JM News Portal - шаблон joomla Продвижение

Собиқ ҳарбий 26 кишини отиб ташлади. Теракт деб баҳоланмаган ҳодиса тафсилотлари

Собиқ ҳарбий 26 кишини отиб ташлади. Теракт деб баҳоланмаган ҳодиса тафсилотлари

АҚШнинг Техас штатида жойлашган Сазерленд-Спрингс шаҳарчасида маҳаллий вақт билан соат 11:30да қуролланган шахс баптистлар черковига бостириб кирди ва якшанба ибодатига йиғилганларни ўққа тутди. Қотил қора кийимда бўлган, унинг кийимига ўқ ўтказмаслик учун махсус жилет тақилганди. У яримавтомат винтовкадан фойдаланган.

Ушбу оммавий қотиллик 26 кишининг умрига зомин бўлди: 23 жасад черков ичидан топилган, яна икки жасад ташқарида эди. Бир киши шифохонага олиб кетилаётганида жон берган. 20 киши жароҳатланган ҳолда шифохонага ётқизилган.

Жиноятчи черковдан чиққан ва машинасига миниб воқеа жойидан жўнаб кетган. Маҳаллий кишилардан бири унга ўз қуролидан ўқ узиб, жароҳатлаган ва уни таъқиб қилган. Бир қанча вақт ўтганидан кейин қотил қўшни округ ҳудудида, ўз автомобилида жонсиз ҳолда топилди. Полиция унинг ўлими жароҳат туфайли рўй берганми ёки у ўзини ўлдирганми, аниқлик киритмади.

ОАВ полиция маълумотига асосланган ҳолда қотилнинг шахсини маълум қилди: у Техасда яшаб келган, 26 ёшда бўлган Девин Патрик Келлидир. The New York Times нашрининг ёзишича, Келли маълум муддат Америка ҳарбий-ҳаво кучларида хизмат қилган, аммо кейин ишдан ҳайдалиб, ҳарбийларнинг барча имтиёзларидан маҳрум этилган — у ўз рафиқаси ва фарзандига қилган тажовузкорлиги туфайли трибуналга тортилганди. Ишдан ҳайдалишидан олдин Келли 12 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинганди. CNN маълумотига кўра у Ruger AR-556 қуролини 2016 йилнинг августида Сан-Антониодаги дўкондан харид қилганди. У ҳужжат тўлдириш вақтида қонун билан боғлиқ муаммоси йўқлигини ёзган.

Унинг жинояти сабаблари ҳамон маълум эмас. У ҳужум қилиш вақтини имкон қадар кўпроқ кишини ўлдиришни мақсад қилган ҳолда танлаган: соат 11да Биринчи баптистлар черковида якшанба ибодати бошланганди. Ҳужум вақтида бинода 30дан ортиқ киши бор эди. Қурбонлар орасида пасторнинг 14 ёшли қизи ва ҳомиладор аёл ҳамда унинг икки ёш фарзанди ҳам бўлган, ҳалок бўлганларнинг ёши 5дан 72 ёшгача эди. Сазерленд-Спрингсдаги оммавий қотиллик АҚШ тарихида черковда содир этилган энг йирик қотилликка айланди.

Айни вақтда Осиё турнесида бўлган АҚШ президенти Дональд Трамп бу ҳодисани ёвузлик акти деб атади.

Мамлакатнинг собиқ президенти Барак Обама эса бу ҳодисадан кейин АҚШда қурол кўтариб юриш эркинлигини чеклашга чақирди.

kun.uz

Рейтинг@Mail.ru