JM News Portal - шаблон joomla Продвижение

Жосусга суиқасд. Буюк Британия Скрипалнинг заҳарланиши ортида Россия турганини айтиб, ультиматум қўйди

Жосусга суиқасд. Буюк Британия Скрипалнинг заҳарланиши ортида Россия турганини айтиб, ультиматум қўйди

Буюк Британия бош вазири Тереза Мэй парламент аъзолари қаршисидаги чиқиши вақтида Россия Разведка бош бошқармасининг Буюк Британияда заҳарланган собиқ полковник, Россиядаги британиялик собиқ айғоқчи Сергей Скрипалга уюштирилган суиқасд ортида катта эҳтимол билан Россия ҳукумати тургани ҳақида айтди.

Маълум қилинишича, Скрипал ва қизи Юлия Россияда ишлаб чиқарилган, асаб толаларини фалаж ҳолатга келтирувчи «Новичок» номли модда билан заҳарланган.

Мажлисда разведкачининг заҳарланиши билан боғлиқ ўтказилаётган суриштирув ишларининг сўнгги маълумотлари эълон қилинди.

Фото: Тереза Мэй парламентга мурожаат қилмоқда / BBC

«Ҳозирга келиб жаноб Скрипаль ва унинг қизи Россияда ишлаб чиқарилган ўта хавфли заҳарли модда билан заҳарлангани маълум бўлди. Бу асаб тизимини ишдан чиқарувчи «Новичок» оиласига мансуб заҳарли модда», деган Тереза Мэй.

«Эътиборингизни шунга қаратмоқчиманки, бу модда Портон Даундаги мудофаа, фан ва технологиялар соҳасидаги етакчи экспертлар томонидан аниқланган. Бундай модда муқаддам Россияда ишлаб чиқарилган, уни Россияда яна ишлаб чиқараётган бўлишлари мумкин. Бизнинг баҳолашимизча, Россия аввалдан хорижда қотилликларга буюртма бериб келган ва катта эҳтимол билан Сергей Скрипаль ва унинг қизига уюштирилган суиқасд ортида ҳам Россия турибди», деган Тереза Мэй.

«Ёки бу Россия ҳукуматининг бизнинг мамлакатимизга қарши қаратилган тўғридан-тўғри ҳаракати ёки Россия ҳукумати бу ҳалокатли хавфга эга модда устидан назоратни йўқотган ва у бегона қўлларга тушиб қолган», дея давом этган Мэй хоним.

Тереза Мэй Россияда сешанба куни охиригача бу ҳодиса юзасидан изоҳ бериш учун муддат борлигини маълум қилган.

Унинг айтишича, агар Россия томони ўзини оқловчи далил келтира олмаса, Скрипалнинг заҳарланиши Россия давлати кучлари Буюк Британия ҳудудида ноқонуний ҳаракатланган, деб топилади.

Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги Россиянинг Лондондаги элчисини изоҳ бериши учун чақирган.

Тереза Мэйнинг айтишича, ТИВ раҳбария Борис Жонсон россиялик элчига расмий Москва тақиқланган «Новичок» дастури ҳақида тўлиқ маълумот беришни сўраган.

Мэй хонимнинг махлум қилишича, агар Россия етарли тушунтириш бера олмаса, парламентнинг навбатдаги йиғилишида Буюк Британия ҳукумати зарур чораларни қўллашига тўғри келади. У бундай чоралар ҳар қачонгидан ҳам жиддий бўлишига урғу қаратган.

Заҳарланиш воқеаси

Фото: Сергей Скрипаль ва Юлия Скрипаль / BBC

5 март куни Россия Разведка бош бошқармасининг Буюк Британияда заҳарланган собиқ полковниги, Россиядаги британиялик собиқ айғоқчи 66 ёшли Сергей Скрипаль ва унинг қизи, 33 ёшли Юлий Англия жанубидаги Солсбери шаҳарчасида беҳуш ҳолатда топилганди. Улар дарҳол шифохонага ётқизилган. Уларнинг аҳволи ҳамон оғирлигича қолмоқда.

Терговчилар маълумотига кўра, ота ва қиз Zizzi ресторанида овқатланганидан сўнг, маҳаллий савдо марказларидан биридан оғир аҳволда топилган. Гувоҳлардан бирининг маълум қилишича, улар ҳушида бўлган, бироқ худди  музлатиб қўйилгандек бўлганди. Уларнинг олдига биринчи бўлиб келган полициячи ҳам заҳарланган ва ҳушидан кетган, аммо у айни вақтда ўзига келган.

Сергей Скрипаль - ҳарбий разведкачи, 1999 йилгача Россия Разведка бош бошқармаси ходими, шу йили истеъфога чиққач, Россия Қуролли кучларининг захирадаги полковниги. У 2006 йилда Россияда давлатга хиёнат қилганлик учун жазога ҳукм қилинган, бироқ Россия ва АҚШнинг ўн нафар фуқаросини алмашиш бўйича операция доирасида 2010 йилда афв этилиб, Буюк Британияга келган ва мазкур мамлакатдан бошпана ҳуқуқини олган эди.

Россиянинг реакцияси

Фото: Россия ТИВ расмийси Мария Захарова / ТАСС

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Буюк Британия бош вазирининг айбловига дарҳол муносабат билдирди. Вазирлик расмийси Мария Захарова Тереза Мэйнинг парламентдаги чиқишини «цирк томошаси» деб атади.

«Кўриниб турибди: навбатдаги ахборий-сиёсий кампания. Иғвога асосланган кампания. Янги эртак тўқишдан аввал Қиролликдаги кимдир Литвиненко, Березовский, Перепиличний ва Британия ерида сирли ўлим топган бошқа кўп кишиларнинг иши нима билан якун топганига изоҳ берсин. Лекин Гримпенская ботқоғи сирларни мангу сақлайди», дея Захарованинг сўзларини келтирган «Интерфакс» агентлиги.

Россия Федерацияси кенгаши қўмитаси раҳбари ўринбосари Владимир Жабаров Скрипалнинг ўлими Россияга керак эмаслигини таъкидлаб ўтган.

«Ҳозирда Россия учун бундай вариантларнинг ҳеч бири тўғри келмайди. Скрипаль бизга халал бераётгани йўқ эди. У ўша ерда кимлар билан ишлаган, билмаймиз, бу бизнинг ишимиз эмас. У бизнинг махфий сирларимизга кириш имкониятига эга эмасди, объектларимизга ҳам. Унинг ўлими бизга керак эмасди, Россияга ҳам», деган Жабаров.

Бундан аввалроқ Россия президенти Владимир Путин ҳам Солсберидаги воқеага муносабат билдирганди.

Би-би-си мухбири Стивен Розенбергнинг саволларига жавоб берар экан, Путин собиқ полковник ва унинг қизи заҳарланиши ҳақида шундай деганди: «Сизлар аввалига у ерда бир фикрга келиб олинглар, кейин биз сиз билан буни муҳокама қиламиз».

«Новичок» нима?

Фото: Солсберидаги воқеа жойида химиклар / PA

Асаб тизимини фалажлантирувчи «Новичок» моддалари СССРда ўтган асрнинг 70-йиллари ва 80-йилларда ишлаб чиқарилган.

Бу гуруҳдаги моддалардан бири бўлмиш А-230 катта таъсирли токсинларни ичига олган (кўпчиликка маълум VX токсинидан ҳам кўра хавфли), у бир неча дақиқада одамни ўлдириши мумкин.

Бу препарат бир неча версияда ишлаб чиқарилган, Россия армиясида кимёвий қурол сифатида қўллашга рухсат берилган.

«Новичок»нинг айрим турлари «бинарли» (иккилик) кўринишда бўлади: токсин камида икки хил хавфли моддадан ташкил топган бўлади, қачонки у қўлланганида, бу моддалар аралашиб кетади.

«Новичок» СССР инқирозга учрашидан олдин совет олимлари томонидан Ўзбекистон ғарбидаги кимёвий қуроллар лабораториясида ишлаб чиқарилган. Орол денгизи жануби-ғарбидаги «Возрождения» оролида жойлашган махфий лаборатория 1990-йиллар охирида америкалик экспертлар кўмагида зарарсизлантирилган.

Унинг тарифи 1992 йилда «Московские новости» газетасида химик Вила Мирзаянованинг «Заҳарли сиёсат» сарлавҳали мақоласида келтирилган.

kun.uz

Рейтинг@Mail.ru