JM News Portal - шаблон joomla Продвижение

Қирғизистон президенти Ўзбекистонга нима мақсадда келмоқда?

Қирғизистон президенти Ўзбекистонга нима мақсадда келмоқда?

Қирғизистон президенти девонининг ташқи сиёсат масалалари бўйича бошқармаси бошлиғи Ойзода Субакўжоева журналистларга Алмазбек Атамбоев Ўзбекистонга нима учун бораётганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, 5-6 октябрь кунлари Қирғизистон президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи амалга оширилади.

Бу сўнгги йил давомида икки мамлакат ўртасида юзага келган қалин сиёсий мулоқотнинг муҳим давоми бўлади. Ташриф доирасида музокаралар тор доирада ва кенгайтирилган тартибда ўтказилиши режалаштирилган. Музокаралар чоғида икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалалари, жумладан, савдо-иқтисодий ва трансчегаравий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинади. 

«Айни пайтда, қайта ишлаш соҳаси, тўқимачилик саноатида қўшма лойиҳаларни ишга тушириш ва Қирғизистоннинг ЕОИИдаги аъзолиги ҳамда Европа Иттифоқи бозорига кириш имконини берувчи ВСП+ мақомини эътиборга олган ҳолда, логистика марказларини ташкил этиш эҳтимоли кўриб чиқилмоқда», - деди Ойзода Субакўжоева.

Ташриф кунлари «Ўзбекистон ва Қирғизистон - глобаллашув доирасида ҳамкорлик» бизнес-форумини ўтказиш мўлжалланган. Унда Қирғизистоннинг 250 нафар йирик тадбиркори иштирок этади. Шунингдек, Қирғизистон ва Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмасини ўтказиш ҳам режалаштирилган. Бизнес-форум ҳамда кўргазма доирасида аниқ битимлар ва шартномалар имзоланади. 

Президентлар транспорт ва энергетика соҳасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қиладилар. Транспорт соҳасида томонлар Қирғизистон ва Ўзбекистон иштирокида халқаро автотранспортни ташкил этиш, автобус йўналишларини қайта тиклаш ва ҳаво қатновини кўпайтириш масалаларини муҳокама қилмоқчи.

Энергетика соҳасидаги ҳамкорликка келсак, икки давлат раҳбарлари ўртасида музокаралар мавзуси Қирғизистондан Ўзбекистонга электр энергияси экспорти ва Қамбарота ГЭС-1нинг биргаликдаги қурилиши бўлади.

Шу билан бирга, Ойзода Субакўжоева ҳозирча гап қандайдир аниқ битимлар ҳақида кетаётгани йўқлигини таъкидлади. Бу ерда фақат режалар ҳақида сўз бормоқда, ҳамма вариант ва имкониятлар ўрганилмоқда.

«Икки давлат раҳбарларининг сентябрь ойидаги учрашуви натижалари бўйича аниқ ўзгаришлар мавжуд. Бешта назорат-ўтказиш пункти ва чегарани кесиб ўтиш жойлари иши тикланди, сув хўжалиги объектлари ҳамда давлат чегарасининг қолган қисми бўйича музокаралар йўлга қўйилди. Сўнгги вақт ичида чегаранинг яна 40 километри белгилаб олинди. Музокаралар жадвалга мувофиқ давом этмоқда», - деган Ойзода Субакўжоева.

Ташриф доирасида Алмазбек Атамбоев ва Шавкат Мирзиёев ратификация ҳужжатларини 2017 йил 5 сентябрь куни Бишкек шаҳрида имзоланган давлат чегаралари тўғрисидаги шартнома асосида алмашадилар. Давлат раҳбарлари даражасида Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва ишончни мустаҳкамлаш тўғрисидаги декларация имзоланади.

Томонлар хавфсизлик, мудофаа, иқтисодий жиноятчиликка қарши курашиш, товарлар ва юкларнинг ҳаракатида божхона амалиётларини амалга ошириш тартиби, статистик маълумот алмашиш, чегара ҳудудлари ва ахборот агентликлари ўртасидаги ҳамкорлик бўйича 15га яқин икки томонлама ҳужжатларни имзолайдилар.

kun.uz

Рейтинг@Mail.ru