JM News Portal - шаблон joomla Продвижение

Швециядаги масжидга ўт қўйилгани тахмин қилинмоқда

Швециядаги масжидга ўт қўйилгани тахмин қилинмоқда

Швециянинг Эребру шаҳрида масжид ёниб кетди. SVT шу ҳақида хабар берди. Маҳаллий вақт билан тунги соат 02:00 атрофида ўт ўчириш хизматига ёнғин ҳақида хабар келиб тушди. Олов деярли бутун бинони қамраб олганди, кейинроқ унинг том қисми қулади. Қурбонлар ва жароҳат олганлар ҳақида маълумотлар йўқ. 

 

Қутқарув хизмати офицерларининг сўзларига кўра, улар оловнинг қўшни биноларга ўтишининг олдини олишга муваффақ бўлишган. Ўз навбатида, полициячилар масжидга ўт қўйишда гумон қилинаётган, 1997 йилда туғилган йигит қўлга олинганини маълум қилишди. Унинг исми шарифи ошкор қилинмади. 

Масжиднинг кузатув кенгаши раиси Жамол Ламҳамдий бу ибодатчилар учун қайғули кун эканини айтди. Унинг сўзларига кўра, маҳаллий мусулмонлар жамияти 20 мингга яқин кишини ташкил қилади. Ламҳамдий шунингдек бундан аввал масжид раҳбариятига турли таҳдидлар бўлганини ёдга олди. 

Эребру — Швеция марказидаги шаҳар. Унинг аҳолиси 130 минг кишини ташкил қилади.

2014 йил охири-2015 йил бошида Швеция бўйлаб масжидларга ўт қўйиш ҳолатлари авж олган. Жумладан, Упсала, Эслев ва Эскильстуна шаҳарларида шундай ҳолатлар қайд этилган.

kun.uz

Рейтинг@Mail.ru