан, ота-оналар ҳам киши учун бирор динни танлай олмайдилар. Киши динни онгли равишда ўзи ихтиёр қилмоғи зарур» деган қоида баптистлар ва забур христианларининг асосий қоидасидир. Уларда ибодат ўта соддалаштирилган бўлиб, диний қўшиқ, ибодат ва мавъизадан иборат. Забур христианлари тўрт русумни сақлаб қолишган: чўқинтириш (ўспиринлар учун), тановул, никоҳ, қўл билан силаб қўйиш. Бу христианлар учун бут эҳтиром рамзи эмас.

 

Адвентистлар ҳаракати. Адвентистлар ҳаракати (лот. - «келиш») Америкада XIX асрнинг 30-йиллари оғир иқтисодий бухрон, умумий ишсизлик даврида вужудга келди. Асосчиси Вилям Миллер (1782 — 1849). Адвентистлар бир неча мустақил черковларга бўлинган бўлиб, уларнинг энг каттаси «Еттинчи кун адвентистлари» саналади. Уларнинг асосий ғояси Исонинг иккинчи бор ерга тушиши ва инсо­ниятни шайтон ҳамда унинг тарафдорларидан мутлақ халос этишидир. Улар одамларни Исони кутиб олиш учун хушахлоқ бўлишга чақирадилар. Диндорлардан маблағларининг ўндан бирини черков ҳисобига ўтказишлари ва тарғибот ишларини узлуксиз олиб боришларини талаб қиладилар. Исо пайғамбарнинг иккинчи марта ерга қайтиши ҳақидаги башорат «нажот йўли» деб ҳисобланади.

 

Ҳозирги пайтда ғарбий ҳамда шарқий черковларнинг раҳбарлари кўп асрли ихтилофларнинг аянчли оқибатларини бартараф қилишга интилмоқдалар. Масалан, 1964 йили Рим папаси Павел VI ва Константинопол патриархи Афинагор иккала черков вакилларининг XI асрда айтган ўзаро қасамёдлари тарқоқлигини бартараф қилиш учун биринчи қадам қўйдилар.

 

Библия. Библия яҳудийлик ва христианлик динлари таълимотига кўра, Худо томонидан нозил қилинган, асосий диний ақида ва ахлоқ қонунларини ўзида жамлаган муқаддас китоблар мажмуасидир.

 

У икки қисмдан иборат: «Қадимий Аҳд» (Old Testament) ва «Янги Ахд» (New Testament).

 

Яҳудий ва христиан Библиялари (Bible) бир-бирига мос келмайди. Яҳудийларнинг муқаддас китоби Қадимги Исроил ва қадимий яҳудийларнинг диний таълимот ва урф-одатлари асосида мил. ав. XIII асрда ёзилган бўлса, христианларнинг китоби милоднинг бошларида вужудга келди. Яҳудийлар христианларнинг китобини муқаддас китоб сифатида тан олмайдилар. Христианлар эса яҳудийларнинг китобини муқаддас китоб сифатида тан оладилар.

 

Библия сўзи грек тилида biblia - «китоб», «ўрам» маъноларини англатади. Ҳозирги Библия католик нашрларида 72, протестант нашрларида 66 китобдан иборат. Яҳудийларнинг яна бир диний манбаи Талмуднинг хабар беришича, Қадимий Ахдда 24 та китоб бўлиши керак. Қадимий яҳудий тарихчиси Иосиф Флавийнинг айтишича, 22 та китоб бўлиши керак. Протестантлар ва яҳудийлар, Тридент Соборидан кейин (1545-1563) католиклар ҳам Қадимий Аҳд таркибига 45 та китоб киритадилар. Бу сон билан юқорида келтирилган сон ўртасидаги тафовутни кейинчалик баъзи китобларнинг бир неча мустақил китобларга бўлиниб кетгани билан изоҳлаш мумкин. Масалан, «Мусонинг беш китоби» аввал бир бутун бўлиб, кейинчалик бешта мустақил китобга, «Кичик пайғамбарлар китоби» 12 китобга ажратиб юборилган.

 

Христианлар Қадимий Аҳдни «Ривоятлар китоблари», «Таълимотлар китоблари», «Пайғамбар китоблари»га бўладилар. Улар Янги Аҳднинг 27 китобини шундай тасниф қиладилар: «Ривоятлар китоблари»га «Инжил» ва «Ҳаворийлар фаолияти» киради. «Таълимотлар»га «Ҳаворийлар мактублари» киради, «Пайғамбарлар китоблари»га «Ваҳй» китоби киради.

 

Библиянинг китоблари бобларга, боблар эса сураларга бўлинади. Унинг ҳозирги қабул қилинган бўлиниши Нентерберия епископи Стефан Лангтон (ваф. 1228 й.) томони­дан киритилган. У 1214 йили лотин тилидаги матнни бобларга бўлиб чикди ва бу нарса кейинчалик яҳудий ва юнон тилларидаги матнларга ҳам жорий қилинди. Суралар аввал Сантес Панино (ваф. 1541 й.), кейинчалик 1555 йилларда Роберт Этенлар томонидан рақамланди.

 

Евангелия. Инжил сўзи юнонча «эвангелион» сўзидан келиб чиқкан бўлиб, "хушхабар" маъносини англатади. Унда одамзодни қутқарувчи ягона Нажоткор ҳисобланмиш Исо Масиҳнинг ер юзига юборилганлиги ҳақида ҳикоя қилинади.

 

Инжил милоднинг биринчи асрида ёзилган, 27 бўлимдан иборат. Инжил Исо Масиҳни кўриб, уни яқиндан билган, унинг таълимотини синчиклаб ўрганган муаллифлар томонидан ёзилган. Христианликда бу муаллифлар худонинг руҳидан илҳомланиб, айнан худонинг буюрганини Инжилда ёзиб қолдирганлар, деб ҳисобланади. Инжилнииг матни ёзиб тугатилгандан кейин ундан кўп нусха кўчирилиб, дунёнинг ҳар тарафига тарқатилган.

 

Христианликда Янги Аҳд таркибига кирган Инжил 4 қисмга бўлинади:

 

Инжилнинг дастлабки 4 китобчаси Исо Масиҳнинг ҳаёти ва таълимотига бағишланган, улар Матто (Матфей), Марко, Лука, Юханно (Иоанн) баён этган Муқаддас хуш­хабар (Евангелие) деб аталади. Бу 4 китоб муаллифининг ҳар бири Исо Масиҳ шахсияти ва фаолиятининг алоҳида хусусиятларини тасвирлайди, тўртала китоб ҳам Исонинг йўли ва қайта тирилиши билан якунланади. Бу Инжил хуш-хабарининг марказий нуқтаси ҳисобланади.

 

Азиз ҳаворийларнинг фаолияти (Деяния святых апостолов) номли китобчада Исо Масиҳнинг алоҳида танлаган шогирдлари - ҳаворийларнинг насронийлик динини тарқатиш йўлида қилган ишлари, нутқлари, қувилишлари, христиан жамоаларининг вужудга кели­ши ҳақида ҳикоя қилинади.

 

Павел, Иаков, Петр, Иоанн, Иуда номли хаворийларнинг турли мамлакат ва подшоҳларга христианлик динининг ақидаларини баён қилиб йўллаган мактублари ҳам Инжилда жамланган.

 

Ваҳй (Откровение) деб номланган китоб худо томони­дан авлиё Иоаннга юборилган башорат ҳисобланади. Унда охир замонда юз берадиган мусибатлар, Исо Масиҳнинг дунёга қайтиши, Яъжуж-Маъжуж, Дажжол, қиёмат, жаннат ва жаҳаннам тасвирланади.

 

Ўзбекистонда христианлик. Ҳозирги кунда мамлакатимизда бир неча христианлик оқимлари фаолият олиб боради. Христианликнинг ҳам зардуштийлик, буддизм каби Ўрта Осиё халқлари тарихида ўзига хос ўрни бор.

 

Бу дин Ўрта Осиёга, хусусан, Ўзбекистонга икки йўл билан кириб келган: бунга, бир томондан, христианликка даъват этувчи миссионерларнинг тарғиботчилик фаолияти, иккинчи томондан, Ўрта Осиёнинг Россия томонидан босиб олиниши ва христиан динига эътиқод қилувчи аҳолининг бу ҳудудга кўплаб кўчиб келиши сабаб бўлди. Бу дин миссионерлари Ўрта Осиёнинг турли вилоятларига милоднинг III асрларида кириб келганлар. Масалан, 280 йилда Тароз (Мерке) черковлари қурилиб бўлган, Самарқандда (310 йилдан), Марвда (334 йилдан), Ҳиротда (430 йилдан), Хоразмда ва Марказий Осиёнинг бошқа шаҳарларида епис­коплик ва миссиялар тузилган. Кейинчалик Самарқандда, Марвда (430 йиллар), Ҳиротда (658 йиллар) епископликдан иборат диний ҳудудий жамоалар, бирлашмалар ташкил бўлган. Хуросонликлар ва суғдиёналиклар зардуштийлар, монавийлар, буддистлар билан бир қаторда христианлар ҳам бўлганлар. Улар Сосонийлар ва Қорахитойларга қарашли ерларда яшаганлар.

 

Марказий Осиё ҳудудида исломнинг тарқалиши даврларида ислом билан христианлик ўртасидаги зиддиятлар, келишмовчиликлар кескинлаша бошлади. Бироқ, Х асргача Самарқанд, Хоразм, Тошкент вилоятларида христианларнинг манзилгоҳлари бўлган. Ҳатто Беруний яшаган даврда хам (973—1056) Марвда православ митрополияси бўлган.

 

XIX асрнинг 70-йиллари Ўрта Осиё минтакасига православия билан бир қаторда бошқа оқимларнинг тарафдорлари ҳам кириб кела бошладилар. Улар ортидан турли секталарга мансуб диндорлар, масалан, баптистлар, адвен­тистлар, католиклар ва бошқалар ҳам пайдо бўлди. 1879 йил 27 мартда Россия императорининг махсус қонуни эълон қилингач, бу жараён янада фаоллашди. Россия армияси томонидан Биринчи жаҳон урушида асир олинган немис, поляк, эстон, швед, литвалик, латиш ва бошқа ғарбий европалик аскарларнинг Туркистон ўлкасига сургун қилиниши улар эътиқод қиладиган дин ёки оқимнинг кириб келишига сабаб бўлди. Бу, ўз навбатида, европалик асирлар орасида диний жамоалар тузиш ҳамда черковлар пайдо бўлишига олиб келди. Хорижликларнинг бундай фаолияти асримизнинг тахминан 20-30 - йилларига қадар давом этди. XX аср бошларига келиб Туркистон генерал-губернаторлигида 6,03 миллион мусулмонга 391 минг православ ёки 5340 масжидга 306 черков тўғри келган. Бундан ташқари, эътиқод жиҳатидан 10,1 минг православ оқимига мансуб старообрядчилар, 8,2 минг лютеранлар, 7,8 минг католик­лар, 26 минг яҳудий динига ва 17,1 мингга яқин бошқа окимларга мансуб диндорлар бўлган.

 

Православ йўналиши Ўзбекистон ҳудудига Россия орқали кириб келган. 1871 йил 4 майда Россия императори томонидан Тошкентда Туркистон (ҳозирги вақтда Ўрта Осиё ва Тошкент) епархиясини очишга қарор қилинди.

 

1880 йилларга келиб Рус православ черкови (РПЧ) ўзининг янги ибодатхоналари сонини кўпайтиришга ҳаракат қилди. Уларнинг аксарияти Сирдарё ва Фарғона вилоятларида қурилди.

 

1916 йил 16 декабрда император буйруғи билан Тур­кистон кафедрал собори Вернийдан (ҳозирги Алмати) Тош­кент шахрига кўчирилди.

 

Черковлар сони 1930 йилларга қадар Ўзбекистон ҳудудида Ўрта Осиё минтақасининг бошқа ҳудудларига нисбатан кўп эди. 1920-1940 йилларда Ўрта Осиё ва Қозоғистонда христиан динига мансуб турли этник гуруҳлар кўпайиб борди. Иккинчи жаҳон уруши ва ундан сўнг Ўзбекистонга Россия, Украина, Белорусия, Молдова ва Болтиқбўйи мамлакатларидан кўплаб аҳоли эвакуация қилинди, православияга эътиқод қилувчи аҳолининг сони тахминан 1 миллионга етди.

 

1990 йил 20 июлдан Ўрта Осиё ва Тошкент епархияси епископ сифатида, 1991 йил 23 февралдан эътиборан ар­хиепископ Василий Захарович Иким (руҳонийлик исми - Владимир) раҳбарлигида бошқариб келинмокда. Унинг тасарруфига Ўзбекистондан ташқари Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистондаги рус православ черковлари киради. Рус православ черковининг Ўрта Осиё ва Тошкент епархияси Ўзбекистоннинг 11 та ҳудудий тузилмасида ўзининг ибодатхоналари ва марказий бошқарув органи ҳамда диний ўқув юртига эга.

 

Христианликнинг Ўзбекистонда тарқалган оқимларидан бири католицизмдир. Айрим маълумотларга кўра, XIX аср охирларида Тошкентда 2300 га яқин католиклар бўлган. Ўша вақтда рим католиклари жамоаларига Юстин Пранайтис раҳбарлик қилган. Тошкентда биринчи католик черкови 1912 йилда қурила бошланиб, 1917 йилда битказилган. Ҳозирги кунда бу бино тарихий обида сифатида қайта таъмирланди.

 

Ватикан давлати Ўзбекистоннинг мустақиллигини 1992 йил 1 февралда тан олиб, шу йилнинг 17 октябр куни дипломатик алоқалар ўрнатди. 1994 йил 31 октябр куни Ўзбекистан Республикаси Президенти И.А Каримов Ватикан давлатининг нунций элчиси Мариан Олесдан Иоанн-Павел II нинг ишонч ёрлиғини қабул қилди. Шундан сўнг Ватиканнинг Тошкентдаги элчихонаси расман ўз ишини бошлади. М. Олеснинг қароргоҳи Қозоғистоннинг собиқ пойтахти Алматида бўлганлиги сабабли Тошкентдаги элчихона раҳбарлигини ҳозирги вақтга қадар К. Кукулка бажариб келмокда.

 

Юртимизда фаолият олиб бораётган Арман апостол черкови энг кадимий христиан черковларидан бири бўлиб, унинг «Эчмиадзин» журнали ҳамда махсус диний ўқув юрти мавжуд. Киликия католикосати, Қуддус ва Константинопол патриархатликлари, АҚШ, Жанубий Америка, Европа, Яқин, Ўрта ва Узоқ Шаркдаги епархия бошқармалари Эчмиадзин католикосатига бўйсунади.

 

Ўзбекистонда тарқалган христианликнинг уч асосий йўналишидан бири протестантизмдир. Кейинги ўн йилликда маҳаллий корейс миллатига мансуб шахслар орасида протес­тантизм йўналишига қизиқиш ортди. Бунга, бир томондан, корейсларнинг ўз қариндош-уруғлари билан дийдор кўришиш ва бошқа мақсадларда Жанубий Корея, АҚШ ва бошка ривожланган давлатларга бориб келишлари сабаб бўлди. Хорижда улар маълум бир диний оқим таъсирига тушиб, Ўзбекистондаги яқинларига ҳам мазкур оқим таълимотлари-ни тарғиб қила бошладилар. Шунингдек, Жанубий Корея ва АҚШлик корейс миллатига мансуб шахслар ҳам катта моддий маблағга эга бўлган протестантизм йўналиши марказлари ҳисобига маҳаллий корейс миллатлари ичида миссионерлик фаолиятини олиб бордилар.

 

Ўзбекистондаги корейс протестант черковларининг деярли барчасини пятидесятниклик йўналишидагилари таш­кил этади. Ибодат тарзлари протестантизмдаги йўналишларда бажариладиган амаллар кабидир. Ҳозир Ўзбекистонда пятидесятниклик, баптистлик йўналишидаги черковлар ҳамда биргина методистлик йўналишига оид черков фао­лият кўрсатмокда.

 

Россияда ҳамда Ўрта Осиёда дастлабки адвентист миссионерлар XIX асрнинг бошларида пайдо бўлганлиги ҳақида айрим манбаларда қайд этилган. Мазкур оқимнинг Тошкентдаги биринчи жамоаси 1910 йилда ташкил этилиб, бир йил ичида унинг тарафдорлари 150 кишига етган. Жамоа 1912 йилда яширин йиғилишлар уюштирганлиги сабабли тарқатиб юборилган. 1917 йил­дан сўнг умумий сони 450 кишилик тарафдори билан Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти, Самарканд шаҳри ва бошқа ҳудудларда фаолият кўрсата бошлаган. Шу давр ичида оқим тарафдорлари кўпайиб, черков раҳбарлари сайланди ҳамда ташкилий ишлар йўлга қўйилди.

 

Адвентистларнинг Жануби-шарқий иттифоқи таркибида 1925 йили Ўзбекистонда адвентистларнинг Ўрта Осиё бошқаруви ташкил этилди. Унинг биринчи қурултойи 1926 йилда ўтказилиб, унда Бутун иттифоқ адвентистлар иттифоқи таркибининг бешинчи иттифоқи сифатида қайд этилди. 1930 йиллар охирига келиб диндорлар ва улар қаторида адвентистлар жамоалари тарқатиб юборилди ҳамда таъқиб остига олинадиган бўлди. Барча йўналишдаги жамоалар яширин фаолиятга ўтиб кетди.

 

1976 йил 26 август куни Тошкентда илк бор адвентист­лар жамоаси давлат рўйхатидан ўтди. Шунингдек, адвентист­ларнинг Тошкент, Фарғона, Самарканд, Сурхондарё ва бошқа вилоятларда норасмий жамоалари тузила бошлади.

 

Айрим маълумотларга кўра, 1967 йили Тошкентда В.А.Шелков бошчилигидаги адвентист-ислоҳотчилар пайдо бўлган. Баъзи маълумотларга кўра, уларнинг фаолияти ҳозирги даврга қадар давом этиб келмокда. Адвентистлар республиканинг беш ҳудудий тузилмасида 9 та черковига эга.

 

Туркистон ўлкаларида илк баптистлар жамоаси 1891 йилларда пайдо бўлди. Тошкент шаҳар бошқармаси томони­дан 1909 йил 2 июлда 60 кишилик баптист жамоалари учун ибодат уйи очишга рухсат берилди. 1911 йил октябр ойида ""Самарканд жамоаси" тузилди.

 

1921 йилдан эътиборан Туркистон баптистлари орасида бирлашиш мақсадида бошқарув органини сайлаш учун ҳаракат бошланди. Ушбу бошқарув органи 1922 йилда Тошкент баптистлар қурултойида Ўрта Осиё баптистлар иттифоқи, тарзида тузилди. Сўнг Умумроссия иттифоқи таркибида Туркистон бўлимига айлантирилди.

 

1946 йилдан Ўзбекистон худудида Евангелчи христиан-баптистлар (ЕХБ) жамоаси қайд этилди, 1948 йил октябр ойидан эса Т.Пенков Бутуниттифоқ ЕХБ кенга-шининг Ўзбекистондаги вакили этиб тайинланди. 1930 йилларга келиб баптистларнинг 6 жамоаси расман қайд этилди. 1958 йилга келиб Ўзбекистонда баптистлар сони икки минг кишини ташкил этди. Шу давр ичида норасмий 32 та жамоа фаолият кўрсатган.

 

1964 йилда бу жамоалар норасмий Ўрта Осиё Евангелчи христиан-баптистлар черковлари кенгаши марказини туздилар, у кейинчалик «Осиё жануби бўйича баптист биродарлар кенгаши» деб номланди. 1992 йил ноябр ойида Москвада бўлиб ўтган баптистларнинг 1-қурултойида Евангелчи христиан-баптистлар иттифоқи федерацияси Евро-Осиё ЕХБ иттифоқи номига ўзгартирилди. ЕХБИФ республиканинг 8 та ҳудудий тузилмасида ўзининг черковларига ҳамда марказий бошкарув органига эга.

 

Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган Тўлиқ Инжил христианларининг (пятидесятниклик) асримиз 20-йиллари охирларида Тошкент шаҳрида биринчи жамоалари тузилди. 30-йилларга келиб уларнинг сони 950 кишига етди. Улар ташкилот сифатида қайд этилмаган бўлсалар-да, Тошкент жамоаси марказий ўрин тутди. 1945 йилга келиб баптистлар ва пятидесятниклар бирлашишга карор қилдилар, лекин бу иш тўлиқ амалга ошмай қолди. Мазкур ташкилот 1992 йилдан эътиборан расмий фаолият кўрсатиб келмоқда.

 

Республикамизда мавжуд бўлган лютеранчилик - лютеранлар черковлари томонидан эътироф қилинган таълимотдир. У протестантизмдаги энг йирик йўналишлардан бири ҳисобланиб, тарафдорлари тахминан 75 миллион кишини ташкил этади. Лютеранлар диний таълимоти XVI асрда Европа Реформациясида М. Лютер ва унинг тарафдорлари, биринчи навбатда, Меланхтоннинг куч-ғайрати билан қарор топди.

 

1989 йилдан эътиборан Россия, Украина, Қозоғистон ва Ўрта Осиёдаги Евангелчи-лютеранлар черкови таркибига бирлаштирилиб қайд этилди. Ҳозирги вақтга қадар унинг раҳбари Георг-Фридрих-Карл Кречмар ҳисобланади. Лютеранларнинг олий ҳуқуқий органи Бош синоддир.

 

Мазкур черков МДҲ мамлакатларида 5 епархияга бўлинган бўлиб, унинг марказлари Москва, Омск, Одесса, Алмати ҳамда Тошкентда жойлашган.

 

Евангелчи-лютеранлар Ўзбекистан ҳудудида 1877 йил­дан буён фаолият кўрсатиб келмоқда. 1884 йилдан лютеран­лар ибодатларини расман амалга оширганлар. 1890 йилда архитектор А.Л. Бенуа раҳбарлигида бошланган черков қурилиши 1896 йилнинг декабр ойига келиб ниҳояланди.

 

Ўзбекистонда яна бир черков Новоапостоллик черкови бўлиб, у христиан динининг протестантлик йўналишига мансуб оқимдир. Новоапостол черкови Ўзбекистондаги фаолиятини 1992 йилдан бошлаган бўлиб, Тошкент, Самарканд, Бухоро ва Навоий шаҳарларида рўйхатдан ўтган. Ўзбекистондаги

 

Новоапостол черковлари Берлин-Бранденбург округи тасарруфидадир. Унинг апостол-президенти Фриц Шредердир.

 

Ўзбекистонда «Иегова шоҳидлари» протестант йўнали-шидаги диний ташкилот ҳам фаолият юритмокда. Мазкур диний сектага 1870 йилда америкалик ишбилармон Ч.Т. Рассел томонидан асос солинган. Сектанинг маркази Бруклин шаҳри Акиода жойлашган ва 15 аъзодан иборат бўлган «Раҳбар корпорация» гагина бўйсунади.

 

Айрим манбалар Ўрта Осиёда Иегова шоҳидларининг XX асрнинг 40-йилларида пайдо бўлганлигини билдиради. Ўша даврда улар ўзларини «кансишстлар» деб атаб келганлар.

 

Иегова шоҳидлари сифатида Ўзбекистонда 1994 йилдан Тошкент ҳамда Фарғона вилоятларида расмий рўйхатдан ўтди. 1998 йил янги таҳрирдаги «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонун қабул қилинганидан сўнг қайта рўйхатдан ўтиш учун республиканинг 3 та ҳудудий тузилмасидаги ташкилотлари ҳужжатларини жойлардаги адлия бўлимларига топширган.

Рейтинг@Mail.ru