JM News Portal - шаблон joomla Продвижение

ХХР бош вазири ўзбек олимига «Хитойнинг Нобель мукофоти»ни топширди

Пекинда Хитой Халқ Республикасининг илм-фан ва техника жабҳасидаги давлат мукофотлари ҳамда «Илм-фан ва технологиялар соҳасидаги халқаро ҳамкорлик – 2017» нуфузли мукофотини топширишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Жаҳон» АА хабар бермоқда.

Мукофот соҳибларини тақдирлаш маросимида ХХР Раиси Си Цзиньпин, Давлат Кенгаши Бош вазири Ли Кэцян, Сиёсий бюро аъзолари, бош вазир ўринбосарлари иштирок этдилар.

7 нафар хорижлик олим халқаро илмий-техникавий ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун мукофотининг лауреатлари бўлишди. Улар орасидаги ўзбек олими, биохимик, академик Шавкат Солиҳовга ушбу давлат мукофотини ХХР Давлат Кенгаши Бош вазири Ли Кэцян топширди.

Ўзбек академиги билан бирга америкалик Эдвард Палмер (физик, Луизиана штати университети профессори), Чжан Шучен (Стенфорд университети назарий физика профессори), Ши Ян (Ҳарвард университети профессори), Томас Спанос (Райс университети профессори), британиялик олим Филип Коатес, швециялик тадқиқотчи Чен Делян сингари таниқли мутахассислар ҳам ушбу мукофотга сазовор бўлдилар.

Ушбу мукофот 1995 йилда таъсис этилган бўлиб, дунёнинг турли мамлакатларидан 108 нафар олим ҳамда иккита халқаро ташкилот унинг соҳиблари рўйхатидан жой олган. Уни норасмий равишда «Хитойнинг Нобель мукофоти», деб ҳам аташади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, оқсил кимёси, токсинлар ва биотехнологиялар кимёси соҳасидаги машҳур олим Шавкат Солиҳов 2017 йил ноябрида Хитой Фанлар академияси аъзолигига сайланган. У Ўзбекистондан сайланган биринчи, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатларидан сайланган (россиялик олим, физика бўйича Нобель мукофоти лауреати Жорес Алферовдан кейин) иккинчи олимдир.

kun.uz

Рейтинг@Mail.ru